Янги йил – янги умидлар муждаси

Азиз юртдошлар, барчангизни кириб келаётган Янги 2025 йил билан муборакбод этган ҳолда, қардош турк халқининг мамлакатимиздаги элчиси ва маданият, санъат, журналистика соҳа вакилларининг дил сўзларини эътиборингизга тақдим этмоқдамиз.

Олган БЕКАР,

Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

Ассалому алайкум дўст ва қардош Ўзбекистон халқи, 2025 йил сизга соғлик, тинчлик-хотиржамлик, қут-барака, фаровонлик ва бахт-омад келтиришини, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар Янги йилда янада мустаҳкамланишини тилайман.

Туркия Президенти жаноб Режеп Таййиб Эрдоған ва Президент Шавкат Мирзиёев ўртасидаги самимий дўстлик ва мулоқот туфайли муносабатларимиз ўз тарихидаги энг яхши даврига эришди.

2024 йил икки томонлама муносабатларимиз учун жуда самарали ва унутилмас йил бўлди. Жорий йилнинг июнь ойида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг (YDSK)  III йиғилишига Анқарада мезбонлик қилдик. Биз Ўзбекистон Президенти жаноб Мирзиёевни ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини мамлакатимизда кутиб олдик. Ташриф давомида 18 та шартнома имзоланиб, кейинги давр учун йўл харитаси белгилаб олинди.

Қардошлик ришталарига асосланган стратегик ҳамкорлигимизни муносабатларимизга ярашадиган тарзда ҳар соҳада ривожлантирмоқдамиз. Таълим, маданият, санъат, туризм, қишлоқ хўжалиги, энергетика, хавфсизлик ва бошқа кўплаб соҳаларда биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. Ўзбекистонга турк сармояларини кўпайтириш, ўзаро савдо ҳажмида ўз олдимизга қўйган муштарак мақсадларга эришиш ва халқларимиз фаровонлигини ошириш йўлида тинмай меҳнат қилмоқдамиз.

Икки томонлама алоқаларимиздан ташқари Туркий Давлатлар Ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасида ҳам ҳамкорликни мустаҳкамлаб, Турк дунёсининг интеграцияси ва бирлиги йўлида муштарак қадамлар ташламоқдамиз.

Биз, Туркия давлати сифатида Президент жаноб Мирзиёев бошчилигидаги ислоҳотлар ва тараққиёт жараёнини ҳамиша бор имкониятларимиз билан қўллаб-қувватлаб келмоқдамиз; Биз Ўзбекистоннинг халқаро миқёсидаги обрў-эътибори ортиб бораётганини ва минтақавий тараққиётга қаратилган фаолиятларини мамнуният билан кузатиб бормоқдамиз.

2025 йилда турк ва ўзбек халқларининг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги янада ортишини; Туркия-Ўзбекистон ҳамкорлиги чуқур илдиз отиб, гуллаб-яшнашини; Турк дунёси халқаро майдонда муносиб ўрнига эришишини, бутун дунёда содир бўлаётган ёвузлик ва адолатсизликлар тинч йўл билан якун топишини тилаган ҳолда, барчангизни Янги йил билан самимий табриклайман.

 

Гулчеҳра ИБРОҲИМБЕКОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,

таниқли театр ва кино актрисаси:

– Янги йил – янги умидлар остонаси. Мана, азизлар, қадрдонлар, бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бор гувоҳ бўлиб, янги йилга, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз. Айни шу лаҳзаларда ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказамиз, шу кунларга етказгани учун Яратганимизга шукроналар билдирамиз.

Давлатимиз томонидан санъат аҳлига катта эътибор бериляпти. Театрлар учун энг яхши замонавий бинолар ажратилаётгани, янгилари қурилаётгани, кўплаб театрлар таъмирдан сўнг чирой очаётгани бунинг далилидир. Мамлакатимиз ҳаётида юз бераётган беқиёс ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳалла, шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимизнинг қиёфаси тобора обод ва гўзал бўлиб бораётганини ҳисобга олиб, охирига етаётган йилимизга якун ясаб, холисона айтадиган бўлсак, 2024 йил биз учун ҳар томонлама хосиятли ва файзли бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор.

 

Акрамжон ФОЗИЛОВ,

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва

ривожлантириш жамоат фонди

Васийлик кенгаши раиси:

2024 йил биз учун омадли йил бўлди. Миллий контентни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, журналист ҳамда блогерларнинг малакасини ошириш, шунингдек, юртимизда медиасаводхонликни оширишга қаратилган бир қатор лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширдик. Мазкур лойиҳа ва ташаббуслар миллий медиа маконимизда янада сифатли материаллар яратилишига ҳисса қўшганидан мамнунмиз.

2025 йилда биз, аввало, ёшларнинг ахборотга бўлган имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг медиасаводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратган ҳолда фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирмоқдамиз. Янги дастурлар ва тажриба алмашиш платформаларини ишга тушириш, шунингдек, медиа маконимизда илғор тажрибаларни жорий этиш мақсадида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ниятидамиз.

Янги йил барчамизга қувонч, омад ва янги муваффақиятлар олиб келсин! Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва фаровонлик тилаймиз!

 

Раҳима НАЗАРОВА,

USAIDнинг Ўзбекистондаги

Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори:

2024 йил Ўзбекистонда демократия принципларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим босқич бўлди. Биз шаффофликни ривожлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини кенгайтириш ва давлат билан жамият ўртасида самарали мулоқот механизмларини яратишга қаратилган муҳим ислоҳотларнинг гувоҳи бўлдик. Бу қадамлар нафақат демократик қадриятларга бўлган ишончимизни мустаҳкамлайди, балки мамлакатнинг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.

2025 йилда ушбу прогресс давом этади, деб умид қиламан. Ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва фуқароларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш учун ҳали кўп иш қилишимиз керак. Шунингдек, инновациялар ва ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган ёшлар учун янги имкониятлар яратиш муҳим йўналиш бўлади.

Менинг 2025 йилдаги режаларим фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш билан боғлиқ. Ишонаманки, умумий саъй-ҳаракатларимиз сезиларли ижобий ўзгаришларга олиб келади.

Янги йил барчамизга соғлик-саломатлик, илҳом ва янги ютуқлар олиб келсин! Ҳар бир инсон бефарқ бўлмасин, фаол бўлиб, умумий ишга — ривожланган ва демократик жамият қуришга ўз ҳиссасини қўшишда давом этсин!

Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 3 =