Энг қадрдон газета

 Саксонинчи йилларнинг охири – тўқсонинчи йилларнинг бошларида  эрталаб  нонушта олдидан киоскадан бир даста газета сотиб олиш, янгиликларни биринчи бўлиб ўқиш, қизиқарли мавзудаги “бомба” мақолаларни ютоқиб ўқиб, телефон орқали ўқимаганларнинг юрагига чўғ ташлаш одатий ҳолат эди. Мустақиллик арафасида “ухлаб” ётган зиёлиларни уйғотиш матбуотнинг зиммасига тушганди.

Собиқ тузумнинг тушовлари ечилиб, ҳур фикрга йўл очилганида ижодкор зиёлилар, журналистлар бу вазифани кутилганидан ҳам зиёда қилиб бажаришди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бу жараёнда матбуотимизнинг жасоратли карвонбошисига айланди. Ўша йиллари “Туркистон” номи билан чиққан ёшлар газетаси ҳам жонбозлик кўрсатди.

1996 йилдан бошлаб улар сафига “Hurriyat” ҳам қўшилди. Қўшилганда ҳам авжни жуда баланддан олди. Шу уч газета саҳифаларида эълон қилинаётган мақолалар жамиятда ижтимоий фаолликнинг ошишига жиддий туртки берди. Муҳими – энди матбуот аввалгидек қуруқ ҳамду сано, ҳайбаракаллачилик билан шуғулланмаслиги, кўз­бўямачиликдан қочиши, ҳақиқатларни очиб, миллатни уйғотишга бел боғлаган экан, унинг сўзи ҳамиша холис, ишончли, кескин ва аёвсиз бўлиши  ўз-ўзидан равшан бўлди.

У йиллар ўтди, фақат аввалги ютуқлар билан фахрланиб юрадиган замон эмас ҳозир. Чунки эл-юрт янгиланди, одамларнинг дун­ё­­­қараши, тафаккури, турмуш тарзи ўзгарди. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида “Ўзбошимчалик билан мустақиллик эълон қилганлар эрта-индин узр сўраб қайтиб келишади”, дея писанда қилганлар бугун янги Ўзбекистоннинг дунё сиёсатидаги салмоқли ўрнини, ўзлари учун бироз ўнғайсиз бўлса-да, эътироф этишмоқда. Бундай шароитда миллий матбуот зиммасига янада масъулиятли вазифа юкланади. ОАВ бугунги давр шиддатига дош бериши, дунёда, минтақада, яқин қўшнилар ва мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришларни ёритишда ва қиёсий таҳлил этишда фаол бўлишлари, ҳар бир нашр ўз  йўли ва овозига эга бўлиши талаб этилади. Мен “Hurriyat”ни шу маънода ҳамон ўқийман, унинг биринчи сонига имзо чекканим учун ҳам ҳар бир сонини эътиборсиз қолдирмайман, ютуқларидан қувонаман.

Албатта, тўқсонинчи йиллар бошидаги “Hurriyat” билан бугунги “Hurriyat” ўртасида маълум фарқ бор. Шунга қарамай, ўттиз ёшга яқинлашаётган газетанинг овози ҳаётнинг катта синовларига дош бериш учун олис сафарга отланган йигитнинг сўзидай қатъийлашиб бораётгани мени қувонтиради. Кўп мақолалар холис таҳлил, қиёсий мушоҳада, журналистик кузатувга бойлигини сезмаслик мумкин эмас. Яна бир жиҳати – газета ёш ҳамкасбларимизга ўзига хос маҳорат мактабини ўтаб, уларга  имкон бермоқда, шу боис мавзулари кенгайиб, муаллифлари сафи ортиб бораётир.

Газетанинг ҳар бир сонида  янги  фикр айтиш, зарур таклиф ёки ташаббусни жамоатчиликка ҳавола қилиш  осон иш эмас. Ана шундай қийин, аммо шарафли йўлни танлагани учун “Hurriyat”чилардан мамнунман.

Ҳеч бир муболағасиз айта оламиз: “Hurriyat” — ўз овозига эга севимли газета. Унга обуна бўлмаслик эса асло мумкин эмас!

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,

“Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 11 =