“Оқ уй”га қайтиш

Дональд Трамп “Оқ уй”га қайтмоқда. “Time” журнали янги Президент ўз фаолиятини бошламай туриб, уни “Йил одами” деб эълон қилди. Трамп ушбу журналнинг анъанавий танловида таниқли номзодлар Камала Харрис, Илон Маск, Уэльс маликаси Кейт Миддлтон, Мексика Президенти Клаудия Шейнбаумни ортда қолдирди ва иккинчи марта бу шарафли номга эга бўлди. Унинг бу ютуғига сайловолди учрашувларида “Агар мен ғалаба қозонсам, Украина-Россия можаросини тўхтатаман, Американинг буюклигини тиклайман, иқтисодини мустаҳкамлайман”, деган ваъдалари, Панама каналини назоратга олиш, Гренландия оролини қўлга киритиш истаклари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, америкаликлар унга ишонч билдиришди. “Оқ уй”ни тарк этаётган Байден имкониятидан фойдаланиб, терговда бўлган ўғлини афв этди. Мамлакат қонунларига кўра, унинг бу қарорини ҳеч ким ўзгартира олмайди.
“Time” бош муҳаррири Сэм Жекобснинг фикрича, кейинги 97 йилда журнал аниқлаган машҳур йил одамлари ичида Трамп феномени алоҳида ажралиб туради. Унинг Президент сифатидаги биринчи муддати кутилмаганда Капитолийга ҳужум билан тугади. Собиқ Президентга нисбатан кўплаб жиноий ишлар очилди. Тергов ҳаракатлари бошланди. Аммо у “Оқ уй”да яна бир муддат ўтириш ниятидан қайтмади. Қонунсиз яшаётган мигрантларни мамлакатдан депортация қилиш, федерал ҳукуматларни, коррупция ботқоғига ботган самарасиз институтларни қисқартириш режалари кескин танқидга учради. Шунга қарамай, ниятига етди. Очиғини айтганда, катта сиёсатга 2015 йили кириб келганидан бери бошқа ҳеч бир раҳбар дунё сиёсатига яхшими-ёмонми, Трампчалик таъсир кўрсата олмаган.
АҚШда Президентлик сайловида ғолиб чиққан номзоднинг лавозимга киришиш маросими — Инаугурация қоидалари мамлакат Конституциясида қатъий белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳар гал бу тадбирда кутилмаган янгилик бўлиб туради. Америкалик сайловчилар бунга кўникиб кетишган. Чунки янги Президент давлат раҳбарлигига қандай режалар, ислоҳотлар билан келаётгани, мамлакатнинг ташқи ва ички сиёсатида қандай ўзгаришлар юз бериши мумкинлигини билиш улар учун ғоят муҳим. Шу маънода бу маросим дунёнинг кўплаб мамлакатлари сиёсий элитасини ҳам қизиқтиради.
Инаугурация маросими тарихи жуда ҳам бой. Улисс Грантнинг 1873 йил 4 март куни ўтказилган инаугурацияси сайловчилар ёдида узоқ вақт сақланиб қолган. Чунки ўша куни мамлакат пойтахтида ҳаво ҳарорати 29-30 даража совуқ бўлган. 1841 йили мамлакат Президентлигига сайланган Уильям Харрисон очиқ майдонда, изғирин совуқда салкам икки соат (8445 та сўз) нутқ сўзлаган ва жиддий шамоллаб, орадан бир ой ўтгач, вафот этган.
Жорж Вашингтоннинг инаугурация нутқи 135 та сўздан ошмаган. 1977 йили Оқ уй соҳибига айланган Жимми Картер рафиқаси Розалин билан махсус тайёрланган кортежга ўтирмай, инаугурация жойигача пиёда борган.
2009 йилдаги биринчи инаугурация чоғида Барак Обама АҚШ Олий суди раиси Жон Робертснинг ортидан қасамёд матнини сўзма-сўз қайтаришда янглишиб кетган, яъни у “Қўшма Штатлар президенти мажбуриятларини ҳалоллик билан бажараман”, дейиш ўрнига “Қўшма Штатлар учун президент мажбуриятларини ҳалоллик билан бажараман”, деб юборган. Бу хато шу куниёқ катта шов-шувга сабаб бўлган, Обаманинг лавозимга киришиш маросими қайта ўтказилган.
Президентликка сайланган номзоднинг инаугурация нутқи АҚШ сиёсий ҳаётида ўта муҳим ҳужжат ҳисобланади. Янги раҳбар Америка халқига ва жаҳон ҳамжамиятига бевосита мурожаат қилади, сиёсий, иқтисодий ва бошқа муҳим йўналишларга доир қарашлари, тўрт йил муддатда амалга оширишни кўзлаётган режалари, шунингдек, АҚШнинг жаҳоннинг етакчи давлатлари, нуфузли халқаро тузилмалар, ҳарбий-стратегик шериклар билан муносабати, мамлакат ички ва ташқи сиёсати асослари ўз аксини топади.
1861 йили Абрахам Линкольн ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлаган: “Менда штатларимизда мавжуд бўлган қулчилик институтига бевосита ёки билвосита аралашиш нияти йўқ. Ишончим комилки, бунга менинг қонуний ҳаққим ҳам йўқ”. Жон Кеннедининг 1961 йилги инаугурация нутқида: “Мен учун азиз бўлган америкаликлар! Ватанингиз сизлар учун нима қилиб беришини мендан сўраманг, сизлар Ватанингиз учун нима қилиб беришингиз лозимлигини сўранг. Муҳтарам дунё халқлари! Мендан Америка сизлар учун нима қилиб бериши зарурлигини сўраманг, биз ҳаммамиз биргаликда инсон эркинлиги учун нима иш қилишимиз мумкинлигини сўранг”, деган таъсирчан даъват бор эди.
1981 йили мамлакат раҳбарлигига келган Рональд Рейган АҚШ иқтисодиётининг ўша пайтдаги оғир аҳволини назарда тутиб, амалдаги ҳукумат билан иқтисодий таназзулнинг олдини олиш мумкин эмаслиги, чунки бу ҳукуматнинг ўзи таназзулга юз тутганини очиқ эътироф этади.
Билл Клинтоннинг 1993 йилги инаугурация нутқида ўша пайтда кўплар деярли эътибор бермаган бир тезис бор. Гап шундаки, қуролланиш пойгасида АҚШ билан муттасил рақобатлашаётган советлар иттифоқининг тарқаб кетиши океан орти сиёсатдонларининг илҳомини жўштириб юборгани сир эмас. Бир-бирига қарама-қарши турган икки “дев”нинг бири қулади, дунёда янги ижтимоий-сиёсий вазият юзага келди. Ёш Клинтон бу тарихий вазиятдан максимал даражада фойдаланиб қолиш кераклигига урғу бериб, “Парвардигорнинг ўзи бизга шундай имкон бердики, бу мавқени сусайтирмаслик лозим”, деди. Ота-бола Буш даврида мамлакат ҳудудларидан ташқарида амалга оширилган ҳарбий операциялар, Барак Обама пайтида Ироқнинг вайрон қилиниши ва бошқа кўплаб ҳолатлар ана шу яккаҳокимлик хоҳишидан келиб чиқди, десак, хато бўлмайди.
Дональд Трамп 2016 йилги сайловда ғолиб бўлгач, Нью-Норкда сўзлаган нутқида қуйидагича фикр юритган эди: “Америкаликларга яхши мактаблар, одамлар бехавотир яшайдиган мавзелар, яхши иш жойлари керак. Ўз ҳуқуқини билган одамларнинг талаби шу. Аммо бизда реал ҳаёт бутунлай бошқача. Камбағаллик мавжуд. Деярли чириб битган заводлар қабртошларни эслатади. Маориф тизимимиз ёшларимизга таълим-тарбия, билим бераётгани йўқ. Жиноятчилик, жиноий гуруҳлар, гиёҳванд моддалар жуда кўпларнинг ҳаётига зомин бўлди, мамлакатни хароб қилди…” Трамп, шунингдек, “Оқ уй”даги фаолияти давомида Россия билан муносабатларни яхшилаш, терроризмга қарши курашиш, мамлакатни ноқонуний қочоқлардан ҳимоя қилиш, марихуана сотишни легаллаштириш, ўлим жазосини бекор қилмаслик, америкаликларнинг қурол сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолиш, мамлакатда коррупцияга қарши жиддий кураш бошлаш, матбуотнинг яккаҳукмронлик мавқеини пасайтириш, солиқларни камайтириш, соғлиқни сақлаш бўйича Президент Обама жорий этган дастурни бекор қилиш, камбағал оилаларнинг болалари ҳам нуфузли мактабларга кириб ўқишлари учун шароит яратишга қатъий бел боғлаганини билдирди. Шу йили Давос форумида нутқ сўзлар экан, “Бугун мен бу муҳим тадбирда Америка халқининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда менинг мамлакатим дўстлик ва ҳамкорлик асосида ўзини янгилашга тайёрлигини эътироф этиш учун қатнашмоқдаман. Ушбу форумда қатнашаётган барча мамлакатлар каби, Америка ҳам ҳар бир мамлакат ўзаро ҳамжиҳатликда тараққиётга эришиши, ҳар бир гўдакнинг эмин-эркин яшаши, зўравонлик, очлик ва қўрқувдан холи балоғатга етишини умид қилади”, деган эди.
Орадан саккиз йил ўтди, кекса Байден даври ҳам ниҳоясига етди, аммо бу вазифаларнинг, дунёда, АҚШда юзага келган янги муаммоларнинг ҳар бири ўз ечимини кутиб турибди. Давлатлараро муносабатлар яхшиланса, дипломатик, иқтисодий, илмий, маданий ва бошқа алоқалар йўлга қўйилса, бундан ҳар икки томон, шубҳасиз, ютади. Зеро, бугунги мураккаб, талотўпли дунёда ҳеч бир давлат, мамлакат, ҳарбий ёки иқтисодий имкониятидан қатъи назар, ўз ҳолича, ўз билганича яшай олмайди. Инсоният олдида турган ва кун сайин кучайиб бораётган муаммоларни фақат биргаликда, бамаслаҳат, босқичма-босқич ҳал қилиш мумкин. Бошқа йўл йўқ.
Терроризм ва диний экстремизмга қарши курашни олайлик. Бу борада бирор натижага эришиш учун томонларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги талаб этилади. Бу курашга ҳар ким ўзининг шахсий манфаати нуқтаи назаридан ёндашса, сўз ва амал бирлиги таъминланмаса, чигал вазият янада чигаллашади. Буни англаш қийин эмас.
Қочоқлар муаммоси муаммолигича қолмоқда. Ҳеч ким ўз хоҳиши билан қочоққа айланмайди, уйсиз-жойсиз бегона мамлакат кўчаларида саргардон юрмайди. Шундай экан, бу муаммони ғарб давлатлари ўз ҳудудларини сим девор билан ўраш, йўлларга тўсиқ қўйиш билан эмас, мантиқсиз урушларни, замонавий босқинчилик, зўравонлик ҳаракатларини бас қилиш, ўзга минтақаларни сиёсий таъсир доирасига олиш ниятларидан воз кечиш, ҳар бир халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, ўзига маъқул йўлдан юриш ҳуқуқини тан олиш билангина ҳал қилиш мумкин.
Ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Улардан бири америкаликларнинг қурол сотиб олиш ва қурол олиб юриш ҳуқуқи. Бу ҳуқуқ АҚШда демократия ва америкача эркинликнинг конституциявий ифодаси сифатида катта мавқега эга. Аммо кейинги йилларда бу ҳуқуқ қандай аянчли фожиаларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Қурол муаммосини ҳал қилиш борасидаги таклифлар, масалан, аҳолига қурол сотишда айрим чеклашларни жорий қилиш хусусидаги уринишлар натижа бераётгани йўқ.
Инсониятнинг бугунги муаммолари фақат шулар эмас. Дунё пул ҳукмронлиги таъсирига тушиб бормоқда. Инсон бойликни эмас, бойлик инсонни бошқаришга ўтаётгандай. Йирик саноат корхоналари, масалан, пўлат қуйиш заводлари мутасаддилари бутун умри оловли цехларда ўтаётган мутахассисларнинг оғирини енгил қилиш устида эмас, уларни ишдан бўшатиб, иш ҳақи талаб қилмайдиган роботлардан фойдаланишни режалаштирмоқдалар. Экологик вазият тобора чигаллашиб бормоқда, иқлим ёмон томонга ўзгараётир, миллион йиллик музлар эришдан тўхтаётгани йўқ. Олимлар кейинги эллик йил ичида дунёда қушлар, балиқлар ва амфибияларнинг сони 60 фоизга қисқариб кетганини, бу жараён кейинги ўн-ўн икки йил ичида янада тезлашаётганидан хавотирда. Аҳвол шу даражага етиб бордики, инсоният бу она замин келгуси авлодлар учун ҳам бешик эканлигини унутиб қўяётгандай.
Халқда “Ётиб қолгунча отиб қол”, деган нақл бор. АҚШнинг қирқ тўртинчи Президенти Барак Обама ўз вақтида “Оқ уй”ни тарк этганидан кейин, Берлинда бўлиб ўтган матбуот конференциясида шу нақлга мос бир таклифни ўртага ташлаган эди: “Кутилаётган ўзгаришлар дунёни янада мураккаблаштиради, аёвсиз ва жоҳил қилади. Борди-ю, биз янги таҳдидларга дош бера оладиган кучли трансатлантик альянсга (яъни НАТОга) эга бўлмас эканмиз, болаларимизга жуда ёмон, хавф-хатарли дунёни қолдирган бўламиз, олдинга қараб юриш ўрнига, орқага қайтамиз. Шу боис АҚШда ким Президент, Германияда ким канцлер бўлишидан қатъи назар, бу ҳолатни унутмаслигимиз керак”.
Мана, гап қаерда! Отдан тушса ҳам эгардан тушмаган сиёсатдоннинг гапи. Бизнинг назаримизда, унинг ҳарбий альянсни янада кучайтириш таклифи бугунги дунёнинг умумий ҳолатига ғоят салбий таъсир кўрсатаётгани сир эмас. Қурол кучи билан ҳеч қачон ва ҳеч жойда тинчликка эришиб бўлмайди. Бунга эришиш учун дунё олимлари оммавий қирғин қуролларининг янги-янги турларини яратиш, борларини такомиллаштириш устида эмас, халқнинг турмуш тарзини яхшилаш, тиббий, экологик муаммоларни ҳал қилиш, вирусли пандемияларнинг олдини олиш борасида ишлашлари керак бўлади.
Ўзбекистон-АҚШ муносабатларига келсак, Америка давлатимиз мустақиллигини 1991 йил 25 декабрда тан олган. 2002 йил март ойида Вашингтонда Ўзбекистон ва АҚШ президентлари ўзаро Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги декларацияни имзолашган. 2018 йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга биринчи расмий ташрифи якунлари бўйича икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даври бошлангани ҳақида қўшма баёнот қабул қилинган. Янги Ўзбекистоннинг бугунги ташқи сиёсатида дунёнинг барча мамлакатлари билан тенг маънода ҳамкорлик қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Ўзбекистон суверен давлат, жаҳон ҳамжамиятининг фаол аъзоси сифатида давлатчилик фаолиятининг барча йўналишларида ўзининг қатъий позициясига эга ва бу позиция бирор бир тараф ёки кучнинг босими билан бошқа бир томон фойдасига ўзгармайди. Биз холис ният, эзгу мақсадларга ҳамиша очиқмиз. Матбуотда АҚШ Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази етакчиларидан бири Дениэл Ранденинг Америка сиёсатчиларини Ўзбекистон билан алоқаларни кучайтиришга чақиргани ҳақида ёзилди. Ранденинг фикрича, “Тошкент ташқи алоқаларда Хитой ва Россия билан эмас, дунёнинг бошқа мамлакатлари билан яқинлашса, бу яқинлик АҚШ учун ғалаба деганидир. Шундай экан, Трамп маъмурияти Ўзбекистон билан дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаши лозим”.
Бир қарашда яхши чақириқ. Бироқ коса тагида бир “ним коса” ҳам кўриниб турибди. Ўзбекистон бирор-бир давлат билан манфаатли ҳамкорлик қилар экан, бу алоқа бошқа бир давлатнинг манфаатига эмас, ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва юксак инсонийлик принциплари асосига қурилади. Ўзбекистон дунё давлатлари ўртасида бугун юзага келган қонли можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, қуролланиш пойгасини тўхтатиш, жабрдийдалар, мазлумлар, оналар ва болаларни ҳимоялаш, зулм ва қирғинга йўл қўймаслик, йигирма биринчи асрнинг бундай шармандали одамкушлигига чек қўйиш тарафдори.
Дональд Трамп “Оқ уй”га янги ваъдалар билан келмоқда. Унинг иккинчи муддати қандай кечишини вақт кўрсатади, албатта. Сайлов чоғи берилган ваъдаларга амал қилиш фурсати етди. Бугун фақат Америкада эмас, дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида ҳам ваъдалар амалий ҳаракатларга мос келишини умид қилиб туришибди. Балки бу мослик Европа осмонини уруш ҳаракатлари тутунидан бутунлай халос этар, АҚШ-Россия муносабатлари изга тушар, Марказий Осиё давлатлари учун 1974 йили АҚШ Савдо қонунига киритилган Жэксон-Веник тузатиши бекор қилинар. Балки… Америкада узоқ йиллар оғиздан оғизга ўтиб келаётган, маъно-мазмуни ўзгармаётган “Америкада сиёсат эмас, Президент ўзгаради”, деган фикр яна ўз тасдиғини топар. Буни ҳам вақт кўрсатади. Қудратли давлатларнинг қудрати тинчлик, тотувлик ва хотиржамликка хизмат қилса бўлди.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.