Таржималар, тажрибалар, танқидлар

Ижод — мураккаб фикрий, руҳий, жисмоний ва нейропсихологик жараён. Шу жараёнлар ҳосиласининг бир кўриниши — янги асар. Шу асар эълон бўлгунча (яъни “эълон” бўлгунча) унга муносабат билдириш имконсиз. Аммо ўша асар чоп этилса, у “публикация” ҳисобланади, яъни оммалашади. Омма эса шу асарни ўқийди ва ундан таъсирланади, тегишли хулосалар чиқаради ва ўз хулосаларини тегишли матбуотда эълон қилиб, газетхонлар ёки китобхонлар билан бўлишади ва фикрлашади. Асар муаллифи китобхон ва гезетхонларнинг фикр-мулоҳазаларини энди кутиши табиий ҳол. Навбатдаги жараён — шу асар таржимаси жараёни. Шу маънода биз оммалашган, яъни чоп этилган айрим асарлар таржималари ҳақида, аниқроғи, унинг сарлавҳалари таржимаси мисолида ўз фикр-мулоҳазаларимизни муҳтарам газетхон ва бошқа ҳамкасб таржимону таржимашунослар билан бўлишмоқчимиз.
“Hurriyat” газетасининг олдинги сонларидан бирида машҳур таржимон ва адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров билан суҳбат эълон қилиниб, унда бадиий ижод ва таржимачилик, бу соҳаларнинг эътирофи чўққиси бўлмиш Нобель мукофоти ҳақида ғоят муҳим фикрлар билдирилган.
Ана шу халқаро эътирофнинг асосий сабаби — юксак бадиий маҳоратли асар ва шу асарнинг миллий қобиқдан ташқарига чиқиб, жаҳон адабиётига айланишида асосий хизматни бажарадиган ТАРЖИМА, яъни она тилидан чет тилига таржима ҳисобланиши мисоллар ёрдамида уқтирилган.
ТАРЖИМАЧИЛИКнинг долзарб соҳаси — миллий адабиётнинг жаҳон адабиётига айланишини кафолатлайдиган жараён — чет тилларга таржимачиликни жиддий йўлга қўйиш масаласидир. Бу эса муаммоли масала ҳисобланади, чунки ўрганилган чет тили савияси она тилидан бирмунча баландроқ бўлиши талаб қилинади. Шунда савол туғилиши мумкин: чет тилини она тилидан яхшироқ билиш мумкин эканми? Бу савол эса она тилини билиш масаласига ойдинлик киритишни тақозо қилади. Биз она тилимизни қай даражада яхши биламиз? Дарвоқе, она тилини билиш деганда она тили соҳиблари жонли тилнигина яхши билишимизни кўпчилик хаёлига келтирмайди ҳам. Ваҳоланки, ҳар қандай тилнинг жонли нутқ вариантидан бошқа қатор муҳим вазифаларни бажарувчи томонлари бор: булар расмий тил ва услуб, матбуот тили ва услуби, илмий баён тили ва услуби ва албатта, бадиий адабиёт тили ва услуби каби жиҳатлари борки, буларни оддий инсон жонли тил каби яхши билмайди. Чет тили мутахассиси эса ана шу бошқа муҳим жиҳатларни махсус дарслик ва қўлланмалардан йиллаб ўрганиши орқали кенг қамровли тилчи сифатида шаклланади. Шу сабабдан чет тили мутахассиси ва таржимони чет тилларни ўз она тилидан анча яхшироқ билиши кутилади, агар у бакалавриат ва магистратура йўналишларида ўзи танлаган чет тили фанларини юқори даражада ўрганган ва ўзлаштирган бўлса. Афсуски, ҳозирги олий таълимдаги кўпчилик талабалар ва уларнинг кўпчилик устозлари кутилган даражада чет тилларни мукаммал даражада ўрганмаяптилар ва ўзлаштирмаяптилар. Шу сабабдан нафақат она тилидан чет тилига, балки чет тилидан она тилига қилинган таржималарда она тили билим ва кўникмалари заифлиги, бадиий асар таржимасида жонли тил унсурлари кўзга ташланмоқда.
Ушбу мақоламизда олмон тилидан она тилимизга ўгирилган асарларда учрайдиган айрим қусурлар, хато-камчиликлар ҳақида фикр юритишга ҳаракат қиламиз, яъни таржима танқиди билан шуғулланамиз.
Аммо танқид, айниқса, таржима танқиди нозик масала, чунки профессор Баҳодир Каримов ёзганидай: “Танқид кимга ёқади?” ва бу мақолага бизнинг жавобимиз эълон қилинганидай, шахсан менга ёқади.
Хуллас, энди айрим таржималар таҳлили ва танқидига мурожаат қиламиз.
Ҳар қандай асарнинг таржимасини таҳлил ва танқид қилишни айнан аслият асари номи (сарлавҳаси) таржимаси таҳлилидан бошлаш керак, деб ўйлайман. Чунки сарлавҳада энг муҳим маълумот ва ғоя, муаллиф айтмоқчи бўлган тагмаъно мужассам бўлади. Шу сабабдан муаллифлар ўз асарига ном қўйишда анча бош қотиришлари ҳаммага маълум. Ана шу сарлавҳа ва унинг сўзлари нотўғри таржима қилинса, билингки, матндаги бошқа лисоний бирликларга таржимон унчалик эътибор қилмаса керак. Шу маънода кейинги йиллар таржималари сарлавҳалари ҳамда уларнинг танқидини чалкаш тушунишларга яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман.
Ўтган йиллар таржималари, айниқса, олмон ва ўзбек тиллари жуфтлиги мисолида ўрганилса, анча қувонарли таржималар кўзга ташланади. Ўзбекистон Миллий университети олмон тили кафедраси аъзолари Шуҳратхон Имяминова ва Ҳафиза Қўчқоровалар муаллифлигида “Ўзбек ва олмон адабиётидан таржима намуналари” тўплами чоп этилган. Унда таржимашунос ҳамкасбларимиз ўзлари ўгирган ва шогирдлари бажарган таржималар берилган. Муҳими, тўплам ўзбек адабиётидан олмончага ўгирилган таржималар билан бошланган. Унда Ҳафиза Қўчқорова Чўлпон, Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Абдулла Орипов шеъриятидан намуналарни ўгирган таржималар берилган. Ёш таржимонлар Ф.Соатов, Х.Абдуллаева, З.Акрамхонов, И.Раҳимовлар эса Зулфия, Муҳаммад Юсуф, Фарида Афрўз шеърларини олмончалаштиришга журъат қилишган.
Германиянинг Гёте институтида Ёш таржимонлар семинарлари ўтказилиб туриши анъанага айланган. Унда эълон қилинган таржима танловида олмонзабон адиб Рафиқ Шамининг “Die Frau, die ihren Mann auf dem Flohmarkt verkaufte” (Сўзма-сўз таржимада “Эрини бурга бозорда сотган аёл”) ҳикояси таржимаси устида 31 нафар ёш таржимон ишлаган, уларнинг таржималарини тажрибали доцентлар ва таржимонлардан иборат ҳакамлар ҳайъати қиёсан ўрганиб, сарлавҳадаги “Flohmarkt” сўзи (сўзма-сўз — бурга бозори) “чайқов бозори” деб ўгирилишини тўғри деб топган. Қандай қилиб эски-туски нарсалар сотиладиган Тошкентнинг аввалги “Тезиковка” ва ҳозирги Янгиобод бозорини чайқов бозори деб аташ мумкин?! У ерда нима чайқалади? Германиянинг “ФЛОМАРКТ” бозорида эса, асосан, истеъмолда бўлган нарсалар, лаш-лушлар, эски-тускилар кўпроқ асл туб аҳоли эмас, Германия бирлашувидан кейин бориб қолган ва ҳозирда Германия фуқаролигини олганлар, деярли ишсиз фуқаролар томонидан сотилади. “Чайқов” сўзининг асосий семантик маъноси эса “олиб сотарчилик”, яъни “спекуляция”. Ёш таржимон Хайринисо Абдуллаева эса бу сўзни “эски бозор” деб аслиятга яқинроқ ўгирган.
2024 йилда ўтказилган бир семинарда таржимачиликни астойдил ният қилган ҳамкасбимиз Ҳафиза Қўчқорованинг янги таржимаси муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Швейцария ёзувчиси Петер Штаммнинг „Die sanfte Gleichgültigkeit der Welt” асари таржимаси ҳақида фикр алмашилди. Ҳажман унча катта бўлмаган бу асар муаллифи билан ЎзДЖТУда ҳам учрашув бўлиб ўтганди. Асар билан танишар эканмиз, муаллиф давримизнинг муҳим муаммосини сарлавҳага чиқариб, одамларнинг ўз атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга “мен сенга тегмайман, сен менга тегма” қабилидаги ғалати бепарволиги ва лоқайдлигини қаламга олиб, шу лоқайдликни муаллиф оддий лоқайдлик эмас, балки нозик, мулойим, майин, беозор, бегидир муносабат маъносида ўйлагандай ифода қилган. Таржимада эса асарнинг номи “Лоқайд дунё” бўлиб ўзбекча эълон қилинган. Мен муаллифдан сарлавҳадаги ўзи қўйган шу “занфт” (“sanft”) сифатлашишини оддий сўз безаги сифатида ишлатганмикан деб сўраб, у таржимада тушириб қолдирилганини айтсам, у ҳайрон бўлиб таржимонга қаради. Таржимон эса бу сўзни нашриёт тушириб қолдирганини айтиб, ўзини оқлади. Ваҳоланки, муаллиф айнан шу сўздаги маъно ва моҳиятга китобхон эътиборини қаратмоқчи бўлгандай, назаримда. “Академнашр” нашриётининг бу ерда ҳеч қандай айби йўқ, чунки бу нашриётда олмон тилини биладиган мутахассис йўқлигини ҳамма билади. Лекин бу асар таржима учун масъул муҳаррир ва тақризчи иштирокисиз чоп этилган. Қизиғи, бу китоб таржимасининг муқовасидаги номи ёзилишида ҳам қўпол икки имловий хатога йўл қўйилган: сарлавҳада асар номи “Leichgültigkeit der Welt” шаклида ёзилган, яъни “Енгилтак кўринган дунё” маъносини англатишига сал қолган. Мен таржимонимизнинг дастлабки таржималаридан бири бўлган Женни Эрпенбекнинг “Heimsuchung” романи таржимаси (“Макон истаб”)да асар сарлавҳасидаги хато таржимадан кейин таржима масаласига жиддий қарай бошлаганини кўриб, унинг навбатдаги таржималарида чиройли ва муқобил сарлавҳалар топаётганидан хурсандлигимни ҳамкасбимизга айтганман. Жумладан, Элке Ҳайденрайх ва Бернд Шрёдернинг “Alte Liebe” асари номини сўзма-сўз “эски муҳаббат”, “биринчи муҳаббат”, “илк муҳаббат” тарзида эмас, “Азалий ишқ” шаклида гўзал таржима қилинганини эслатиб, фахрландим.
Таржималарни ўрганиш жараёнида яна шу жиҳат кўзга ташланиб қоладики, айрим таржимонларимиз мавжуд таржима луғатлари билан кам ишлаётгандай. Акс ҳолда, Гюнтер Грасснинг “Der Blechtrommel” романи сарлавҳасини қандай қилиб “Тунука дўмбира” деб ўгириш мумкин? Авваламбор, олмонлар чаладиган “троммел” номли чолғу асбоби ҳайвон терисидан қопланган ноғорасимон юмалоқ соз бўлади, дўмбира эса туркийларга хос қорни ёғочдан ясалган чолғу асбоби эмасми? Ўзбек миллий созлари — дўмбира, дутор, рубоб, най ва бошқа чолғу асбобларининг ясалиши учун тунука эмас, ёғочнинг маълум бир тури асос бўлмайдими?! Гюнтер Грасснинг мазкур асари сарлавҳаси “Тунука ноғора” деб ўгирилса, тўғрироқ бўларди, чунки тоғорани ноғора қилиб чалиш халқимиз орасида кўп учрайди.
Таржима нашрларда бошқа қатор жиддий камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқдаки, улар ўгирмаларнинг умумий сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, аслиятга оид библиографик маълумотлар аслият тилида берилмаяпти, аслиятни чоп этган чет эл нашриётидан махсус рухсатнома — лицензия олинмаяпти, нашрга масъул тақризчиларнинг исми-шарифи китобда бор-у, нашриётларда уларнинг асл тақризлари йўқ, гоҳида топилмайди ҳам, бу эса халқаро нашр нормаларининг, муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланишини аксарият нашриётлар билиб-билмасликка олаяптилар. Қолаверса, чет тиллардан махсус таҳририят бўлими йўқ, нашриётлар таржималарни чет тили мутахассисининг махсус таҳрири ва тақризидан ўтказмай босмоқда. Натижада таржима матнларида миллий ўзига хосликни қайта яратишга путур етмоқда. Нега бундай қиласизлар, деб сўрасак, махсус ва масъул муҳаррирга берадиган пулимиз йўқ, дейишади. Ахир таржиманинг сифатини айнан ана шу масъул муҳаррир ва унинг таҳрири кафолатлайди-ку! Бу масалада ҳам ўзбекчиликнинг айрим иллатлари (жумладан, таниш-билишчилик, ўзибўларчилик, лоқайдлик) содир бўлмоқда. Айрим тақризларни таржимонларнинг ўзлари “балванка” тайёрлаб, тақризчига имзолатиб топширишмоқда. Айрим нашриётларда шу тақризлар ҳатто топилмайди. Ана шу каби жиддий ташкилий, нашрий ва миллий иллат ва хатолар туфайли минглаб миллий ўзига хос сўзлар (таржимашуносликда бу сўзлар “реалиялар” деб юритилади) ўз қиёфаси ва маъносини йўқотмоқда. Жумладан, “йўлбарс” — шаҳзода”га, “шавла” — бўтқа”га, “палов” — “шавла”га, Бухоронинг “амири” — Германиянинг “қироли”га, олмоннинг (Gespräch) “суҳбати” ўриснинг “разговори”га ва ўзбекнинг “гурунги”га айланиб қолмоқда. Натижада айрим таржималарда миллий образлар хиралашмоқда ва ҳатто йўқолиб қолмоқда. Ўзбекистонга эгнида пальто кийиб келган немис ва ўрис сайёҳнинг пальтосини ечиб, унга чопон кийдириб қўйиш мумкинми? Бухоронинг амирини олмонлар қиролим деса, у ажабланмайдими ёки хурсанд бўладими? Ресторанда сайёҳ шавла келтиришни буюрса, официант унга мастава келтирса, индамай қабул қиладими? Совет иттифоқ мустабидлигидан қутулганимизга кўп йиллар ўтса-да, таржимонлар бизни яна “щелкунчик” билан “ёнғоқ чақиш”га ўргатмоқчи бўлишса, ўша “щелкунчик” ўзи нима эканлигини сўраймизми ёки у индамай бизни ўша ўйинчоқ ва қўғирчоққа қўшиб ўйнатаверсинми?
Қуйида сарлавҳа таржимасига оид билдирилган бошқа айрим фикр-мулоҳазаларга бағишланган ижодий, таржимавий, илмий нашрлар, мақола ва тақризлар таҳлилига, яъни таржима танқидига ҳам мухтасар тўхталсак. “Шарқ юлдузи” журналининг 2016 йил 5-сонида профессор Шавкат Каримовнинг “Тасаввурга кўмаклашган таржима” мақоласида устозимиз менинг газетада босилган “Бефарқ қараб бўлмайди” мақоламда билдирган айрим фикрларимни баҳсли деб топиб, қуйидагича эътироз билдирганлар: “Таниқли таржимон Низом Комилов Э.М.Ремаркнинг қатор романларини ўзбекчалаштириб, олмон пацифист ёзувчисининг ижодий меросини ўзбек китобхонлари мулкига айлантирган. Ёшлар ҳаёти орқали акс эттирилган урушнинг даҳшатли манзаралари талотўпида асар қаҳрамони “Эсизгина ёшлигим” дейишига ишонасан”. Дарҳақиқат, биз ўша мақоламизда олмон адабиёти вакили Э.М.Ремаркнинг “Im Westen nichts Neues” романи сарлавҳасини таржимон Низом Комилов “Эсизгина ёшлигим” ҳолида ўгирганига эътироз билдирувдик. Янглиш Эгамова ҳам бу масалага тўхталиб, ўзининг 2016 йилда чиққан “Муҳаббат фарзанди” номли китобида бундай дейди: “Аввало, роман номини асарнинг асосий ғояси, моҳиятидан келиб чиқиб “Эсизгина ёшлигим” деб ўзгартиргани ғоятда ўринли бўлган, чунки асар адолатсиз уруш майдонларида, окопларда, казармаларда ёш умри қурбон бўлган йигитлар ҳақидадир”. Бу эътироз ҳам ғоятда ўринсиз, чунки танқидчи мазмун ҳақида гапираяпти, ёзувчи эса бу асарда айтмоқчи бўлган ғояси — яъни МАЪНОси — инсониятга УРУШ ва ТИНЧЛИКнинг моҳиятини конкрет образларда тасвирлашдан иборат. Муаллифнинг шу ҒОЯсини рус таржимони ва нашриёти ТЎҒРИ англаган ва таржимасига “На западном фронте без перемен” деб ном қўйган. Хуллас, аслият тили ва адабиётини жиддий ўрганмаган айрим таржимашунослар тортишаверсин, аммо таржимон ушбу романнинг 2016 йилги янги 4-нашри ва барча кейинги нашрларини “Ғарбий фронтда ўзгариш йўқ” номи билан “Янги аср авлоди” нашриётида қайта чоп эттирди. Таржимон ва нашриёт бизнинг фикримизни инобатга олди! Ана буни танқидга тўғри муносабат деса бўлади. Аслият сарлавҳасининг бу янги таржимасидан марҳум Шавкат Каримов ва Янглиш Эгамовалар бехабар қолган эдилар чоғи. Умуман, араб, форс ва бошқа чет тиллардан ўзбек тилига ўзлашган кўпчилик сўз ва ибораларни аслиймонанд тушуниш масаласида ҳатто айрим филолог (сўзшунос)лар бироз оқсамоқдамиз. Масалан “н”, “қ”, “д” ундошлари бор (танқид, мунаққид) каби арабий сўзлар муносабат билдириш маъносида, таркибида “х”, “л”, “қ” ундошлари бор сўзлар (халқ, махлуқ) каби сўзлар Холиқ, яъни Тангри яратган маъносида тушунилиши мақсадга мувофиқ. Ва умуман, ўзбек тили ва адабиёти мутахассиси араб ва форс тилларини, чет тиллар мутахассиси лотин ва грек тилларини жиддий ўрганмасалар, ўрганаётган асосий касб тилини яхши тушунишлари амримаҳол. Бу эса таржимачиликда турли англашилмовчиликларга сабаб бўлади.
Олмон-ўзбек таржималарига бағишланган бир мақоласида Ш.Каримов бизнинг бошқа бир асар номининг ўзбекча таржимасига эътирозимизга ҳам қўшилолмай (гап олмон ёзувчиси Женни Эрпенбекнинг “Heimsuchung” романи таржимаси ҳақида бораяпти) “сўзнинг луғавий маъноси билан чегараланиш ҳам унча мантиқли эмас”, дейдилар. Мунаққид (Ш.Каримов) ва таржимон (Ҳ.Қўчқорова)нинг эътибори учун маълумот:
Биринчидан, роман сарлавҳасидаги “Heimsuchung” сўзининг ўз луғавий маъносидаги “кутилмаган бало-қазо, фалокат, кулфат, офат, мусибат” каби бирламчи маънолар синонимияси билан бир қаторда яна битта луғавий маъно бор, у ҳам бўлса, бу сўз ва тушунча олмон тили изоҳли луғатларида ва насроний манбаларда Биби Марям Исо алайҳиссалом туғилишида фарзандининг отаси халойиққа номаълумлиги сабабли аҳолидан холи ва пана макон истаб қолган ҳолати тасвирида ишлатилган. Буюк Она ҳеч ким кўрмайдиган бир жой излаб, сарсон бўлган ва уни топиб, ўз фарзанди аржумандини дунёга келтирган. Ўша контекстда бу сўз айни бир пайтда ҳам бирламчи, тўғри, ҳам иккиламчи — кўчма маънода ишлатилган. Роман муаллифи, сюжети, персонажлари ва қолаверса, таржимони эса Биби Марям мақомида эмас. Олмон миллати неча юз йиллар давомида яратган бу “Heimsuchung” сўзининг тарихий ва ҳозирги бу икки маъносига ўзгартириш киритишга ҳеч кимнинг — муаллифнинг ҳам, таржимоннинг ҳам, танқидчининг ҳам ҳақлари йўқ!
Иккинчидан, бу ва бошқа юз минглаб сўз ва иборалар билдирган ҳақиқат семантикасини англаш учун олмон тили ва адабиёти ҳамда насронийлик тарихини чуқурроқ ўрганиш лозим, деган мантиқлироқ ҳақиқат бор.
Учинчидан, ҳар қандай асарда мазмун ва маъно бор. “Heimsuchung” асарининг мазмуни сюжет, композиция ва фабуласи орқали ифодаланса, маъно эса олмoн тилидаги, одатда, (пассив) мажҳул даража орқали ишлатилган “heimsuchen” феълининг отлашган шакли — “Heimsuchung” сўзида мужассам бўлиб, жаҳон уруши шаклида инсониятга тўсатдан ёпирилган офат, бало-қазо, фалокат, кулфат ва бахтсизлик ифодасидан иборат. Асар мазмунини оддий ўқувчи ҳам англай олади, унинг маъносини эса илғаш учун таржимон ва танқидчилар жиддий изланишлари лозим эди. Ш.Каримовнинг навбатдаги эътирозлари Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” романининг Ойбек Останов ўгирган олмонча таржимаси сарлавҳасидаги “Kein Himmel auf Erden” шаклига нисбатан биз билдирган эътирозимизга дахлдор. Домла ёзадилар:”Himmel auf Erden ибораси — “ўта маъқул ва манзур ҳаёт” дегани. Агар шу иборага “Kein” инкорини қўйсак, “осмонсиз замин” деб ўгирилади”.
Биринчидан, қани аслият сарлавҳаси — “Дунёнинг ишлари”да Ш.Каримов талқинидаги “ўта маъқул ва манзур ҳаёт” ва унинг инкори? Грамматик категория ҳисобланмиш “kein” ўзидан кейин келувчи гап бўлаги мазмунини инкор қилишга хизмат қилишини грамматист бўлмаган барча олмоншунослар билади. Қани ўзбекча аслият мазмунида инкор, яъни “ўта номаъқул ва номанзур ҳаёт”? Олмонча сарлавҳани ўзбекчалаштириб кўринг-чи, “Дунёнинг ишлари” бўлиб чиқадими?
Иккинчидан, “Дунёнинг ишлари”да Ш.Каримов ишора қилган осмон ва ер ўртасидаги жуфтликка дахлдор нима бор? Менимча, асарда ердаги воқеа-ҳодисалар назарда тутилган, шу маънода мен сарлавҳани “Irdische Angelegenheiten” деб ўгирган бўлардим, бироқ бу моҳиятан камлик қилгандай туюлгани учун, таржимонга “Die Dinge des Lebens” деган таржима вариантини таклиф қилган эдим. Бу таклиф ўзбекча “дунёнинг ишлари” иборасидаги маъно ва мазмундан бехабар айрим олмонзабон маслаҳатчи ва муҳаррирларга ёқмабди, чунки шундай сарлавҳали бир фильм бор эмиш ва бу плагиат бўлармиш. Бир ном бошқа асарга қўйилса, бир кишининг номи ва фамилияси бошқасида учраса, плагиат бўладими? Республикамизда Хуррам Раҳимов деган исм-шариф уч кишида учрайди. Ким кимдан ўғирлаган? Бири жомбойлик, бири Деновдан, яна бири Исфарадан. Хуллас, “Дунёнинг ишлари” сарлавҳасининг ҳозирги олмонча ўгирмаси — “Kein Himmel auf Erden”ни мен ноэквивалент, номуқобил ва нотўғри таржима деб ҳисоблайман.
Учинчидан, чет тилига қилинган таржимага баҳо бериш, унга тақризчи ва муҳаррир бўлиш учун шу шахслар ўзи чет тилига таржима қилинган таржималар муаллифи бўлсагина, унинг мантиғи ва хулосасига ишонса бўлади, чунки ўзбек қассоби олмоннинг чўчқа сўйиш қоидасини қайдан билсин? Ўзининг қўй-эчкисини сўйиб юравермайдими?
Тўртинчидан, таржимага муносабатда таржимон, танқидчи ва унинг тақризчиси энг аввал тилни, кейин ўз миллий ва чет эл адабиёти ҳамда маданияти тарихини ўта яхши билиши керак, чет тилини яхши билмаса-да, “С1” сертификатига эга айрим “мутахассис”ларда чет тилида ифода этилган бадиий образни ва мантиқни англаш ҳамда унинг таржимасига муқобил муносабат билдириш ҳам унча осон кечмайди. Ёш таржимонларга муносабат билдиришда эса (уларнинг жинсидан қатъи назар), уларни фақат мақтаб эмас, керакли жойда жиддий ва жузъий ижодий камчиликларини алтернатив фикр тарзида холисона айтиб ўтиш — ҳам ўринли, ҳам савоб бўлади. Олса — яхши, олмаса — ўзининг шўри.
Бешинчидан, “дунёнинг ишлари” ибораси ўзбек тилида кўпинча “дунёнинг ишлари қизиқ”, “дунёнинг ишларига ҳайрон қоласан киши”, “дунёнинг ишлари шунақа-да” каби контекстларда бошқа сўзлар қуршовида ишлатилади. Мабодо асар матнида шу ҳолатдаги гаплар учраса, уларни қандай таржима қилган бўлардингиз, жаноб таржимон ва танқидчилар? Қанақа олмонча гаплар пайдо бўларкин? “(Kein) interessanter Himmel auf Erden”, “(Kein) Himmel auf Erden wundert mich”, “So ist (kein) Himmel auf Erden” ва ҳ. к.
Яқинда қўлимга Франц Кафка қаламига мансуб бир асар — “SCHLOSS”нинг икки таржимаси тушиб қолди. Биринчисини русча таржимадан Вафо Файзуллоҳ “ҚАЛЪА” деб номлаган, иккинчисини олмонча-ўзбекча таржималари билан таниш ҳамкасбимиз Шаҳноза Қувонова бевосита олмон тилидан “ҚЎРҒОН” деб ўгирган. Иккала таржима ҳам китоб дўконларида топилмаяпти, демак, уларга қизиқиш катта. Аммо иккала сарлавҳа ҳам олмонча-ўзбекча луғатларда аслият сўзининг таржимасига тўғри келмаяпти (шу пайтгача олмонча-ўзбекча 30 дан ортиқ луғатлар мавжуд).
Умуман олганда, китоб дўконларида янги таржималарни кўрсам, кўзим қувонади. Янги таржималар янги фикрлар уйғотади, янги ҳис-ҳаяжон бахш этади. Учинчи Ренессансга йўл тутган эканмиз, энди янгича фикрлашни ўрганишимиз, янги тафаккурни шакллантиришимиз, мавжуд миллий фазилатларимизни ривожлантиришимиз ва янги тараққиётга халақит берувчи миллий иллатларимиздан халос бўлишимиз лозим. Ана шу мақсадларимизни амалга оширишнинг бир йўли — янги таржималар қилиш орқали янгича тафаккурни шакллантиришимиз мумкин. Шунинг учун таржимачилик ишига алоҳида эътибор қаратишимиз керак.
Албатта, бир мақола доирасида барча амалий таржималар таҳлилини бериш мушкуллигидан, сўзимни мухтасар қилиб, таржима назарияси ва амалиёти бўйича бўладиган кейинги мулоқотларгача барчангизга таржимачилигимиз йўлида шижоат, бардамлик ва омадлар тилайман. Яқинда марказимиз тайёрлаган ака-ука Гриммлар 1812 йилда тўплаб чоп этган 200 та олмон халқ эртакларининг биринчи юзтасидан иборат янги тўплам дастлабки лойиҳамиз сифатида “Ўзбекистон” НМИУда чоп этилди. Бу олмон халқ эртакларининг мамлакатимизда нашрдан чиққан илк энг катта тўпламидир. Унинг таржимаси шоира, тажрибали таржимон Шарифа Салимова, Германияда докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган ва 20 дан ортиқ таржималар муаллифи Гулрух Раҳимова ва 300дан ошиқ таржималар муаллифи камина томонимиздан амалга оширилди.
Хуррам РАҲИМОВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
қошидаги “Таржимашунослик ва луғатшунослик илмий-амалий маркази” раҳбари,
профессор.