Айланади овозсиз дардлар

Замира РЎЗИЕВА

Муаллиф ҳақида:

Замира РЎЗИЕВА — 1957 йилда Андижон шаҳрида туғилган.

ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олган.

1991-1996 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси муассислигидаги “Ishonch” газетасининг, 2013-2017 йилларда “Миллий тикланиш” ижтимоий-сиёсий газетасининг Андижон вилояти мухбири бўлиб ишлаган.

Шоиранинг “Мунаввар юртим”, “Гул ислари”, “Атиргулга айланаман”, “Офтобжамол”, “Жон риштаси”, “Сарчашма”, “Ташнадил”, “Умид боғи”, “Рўшнолик”, “Ҳайратнинг суврати” каби ўндан ортиқ китоблари нашр этилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан чиқарилган “Ким эдиг-у ким бўлдик?”, “Авлодлар йўли”, “Минг бир ибратли ҳаёт”, “Бугуннинг нафаси”, “Улуғ салтанат васфи” номли тўпламларида публицистик очерклари чоп этилган.

Болалар учун “Зийнатбоғ”, “Ҳалинчагим, онамдайин азиз юрт” номли китоблар муаллифи.

“Олтин қалам” миллий мукофоти соҳибаси. 2015 йили “Шуҳрат” медали билан, 2022 йилда Халқаро Бобур мукофоти билан тақдирланган.

Яқинда қатағон қурбонлари мавзусида “Кул босган чўғлар” номли ҳужжатли қиссасини ёзиб тугатди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

 

Тоза тафаккурга, ҳур тасаввурга,

Имонлар илҳақдир, виждон илҳақдир.

Ошно бўлолганким зиёга, нурга,

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

 

Урчиган ёлғонга қарши кўнгиллар,

Ҳақиқат йўлида бахши кўнгиллар,

Мардлар майдонининг нақши кўнгиллар

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

 

Тобеликка қарши дод, қалдироқлар,

Зулмат тўфонларин енгган чироқлар,

Ёғийнинг адабин берган Широқлар

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

 

Худбину лоқайдлик заҳри “мустабид”,

Кемиргай ҳар сичқон, тишлагай ҳар ит,

Маърифатсиз ЭРК йўқ деган ҳар

жадид —

Жамланса миллатдир, жамланса

халқдир.

 

Мен, мен… деган нафсин ўтларга отиб,

Ночорнинг кунига яраб, асқотиб,

Куйсаким мудраган қавмин уйғотиб —

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

 

Ҳурлик деб чўғланиш бахт деган жонлар,

Соғиниш, йўқланиш бахт деган жонлар,

Ватанда уйғониш бахт деган жонлар,

Жамланса миллатдир, жамланса халқдир.

 

* * *

Балки заифроқман кўринишимдан,

Билагим зўрмасдир боқсанг дафъатан.

Аммо баҳор, ёзим, кузу қишимдан

Тинмай меҳр ёғар бағрингга, Ватан.

 

Тўртов фаслим ишқнинг либосин кийган,

Ортда гул, дарахти яшноқ изим бор.

Ватан, дардингни ҳам ўзимдай суйган,

Меҳрин малҳам этган ўғлим, қизим бор.

 

Улар бизни жуфтлаб она Ватан дер,

Кўзлар тўла меҳр, қалб тўла қадр.

Сен ҳам менинг каби ишончингни бер,

Улар ҳамишалик ҳимоянгдадир.

 

Муҳаббатли вужуд заиф бўлмас ҳеч,

Тупроқни сурмалар айлаб ёнаман.

Кунингга ярайман дея тонгми, кеч,

Қаторингга мардлар қўйган Онаман.

 

Муҳташам қўрғонсен, зўрсен, буюксен,

Оловлар сачрасин айтар сўзимдан.

Сени кўзга илмас ғанимки қўрқсин,

Қаторингда турган ўғлим, қизимдан.

* * *

Оқиллар севгисин айтиб ҳайқирмас,

Ватанни элитмас маддоҳнинг турқи.

Ўзидан аввалроқ гапиргай бесас,

Елкага олинган Ватаннинг юки.

 

Оқиллар иззату мавқе тиланиб

Кўрган китобларин сонин санамас,

Мавқе келаверар унга эланиб,

Илмига амали вожиб бўлса бас.

 

САККИЗЛИК

Сездим моҳияти недир ҳаётнинг,

Банди этди улуғ дийдор истаги.

Сездим ошиқликнинг кашфиёти минг

Ва сабру саботи… минг бир тусдаги.

 

Сездим, жисму жоним ишқ ичра бугун,

Қай тонг куртак ёзиб, қай тонг гулларман.

Мен туриш-турмуши яшил боғ — Мажнун,

Ул ёрга ичикиб хатлар йўлларман.

 

ИҚРОР

Энди менинг туним бедор сени ўйлаб,

Кундузларим кашф этар сен севган гулни.

Чарчамасман ойми, фасл ва ё йиллаб,

Топгунимча ҳузурингга борар йўлни.

Васл ишқи сархуш этгич гулобимдир,

Қорачиғим исминг ёзиқ китобимдир,

Муҳаббатинг маним ойим, офтобимдир,

Топгунимча ҳузурингга борар йўлни.

Аламларга саботим бор, дардга сабрим,

Гумонларни ёриб йитгай нишу заҳрим,

Буюк дийдор — буюк истак, буюк фахрим,

Топгунимча ҳузурингга борар йўлни.

Кўзни юмсам кўнгил кўзи кўргай сени,

Севдим жисму жони фидо қулдай сени,

Нисор этгум оромларнинг ҳаммасини,

Топгунимча ҳузурингга борар йўлни.

 

* * *

Изтироблар қийнар куйган юрагимни,

Дунё, сенинг тарозингни қийшиқ кўрдим.

Билмай қолдим қайси йўлдан юрмагимни,

Ўнгда риё, чапда ёлғон-яшиқ кўрдим.

 

Дасти узун, макри минг туски айёрлар,

Ҳар соддага ҳар лаҳза панд бериб яшар.

Муҳаббати арзонгаров, ёлғон ёрлар

Хиёнатнинг тилига қанд бериб яшар.

 

Ишқ деганлар узун-узун дардга эга,

Кесакдиллар ҳиринглашиб ичарлар май.

 

Нафиса дил тошбағирни севди… нега?

Сўраб эзгин оҳангларда йиғлади най.

 

Донишфикр хокисорга пойгак тегиб,

Уй тўрида ўтиради маддоҳлар хуш.

Кир панжада ҳақиқатнинг бошин эгиб,

Кимдир “осмон қўлимда” деб юради хуш.

 

Дунё бир кам деб айтдилар,

Ростмиди ё,

Борми сенинг бу камликдан эзилганинг?

Берармисан саволимга жавоб, дунё,

Билармисан тарозингнинг бузилганин.

 

* * *

Бошқачароқ ўйла, бошқача яша,

Ўқий бил юз йиллик мозий сатрини.

Бўй-бастинг кўринсин кунга яраша,

Кўтар кўксингдаги ҳурлик қадрини.

 

Алданиш гумроҳлик, адашиш гуноҳ,

Йўл изла ўгитлар ўчмаган хатдан.

Ана, майса гувоҳ, ана, гул гувоҳ,

Суянгиси келиб жилмайди Ватан.

 

Юрагинг ҳимоя ҳаддин ушласин,

Келиб етди ҳушёр яшаш хонаси.

Мудрама, кафтингдан қулаб тушмасин,

Равзайи жаннатнинг таклифномаси.

 

Ўз ризқингни ўзинг шукур қилиб е,

Гунг турмагин бахтдан баҳс

                                           бошланган пайт.

Юрт, элим ҳеч кимга қарам эмас де,

Қарам бўлмайди де, мен борман, деб айт.

 

“КАФАНСИЗ КЎМИЛГАНЛАР”НИ ЎҚИБ…

Кимнинг боласисан, Қаноат,

Айт сени ким туққан, Ирода.

Елкангдаги кунлар шунча зах,

Елкангдаги кунлар ғамбода.

 

Тиканли, чириган арқон йўлингми?!

Қонталаш товонинг изларин кўрдим.

Сенга қўлларини чўзган ўлимми?!

У арқонга бунча ёнма-ён юрди.

 

Бугун кенг дунё лол,

Бағрин қаричлаб,

Минг бор ўлчаб йиғлар ўз оёқ-бошин.

Қаерга қўяди энди…

Жой тор-ку,

Ярадор юраклар кўтарган тошин.

 

ҲОЛАТ

Тўлғин кўнглим кўриниши — куз,

Айтарларим чўғланган барглар.

Бир ҳикоя айланар бесўз,

Айланади овозсиз дардлар.

 

Шамолларда вазмин бир наво,

Оқил дунё чайқалади жим.

Юзларимни ўпар нам ҳаво,

Тўкила қол, тўкил, эй, кўнглим…

 

ОНАМ БИЛАН СУҲБАТ

— Сиздан кейин билдим, она,

Ҳаёт шундай қаттиққўл.

— Сен сабр топ, сабр яна,

Менинг асл болам бўл.

— Юрагим катта эди,

Иғво, ғийбатлар еди.

— Булар ҳам битта синов,

Йиқилма, болам, дарров.

 

— Тўхтама деб айтгандингиз,

Юргизмайди чоҳлар кўп.

— Сен ўзингда ғолиблик сез,

Матонатнинг қўлин ўп.

— Ногоҳ келган найзаларга

Тўлди орқа курагим.

— Кўз олдингда турсин, болам,

Менинг дарё юрагим.

— Яқинимнинг хиёнати

Айламоқ истар майиб.

— Тишни тишга босиб… ютин,

Мағрур қара… жилмайиб…

— Тун бағрини қийнаб қўйди,

Она, кўздаги жолам.

— Бас, йиғлама, жоним куйди,

Тиловат бошла, болам.

ЧИМИЛДИҚ

Момомдан қолган палак

деворингми, чимилдиқ?

Севиб, севилган малак

Дилдорингми, чимилдиқ?

Сен энг улуғ, муҳташам,

Гўша бўлдинг муҳтарам,

Сўзлаб турар пар тўшак

Чиройингни, чимилдиқ.

Қутлуғ уйнинг бурчагин

Шунчалар сеҳрлайсан.

Сен Хизр бобо берган

Беназир меҳрдайсан.

Ҳарир либос жононнинг,

Жононни суйган жоннинг

 

Юрагига гулханлар,

Гулзорлар муҳрлайсан.

 

Боғ айланган гулнафас

Хаёлмисан, чимилдиқ?

Нигоҳи, нури нафис

Ҳилолмисан, чимилдиқ?

Орзумисан ошиққа,

Мавзумисан қўшиққа,

Бегона кўз тушмаган

Висолмисан, чимилдиқ?

 

Тоза ҳислар, туйғулар

Ғунчаласин, гулласин.

Гувоҳ бўлсин парқулар,

Аршга салом йўлласин.

Садоқатни сақлагин,

Орзуларин оқлагин,

Кўнгилларни қовуштир,

Парвардигор қўлласин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 4 =