Бир ўлкаки, қишларида шивирлар баҳор…
Ўзбекистон ўзининг бой тарихи, маданий мероси ва бетакрор табиати билан нафақат маҳаллий, балки хорижий туристларни ҳам ўзига жалб қилмоқда. Кейинги йилларда мамлакатда туризм соҳасини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун қулай имкониятлар яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳа, сўнгги йилларда мамлакатимизда туризм инфратузилмасини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий меҳмонхоналар, хостеллар ва туризм хизматларини кўрсатувчи марказлар барпо этилмоқда. Шунингдек, тарихий шаҳарларда реставрация ишлари амалга оширилиб, маданий объектлар кўркамлаштирилмоқда.
Айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби тарихий шаҳарлар миллий ва халқаро сайёҳларни ўзига жалб этмоқда. Хусусан, 2022 йилда Самарқандда “Ипак йўли” халқаро туризм марказининг очилиши ушбу йўналишдаги муҳим қадам бўлди. Бу марказ нафақат тарихий обидаларни кўриш, балки маданий тадбирларда иштирок этиш имконини бермоқда.
Хорижий туристларни жалб қилиш мақсадида визалар сиёсати енгиллаштирилди. Бугунги кунда 90 дан ортиқ давлат фуқаролари Ўзбекистонга визасиз ташриф буюриш имкониятига эга. Шунингдек, электрон виза тизими жорий этилиб, визаларни олиш жараёни тезлаштирилди.
Бундан ташқари, транспорт инфратузилмаси ҳам такомиллаштирилмоқда. Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари ўртасидаги юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар хорижий меҳмонлар учун қулайлик яратди. Халқаро аэропортлар реконструкция қилинаётгани ҳам хорижий сайёҳларнинг ташрифини осонлаштирмоқда.
Шунингдек, ўтган 2024 йилда Ўзбекистон туризм салоҳиятини Европа, Шимолий Америка, Осиё-Тинч океани, Яқин Шарқ, Хитой ва Марказий Осиё минтақаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида “World Media Group” ва “Blue Sky”, “Sky one”, “Wanderlust”, “Euronews”, “BBC”, “National Geographic”, “CNN” “Travel Tomorrow”, “Warner Bros. Discovery”, “Saga travel Group” халқаро медиакорпорациялари, шунингдек, “Ctrip.com”, “Holiday factory”, “Voyage Prive” онлайн саёҳат платформаси каби бир қатор хорижий ташкилотлар ва телевидениелар билан шартномалар асосида халқаро миқёсда мамлакатимиз имижи илгари сурилди.
Қувонарлиси, дунёнинг етакчи 16 та мамлакатида бўлиб ўтган 18 та халқаро ярмаркада юртимиз вакиллари миллий туризм стенди билан иштирок этишди. 12 та хорижий давлат (Хитой, Эрон, Тожикистон, Буюк Британия, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Қувайт, Беларусь, Венгрия, Корея, Россия)да маданий ва тақдимот тадбирлари ўтказилди.
Маҳаллий сайёҳлар учун ҳам бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидаги сайёҳлик масканлари ва курорт зоналари янги қиёфа касб этмоқда. Масалан, Чорвоқ, Қумқўрғон ва Бўстонлиқ каби ҳудудларда экологик туризм даражаси ривожланди.
Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли учун ички туризмни тарғиб қилиш мақсадида транспорт ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар жорий этилди. Миллий маданият ва анъаналарга боғлиқ фестиваллар, кўргазмалар ва байрамлар маҳаллий сайёҳларнинг эътиборини тортади.
Бироқ соҳада айрим муаммолар ҳам мавжуд. Биринчи навбатда, айрим инфратузилма объектлари замонавий талабларга жавоб бермайди. Қишлоқ туризми ва экологик йўналишларга етарли даражада эътибор қилинмаяпти.
Бундан ташқари, туристик хизматларнинг сифатини ошириш учун кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Туризм билан боғлиқ билим ва кўникмаларга эга бўлган ёш мутахассисларни жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Ечим сифатида инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ туризмини тарғиб этиш ва кадрлар малакасини ошириш бўйича янги дастурларни ишлаб чиқиш мумкин. Шунингдек, маҳаллий ва халқаро реклама кампанияларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада кенгроқ ёритиш лозим.
Ислом Эгамберди ўғли.