Янги Ўзбекистон бунёдкори

Таниқли олим, тарих фанлари доктори, Қуролли кучлар академияси профессори Карим Норматовнинг “Янги Ўзбекистон бунёдкори” деб номланган сиёсий эссеси яқинда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлар академияси томонидан китоб ҳолида чоп этилди. Ушбу китобда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан миллий кадрлар тайёрлаш ва мамлакат тараққиёти йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат жадид боболаримизнинг бебаҳо панд-насиҳатлари, эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳанглиги, шунингдек,  раҳбар кадрларнинг вазифаси, бурчи ва масъулияти, соҳалар бўйича кадрлар муштараклиги ҳамда стратегик тараққиётнинг истиқболи хусусида атрофлича сўз юритилган.

Қуйида мазкур китоб муқаддимасидан олинган мақола қисқартирилган ҳолда эълон қилинмоқда.

Янги Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган, қудратли мамлакатига айлантириш йўлидаги орзу-интилишларимизни рўёбга чиқариш учун табиий ҳаёт тагзамини ва захиралари етарли даражада имконият яратиб бермоқда. Эзгу мақсадларга эришиш, жаҳоннинг ўта равнақ топган давлатлари қаторидан жой олиш, суверен, демократик, ҳуқуқий ижтимоий ва дунёвий давлат ҳамда фуқаролик жамиятини бунёд этишда раҳбарлар ва масъулларнинг ақлий салоҳияти ва маънавий дунёқараши ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қуйидаги сўзлари айни муддаодир: “Биз ўтказаётган сиёсатнинг рўёбга чиқиши раҳбар кадрлар фаолияти билан узвий боғлиқ. Бугунги ҳаётимизнинг қайси масалалари ва вазифалари ҳақида, қайси истиқболлари ҳақида гапирмайлик, бошқариш ва ишлаб чиқаришнинг барча бўғинларида ҳамма нарса бугун кадрларга ва яна кадрларга бориб тақалади”. Давлат хизматининг обрў-эътибори ҳокимият ваколатларини амалга оширувчи субъект сифатидаги раҳбар кадрларнинг бошқарув маҳорати, масъулияти ва маънавий-маърифий даражасига, унинг касб маҳорати ҳамда дунё­­­қарашига боғлиқ.

Шунингдек, Президентимизнинг саккиз йил олдин ёзилган “Бугунги кун раҳбари” рисоласида қуйидагилар таъкидланди:

“— Биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак ҳам, барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз;

— барчамизни тарбиялаган, вояга етказган шу халқ. Ҳаммамизга туз-насиба берган ҳам шу халқ, бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ, халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади;

— барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлар билан ишлашга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш керак;

— раҳбарлар мунтазам равишда халқ орасида бўлиб, шахсий қабуллар ташкил этишлари, жойлардаги муаммоларни ҳал қилишлари зарур;

— бундан кейин жойлардаги раҳбарлар фаолиятига биринчи навбатда улар бошқараётган ҳудуддаги аҳолидан тушаётган мурожаатлар сони, уларнинг халқ ичидаги юриши, мавжуд муаммоларнинг амалий ечимига қараб баҳо берилади. Қисқа қилиб айтганда, раҳбарларга халқнинг ўзи баҳо беради”.

Ҳаёт тез суръатлар билан ўзгариб борар экан, шунга мувофиқ ҳар бир раҳбар олдига улкан ва ўта масъулиятли вазифалар қўйилди. Замонавий раҳбар бугунги ҳаёт билан ҳамқадам бўлиши, муаммоларни тезда англаши ҳамда уларнинг ечимига ҳаққоний жавоб топа олиши керак. Бунинг учун раҳбарлик вазифасига ўтирган ҳар қандай шахс нафақат ўз ишини яхши билиши, етарли билимларга эга бўлиши, балки халқ билан ҳамнафас яшаши, эл-юрт орзу-интилишлари ва дардларини англаши, бир сўз билан айтганда, юксак маънавий фазилатлар эгаси бўлиши, энг муҳими, уларни рози қилиши лозим.

Юртбошимизнинг: “Биз иқтисодий ўнгланиш, иқтисодий тикланиш, иқтисодий ривожланишни маънавий ўнглаш, маънавий покланиш, маънавий юксалиш ҳаракатлари билан тамомила уйғун бўлишини истаймиз”, — деган фикрларини амалга оширишда бугунги раҳбарнинг ўрни алоҳида.

Раҳбар — йўлбошчи, сардор, етакчи деган луғавий маъноларни англатиб, жамият, давлат ҳамда ташкилотда доимий ва ҳал қилувчи таъсирга эга бўлган шахс, шунингдек, ишнинг қаловини топган, жамоа, соҳа манфаатларини кўзлаб фаолият юритадиган бошқарув ходимидир. Ҳозирги шиддатли ривожланиш боскичлари раҳбардан ақл-фаросат, дид, куч-ғайрат, изланиш ва топқирликни, ўз устида тинмай ишлашни, тадбиркорликни талаб қилади.

Етакчилик масъулиятини ўз бўйнига олган ҳар қайси одам бу ҳақиқатни ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ англаши, эл-юртга қаратилган ҳар қандай зарбани ўзига олишга қодир бўлиши лозим. Сўнгги саккиз йилда бу жараёнлар Янги Ўзбекистон мақомини олган юртда мутлақо ўзгарди. Ҳозирги халқ замон зайлидан келиб чиқиб, янги қиёфага кирди, Янги Ўзбекистоннинг жаҳон андозаларига аъло даражада жавоб берадиган, инсон қадри қадрланган — Инсон капиталига айланди.

Раҳбарлик бошқарувида ҳамманинг иштироки ҳозир ва келажакда ҳам ҳар бир баркамол инсон томонидан амалга ошириладиган ватанпарварлик, бунёдкорлик, истиқболли юртни янада юксалтириш учун ҳалол ва покиза меҳнат қилиш ҳосиласидир.

Раҳбарлик баркамоллик мезони — фидойи бўлиш, ҳар бир ишга танқидий таҳлил нуқтаи назаридан қараш, қонун устуворлигини таъминлаш, тартиб-интизомга риоя қилиш, қатъиятлилик инсоний хислатларининг намоён бўлишидир. Шу боис ҳам талабчан ва бунёдкор Юртбошимизнинг янги мўъжизавий ташаббуслари етти йилда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар ва Тараққиёт стратегиясидаги вазифаларнинг қандай амалга оширилиши — ижро интизомига қатъий риоя қилиш жадал тараққиётнинг муҳим омили бўлиб, муҳтарам Шавкат Миромонович раҳбарлик мезонига алоҳида эътибор қаратмоқда, энг муҳими, қонун устуворлиги юқори поғонага кўтариляпти.

Раҳбар кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳолатларига йўл қўймаслик керак. Гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, непотизм кўринишларини йўқотиш, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини суиистеъмол қилмаслик раҳбар ходимлар қўядиган талаблар сирасига киради.

Раҳбар:

– манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;

– коррупциянинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик чораларини кўриши;

– ходимларни самарали бошқариши, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. Раҳбар ўзига бўйсунувчи, хизматдаги ходимларнинг хулқ-атвор, юриш-туриши, тартиб-интизомга риоя қилишлари учун ҳам масъулдир.

Маълумки, одамлар ҳар хил бўлади, уларнинг юриш-туриши, феъл-атвори ҳам бир-биридан фарқ қилади. Лекин раҳбар бўлиб, шахсий масъулиятни ўз зиммасига олган шахс, ёқадими-йўқми, ҳар бир ходимга, аввало, ишнинг манфаатини кўзлаб, тўғри баҳо бериши керак. Шунинг баробарида унинг фидойилиги раҳбарга хос баркамолликда, донишмандлиги ва зукколигида намоён бўлади. Айни пайтда ғафлат ва бефарқлик, манманлик, маслаҳатсиз қилинган юмушлар қандай оқибатларга олиб келиши барчага маълум. Бу ҳолатлар бизни боши берк кўчага олиб бориши муқаррар! Илоё, Худонинг ўзи бундан асрасин!

Дарвоқе, 2023 йилнинг 8 май санасида Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув нутқида қуйидагиларни таъкидладилар: “Бизнинг уч минг йиллик давлатчилик тарихига бой ва бетакрор маданиятга эга бунёдкор халқимиз бор, қирқ миллионга яқинлашиб бораётган бугунги Ўзбекистон халқининг тақдири ва истиқболи, фаровон ҳаёти учун барчамиз масъул ва жавобгармиз, шу сабабдан юртимизда тинчлик ва барқарорликни асраш ва мустаҳкамлаш бундан буён ҳам энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади”. Демак, миллий хавфсизликни таъминлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини оширишга қаратилган ишларимизни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифамиз ҳисобланади.

Кенгашиб иш тутиш халқимизнинг азалий одати. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилишини англадим”, деганлар, аммо ўша даврда ҳам катта-кичик хатоларга йўл қўйилган ва айрим камчиликлар содир бўлган.

Очиғини айтиш керак, бизнинг ўта ёрқин кунларимизга, саккиз йилдирки, Янги Ўзбекистонга мустаҳкам тамал тоши қўйилди. Академик Азамат Зиё жуда ҳақ гапни айтган: “Бугун узоқ вақт илмимиз, сўнг у орқали халқимиз онгига сингдириб келинган сохта қолипларни чилпарчин этиш имконига эгамиз. Улардан бири буюк Соҳибқироннинг ўттиз беш йиллик ҳукмдорлик фаолияти гўёки тинимсиз уруш-талашларда ўтгани ҳақидаги тўқимадир”.

Тарих — Ҳақ тарихи олдида ялтоқланиб бўлмайди. Қарийб 130 йиллик тарихни сохталаштириб, ҳар хил кўйга солиб келдик. Айниқса, буюк Амир Темур тарихи — улуғ, ҳаққоний тарих маълум даражада тўқимага айлангани бор гап! Академик Азамат Зиё ёзади: “Дунёни Самарқанд атрофида бирлаштиришга эришган донишманд бобомиз мақсадига ҳарбий юришлар эмас, балки чуқур ва ҳар томонлама билим ҳамда кенгашлар орқали етганини баралла айтишимиз керак. Айтибгина қолмай, ўзбек давлатчилигига хос ушбу анъана — сиёсий маданият Янги Ўзбекистонда тиклангани ва натижаларини бераётганини ҳам урғулашдан тортинмаслигимиз лозим.

Мана, тўрт йилдирки, ҳар биримизнинг ҳаётимизда тенгсиз аҳамиятга эга маънавият ва маърифат ҳамда хавфсизлик масалалари таҳлилига бағишланган кенгашлар ишида қатнашиб келмоқдамиз. Ушбу йиғилишларга тегишли мансабдорлардан ташқари барча ижтимоий қатламлар вакилларининг таклиф этилиши бошида янгилик бўлса, энди табиийликка айланди. Энг муҳими, давлатимиз ва жамиятимиз учун ўта долзарб масалалар ечими устида бош қотиришга эл-улуснинг ўзи жалб қилинмоқда”.

Албатта, ўтган етти йилликда Янги Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий соҳалардаги ташаббуслари халқаро майдонда фаол илгари сурилади. Энг аввало, қўшни давлатлар билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини жадал ривожлантиряпмиз. Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ватанга муҳаббат ва Президентга садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият берамиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва эзгу ғоя атрофида бирлашиш бўйича самарали ишлар олиб боришимиз зарур.

Давлатимиз раҳбари 2023 йил 22 декабрда Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида: “…Биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистонлик”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”, дея қатъий таъкидлади.

Шу тобда кўнглимга икки фикр келди. Биринчиси, “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”, деган жадид бобомиз Абдулла Авлоний даъвати бўлса, иккинчиси, Президентимизнинг давлат мустақиллиги ўттиз икки йиллик байрамига бағишланган нутқида қуйидаги: “Давлатнинг вазифаси инсонларни бахтли-саодатли қилишдир. Бу мақсадга эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида эришилади”, деган пурмаъно сўзларидир. Буларнинг барчаси Президент қатъиятли инсон, метин ва букилмас сиёсий ирода соҳиби эканлигини тасдиқлайди.

Инсонни, шахсни ўрганиш ҳамда илмий таъриф-тавсиф бериш муаммоси — инсоншунослик билан боғлиқ ижтимоий фанларнинг барча соҳалари учун абадий жумбоқ, чексиз-чегарасиз мунозаралар олами. Кишилик жамиятида не-не олимлару фозиллар, донишманду алломалар инсон + шахснинг моҳияти, унинг пайдо бўлиши, жамият сарвари ва сардори сифатидаги воқелиги ҳақида мунозара қилади, мушоҳада юритади, ўрганади ва тадқиқ этади.

Албатта, шахснинг ўзига хос белгиси жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, муайян мавқега, яъни мартабага эриша олишидир. Чунки ақлли инсон жамиятда мўлжал олиш, муайян мақсад йўлида ўзини сафарбар эта билиш имкониятига эга бўлади ва айни пайтда жамиятга фойда келтиради. Ана шунда у яратган қадриятлар бевосита шахс қадриятига айланади, инсон капитали сифатида янги қирраларга кўтарилади.

Ҳақиқий баркамол шахс ҳар қандай қадриятни қадрлай олади, ҳурмат қилади ва айни пайтда ўзига нисбатан ҳурматни ҳам талаб этади. Аниқ якуний хулосага эга бўлмаган инсон жамиятнинг сарвари ва сардори бўла олмайди. Воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатини билдира олмайдиган, бошқалар фикри билан яшайдиган, вазиятга қараб иш тутадиган, ўта юмшоқ ва ношуд инсон шахс бўлиб етиша олмайди. Демак, шахс ўз қиёфасига, ўз якуний хулосасига, ҳар қандай вазиятдан чиқа олиш иқтидорига эга бўлиши керак!

Мамлакатимизда бу қўшалоқ, аммо ўта масъулиятли, яъни бир-бирига уйғунлашган атамаларга алоҳида эътибор қаратиш керак. Инсон ҳар қандай умумқадриятлар даражасига кўтарилган миллий манфаат атрофида онгли равишда ҳамда ақл-идрок ғояси асосида жипслашади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий таъкидига кўра: “Замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғоя, инновацияга таянган жамият ва давлат ютади”.

Шу ўринда бу борада Президентимизнинг эски ғоявий-мафкуравий қарашларга нисбатан айтган ва ҳозирги миллий тараққиётимиз равнақи учун ниҳоятда устувор ҳисобланган янги ғоявий-мафкуравий тамойилни келтираман: “Биз кўп йиллар давомида амал қилиб келинган “давлат — жамият — инсон” тамойилини ўзгартирдик. Мамлакатимизда аввало, инсон, кейин эса жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ҳаётимизда “Давлат инсонлар учун” деган халқчил ғоя изчиллик билан қарор топиб бормоқда”. Бу халқчил ғоя ўз моҳиятига кўра, миллий тараққиётимизда инқилобий ўзгариш ясаб, Янги Ўзбекистоннинг таълимотига айланмоқда. Айниқса, Янги Ўзбекистон “инсон+жамият+давлат” тамойили Президентнинг ташаббуси ила Асосий Қонунимизда мутлақ ўрин олиб, унинг таълимоти тамойилига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёев инсон ва жамиятга ҳозирги талаб, Янги Ўзбекистон стратегияси нуқтаи назаридан шарҳ берар экан, Конституциямизнинг 13-моддасида қайд этилган: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”, деган қоидага амалий жавоб сифатида инсонни биринчи ўринга қўйди. Ёхуд 14-моддадаги “Давлат ўз фаолиятини инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида қонунийлик, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари асосида амалга оширади”, деган фикр оқ қоғозга қора ҳарфлар билан ёзиб қўйилишини энди англаб етдик. Дарвоқе, Президентнинг ушбу очиқ ва ҳаққоний таъбири — “Инсон қадри учун” унинг ўта новатор ташаббуси бўлиб, стратегик таълимот сифатида Янги Ўзбекистон тараққиётининг бирламчи, айни пайтда ҳал қилувчи омилига айланади.

Шундай қилиб, даврлар ўтаверади, замонлар ўзгараверади. Бироқ халқона дунёқараш, инсон ва шахснинг маънавий-илоҳий-руҳий қиёфаси, моҳият ва мазмуни авлоддан-авлодга ўтиб, янги бўёқлар, мўъжизалар касб этган ҳолда давом этаверади. Бу боқий ва узлуксиз жараён Янги Ўзбекистон феномени сифатида фуқаро ҳис-туйғулари, ақидалари ва муносабатлари ҳамда илоҳий-руҳий олами — юксакликни ўзида ифода этади.

Хуллас, инсон+шахснинг жамиятдаги ўрни, уларнинг муштарак ҳолда фақат инсонга атроф-воқелик ҳамда одобу ахлоқ қоидалари ҳақида билим беришнинг ўзи, унинг маънавий-ахлоқий тарбияси учун етарли бўлмайди. Унда ирода қудрати, масъулият ва бурч, мажбурият туйғусини шакллантириш, кўнгилда атроф-табиатга, меҳнатга, касбга, илмга, ўзга инсонларга меҳр уйғотиш, дилида улуғ мақсадлар туғилишига эришиш лозим. Ҳар бир инсонда Ватан, миллат, адолат туйғулари руҳидаги пойдор маънавий қадриятларга айланиши учун ўзгалар ибратида синаши, бу йўлда риёзат чекиши, уларга нисбатан кўнгилда меҳр уйғониши зарур! Бунга турли йўллар, турли воситалар билан биринчи навбатда, ёш авлод тарбиясига самимий (чин кўнгилдан) ва изчил ёндашув; иккинчидан, тинимсиз изланишлар билан эришилади.

Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида муваффақиятли амалга ошаётган демократик ислоҳотлар — Янги Ўзбекистон таълимоти бу борада оқилона иш тутилаётганини исботламоқда. Аслида кадрлар, раҳбар кадрлар мана шу чизгиларда аслиятга айланади.

Ушбу эссенинг бош мақсади ва вазифаси Президентнинг халқона қарашлари, ҳар жиҳатдан кадрлар муаммоси барча соҳалар ва жабҳаларда содир бўлиши муайян даражада ўз аксини топади. Бу жадид боболарнинг, миллий тараққиёт даҳолик тилсимининг, қарор топаётган Янги Ўзбекистоннинг барча жиҳатларида намоён бўлиши — узун истиқбол чизиғи бўлса, унинг бир тутумга келиши эса муҳтарам Шавкат Мирзиёев қўлидан, қалбидан, бутун вужудидан ўтиши — якуний хулоса “Ўзбекистон-2030” стратегияси орқали етти йилда жаҳон ҳамжамиятида ўта илғор давлатлар сафига қўшилиши олий мақсад ва вазифа, амалга оширилиши заруратга айланадиган ҳодиса — воқеликдир.

Президентнинг уларга нисбатан юксак орзу-тилаги: “Барча бўғиндаги раҳбарларга чиройли, баландпарвоз гапига қараб эмас, фаолиятнинг аниқ натижасига қараб баҳо берамиз.

Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан — у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими — салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз. Уларнинг ўрнига билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизларни қўямиз”.

Сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанчадан-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида, аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман”.

Дарвоқе, кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб икки баробар ўсди. Мамлакат 2023 йилни 6 фоизлик ўсиш билан якунлади ва бу йил ҳам худди шундай муваффақиятга эришиши кутилмоқда. Инфляция даражаси 9 фоизга тушган. Товар айирбошлаш кўрсаткичлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Мамлакат валюта бозори ва олтин валюта захиралари барқарорлигини сақлаб келмоқда. Охирги йилларда 60 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестицияни жалб этишга муваффақ бўлинди. Ўтган йили хорижий инвестициялар ҳажми қарийб икки баробарга ошди.

Ўзбекистон 90 дан ортиқ давлат, жумладан, Туркияда ҳам амал қилаётган визасиз режим туфайли туризм соҳасида ўз номини юксалтирмоқда. Шундай қилиб, буюк тарихий пойдеворларга таяниб юксалиш ва ривожланишни мақсад қилган Янги Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунёнинг ёрқин юлдузига айланиб бормоқда.

Зеро, Шавкат Мирзиёевнинг: “Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир. Иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, ІТ каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга кўтарамиз.

Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Мухтасар айтганда, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз”, деган гаплари бежизга айтилмаган.

Карим НОРМАТОВ,

тарих фанлари доктори,

Қуролли Кучлар Академияси

профессори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen + 5 =