11705-шахсий иш
ёки жадид Саидризо Ализода ҳаётига оид янги маълумотлар
Самарқанддаги “Зарафшон” газетаси таҳририяти ўтган асрнинг бошларида мамлакатда миллий матбуот тамал тошини қўйган нашрлардан бири саналади. Газета ходимлари ҳам, фаол муаллифлари ҳам жадидчилик ҳаракатининг ташкилотчилари ва тарафдорлари бўлишган. Бу ерда ушбу ҳаракатнинг Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидризо Ализода, Ҳожи Муин, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий каби аъзоларининг ҳамкорлик қилиши ҳукуматни доимо ташвишга солиб келган. Айниқса, Туркистон мухторияти ҳаракати барбод бўлгач, унинг ташкилотчилари ва қўллаб-қувватловчиларига чинакам “ов” бошланган. Келаси йилда таваллудининг 140 йиллиги нишонланадиган Саидризо Ализода ана шу қурбонлардан биридир.
Тўғри, алломанинг номи оқланди, унинг миллатпарварлик фаолиятига муносиб баҳо берилди. Адибнинг икки томлик асарлар тўплами Самарқанд давлат университети олимлари томонидан нашр этилди. “Зарафшон” газетаси таҳририяти жадид бобомиз мақолалар тўпламини тайёрлади. Унинг уй-музейи таъмирланди.
Яқинда Саидризо Ализоданинг невараси Фарҳод ака менга бобосининг қамоққа олиниши, тергов қилиниши ва суд жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим этди. Фарҳод аканинг айтишича, Россиянинг Владимир шаҳридаги тегишли маҳкамасида сақланаётган бу ҳужжатлар билан танишиш ва улардан нусха олиш осон кечмаган. “Мазмун жиҳатдан бир-бирини инкор этувчи ёки ёлғондан тўлдирилган айрим протокол ва тушунтириш хатларини барибир ололмадик”, деди у.
Келинг, қўлимизда мавжуд бўлган ҳужжатлар асосида Саидризо Ализода фаолиятига яна бир назар ташлайлик.
МАШАҚҚАТЛАР ТЎФОНИДА
Аввалига чор Россияси, кейинчалик большевиклар партияси сиёсати, аниқроғи, зуғуми остида озодлик, мустақиллик ҳақида гапириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмасди. Шу сабабли жадидлар бундай курашга, аввало, хонлигу амирликлар даврида ўзаро низолар туфайли пароканда бўлган миллатни маърифатга чорлашни тўғри йўл деб ҳисобладилар. Улар Самарқанд ва унинг атрофидаги мавзеларда замонавий илм берадиган мактаблар очишга, бу мактаблар учун алифбо ва дарсликлар ёзишга киришдилар.
Асосий зиёлилар ўзбек тили (ўрта турк шеваси)да чиқувчи “Самарқанд” (бу Морозов рус тилида чиқарган “Самарканд” эмас) газетаси таҳририяти атрофида бирлашдилар. Ҳар гал газета ёпилгач, янги номлар билан чиқаверган: “Hurriyat”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Камбағаллар ўқи” ва ҳоказо.
Самарқанд губернаторидан Маҳмудхўжа Беҳбудий “Самарқанд” газетасини ўзбек ва тожик тилида чиқаришга рухсат сўраган. Рухсат берилган, аммо тожик тилидаги газетага обуна уюштириш муаммо бўлган, шу сабабли газета чиқмай қолган. Ўзбек тилидаги газета мақолалари жиддий назоратда бўлган. Ана шундай пайтда Саидризо Ализода тожик тилида “Шўълаи инқилоб” журналини таъсис этган. У коммунист-большевиклар партияси вилоят кенгаши органи бўлган. Муаллифнинг 1919 йил 18 ноябрдаги маълумотига кўра, таҳририятда ўша пайтда муҳаррир 1200 рубль, адабий ходим 1100 рубль, мусаҳҳиҳ 1100 ва таржимон, экспедитор, ташувчи 100 рублдан маош олиб ишлашган. Четдан ахборот берувчиларга 1500 рубль ажратилган.
Дарвоқе, ҳужжатлар орасида коммунист-большевиклар партияси ишчи-батрак мусулмонлар вилоят бўлими котибининг хати ҳам чиқди. Унда котиб “Шўълаи инқилоб” журналини чиқаришга республика раҳбариятидан рухсат сўрайди. 500 нусха обуна уюштиришни ўз гарданига олади. Журналнинг биринчи сонини мусулмонлар байрами — 21 мартга чиқариш таклифини айтган.
Юқори ташкилот вакили Бородская 1919 йил 4 мартда компартия вилоят қўмитасига ушбуни молиявий қўллашни, журнал сиёсий йўналиши учун обком бўлим мудири масъул эканини таъкидлаб, розилик билдиради.
Бинобарин, Ализода имзоси билан тасдиқланган яна бир хатда Самарқанд уезди раҳбарига форс тилида чоп этилаётган “Шўълаи инқилоб” журнали чоп этилиши тўхтатилгани ва унинг сабаби айтилган, яъни:
1) обуначилар муддати тугагани, янги обуначиларни жалб этувчилар йўқлиги;
2) литография идораси томонидан муқова учун қизил рангли қоғоз берилмаётгани, берилган сариқ рангли қоғоз мақсадга мувофиқ эмаслиги;
3) ходимлар йўқлиги туфайли журнални тайёрлаш ва чоп этиш билан боғлиқ барча ишлар фақат муҳаррир зиммасида қолганлиги.
Бу ҳужжат 1919 йилнинг 30 октябрида имзоланган.
Яна иккита ҳужжат диққатимни тортди. 1919 йил 1 июлда Саидризо Ализодага берилган гувоҳномада унинг коммунистлар (большевиклар) партияси Самарқанд уезди, Боғишамол ва эски шаҳар умумий йиғилишлари 2-қарори билан 15 июндан эътиборан Самарқанд вилоят миллий масалалар бўйича бўлими форс бўлинмаси мудири этиб тасдиқлангани айтилган.
Иккинчи мандат 1919 йил 23 августда берилган. Унда Саидризо Алиев (Ализода) коммунистлар (большевиклар) Боғишамол район қўмитаси раиси сифатида вилоят партия қўмитаси конференциясига делегат этиб сайлангани қайд этилган.
Энди ўз-ўзидан савол туғилади: Саидризо Ализода коммунистлар партияси бўлимлари билан бамаслаҳат иш тутган бўлса, улар ишончига эришган бўлса, унда у нега “давлат душмани” сифатида қатағонга учради?
Ҳужжатларни ўрганиш давомида бу саволга жавоб топгандек бўлдик.
СЎРОҚСИЗ, ГУВОҲСИЗ, АСОССИЗ ҚАМОҚ
Бу ҳолатни бошқача изоҳлаб бўлмайди.
Бошқа жадидлар қатори Ализода ҳам ўз фаоллиги билан эл орасида танилиб қолганди. Тожик мактаблари учун алифбо ёзди, луғат тузди. Жаҳон классикларининг кўп асарларини тожик тилига ўгирди. Шунинг учун уни Тожикистон давлат нашриётига ишга таклиф этишди. Айниқса “Шўълаи инқилоб” журнали қисқа даврда оммалашди. Журнал иложсизликдан, маблағ йўқлигидан ёпилгач, Саидризо Ализода таржима билан шуғулланди, СамДУда дарс берди.
Надоматлар бўлсинким, ижоди гуллаган ана шундай бир пайтда уни 1938 йил 3 февраль куни “антисовет тарғиботи юритгани учун” қамоққа олишади.
“Ўрмонга ўт тушса, ҳўлу қуруқ баробар ёнади” деганлари рост экан. “Шўълаи инқилоб” форс тилида чиққанлиги учун Саидризо Ализода журнални Эрон консули орқали форсийзабон мамлакатларга тарқатган. Мусабий, Мавбарий каби миллатпарварлар мақолаларини чоп этган. Гарчи бу мақолаларда ўша пайтдаги ҳукумат хавфсизлигига таҳдид бўлмаса-да, НКВДнинг гумонига биноан уни қамоққа олишган.
Бир ойдан сўнг уни Самарқанд НКВДси ички турмасига ўтказишган. Сўроғу текширишлардан натижа чиқмагач, ясама айблар қўйишган. 1940 йил 8 декабрда соғлиғи ёмонлашгани сабабли Самарқанд 2-умумий турмасига ўтказишган (дарвоқе, бу турма ўша пайтда ҳозирги вилоят кўп тармоқли шифохонаси жойида бўлган. Ф.Т).
Шу ўринда исбот учун бир ҳужжат мазмунини келтирамиз. Бу — Самарқанд 2-умумий турма бошлиғи томонидан Самарқанд вилояти давлат хавфсизлиги бошлиғи, давлат хавфсизлиги капитани Аслоникашвили (нусхаси вилоят прокурори ўринбосари Аҳмедов)га йўлланган билдирги. Унда таъкидланишича, бу икки ташкилот ташаббуси билан қамалган 8 нафар маҳбус, шулардан бири Саидризо Ализода муддати узайтирилмаган бўлса-да, турмада сақланаётгани айтилган.
Мана сизга инсон тақдирининг қиймати! Мана сизга коммунистлар тизимининг “қудрати”!
Шу ўринда бир гапни айтмоқ лозим. Буюк Британия давлати ўша даврда Ўрта Осиё, хусусан, Туркистон ўлкасини ҳам колония қилишга урунган. Инглиз разведкачиси Минелсон айнан шу иш билан шуғулланган. Бошқа зиёлилар қатори Ализодани ҳам қўлга олишга интилган. Бироқ Ҳиндистон ва Афғонистон зиёлилари, элчилари бизникиларга бу ишнинг оқибатини тушунтирганлар. Чунки улар Англия мустамлакасида эдилар. Натижада Минелсон Ализода бошига пул тиккан ва разведка йўли орқали СССР НКВДсига Ализода советларга қарши Ҳиндистон элчиси билан яширин алоқа қилаяпти деган маълумот юборган. Шу сабабли НКВД махсус колонияси бу жадид устидан ҳукм чиқарган.
Ниҳоят, 1942 йил декабрида суд ҳукмисиз уч йил турмада азоб чеккан маҳбус устидан суд эмас, балки СССР ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги алоҳида кенгаш томонидан ҳукм ўқилади ва уни Россиядаги Сол-Илецк турмасига юборишади. Кўп ўтмай, август ойида Тобол турмасига ўтказишди.
“УРУШ ТУГАГУНЧА ТУРМАДА САҚЛАНСИН”
Тобол турмасида 1943 йил 4 февралда Саидризо Ализоданинг жазо муддати тугайди. Сибирь совуқларида ўпкасини олдириб қўйган жадид муҳаррир кун санаб келади. Бироқ НКВД турма раҳбариятига маҳбус антисовет тарғиботи учун қамалганлиги сабабли уни уруш тугагунга қадар турмада ушлаб туришни топширади. Ҳатто СССР НКВДси турмалар бошлиғи катта инспектори Скороходов номидан келган хатда бу ҳолатни маҳбуснинг ўзига тушунтириш кераклиги айтилади.
Шундай бўлади ҳам. 1944 йилнинг ноябрида Саидризо Ализодани Владимир турмасига олиб келишади. Руҳи сўнган, тақдирга тан берган жадид охирги умид билан уйдагиларга хат ёзади. Аммо бу хат манзилига етиб бормайди. Уруш тугагандан сўнг ҳам уни қўйиб юборишмайди. Ва… 1945 йилнинг 24 декабрида Ализода ўпка шамоллашидан вафот этади. 26 декабрь эрталаб соат бешда уни турма яқинидаги қабристонга тонгда дафн этдилар. Бу ҳақда зобит ва икки сержант имзо чеккан акт нусхаси ҳам бор.
Cаидризо Ализоданинг 1945 йил 24 декабрда турмада вафот этганлиги ҳақидаги хабарни суюкли турмуш ўртоғи Мўмина ая, ўғиллари Тағи Ризаевич, қизлари Хадича ва Саида опалар қандай кутиб олганини тасаввур қилинг. Шунинг учун ҳам уларнинг илтимосига кўра набираси Фарҳод ака бобосининг хокини Владимир турмаси ёнидаги қабристондан Самарқанддаги Панжоб қабристонига келтирди. Надоматлар бўлсинким, юқорида номлари келтирилган қариндошлари бу кунларни кўра олмадилар.
Владимир турмаси яқинда нашр қилган “Владимирский централ” катта китобининг беш саҳифаси С. Ализодага бағишланган. Охирги бандида “Ўзбек ва тожик адабиётининг йирик намояндаси, рус адиблари асарларининг форс тилига биринчи таржимони, буюк жадид, Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) авлодининг вакили Саидризо Ализода 1945 йил 24 декабрда вафот этди” деган сўзлар бор. Бу китоб айни пайтда С.Ализода уй музейида сақланаяпти.
КЕЧИККАН ОҚЛОВ
Сталин давридаги қатағон жараёни таҳлил қилиниб, танқидга учрагач, миллионлаб айбсиз айбдорлар қатори маърифатпарвар Саидризо Ализода ишига ҳам навбат келди. 1958 йил 16 январда Ўзбекистон ССР Олий суди судлов коллегиясининг ёпиқ мажлисида кўриб чиқилди. Унда республика прокурорининг талабига кўра НКВД алоҳида кенгашининг 1941 йил 16 декабрдаги қарори асоссиз деб топилди.
Хусусан, Саидризо Ализоданинг 1931-1932 йилларда Самарқанд шаҳрида яшовчи эронийлар ўртасида колхозга кирмаслик, солиқ тўламаслик ҳақидаги тарғиботи исботланмаган. Унга таржимон сифатида “Овози тожик” газетасида биринчи май шиорларини беришда “Йўқолсин империализм!” ибораси ўрнига “Йўқолсин коминтерн!” деб қўйилган айб ёлғон бўлиб чиқди. Газетада бундай иборалар йўқ экан. Турмада бўла туриб, қариндошларига антисовет руҳидаги хатлар ёзгани ҳам исботланмаган. Судга таклиф этилган гувоҳлар айбни терговчининг ўзи ёзган ва мажбурлаб имзо чектирганини, Саидризо оға илмли, ватанпарвар эканини айтишди.
Суд тергов бирёқлама ўтказилгани, айблар исботини топмагани учун НКВД алоҳида кенгаши қарорини бекор қилди ва Саидризо Ализодани айбсиз деб топди.
Шуни яна алоҳида таъкидлаш жоизки, Шавкат Мирзиёев 2003 йилда Самарқандда вилоят ҳокими ва кейинчалик республикамиз Бош вазири бўлиб ишлаган вақтида жадид бобомизнинг 115 ва 130 йиллик юбилейларининг нишонланишида катта ёрдам кўрсатди. Бунинг учун алломанинг қариндошлари, барча юртдошларимиз, зиёлилар Давлатимиз раҳбаридан доимо миннатдордир.
Саидризо Ализода ҳақида ҳужжатли фильм олинди ва ушбу фильм ўша йили Канн кинофестивалида совринли ўринни олди.
…Тарихнинг ҳар бир куни, ҳар бир воқелиги биз учун сабоқдир. Хусусан, жадид боболаримиз фаолияти халқимизга маърифат ва ҳурлик йўлидаги курашнинг чинакам тимсоли ҳисобланади. Жадидчилик ҳам мамлакатдаги миллат уйғонишининг бир кўриниши эди. Зеро, у маърифатга, дунёвий илмларни чуқур ўрганишга, эркин яшаш истагининг қатъиятли бўлишига асосланган. Шу боис бу ҳаракат фидойилари ҳукуматнинг ҳар қандай тазйиқларига ҳам бардош беришган, миллат маънавиятини юксалтириш йўлида фидо бўлишга ҳам тайёр туришган.
Бундай ибрат, табиийки, бизни халқимизнинг жасоратли фарзандларидан ибрат олишга, бундай хислатларни ўзимизда шакллантиришга ундайди. Илм олишни, ўз доноларининг заковат ва ақли билан яшашни истаган миллат эса фаровон ҳамда эркин турмушга муносибдир. Саидризо Ализода ва миллатимизнинг бошқа фидойилари руҳи бизни доимо қўллаб турсин, уларнинг жойлари жаннатдан бўлсин.
Фармон ТОШЕВ,
“Зарафшон” ва “Самаркандский вестник”
газеталари таҳририяти бош муҳаррири,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.