Жаҳондаги энг сара дорилфунунлар
Дунёнинг икки мингга яқин университетларини қамраб олган 2025 йилги рейтингдан Ўзбекистоннинг ҳам еттита олий таълим муассасаси жой олди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишларига ҳамда халқаро стандартлар талабларига мос келадиган олий таълим тизимини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда янги олий таълим муассасаларининг ташкил этилиши, кадрлар тайёрлашнинг замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда сиртқи ва кечки бўлимларнинг очилиши, олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши мазкур йўналишдаги муҳим ислоҳотлар ҳисобланади. Олий таълим тизимини замонавий талабларга мослаштириш, унинг сифатини ошириш, халқаро миқёсда рақобатбардошлигини таъминлаш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш — бу ислоҳотларнинг асосий мақсадларидир.
Ушбу имкониятлар натижаси ўлароқ, бугун университетларда замонавий лабораториялар, компьютер хоналари, кутубхоналар, спорт иншоотлари ва бошқа инфраструктуравий объектлар яратилмоқда ҳамда замонавий педагогик технологиялар ва интерактив методлар жорий этилмоқда. Бу эса ўз навбатида, талабалар ва ўқитувчилар ўртасида янада самарали алоқаларни ўрнатишга сабаб бўлмоқда. Аслида, буларнинг барчаси яратилаётган шароитларнинг самарали натижаси бўлиб, ҳар бир ўзгариш янги имкониятлар яратади ҳамда талабалар учун ривожланиш йўлларини очиб беради.
Дарҳақиқат, бугунги кунда олий таълим муассасаларининг ҳам самарали фаолиятини кузатмоқдамиз. Хусусан, олий таълим соҳасидаги глобал таҳлил агентлиги “QS Quacquarelli Symonds” 2025 йил учун барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича жаҳондаги энг сара университетлар рейтинги — “QS Sustainability Rankings — 2025”ни эълон қилди.
Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) БМТ томонидан 2015 йилда қабул қилинган ва 2030 йилгача амалга оширилиши керак бўлган глобал мақсадларни ўз ичига олади. Ушбу мақсадлар инсон ҳуқуқлари, ижтимоий тенглик, экологик барқарорлик, иқтисодий ривожланиш ва ижтимоий барқарорликни ўзаро уйғунлаштиришга қаратилган. Таълим сектори барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади, чунки таълимнинг сифатини ошириш ва унга кенгроқ киришни таъминлаш глобал ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин.
Дунёнинг икки мингга яқин университетларини қамраб олган 2025 йилги рейтингдан Ўзбекистоннинг ҳам еттита университети жой олди. Улардан биттаси ўтган йилги ўз ўрнини яхшилаган бўлса, тўрттаси рейтингга биринчи марта киритилди. Жумладан, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети 828-ўрин, Ўзбекистон Миллий университети 931-940, Тошкент давлат иқтисодиёт университети 1161-1180, Тошкент давлат техника университети 1251-1300, Тошкент давлат транспорт университети 1401-1450, Тошкент ахборот технологиялари университети 1501+ ва Урганч давлат университети 1501+ ўринларни қайд этди. Буларнинг орасида “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети (“ТИҚХММИ” МТУ) рейтингда иштирок этаётган Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида методологиянинг бешта кўрсаткичи, яъни “Билим алмашиш”, “Битирувчиларнинг иш билан таъминланиши”, “Соғлиқ ва фаровонлик”, “Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича таълим” ва “Атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тадқиқотлар” бўйича энг юқори натижаларни кўрсатмоқда.
Олий таълим муассасаларининг жаҳон рейтингида юқори ўринларга эришиши нафақат ўқув юртлари учун, балки мамлакатлар учун ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Университетларнинг рейтингдаги ўринлари уларнинг халқаро нуфузини, илмий салоҳиятини, талабаларнинг сифатини ва иқтисодий ривожланишдаги ўринларини белгилайди. Рейтингда юқори ўринларни эгаллаш олий ўқув юртларига бир қатор ижобий таъсирлар кўрсатади, бу эса мамлакатнинг глобал ривожланишига ижобий таъсир қилади.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон олий таълим муассасалари “Атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида барқарор ривожланиш” кўрсаткичи бўйича энг кучли натижаларга эришмоқда. Мамлакатимизнинг тўртта олий таълим муассасаси ушбу кўрсаткич бўйича дунёнинг энг яхши 500 та олий таълим муассасаси рўйхатига кирган. Улардан иккитаси Ўзбекистон Миллий университети (279-ўрин) ва Тошкент давлат транспорт университети (295-ўрин) энг яхши 300 таликдан ўрин эгаллаган.
Худди шундай ҳолат “Бошқарув модели” кўрсаткичи бўйича ҳам кузатилмоқда. Бу кўрсаткич ахлоқий меъёрларга риоя қилиш, номзодларни излаш ва ходимларни ишга қабул қилишда илғор тажрибалардан фойдаланиш, қарорлар қабул қилиш тамойилларининг шаффофлиги каби самарали бошқарув билан боғлиқ омилларни ҳисобга олади.
Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистоннинг бешта олий таълим муассасаси дунёнинг энг яхши 500 та олий таълим муассасаси қаторига кирган. Улар орасида энг юқори ўринни Тошкент давлат транспорт университети эгаллаб, рейтингдаги 400-ўриндан жой олган. Урганч давлат университети ҳам ушбу рейтингдан жой олди.
Аҳамиятлиси, яқинда Урганч давлат университети “QS World University Rankings” халқаро рейтинг агентлиги Осиё университетларининг 2025 йил учун рейтинг натижаларида ҳам юқори натижа кўрсатди, шунингдек, минтақадаги етакчи университет сифатида эътироф этилиб, Осиё рейтингида 661-680-ўриндан жой олди, Марказий Осиё олий таълим муассасалари орасида эса 44-ўринни эгаллади. “QS World University Rankings” халқаро рейтингида бундай натижа шунчаки берилмайди. Бу, аввало, университет жамоасининг фидойилиги, профессор-ўқитувчиларнинг самарали меҳнати, шунингдек, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва таълим сифатини яхшилаш борасидаги ҳаракатларининг ижобий самарасидир. Чунки, QS — Осиё университетлари рейтинги методологияси университетларнинг ўқув ва тадқиқот сифати, халқаро ҳамкорлик даражаси, илмий нашрлар сони ва иқтибос олиш кўрсаткичларини баҳолашга асосланади.
Мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг таълим бўйича дунё рейтингларидаги ўсиши Ўзбекистон таълим тизими халқаро стандартларга мослашиб, рақобатбардошлиги ошиб бораётганидан далолатдир.
Дарҳақиқат, олий таълим муассасалари рейтингидаги юқори ўринлар, биринчи навбатда, университетларнинг жаҳон миқёсида тан олиниши ва нуфузининг ортишига олиб келади. Рейтинглар, одатда, илмий ишлар, талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг сифатига, молиявий ресурсларга, инновациялар ва тадқиқотларнинг натижаларига қараб тузилади. Юқори рейтингдаги олий таълим муассасаси бутун мамлакатни дунё миқёсида танитади ва унинг илмий салоҳиятини кўрсатади.
Қолаверса, юқори рейтингга эга олий таълим муассасалари кўпроқ халқаро талабаларни ўзига жалб қилади. Жаҳон миқёсидаги рейтинглар университетнинг юқори сифатли таълим таклиф қилишини ва уларнинг келажакдаги карьераларига фойдали таъсир кўрсатишини англатади. Халқаро талабалар оқими эса университетга кўпроқ даромад олиб келиши, илмий тадқиқотлар сифатини ошириши мумкин. Бу ўз навбатида, университетга глобал миқёсда рақобатбардошликни таъминлайди. Юқори рейтингдаги муассасалар кўпроқ грантлар, илмий ҳамкорликлар ва тадқиқотларга ажратилган маблағларга эга бўлади. Бу университетларнинг илмий салоҳиятини оширишга ёрдам беради ва жаҳон илм-фанига қўшган улушини сезиларли даражада орттиради. Шунингдек, университетларда яратилган инновациялар мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига ёрдам беради.
Масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, бугун юртимизнинг жаҳонда кўзга ташланаётган олий таълим муассасалари дунёнинг кўплаб халқаро илмий ҳамкорликлар ва лойиҳаларида фаол иштирок этиш имкониятига эга ҳисобланади. Бу ҳамкорликлар эса илмий тадқиқотлар, технологияларни ривожлантириш ва янги дастурларни амалга оширишга ёрдам беради. Чунки улар дунё бўйлаб энг яхши профессор-ўқитувчиларни жалб қилиш ва энг сўнгги тадқиқот натижаларини таклиф қилиш имкониятига эгалиги билан аҳамиятли саналади. Бу эса ўз навбатида, мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига бевосита таъсир қилади. Туризм, хизмат кўрсатиш сектори ва бошқа соҳаларда иқтисодий фойда келтиради. Бундан ташқари, университетларда ишлаб чиқилган инновациялар ва тадқиқотлар янги иш ўринлари яратиш, стартапларни ривожлантириш ва технологик соҳаларни илгари суришда муҳим роль ўйнайди.
Агар мамлакатда дунё миқёсидаги юқори рейтингга эга университетлар кўпайса, бу унинг илмий, маданий ва иқтисодий салоҳиятини кўрсатади. Давлатнинг таълим соҳасидаги ютуқлари дунё бўйлаб тан олинади ва бу бошқа соҳаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Эндиликда рейтингдан муносиб жой олган университетлар, ўзининг барқарор ривожланиш тамойилларига мос равишда, юртимиздаги бошқа олий таълим муассасалари учун ҳам намуна бўлишлари лозим. Ўзининг муваффақиятини бошқа университетларга улашиш, тажриба алмашиш, ўз навбатида, бошқа олий ўқув юртлари ҳам юқоридаги олийгоҳлардан андоза олган ҳолда илдам қадам ташлашлари талаб этилади.
Баҳром АБДУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари
қўмитаси раиси.