Журналистика музейи қаердалигини биласизми?
Келинг, аввало, музей ҳақида қисқача маълумотни эсга олайлик.
Музей қадимги юнонча “musiyon”, яъни “музаларга бағишланган жой”, деган маънони билдиради.
Музей — бу тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш ишларини амалга оширувчи илмий, илмий-маърифий муассаса ҳамдир. Унинг хазинасида, асосан, моддий ва тасвирий нарсалар, шунингдек, санъат асарлари жамланади. Шу билан бирга, ёзма манбалар (қадимдан ҳозирги давргача бўлган тарихий қимматга эга қўлёзмалар, босма ҳужжатлар, газеталар, китоблар) сақланади.
Ана шундай музейлардан бири — Самарқанд шаҳрида жойлашган Зарафшон воҳаси матбуоти тарихидан сўзловчи Самарқанд вилояти матбуот тарихи музейи ҳисобланади. Мазкур музей 2013 йилда “Зарафшон” газетасининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган. Журналистика соҳасида мамлакатимизда ҳозирча ягона бўлган мазкур музейда ижодкорларга тегишли 450 дан зиёд тарихий ашё сақланади.
Музей жавонларидан ўзбек журналистикасига тамал тошини қўйган зиёлилар — Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Саидризо Ализода каби жадидчи-маърифатпарварлар, шунингдек, турли даврларда газетага муҳаррирлик қилган Ҳожи Муин, Акобир Шомансуров, Ҳайдарбек Абдужабборов, Шароф Рашидов, Вали Хўжаев, Раҳим Шокирбеков, Анқабой Худойбахтов, Нуриддин Шукуров, Лутфулла Ҳамроев, Холмуҳаммад Нуруллаев, Аҳмаджон Мухторов, Ҳабиб Темиров, Музаффар Муқимов ва бошқа кўплаб фахрий журналистлар ҳамда ҳозирда “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири вазифасида ишлаб келаётган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошевга тегишли буюм ва иш воситалари жой олган.
Музейда рус матбаачиси Морозов томонидан чоп этилган “Самарқанд” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси, Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган “Ойина” журналининг илк нусхаси ўрин олган.
1920 йиллардан Иккинчи жаҳон уруши давригача газета чоп этишда фойдаланилган ёғоч ва қуйма ҳарфлар, 1950 йилдан кейинги даврда ишлатилган 3 ўлчамли қўрғошин ва дуб ҳарфлар, матрицалар, таҳририятда ҳамда босмахонада фойдаланилган техник асбоб-ускуналар ҳамда “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд”, шаҳар ва туман газеталари нусхалари, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудларида чоп этилган газеталар, тарихий фотосуратлар қимматли экспонат сифатида сақланмоқда.
Саидризо Ализоданинг 1920-1925 йилларда Эрон ҳамда Туркияда яшаган даврларидаги ижоди намуналари, чоп эттирган китоб ва рисолалари, 1937 йилда Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университетида араб ва форс тилларидан талабаларга сабоқ бераётган пайтлари, Шароф Рашидов муҳаррирлигида фойдаланган телефон, Республика раҳбари сифатида Самарқанд вилоятига келиб, аҳоли билан учрашувлари тасвирланган фотосуратлар музей зарварақларига муҳрланган. Шунингдек, музейда атоқли давлат арбоби, ёзувчи ва шоир Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ташкил этилган алоҳида бурчаги мавжуд. Унда Шароф Рашидовнинг ўзи ёзган қўлёзмалар, унинг асарлари, тарихий фотосуратлари жой олган.
Республикамиздаги олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот институтларининг изланувчи-тадқиқотчилари, музейшунослар музейдаги “Зарафшон” (“Ленин йўли”) газетасининг 110 йиллик ва “Самаркандский вестник” (“Ленинский путь”) газетасининг 105 йиллик жилд-тахламларидан фойдаланмоқда.
Айниқса, музей Самарқанд давлат университетининг “Ноширлик иши” йўналиши ҳамда Самарқанд давлат чет тиллари институтининг “Халқаро журналистика” йўналишида таҳсил олаётган талабалар, шаҳар ва туман газеталарида, вилоят телерадиокомпаниясида фаолият кўрсатаётган ёш мухбирлар учун амалий тажриба мактаби бўлиб хизмат қилмоқда.
Беҳбудий қўлёзмаларига таяниб тайёрланган “Самарқанд” газетасининг 1913 йилда Ўрта Осиё бўйлаб тарқалиши ва сотиладиган дўконлари жойлашган шаҳарлар харитаси тарих шайдоларида илиқ таассурот қолдириши шубҳасиз.
Шунингдек, ўша даврда фойдаланилган ҳарф териш машинкалари, расм ишлаш ускунаси, фотоаппарат, тезкор хабар етказиш (телетайп) қурилмаси, 1997 йилда таҳририятда фойдаланилган биринчи компьютер ва принтер, газетанинг компьютерда тайёрланган илк сони соҳанинг яқин ўтмиши ҳақида ҳикоя қилади.
Музейда мустақиллик экспозицияси қисми ҳам мавжуд бўлиб, унда истиқлол йилларида ўзбек матбуотидаги ислоҳотлар, соҳа тараққиётини белгилаб берувчи ашёлар ҳам ўрин олган.
Энг муҳими, мазкур музей журналистика тарихига назар ташлаб, унинг нақадар бой ва бебаҳо эканлигини эслатибгина қолмай, келажагимиз ворислари учун узоқ йиллар хизмат қилади.
Ҳусан ЭЛТОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими мутахассиси.