Мирзо Қўқонбой ким бўлган?

Кўҳна Самарқанд тарихида шундай шахслар борки, уларнинг номини яқин-яқин вақтгача фақат маълум бир зиёлилар доираси — шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимларгина биларди, холос. Шундай сиймолардан бири — жадид, ёзувчи, таржимон, ҳуқуқшунос Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзодадир.

Бу ёзувчи ҳақида адибнинг невараси Талъат Абдухолиқзода каминага бундан 15 йил аввал айт­ган эди. Унинг сўзларига кўра, 1997 йилгача Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг адабий мероси ҳақида 1940 йилда Сталинобод (ҳозирги Душанбе)да нашр қилинган “Тожик адабиёти намуналари” тўпламидаги унинг “Намоз” романидан парчалардан бошқа ҳеч нарса маълум эмас эди.

Мирзо Қўқонбойнинг ўлимидан 49 йил ўтиб, ўша пайтда прокурор Талъат Абдухолиқзода истиқомат қилган Самарқанд шаҳридаги адиб уйи ертўласини таъмирлаш чоғида у ердан эскириб кетган бир жомадон топилади.

Талъат ва унинг укаси Шуҳрат кутилмаган топилмани очиб қараса, жомадон эски дафтарлар, вақт ўтиши билан ранги ўчиб кетган фотосуратлар ва ҳужжатлар билан тўлиб кетган экан. Улар орасидан араб, лотин ва кирилл алифболарида форс-тожик, ўзбек ва рус тилларида ёзилган 12 ва 24 саҳифали жами 200 та дафтар чиқади.

Бу дафтарларнинг асосий қисмини ёзувчи асарларининг қўл­ёзма нусхалари, шунингдек, ёзувчи ҳаётидан алоҳида жилд шаклида сақланган турли ҳужжатлар ташкил этарди.

Талъат ва Шуҳрат Абдухолиқзодалар араб тилини билмагани учун қўлёзмаларнинг салмоқли қисмини ўқий олмадилар.

Ёзувчининг неваралари қўлёзмаларнинг мазмуни билан танишолмасалар ҳам, топилган чамадондаги хазина — бобосининг бебаҳо мероси эканини англаб етадилар.

* * *

Ака-ука дастлаб нима қилишни билмай қолишди. Топилган материалларни ҳар кимга кўрсатиш керак эмас эди. Чунки ҳужжатларнинг мазмуни номаълум, муаммолар пайдо бўлиши мумкин эди.

1997 йилнинг охирида душанбелик таниқли адабиётшунос олим, профессор Расул Ҳодизода ўғли Фаридун билан Самарқандга ташриф буюради. У Талъат Абдухолиқзоданинг оиласида меҳмон бўлади. Шунда Талъат ака олимга бобосининг меросини кўрсатади. Расул Ҳодизода ҳар бир дафтарни диққат билан ўқиб чиқади ва Фаридунга: “Бу “Намоз” романининг қўлёзмаси, бу ёзувлар эса “Эсдалик­лар” асарига тегишли. Бошқа қўлёзмаларда ўша давр учун янги бўлган жадидлик ҳаракати ҳақида қимматли маълумотлар бор”, — дейди.

Кейин эса уй эгасига юзланиб: “Бу асарлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Уларни кирилл алифбосига ўгириб, тезроқ чоп этиш керак”, — деб таъкидлайди.

Кўп ўтмай Душанбедаги “Гули мурод” журналида профессор Расул Ҳодизоданинг Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода ҳаёти ва адабий меросига бағишланган мақоласи эълон қилинди. Нашр туфайли ўқувчилар илк бор ХХ асрнинг биринчи ярмида Самарқандда Садриддин Айний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин каби атоқли адиблар қаторида истеъдодли ёзувчи ва таржимон Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода ҳам яшаб ижод қилганидан хабар топадилар.

Бу кутилмаган кашфиёт Талъат Абдухолиқзодада катта таассурот қолдирди. Унинг саъй-ҳаракати билан самарқандлик шарқшунос олимлар Моҳира Бобоева ва Вафо Назаровлар иштирокида “Духтари куҳистон” (“Тоғ қизи”) романи араб ёзувидан кирилл алифбосига, сўнг­­ра ўзбек тилига таржима қилинди. Бу асар нашр этилгандан сўнг маърифатпарвар самарқандлик адиб ҳақида адабий жамоатчилик муҳим бир маълумотга эга бўлди.

* * *

Қўқонбой Абдухолиқзода (Абдухолиқов) 1869 йил 10 сентябрда Самарқандда ҳунарманд оиласида туғилган. Эски мактабни тугатгач, мад­расага ўқишга кириб, у ерда 2-3 йил араб тилида ўқиган, лекин курсни тугатмай, чиқиб кетган. Ўша пайтда у 19 ёшда эди.

1889 йилда Қўқонбой Абдухолиқзода уйланади. Биринчи фарзанди туғилгунга қадар у хотинини Қўқондаги қариндошларига олиб борган экан. Шу туфайли уни Қўқонбой деб атаганлари эҳтимолдан холи эмас.

Қариндоши Мамадаминбой билан меҳмонга келган савдогар Хидир-наймон ўртасидаги бир келишмовчилик туфайли тақдир тақозоси билан Қўқонбой Абдухолиқзода Москвага кетади.

Тафсилоти қисқача шундай. Савдогар Хидир-наймон Мамадаминбойнинг эскирган костюми ҳақида менсимай гапиради ва унга молни бермайди. Жанжал муштлашувга айланади ва Хидир-наймон яраланади. Натижада Қўқонбойнинг қариндоши қамоқхонага тушади. Уни озод қилиш учун Мамадаминбойнинг оила аъзолари пул йиғиб, Қўқонбойни Москвага бориб, ишни қайта кўриб чиқишга кўндирадилар. Қўқонбойнинг пойтахтга етиб боришига икки ой вақт кетади.

Москвада Қўқонбой Николай пошшонинг жиянларидан бирининг уйида яшайди. У Москвада 2 йил — 1892 йилдан 1894 йилгача бўлади. Қўқонбой ўз билими ва ўткир зеҳни билан суд ҳукмининг ўзгаришига эришади ва ўз қатъияти билан чор империяси амалдорларини мағлуб этиб, қариндошининг қамоқдан озод этилгани ҳақидаги ҳужжатни Самарқандга олиб келади.

* * *

1925 йилда Тожикистон Республикаси ташкил этилгандан сўнг Қўқонбой Абдухолиқзода таржимон сифатида Тожикистон давлат нашриёти — “Тожгосиздат” хизматига кирди.

1930 йилда у сохта айбловлар билан қамоққа ташланади. Аммо 49 кундан кейин у озодликка чиқади. Бу давр­­да Қўқонбой Абдухолиқзода бадиий ижод ва таржима билан фаол шуғулланган. Биология ва кимё дарсликларини рус тилидан тожик тилига таржима қилган, биринчи русча-тожикча луғатлардан бирини яратган эди.

1936 йилда Қўқонбой Абдухолиқзода Жиззах қўзғолони ва унинг иштирокчиларидан бири — жажжи бола тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи “Намоз” романини ёзиб тугатди. Ушбу романнинг бир қисми “Таджикская литература” — “Тожик адабиёти” журналида чоп этилган. Роман Ўрта Осиё халқлари адабиётида бу жанрдаги биринчи асарлардан бўлганди.

Муаллиф Намозни шахсан 1899 йили Даҳбедда қози қароргоҳида кўрган. У ўша пайтда қози билан бирга хизмат қилаётган эди.

Қўқонбой Абдухолиқзода ҳам Намознинг ёлғон айблар билан айбланиб, Сибирга сургун қилинганини биларди. Намоз ҳибсда бўлганида камерадошлари билан 250 метр узунликдаги яширин туннель қазиб, у орқали 53 нафар маҳбус, жумладан, 3 нафар россиялик қочиб кетади.

Кейин Намоз бойларни талон-торож қилиб, ўлжани камбағалларга тарқата бошлади. Бойларга босқин уюштиргани учун Самарқанд тумани ҳокимининг ўринбосари уни таъқиб қилиб, Чашмаи Об қишлоғида ҳибсга олмоқчи бўлган, бироқ у яна қочиб кетишга муваффақ бўлади.

Ёзувчи Намоз тақдирига оид бошқа реал фактларни ҳам биларди. Масалан, у камбағалларни эмас, фақат бой одамларни талон-торож қилган. Ўлимидан кейин меросхўрларига ҳеч нарса қолдирмайди.

Агар унинг ҳаётига оид барча фактлар ўрганилса, Намозни ўз даврининг илк қаҳрамонларидан бири, келажакдаги воқеаларнинг хабарчиси деб ҳисоблаш мумкин. Аммо бу вақтда инқилоб учун объектив шарт-шароитлар ҳали пишиб улгурмаган эди ва Намоз ўз ҳаракатларининг айнан мана шу жиҳатдан аҳамиятини англамас эди.

* * *

Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг иккинчи асари “Тоғ қизи” романидир.

Абдухолиқзода бу икки романдан ташқари “Истаджон” ва “Қамчисидан қон томади” номли иккита қисса ҳам ёзган. Уларда эски усул бўйича таълимнинг яроқсизлиги тасвирланади.

1940 йилда Қўқонбой Абдухолиқзода СССР Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлади.

Унинг аксарият асарлари нашр этилишига Иккинчи жаҳон уруши тўсқинлик қилди. Қўқонбой Абдухолиқзоданинг барча асарлари тарихий бўлиб, улардаги воқеалар рус инқилобидан олдинги даврга бориб тақалади.

Қўқонбойдан қолган саноқли ҳужжатлар орасида унинг чор қўшинининг ҳарбий кийимида, чопон ва миллий либосда тушган турли суратлари бор. Баъзиларида у оиласи билан суратга тушган.

Адибнинг шахсий архивида унинг “Намоз”, “Тоғ қизи” романларининг қўлёзмалари, “Жиззах қўзғолони”, “Эсдаликлар” тарихий асарлари, хотиралар, “Қамчисидан қон томади” ва “Истаджон” қиссалари ҳамда луғатлар ва муаллиф томонидан таржима қилинган айрим дарсликлар сақланиб қолган.

У умрининг сўнгги йилларини Анна Карповна деган рус аёли билан Самарқанднинг марказида жойлашган, шу кунгача сақланиб қолган уйда ўтказади. Қўқонбой Абдухолиқзода 1948 йилда вафот этган.

 * * *

…Бир сўз билан айтганда, кўҳна Самарқандда ижод қилган ёзувчи ва таржимон Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода ўтмишдаги адабий анъаналарни асраб-авайлаш ва давом эттиришга муносиб ҳисса қўшган ёрқин намояндалардан бири бўлган.

Шу муносабат билан Мирзо Қўқонбойнинг Марказий Осиё адабиёти ва ижтимоий тафаккури тарихидаги ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, унинг миллий зиёлилар шаклланишига қўшган ҳиссасини баҳолаш замонавий адабиётшуносликнинг долзарб масалаларидан бири.

Ёрмамат РУСТАМОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 3 =