Миллийликка кушанда “миллий” сериаллар

Кейинги тўрт-беш йил ичида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг миллий кино санъатини ривожлантириш, “миллий сериаллар ишлаб чиқаришнинг мавжуд тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва бу борада ижодкорларни қўллаб-қувватлаш”,  миллий қаҳрамонлар ҳақида мультипликацион фильм ва сериаллар ишлаб чиқаришга қаратилган бир қатор Фармон ва қарорлари чиқди; уларга  асосан миллий кино ҳамда сериаллар ишлаб чиқаришга масъул ва дахлдор бўлган ташкилотлар, идораларга бу муҳим вазифани бажаришлари учун жуда катта маблағлар ажратилмоқда.

Айни талаб ва эътиборга жавобан тарихий сиймолар, жадидлар, замонамиз қаҳрамонлари сиймоси акс эттирилган қатор кинолар, сериаллар ишланиб, халқ маънавияти-маърифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Лекин… ҳужжатларда айни эътибор қаратилган, халқимиз учун ҳамиша муқаддас бўлиб келган  “миллийлик”  меъёрларини умуман назар-писанд этмаслик ҳоллари кўпгина киносценаристлар, режиссёрлар, актёрлар ижодида оддий ҳол бўлиб қолди. Шу боис жуда кўпчиликнинг саволлари, эътирозлари, таклифлари, қарама-қарши фикрларга сабаб бўлаётган миллий сериаллар билан боғлиқ оғриқли мавзуларда Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, узоқ йиллар давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият кўрсатган олий тоифали режиссёр, “Гулхан атрофидагилар”, “Опа-сингиллар”, “Туташ тақдирлар”, “Йиллар армони” каби эл эътиборини қозонган миллий сериаллар муаллиф-режиссёри Замира БЕГИМҚУЛОВА билан суҳбатлашдик.

— Асрлар давомида халқ ҳаётининг ажралмас қисми бўлган бир қатор қадриятларимиз ўтган юз йил давомида юпқариб, кўплаб моддий ва номоддий меросларимиз йўқолиб борди.  Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий соҳаларидаги янгиланишлар, изланишлар туфайли бундай йўқотишлар аста-секин тикланиб бормоқда.

Аммо қизиғи, Замирахон, “Зангори экран”лар орқали хонадонларимизга ўттиз йиллар муқаддам кириб келган киносериаллар жуда кўп(!) оилалар турмушининг ажралмас қисмига айланиб бўлди. Дарахтни силкитсанг, салкам сериал ёғиладигандек… Миллий сериалларимизнинг илдизлари қай ирмоқлардан сув ичди?

— Илгари телепостановка дейиларди, дастлаб 4-5 қисмли телепостановкалар ишланган. Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Мирзо Улуғбек ҳақидаги; “Гирдоб”, “Диёнат”, “Дунёнинг ишлари”, “Баҳор қайтмайди” каби кўп қисмли телепостановкалар сценарийси таниқли, иқтидорли ёзувчиларимиз асарлари асосида ёзилган. Уларнинг ҳаммаси студияда видеотасвирга олинган. Биринчи марта натурада, яъни студиядан ташқари йўлларда, хонадонлар, табиатда ҳам тасвирга олиниб ишланган кўп қисмли видеофильм бу — режиссёр Мели Маҳкамовнинг “Қутлуғ қон” видео асари.

Такрорлайман, дастлабки телесериаллар сценарийси фақат машҳур ёзувчиларнинг қаламига мансуб, халқ ўқиган, эътироф этган асарлар бўйича ёзилган. Алоҳида телесценарист йўқ эди, режиссёрнинг ўзи сценарий ёзмаган.

— Ўша сериаллар ҳозир сақланганми?

— Ҳаммаси “Олтин фонд”га олиб қўйилган. Айни шу кунларда “Диёнат” телепостановкаси “Маҳалла” каналидан эфирга узатиляпти. Тўғри, анча сифат кетган, лекин ундан ҳозирги сценаристлар ҳам, режиссёрлар ҳам кўп нарса ўрганиши мумкин.

— Миллий сериалларни оммавий равишда ишлаб чиқаришга эҳтиёж туғилдими ё бошқа сабаб  борми?

— Ўтган асрнинг охирги ўн йилликларидан бошлаб чет элда ишланган сериаллар кириб кела бошлади. Масалан, Бразилиянинг “Канизак Изаура”, туркларнинг “Оила”  (ўзимиздаги “Оталар сўзи”га ўхшаган)… ҳинд, корейс, япон сериаллари кенг томошабинларни ўзига жалб этди. Шуларга ўхшатиб бизда ҳам “Кўнгил кўчалари”, “Аёл зоти”, “Чархпалак” деган кўп серияли телепостановкалар ишланди. Мухлислар яхши қабул қилди, лекин улар кўпинча охирига етмай тўхтаб қолиши томошабиннинг асабига тега бошлади. Бунга, асосан, маблағ етишмаслиги сабаб бўлди. Чунки машҳур асарлар асосида ёзилган сценарийга нисбатан муаллифнинг янгидан ёзган асари сценарийсига тўланадиган қалам ҳақи   қиммат бўлади.

Шундан кейин туркий сериаллар сотиб олиниб, эфирларни босиб кетди. “Ошин” сериали машҳур бўлди. Телеэкранларни хорижий фильмлар эгаллаб олди. Шунда Биринчи Президент “Нима учун ўзимизнинг миллий сериалларимиз йўқ?” деган масалани кўндаланг қўйди. Давлат раҳбарининг 2005 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолиятини ташкил этиш бўйича тадбирлар ҳақида”ги қарорида “Миллий сериал” ижодий-ишлаб чиқариш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш” вазифаси қўйилганди.

— Адашмасам, ўша қарордан кейин биринчи ишланган сериал “Туташ тақдирлар” эди. Унга сиз муаллиф ва режиссёрлик қилгансиз…

— Ҳа, бунга сабаб шуки, айни шу қарор чиқиши арафасида менинг беш қисмдан иборат “Гулхан атрофидагилар” видеофильмим эфирга узатилган, томошабинлар ва кинотанқидчилар орасида ижобий фикрлар олган, ҳатто Давлат мукофотига номзод қилиб ҳам қўйилганди. Сурхондар­ёлик муаллиф Зойир Мамажоновнинг қиссаси асосида ёзилган эди, асарнинг композицион тузилиши, ундаги қаҳрамонлар менга машҳур қозоқ ёзувчиси Мар Байжиевнинг асарларини эслатганди. Видеофильм шов-шув бўлиб кетди. Шунинг учун “Бизда ҳам сериаллар ишлаш мумкин, бу ишда тажрибали ижодкорлар бор” деган фикр пайдо бўлди. Ҳам ўзи сценарий ёзиб, ҳам ўзи режиссёрлик қила оларкан, деб бу ишни менга  топширишган бўлса керак.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ишлардим. “Туташ тақдирлар” 54 серия бўлди. Ташкилий ишларда, муаллифликни белгилашда кутилмаган вазиятлар ҳам бўлди. Бир ёқда “Телефильм”дагилар бу катта ишни бажаришга ўзларини энг ҳақли деб билишарди. Лекин улар ишлаган телемаҳсулотлар миллийликдан узоқлашиб кетади, деган фикрда раҳбарият бу ишга мени жалб қилишган.

— Ўша пайтда томошабинлар учун “Туташ тақдирлар” кутилмаган воқеа бўлганди… Уни топшириққа биноан махсус ёзганмисиз?

— Йўқ, аслида, унинг сценарийсини қарор чиқишидан олдин ёзишни бошлаганман, анча қисмлари тайёр эди. Шунинг учун тезда монтажини бошлаб юборганмиз. Маълум қисми тайёр бўлиб, кўрикдан ўтказилгандан кейиноқ, эфирда намойиш этилаётган турк сериали шартта тўхтатилиб, ҳали охиригача ишлаб тугатилмаган сериалимиз ҳатто анонс ҳам берилмай, намойиш этила бошланди. Ҳеч қанча муддат ўтмай,  томошабин шу сериалга “қадалиб қолди”.

— Томошабинни ўзига жалб этган жиҳатлар нималар эди, деб ўйлайсиз?

— Балки, қиёфалар, воқеалар, ҳаёт тарзию муаммоларгача ўзбекона бўлгани учундир. Аслида, бу сериалдан ўзимнинг кўнглим тўлмасди. Чунки азалдан қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликка қуриладиган асарларни унча ёқтирмайман. Ўша пайтгача таниқли ёзувчиларнинг асарлари асосида ишлаганман. Биринчи марта мустақил сценарий ёзганим учун, ҳеч кўнглим тўлмасди. Лекин айтишларича, сериал бошланадиган пайтда ҳамма уйига кириб кетарди. Томошабинлар тинмай телефон қилишар, воқеаларнинг давомини сўрашарди. Шундай қилиб, телефильмда сериаллар яратиш йўли очилди.

— Ундан кейин “Опа-сингиллар”ни ишладингиз. Шу сериални эфирда  ҳатто шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кузатиб борган эканлар.

— Шундай бўлган экан. “Туташ тақдир”ларниям, “Опа-сингиллар”ниям айрим раҳбарларнинг хоҳиши, кўрсатмаси билан ҳаммуаллифликда ёздик. “Опа-сингиллар”даги қайнота образи анча пассивлиги кўриниб турарди. Ҳаммуаллиф шу отани Россияга ишга кетгандай қилиб, марказий воқеликдан йироқлаштириш фикрини берганди, вазиятдан бунақа осонгина чиқиб кетиш таклифи менга ёқмади. Ўйлаб кўрдим-да, ҳатто “Ўткан кунлар”даги Юсуфбек ҳожидек инсонлар ўзбек ойимларга ҳар доим ҳам сўзини ўтказа олмаганлиги бир йўналиш берди. Она образи гарчи сўзамол, айтганини қилдирадиган, гапини доим ўтказишга ўрганган бўлса-да, унинг эри мулоҳазали, ибратли инсон бўлиши мумкин, деб ўйладим. Китобларни ўқиб ўргандим. Отанинг табиати, хатти-ҳаракатлари, гапларига ҳадислар ҳикматларини сингдиришга ҳаракат қилдим. Бу борада маслаҳатлар олдим. Қаранг, раҳматли шайх ҳазратлари ҳам ўша сериални кўрар эканлар, айнан мана шу жиҳат эътиборларини тортган.

Бир куни кўп қаватли уйимиздан кўчага чиқсам, қўшни эркак ёнимга югуриб келиб, табриклай бошлади. Ҳайрон бўлдим. Шунда қўшним кечагина жума намозида шайх ҳазратлари “Мана шу сериал режиссёри аёл киши экан. У Қуръон оятлари, ҳадислар ҳикматини қаҳрамоннинг табиатига, гап-сўзларига сингдирган. Келинглар, шу аёлни бир дуо қилайлик”, — деб  жамоатда дуо қилишибди… Сериалларга муаллифлик, режиссёрлик, актёрлару раҳбарлар билан боғлиқ турли воқеаларни бошдан кечирдим. Баъзан пишириб қўйган ошингниям шартта тортиб оладиганлар бўларкан. Кўп вазиятларда мен учун ҳаётимдаги энг катта мукофот — ўша дуони эсладим, эслайман, кўнглим осмондек кўтарилади.

— Миллий сериалларимиздан томошабиннинг норозилиги, нима сабабдан миллийлигимизга мос келмайди, деган фикрлар қачондан бошланди?

— Бундай муносабат, асосан, нодавлат каналлардан намойиш этилган сериалларга нисбатан бошланган. Сабаби — сериал воқеалари хоҳлаган пайтда хоҳлаган йўналишга ўзгартириб юборилган; ундаги айрим йўналишлар тўсатдан тўхтаб қолган, айрим қаҳрамонлар ижрочиси бирдан йўқолиб, ўша ролни бошқа актёр давом эттирган, сериал охирига етмай тўхтатилган…  Бунинг сабаблари иқтисодий имкониятлар билан боғлиқ бўлган, деб ўйлайман. Чунки нодавлат каналларда сериаллар муаллифи ёки актёрлар ижроси учун қалам ҳақи тўлаш имкониятлари чеклангани учун муаллиф сценарийни тугал ёзиб бермаган, шунингдек, актёрлар ҳам гонорар қониқарсизлиги учун роль ижросини якунига етказмай ташлаб кетган ҳоллари кўп бўлган.

— “Арзоннинг шўрваси” дегандек, айни ўша пайтда нодавлат телеканалларнинг сериалларига иқтидори ўртамиёна ёки ундан ҳам паст бўлган сценаристлар, актёрларни жалб этиш оқибатида “қозонга тушган масаллиққа яраша таом чиққанми”, дейман?..

— “Миллий” телеканалида ишга туширилган “Бу – ҳаёт” сериалимизнинг бош қаҳрамони кўзи ожиз йигит эди. У сценарийни ёзгунча кўзи ожизларнинг ҳаёти билан яқиндан танишдим, жуда кўп суҳбатлашдим, айни шундай инсоннинг ҳаётини бош сюжет қилиб олдим. Асосий қаҳрамон ролини ижро этадиган актёр ҳам худди мендек кўзи ожизлар ҳаёти, қизиқишлари, ички олами билан яқиндан танишди, уларнинг ичида яшади. Эфирга узатила бошлангач, сериал рейтингда турк сериалларидан ҳам ўзиб, нодавлат телеканаллар орасида биринчи ўринга чиқиб олди. Тай­ёр қисмлар эфирга узатилиши баробарида кейингиларини тасвирга олиб, монтаж қилиб, пешма-пеш эфирга узатардик.

Сериал воқеаларининг ўзгариб кетишига продюсерлар савияси билан боғлиқ талаблар ҳам сабаб бўларкан. “Бу – ҳаёт” сериалининг асосий қаҳрамонларидан бири ролини иқтидорли актёр яхши ижро этаётганди, томошабинга манзур бўлаётганди. Лекин уни қалам ҳақи қониқтирмади. Шунда продюсер айни шу қаҳрамонни қисқартиришни, сериал воқеаларидан чиқариб юбориш учун уни ҳалок этиш воқеасини киритишни таклиф қилди. Бу осонгина, ўз-ўзидан бўладиган ечим эмас-ку. “Менинг ўзимни қисқартира қолинглар”, — дедиму кетдим. Мен бу видеоасарда жуда кўпчилик кўзи очиқлар кўра олмаган ҳаёт сиру синоатларини кўзи ожизлар қалби, сезгирлиги, ҳушёрлиги билан кўра олишини; яхши мақсадни олдига қўйиб астойдил интилса, кўзи ожиз, аммо қалб кўзлари нурли инсонлар ўзигаям, жамиятгаям  кўзи очиқ “басир”лардан кўра кўпроқ нафи тегишини кўрсатмоқчи эдим. Ижодий гуруҳдан кетганимдан кейин ишни бошқа муаллиф давом эттирди, сериал кўзи ожизнинг кўзи очилиб кетиши билан якунланди.

— Сериаллар воқеаси қанчалар ҳаётий бўлса, у мухлисларга ёқади-да.

— Буни кўпчилик яхши билади. Аммо кейинги пайтларда сериаллар воқеалари майда-чуйда, енгил-елпи бўлиб кетди. Кеча бир сериалда фарзанд йигит ота-онасига қўл кўтарди. Ҳаётда шундай воқеалар ҳам бордир, балки. Аммо бундайлар бош қаҳрамон бўладиган эмас-да.

Мана, сиз одамларнинг айрим сериаллардан норозилиги ҳақида гапиряпсиз. Мен кузатишларимдан бошқа ҳолатниям англадим: енгил-елпи, шов-шувли сериалларни томоша қилаётганларнинг жуда кўпчилиги бу ҳолатдан норози ҳам эмас. Қаранг, юқорида айтганим “Бу – ҳаёт” сериали рейтингда биринчи ўринга чиқиб кетган бўлса-да, анонс тайёрлаш пайтида  менга: “Анонс қиладиган, яъни бақир-чақир, уруш-тўполон жойи йўқ, одамлар кўрмай қўяди”, — дейишарди.

Кейинги йилларда томошабин, асосан, нодавлат телеканаллардан узатилаётган сериалларни кўраётганини билдим, уларга: “Давлат каналларида ҳам яхши сериаллар намойиш этиляпти. Нима учун уларни кўрмайсизлар?” — десам, “Улар қизиқмас-да” деган жавоб кўп бўлди. “Уруш-жанжал, ахлоқсизлик яхши эмас-ку” деган фикримга: “Энди, у қизиқ-да. Охири нима бўларкин, деб кўраверамиз”, — дейишади.

— “Қарс — икки қўлдан” дейилган. Демак, кейинги ўн йилликларда (бир томондан) оилаларда, мактабларда, жамиятда қадриятларимизнинг асосий мақсади бўлган чиройли фазилатларга муҳаббат, уларни ўзлаштиришга иштиёқ, ҳаётга жиддий муносабатни тарбиялашдан кўра ахлоқсизликка ўчлик, олди-қочди, уруш-жанжалларга ишқибозликни кўпроқ шакллантириб қўйибмиз-да! Иккинчи томондан, шу ишқибозликни янада кучайтирадиган, уятсизлигу ориятсизлик, иллат бўлган хислатларни қўллаб-қувватлайдиган сериаллар “кўргазмали восита” сифатида деярли ҳамма хонадонлар тўрида турадиган телеэкранлар орқали кечасию кундузи намойиш этилди-да!

— Ачинарлиси, ибрат бўладиган эмас, миллий менталитетга тескари ҳолатлар тўла сериаллар кўпайиб, айни шу борада бир-биридан ўтиб бормоқда. Ахлоқсизлик саҳналари тобора тубанлашяпти. Илгари қайнота келиннинг ётоқхонаси олдига келиб қараб қўйган ёки нимадир деган бўлса, энди ётоқнинг ичига кириб, келин билан ёнма-ён ва ундан баттар ҳолатда воқеалар содир бўлмоқда. Кўп масалалар ётоқхонада ҳал бўлади.

Бизнинг менталитетимизга тўғри келмайди, деб чет эл сериаллари эфирлардан олиб ташланди. Турк сериаллари қадриятларимизга мос эмас, деб кўп танқид қилинди. Аммо ўзимизнинг кўплаб сериалларимиздаги андишасизлик, беҳаёлик турк сериалларидан ҳам ортиб кетди.

Бизнинг киноижодкорларимиз  турк сериалларидан “оммавий маданият” кўринишларини эмас, драматургияни, сўзлар ва диалоглар устида пухта ишлашни, воқеаларни  бир-бирига ишончли ва табиий боғлашни,  образларнинг пухта ижроси орқали мақсадни очиб беришни ўргансалар, миллион-миллион маблағу миллионлаб одамларнинг бебаҳо вақти бекорга увол бўлмасди.

— Шундай ролларни олий маълумотли, элга таниқли актёрларимиз ҳам ижро этишяпти-ку?!

— Бу ҳам жуда оғриқли масала. Талабчан, бадиий асар мақсаду моҳиятини тушунадиган, ўзини ҳурматлайдиган актёрлар саёз, олди-қочди сериалларда рол ўйнашни истамайдилар-у, аммо ҳамма каналларни шундай сериаллар босиб кетган бўлса, нима қилсин? У рад этган ролни бошқа ҳамкасби ўйнайди, “сен бўлмасанг, бошқаси” дегандек. Яшаши керак, оиласи, бола-чақаси бор, касбини ташлаб кетолмайди…

Бир мисол: Меҳриддин Раҳматовни жуда ҳурмат қиламан. Иқтидорли, билимли, драматик актёр. Шу актёр яқинда ўша ўғлидан калтак еган ота ролини ўйнаяпти-ю, менинг хаёлимдан: “Руҳан бақувват, кучли драматик образларни ижро этиш имкониятлари бўлган бу иқтидорли санъаткор ўғлигаям  гапини ўтказа олмайдиган ночор ота ролини ўйнаяпти-да” деган фикр ўтди. Биринчидан, бу образга ёши ҳам тўғри келмаган. Анча вақт сериалларда роль ўйнамаганди, қарасаки, ишсиз қоляпти, томошабиннинг эсидан чиқаяпти…

Биз оила ҳақидаги видеофильмларга бир-бирига ўхшаш қиёфали актёрларни  танлардик. Ҳозир сериаллардаги отаю бола, эру хотинлар кўриниши тугул ёш жиҳатидан ҳам мутаносиб эмас. Ҳатто ўзидан ўттиз, қирқ ёш кичкина бўлган йигитларни “ўғлим” деб юриб, кейин “севиб қолиб”, бу муҳаббати учун курашадиганлар образлари яратиляпти.

Актёрнинг роль ижроси олдига қўйилган талаблар бузилиб кетяпти. Ёдингизда бўлса, чет эллик актёрлар ҳам турли сериалларда қатнашарди. Лекин, айтайлик,  актёр битта сериалда сочлари узун бўлса, бошқасида калбош чиқарди. Унинг нафақат ички дунёси, ташқи қиёфаси ҳам ўзга олам бўларди. Бизда эса… ҳозирги кунда актёрлар сумкасини кўтариб фильмларни тасвирга олишда иштирок этиш учун боради-да, битта ролни ижро этиб бўлгач, иккинчисига чопади. Кийимини алмаштиришга зўрға улгуради. Шундай бўлгач, ўйнаётган ролидаги образларни тушунишга, ҳис қилишга қаердан вақти, имкони бўлсин? Уларга сценарий ҳам берилмайди, йўл-йўлакай “Сиз ёмон хотинсиз, шаллақисиз”, “Уятчансиз…” ва ҳоказо дейилади, бўлди. Бир актриса бир сериалда яхши қайнона бўлса, бошқасида шаллақи, тирноқ остидан кир қидирадиган юзиқора. Лекин иккала сериалда ҳам ўша соч турмаги, ўша кийимлар, ўша макияж… Униям қўяверинг, бир сериалдаги она йигирма ёшида қандай бўлса, ўғли балоғатга етганда ҳам қиёфаси, ҳатто кийимлариям ўзгармаганига нима дейсиз?

— Ҳақиқатан шундайми, ҳам кулгинг, ҳам йиғлагинг келади…

— Қайси соҳа, қайси касб эгаси ҳақида асар яратиладиган бўлса, ўша соҳани яхшилаб ўрганиб ёзиш, қаҳрамонларни шу ишнинг одами қилиб чиқариш керак. Ҳозирги аксарият сериаллар қаҳрамонларининг касби йўқ. Ўқимайди ҳам. Асосан, “деди-деди”, бир-бирининг айбини излаш, кимгадир чоҳ қазиш билан овора…

— Кино асарларда, сериалларда ҳам қаҳрамонлар қиёфаси табиий, ўша миллатнинг ташқи ва ички дунёсини мужассамлаштирган бўлишининг аҳамияти катта. “Жаннат оналар оёғи остида” фильмида ҳақиқий қирғиз онаси тимсоли яратилгандек. Агар бизда ҳам шу типдаги она образини гавдалантириш керак бўлса, уни қайси актрисалар ижро этиши мумкин?

— Мен бир видеофильмда эри вафот этган, биттагина қизи ҳам ўлиб қолиб, невараси янгидан уйланиш ташвишида юрган ота қўлида қолган она ролига актриса топишга жуда қийналдим. Ҳаётда тақдири шунга ўхшаш аёллар қошини татуаж қилдириб, лабини дўрдайтириб, узун тирноқ улаб юрмайди-да.

Мардикорлар ҳақидаги сериалда бировнинг уйини тозалашга борган мардикор аёлнинг узун тирноқлари бўялган, унинг ичига гуллар нақшланган. Бунақа тирноқ жуда қиммат туришини ёшлар, аёллар яхши билишади. Сериалларда камбағал қаҳрамоннинг ҳам, бой қаҳрамоннинг ҳам ҳаёти бир хил — қимматбаҳо дивану стол-стуллар билан жиҳозланган уйларда кечаверади.

Аччиғу оғир бўлса ҳам эътироф этмасак бўлмайди: миллионлаб томошабинлар телеканаллардаги барча сериаллардан бохабар бўлиш учун каналдан каналга тинмай сакраб, сериаллардаги қўл жангию даҳанаки жангларга, ақл бовар қилмас юзсизлик, ахлоқсизликлар, оқибатсизликлар, шафқатсизликларга ҳайрону лол бўлиб, воқеалар ишончлими ёки ёлғонлигини ўйлашмаяпти. Ниманидир бир нарсани томоша қилиб ўтиришса бўлди, мана шундай кайфиятдагилар кўпайиб боряпти… “Ижодкорлар бу сериал орқали нималарни ибрат қилиб кўрсатмоқчи?” деган саволни хаёлга ҳам келтирмай, умри ва имкониятларини уволу исроф қилиб ўтказаётганлар, ўзлари билиб-билмаган ҳолда “оқ”дан кўра “қора” хислатларни юқтириб олаётганлар, афсуски, оз эмас…

— Замирахон, бугунги кунда гарчи нафақада бўлсангиз ҳам, одамлар эътиборига ҳавола этилаётган оддий лавҳадан тортиб, сериалларгача бефарқ эмассиз. Ҳамон телеканаллар, ёш режиссёрлар маслаҳат сўрашади, улар билан ижодий ҳамкорсиз. Саломат бўлинг, сиз каби тажрибали устозлардан ўрганувчилар кўпайишини истаймиз. Суҳбатимизни ҳозирча шу ерда тўхтатсак-да, “…теле- ва радиоканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар учун тайёрланаётган медиамаҳсулотлар, хусусан, сериал, мультфильм, кино ва қўшиқларни “маънавий экспертиза”дан ўтказиш тартиби жорий” этилишини “Маънавият ниқоби остида цензура ўрнатилмоқда”, — деб айюҳаннос билан кутиб олганларга савол берсак: сиз қалбларни қорайтириб, букчайтириб, юзлардану диллардан инсоний фазилатлар пардасини юлиб олиши мумкин бўлган; миллатнинг қизу аёлларига бешармлик ва эркакларига ориятсизлик, бекорчиликдан бемаъничилик кўчаларини очаётган мана шундай сериаллар кўпайишини истайсизми? Мулоҳазали, эътиборли, фаросатли юртдошларимиз бугунги сериалларнинг жуда кўпида кузатган юқоридаги каби ҳолатлардан сиз бехабармисиз? Ёки бизнинг фикрларимизни ортиқча ваҳима, лоф деб ўйлаяпсизми? Унда каттаю кичик ўғил-қизларингиз, ота-оналарингиз, аёлингиз, опа-сингилларингиз, келинларингиз билан битта хонада жам бўлиб, битта экрандан “муҳаббат эркинлиги, бир марта бериладиган ҳаётда яйраб яшаб қолиш ҳуқуқи” тараннум этилган битта сериални охиригача томоша қилиб кўринг-чи!

Муҳтарама УЛУҒОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 9 =