Матонатли Марям қиссаси
Сайёра САМАНДАР
Муаллиф ҳақида: Сайёра САМАНДАР — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, доцент, “Шуҳрат” медали соҳибаси.
Муаллифнинг “Сизга айтолмаган сўзларим”, “Кўнглим”, “…Ва яна баҳор”, “Озодликдек бахт йўқдир”, “Фақат ишқ…” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.
Ўзбек адабиёти, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижодини тадқиқ қилишга бағишланган кўплаб илмий мақолалари чоп этилган. Шеърлари турк, озарбайжон, ҳинд, инглиз, туркман тилларига таржима қилинган. Озарбайжон ва Қозоғистон Республикаси матбуотида эълон қилинган.
Шоиранинг ғазаллари, машрабона шеърлари, Алишер Навоий, Нодирабегим ва Увайсий ғазалларига боғлаган мухаммаслари, тўртликларида лирик кайфият, руҳиятдаги мураккаб кечинмалар ўзига хос бадиий талқин қилинган. Қуйида шоира томонидан яқинда ёзилган шеърий қиссаси — Хоразмнинг зиёли бир фарзандининг 1937 йилда ноҳақ қатағон қилингани, не-не азобларга гирифтор этилган ёш қизнинг, аёлнинг матонати ҳақидаги асари ҳукмингизга ҳавола этилмоқда.
Хоразмнинг маърифатпарвар қизи, журналист, ҳамшира, туркистонлик жадидларнинг ташаббуси билан 1922 йилда Германияга ўқишга юборилиб, ўқишдан қайтгач, 1937 йилда Ватанга хоинлик ҳамда жосусликда айбланиб қамоққа олинган, сургун қилинган, барча қийноқларга матонат билан бардош берган Марям Султонмуродованинг порлоқ хотирасига бағишлайман.
Марям, юрагингни нишон олганда,
Наҳот сенга шунча зормиди дунё?
Нозик қўлларингга кишан солганда,
Жонингга қурилган дормиди дунё?
Кўксинг тилганида бераҳм, қаттол,
Камондан отилган ўқмиди дунё?
Сабринг синаганда жоҳил-у баттол,
Дилингни билгани йўқмиди дунё?
Қабоҳат занжири илондай бўғиб,
Бўғзингга қадалиб турганда жонинг,
Маърифат истаган вужудинг ёниб,
Тўлқиндай чайқалди томирда қонинг.
Жаҳолат барқ уриб гуллади қийғос,
Хазондай қовжираб сарғайдинг, сўлдинг.
Қатағон фаслида чекканча уввос,
Ўттиз еттинчилар сафида бўлдинг.
Сен ҳақда ўйласам, ўйларим ёнар,
Қулоғимга келар инграган товуш.
Жисмимни куйдириб тушимга кирар
Зиндонларда оғир судралган ковуш…
Красноярск. Изғирин увлаган ўрмон,
Қисматнинг аянчли, аччиқ битиги.
Оҳ, Марям… Додингдан ёнди бу осмон,
Йўқ эди бирон-бир нажот эшиги.
Икки норасида, икки мурғакнинг
Гулгун юзларини ювдилар ёшлар.
Ўттиз икки ёшда дардчил юракнинг
Додидан ёрилди харсанглар, тошлар.
Ўттиз еттинчининг баҳорларида
Муҳаббат боғида қолди дийдоринг.
Турманинг қорайган деворларида
Садо берар ҳамон аламли зоринг.
“Халқ душмани” деган тамға босилган
Пешонанг темирдан эдими, Марям?
Адолат топталиб, дорга осилган…
Кенг олам сенга тор келдими, Марям?
Сен-да она эдинг, муштипар эдинг,
Бағрингдан уздилар ногоҳ лолангни.
О, Марям, айт, қандай сен бардош бердинг,
Айирсалар сендан икки болангни?
Ҳақиқат йўлига тикилган жонинг
Қирқта эдими, айт, қирқ мингта ёхуд?
Байроқдай юксалган ғуруринг, шонинг
Қандай асрай олдинг этмасдан нобуд?
Паричеҳра эдинг, парирўй эдинг,
Қабоҳат тиғида тилинди жисминг.
Диллардан ўчмагай абадий ёдинг,
Юракларда қолди мангуга исминг!
Эллик еттинчи йил. Оқланди номинг,
Бироқ қайтармиди ҳаётинг ортга?
Вужудимни ўртаб топталган шонинг,
Тонгни қарши олдим тўлганча дардга.
Хира тортиб борар юлдузлар кўзи,
Жони чиқар қушдек типирлар хаёл.
Сенинг бардошингнинг исми не ўзи? —
Ўн беш йил қамоқда сақланган аёл???..
Матонатли Марям қиссаси шулдир,
Эсласанг, вужудни қамрар ҳарорат.
Зулмнинг олови бир парча кулдир,
Аммо хотирадан ўчмас қабоҳат.
Ўтмишни унутмоқ ғофиллик асли,
Тарих саҳифалари — ўзликка хитоб.
Унутмоқ жаҳолат, жоҳиллик асли,
Огоҳлик — бу замон ҳақдаги китоб!
Ёруғ кунлар келди, қара, о, Марям,
Сенга либос тикдик, номи — матонат!
Илмдан йўқ ўзга нажот ҳам, йўл ҳам,
Маърифат — энг улуғ, буюк саодат!
Замондош, бедорлик белбоғингни ос,
Рози бўлсин ўнлаб марямлар руҳи.
Озод байроғингни кўкрагингга бос,
Бағрингни тўлдирсин замон шукуҳи!
2024 йил 28 сентябрь