Артек

Ukrainian SSR. USSR. Pioneers from the Pribrezhny Pioneer Camp go down to the sea. (Photo ITAR-TASS/ Vladimir Savostyanov) Украинская ССР. Пионерский лагерь "Прибрежный". Пионеры спускаются к морю. Фото Владимира Савостьянова /Фотохроника ТАСС/

Маъмура ЗОҲИДОВА

Муаллиф ҳақида:

Маъмура ЗОҲИДОВА — Чуст туманида туғилган. Ёзувчи ва публицист. Қисса ва ҳикоялари:  “Айтилмай қолган гаплар”, “Ҳикоялар”, “Булоқлимозор сири”, “Манглайдаги ёзиқ” каби номлар билан китоб ҳолида чоп этилган. Асарлари инглиз, рус ва турк тилларига таржима қилинган.

Айни вақтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўқув-методика бўлими бошлиғи вазифасида фаолият олиб боради.

(ҲИКОЯ)

Она тили дарсимизда эшик тақиллади. Синф раҳбаримиз. “Идорага юр” деб бошлаб кетди. У ерда ўн-ўн-иккита ўқитувчи бор экан.

—– Тўппа-тўғри, Солижон ака, энг зўр номзод шу. Директор билиб айтибдилар. Бу катта бўлса, журналист бўлмоқчи. Газетада шеъринг ҳам чиқди-а?

— Ҳа.

— Қайси шеър? Айтиб бер-чи.

Ҳамма ўқитувчилар менга яқинроқ келиб турганини кўриб, “Ленин учқуни”да чиққан шеъримни айтиб бердим.

— Гул экиб ўстирдим, парваришладим,

Дур экиб ўстирдим, парваришладим.

Кундан-кун ўсиб у гулниҳол бўлди,

Кундан-кун улғайиб дурниҳол бўлди.

 

Деразам олдида турганида у,

Қайдан келиб қўнса атлас капалак,

Гулим бўлар эди катта бир саҳна,

Капалак-чи, саҳнада раққоса – малак.

 

Учиб-учиб ўйнаса, ўша капалак,

Рақсига маҳлиё қолган бўлардим.

Агар чинданам шундайин бўлса,

Мен ҳам томошабин бўла қолардим.

 

Тенгдан қарсак чалиб юборишди.

— Набиева бормаса ким боради? Ёзган шеърини қаранг. Журналда ҳаммаси “беш”.

— Муяссар, “Артек” қанақа жойлигини биласанми?

Ҳали гапирмасимдан яна бирлари жавоб берди:

— Қаёқдан билади? Чуст районда ҳеч ким билмаса керак. Қримда бўлса.

— Ана, аъло ўқиганингнинг меваси. Қанча-қанча пионерларнинг орзуси-ку, етолмаган жойи-ку “Артек”!

Бошқа ўқитувчилар ҳам келиб, атрофимни ўраб олишди. Кийимим эскилигидан уялдим.

— Кўрганларингнинг ҳаммасини ёзиб келгин, хўпми? Битта катта дафтар тутгин, – деди ботаника ўқитувчимиз.

“Хўп”, деб бошимни силкитдим. Барибир ҳали унча тушунмай тургандим.

Идорадан директор хонасига бордик.

Директор кулиб кутиб олди.

— Муяссар Набиева. Еттинчи “а”. Шунақами?

— Ҳа.

Директор синф раҳбаримизга юзланди.

— Дадаси қаерда?

Директор шунақа деганда дадам эсимга тушди. Мактабда рўпара келмайин деб нари юраман-ку ўзим. Бир куни Майдамиллатдаги ерда акаларим ишлаётгани учун нон олиб кетаётгандим. Автобусда хотинлари билан кетаётган эканлар. Билмасдан чиқибман. Ҳамма менга қаради. Мени энди чақирмоқчи бўлишган эди, икки қаватли боғча олдидаги боғимизга етганда тушиб қолдим. Уларни бирга кўргим келмайди. Ичим нимагадир жиғиллаб кетаверади.

— Бугун бизда дарси йўқ. Шаҳар мактабида бор.

— Ҳм, ҳа бўпти. Сиз ўзингиз назорат қилиб, бунинг метрикасини олдириб келинг. Бувисига тушунтиринг!

— Аҳа.

— Ё бўлмаса дўхтир опасига – Ҳабибага айтсангиз ҳам бўлади. Ишхонасига телефон қилинг, топасиз. Керак нарсаларини тайёрлаб туришсин.

Эртага туғилганлик ҳужжатимни олиб келадиган бўлиб, қайтиб дарсга кирдим. Иккала юзим қизиб кетаётганди. Кейинги соат физика ўқитувчимиз синфдошларимга айтиб, мени тик турғизиб қўйиб табриклади. Синфдошларим роса ҳавас қилишди. Мен бўлса “шу ишларга кийимларим янги бўлсайди”, дедим ичимда.

Уйга роса севиниб қайтдим. Бувимга бўлган ҳамма гапни айтаётсам, Ҳабиба опам кириб келяпти. Аллақачон кимдир айтибди. Кўзида ёш.

— Қойил! Муясжон. “Артек”ка бораркансан-а?

Бувим ҳайрон бўлиб қарадилар. Ўйланиб қолдилар. Унча ёқмади шекилли.

— Қаерда у?

— Қримда, буви. Зўр жой. Катта санаторий бор у ерда.

— Нима қилади? Қиз бола нарса?

— Э, аълочилар қатори бориб келади. Ҳамма мактабдан ҳам чақирмаган. Худо демайсизми? У лагерь жуда зўр жой. Брежневлар, Гагарин, Индира Ганди, Хрушёвлар дам олган жой. Терешковаям борган, буви.

Опам хурсанд. Бугун ётиб қоларкан. Поччам эшитиб жуда севинган эмиш.

— Буви, буни эртага бозорга олиб бориб келаман. Ул-бул кийим қилиб берай. Дарёнинг бўйларида юради.

Буни эшитиб жудаям суюниб кетдим.

— Шартми шунинг бориши?

— Унақа деманг энди. Ҳали келажагигаям яхши бўлади. Мендаям озгина пул бор.

— Қўй, ўзингга ишлат. Қайнонангнинг бир этак боласи бўлса. Камчил бўлиб турган бўлса. Ўшанга бер, пулингни, болам.

— Сиз бир йигирма сўм қўшсангиз, бирорта кўйлак, туфли, жемпер олмасак бўлмайди энди. Пул йўқ десангиз, майли ўн сўм беринг.

Эртасига Шаҳнозани бувимга ташлаб, опам билан бозорга кетдик. Кўчамизга чиқишимиз билан опам худди туққан онамга ўхшаб мени етаклаб олди. Автобусда бўлса сўрамаганларга ҳам мени мақтаб, аълочи эканимни, шунинг учун “Артек”ка бораётганимни айтди. Ўзим ҳам автобусда орқадагилар гаплашмай эшитишса-ку, дейман.

Бир дўконга кирган эдик, кўйлакнинг хилидан бор экан. Яхши-яхши, чиройли кийимларни кўрдим. Айниқса, опам танлаган яшил рангли кўйлак роса зўр ярашди менга. Ўшани олдик. Жемперни ўзим танладим. Хол-холак қора жемпер.

Етиб келиб, аввал бувимга кийимларимни кийиб кўрсатдим. Роса севиниб кетдилар. Кейин холабувимга, янгамга, Мукаррам опамга, Самида ўртоғимгаям кийиб кўрсатдим. Кечгача уйимизда роса одам кўп бўлди. Кечқурун опамнинг студентликда тутган жомадонига нарсаларимни жойладик. Бир чеккасига қурут, олтита қотган тешиккулча, ўрикқоқи ҳам солиб қўйишди.

Эрталаб мактабда катта йиғинда директоримиз мени  чақириб табриклашини, ҳамманинг олдида “оқ йўл” дейишини айтишганди. Йиғин жойига боряпман-у, бир ғалати бўлиб кетяпман. Учиб юрганга ўхшайман. Қандай мазза. Энди бир жойларга бориб келаман. Ўзим зўрман-да. Катта бўлсам, министр бўламан ҳали.

Лекин ўша куни директор йиғинга чиқмади. Йўқлама ҳам чала бўлиб, ҳаммани тез-тез хонасига киритиб юборишди.

Бугун биринчи соатдаёқ дарсдан жавоб беришса керак, бориб тайёрланаман. Эртага Чустга районо олдига етиб боришимиз керак.

Биринчи соатдан чиқиб синф раҳбаримизни қидирдим. Ҳеч қаерда йўқ. Ўқитувчилар ҳам “билмадим” дейишди. Рухсат ололмадим. Ҳар хил фандан кирадиган ўқитувчиларимиз ҳам нимагадир: “бу дарсга кирмай қўяверсин, бориб тайёрлансин”, дейишмади. Ўқитувчилар нимагадир бошқача.

Кечқурун Ҳабиба опам Шаҳноза билан ётиб қолди.

“Машина келиши билан бирорта болани жўнатамиз, уйда бўлиб тайёр туринглар”, дейишган эди. Эртароқ чақиришса эди, синфдошларим кетаётганимни кўришарди. Улар билан сўрашардим.

Соат тўққиз бўлди ҳамки, ҳеч қанақа хабар келмади. Опам Шаҳнозани менга ташлаб, ўзи мактаб олдига бориб келди. Ҳайрон бўлиб қараб турган бувимга:

— Ҳеч гап йўқ.  Директор Чустга районога чақирган экан, кетибди. Ҳамма ёқ тинч, – деди.

— Эртага кетадиган бўлишгандир-да.

Шу билан пешин бўлди. Опам соатга қараб-қараб, охири чидолмай яна чиқиб кетди.

Сўрига келиб, кўйлагимни эҳтиёт қилиб янгироқ кўрпачага ўтирган эдим, опам кириб келди. Қарасам, ерга букилиб қолибди, қовоғи солиқ, роса йиғлабди.

Бувим опамга қараб ҳайрон бўлдилар:

— Ҳа, Ҳабиб?

— Буви, бизнинг кимимиз бор? Етимларни масхара қилса бўлаверади-да. Наҳот, у қиз тайёрланиб ўтирибди, деб айтадиган битта мусулмон топилмаган бўлса?!

— Нима бўлди?!

— Парткомнинг ўғли кетибди. Аввалги куниёқ районога бориб ҳал қилиб келган экан, – деди-ю опам сўрига ўтириб, увиллаб йиғлаб юборди.

Кўз олдим қорайиб кетди. Ие! Нега? Сайдулломи? Парткомнинг ўғли шу-да. Еттинчи “В”да ўқийди. Ҳа, шу. Роса аълочимас-ку. Унда нимага?!

Бувим олдимга келиб, маҳкам қучоқладилар. Титраётган эдилар.

— О болам-а. Менинг кўнглимга келган иш бўлмай қолмайди. Боришига кўзим етмай турувди.

— Э буви. Битта етим қизнинг бошини силайдиган жойда, келиб-келиб шунинг ўрниниям олиб, “ҳеч кими йўқ-ку”, деб эркатой боласини жўнатадими?

— Лоақал дадангнинг юзини ҳам қилишмабди-да, – дедилар бувим.

— Пешонамизда борини кўраверамиз. Битта ўша лагерга бормагани билан осмон узилиб ерга тушармиди. Пешонасига берсин.

— Директор келсин, ҳали айтадиганимни айтаман.

— Болам, унгаям осон тутма. Ўзи биринчи бўлиб “шу боради”, деб чақиртирган экан. Иложи бўлмагандир.

Опам яна анча вақт йиғлаб ўтирди. Кейин юзини ариқда ювиб келиб, Шаҳнозани кийинтириб олиб, сумкасини елкага илди-да, чиқиб кетди.

Ҳовлида кўп ўтирдим. Уйга киргим келмади. Опамнинг йиғлаб кетганини ўйладим.

Бувим итбурни билан маккасоқол сувини ҳўпладилар. Кейин намоздан кейин “доримни опкел-чи”, деб дори ютдилар.

Муҳайё опам мактабдан келиши билан менинг олдимга ўтирди.

— Сиқилмадингми? Партком завучни бошлаб, районога борганмиш, “У қиз бормайдиган бўлди, бувиси жўнатолмайди, камбағал”, деганмиш. Болалар шунақа деяпти.

Ичимдан ёмон алам келди. Бошқа бирор гапни эшитмадим. Боққа кириб кетдим. Ёнғоқнинг орқасига ўтиб роса йиғладим. Қаттиқ-қаттиқ йиғладим. Ҳабиба опамни ўйласам, баттар йиғлагим келаверди. Ҳиқиллаб ўтиргандим, бувим қидириб келиб қолдилар. Овозлари ҳалиям титраяпти. Кўзлари ялтираяпти. Қўлимдан тортиб, “юр”, деб ҳовлига опчиқдилар.

Билмай ухлаб қолибман. Одил кириб турғизганда ҳовлига чиқдим.

— Эҳҳе, шишиб кетибсан-ку. Қўй, тан-жоним соғ бўлсин дегин.

Бувим йиртиқ-ямоқ қилаётган эканлар.

Ялтами Қримми, ҳаммаси тугади. Қанийди бошидан шу гап бўлмаганда. Бувим бирор ейдиган нарсани “кўздан нари – кўнгилдан нари” дейдилар. Ўшанга ўхшаб, “борасан” дейишмаса бўларкан-да. Биз “Артек”ни қаердан билардик. Ростини шунча одамдан биттаси айтолмагани-чи?!

“Артек”ка боролмадим. Нимагалигини ўзим биламан. Мактабдаги ошхонада еган овқатимни деб ўзимизнинг уйимиздан пул ўғирладим. Тағин саксон тийин. Ундан кейин қўйимизни ўлдириб қўйдим. Бошини панжарадан чиқариб турганига аччиғим келиб, белкурак билан урганман. Бечора, боласи эгизак экан. Туғиб берарди. Болаларини эмизарди. Катта қиларди. Яна тағин иш қилишни ёмон кўраман. Бувимга кўп аччиқ қиламан. Сайдулло яхши ўқимагани билан пул ўғирламаган. Мақтанчоқ бўлгани билан қўйни бошига уриб ўлдирмаган. Бунақа ёмон бўлгандан мақтанчоқ, иккичи бўлсам яхши эди-ку!

Энди мактабга қандай қилиб бораман? Ўртоқларимга нима дейман? Уфф.

* * *

Бир ойдан кейин Сайдулло келди. Роса ўзгарибди. Сочларини бир ёққа тараб олибди.

Эртасига Акрамжон акамнинг тўйи эди. Янги кийимларимни кийдим. Агар кийиниб олсам, роса чиройли бўларканман.

Тўйда ўртоқларим билан мазза қилиб ўйнадим. Маҳалламиздаги қизларнинг ҳаммаси кийимларимга оғзи очилиб қолди. “Роса ярашибди”, дейишди. Қурбонжон янгам:

— Ўҳҳў, қуллуқ бўлсин. Ёмонам яхши кийимларни кийибсанми? – дедилар.

Қизлар яна менга ҳавас қилишди. Тўйга келган хотинларнинг ҳам, кетаётган хотинларнинг ҳам қўлига сув қуйиб, сочиқ бердим. Кўпи кийимимга қараб зўр эканми, дейишди.

Шунақа қилиб мен қанақалигини кўролмаган бўлсам ҳам, “Артек” мени кийинтирди. Опамнинг пулига бўлса ҳам.

Мен катта бўлсам, уйимизда сиқиладиган ишлар битта ҳам бўлмайди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 2 =