“Ватан — азиз, жасорат — мангу!” танлови ғолиблари тақдирланди

Юрт тинчлиги, Ватан ободлиги ва тотувлиги, осойишта турмуш, чегаралар дахлсизлигини таъминлашдек шарафли иш фидойилари бўлган Қуролли Кучларимиз ҳарбий хизматчиларининг жанговар шайлигини ошириш, салоҳияти ва куч-қудратини ёритиш мақсадида Республика миқёсида турли тадбирлар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош ташкилотчилигида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда “Ватан — азиз, жасорат — мангу!” республика танлови ўтказилди. Танловда мамлакатимиз ёшларини Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, юрт чегараларини мустаҳкамлаш, унинг тинчлигини сақлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритишга ҳисса қўшган ижодкорлар тақдирланди.
Ушбу танловга 100 дан ортиқ ижодкорларнинг 300 га яқин ижодий ишлари қабул қилинган. Уларда “Янги Ўзбекистон армияси — мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” деган эзгу ғоя мужассам бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишда тинчлик-осойишталик нақадар муҳимлиги, “Халқ ва армия — бир тану бир жон!” тамойили ҳаётимизда барқарор бўлиб бораётгани, чегараларимиз дахлсизлигини асраш, жонажон Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини кучайтириш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга чорлов каби мавзулар ёритилган.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, ОАВ вакилларининг журналистик материаллари − телерадио, босма нашрлар ва интернет журналистикаси, шунингдек, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари бўйича жами 8 нафар ижодкор ғолиб деб топилди.
Пойтахтимизда ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами тадбирлари доирасида ўтказилган ушбу танлов тақдирлаш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари, марказий оммавий ахборот воситалари масъуллари, медиа тузилмалар ходимлари, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.
Маросимда танлов ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов сўзга чиқиб, “Халқ ва армия — бир тану бир жон!” тамойилининг амалга оширилишини таъминлаш, Ватанимиз суверенитетини асраш нафақат Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётганлар, балки барча соҳа вакилларининг муқаддас бурчи эканини алоҳида таъкидлади.
Танлов ғолибларига мукофотларни “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири Салим Дониёров, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, “Дунё ўзбеклари” сайти бош муҳаррири Исмат Хушев тантанали равишда топширди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид ўзининг табрик сўзини ушбу мисралар билан бошлади:
Агар Ватан чорласа, югуриб бор, югуриб,
Ёвлар қаршисига чиқ арслондайин ўкириб.
Орини асролмаган, асролмайди жонини,
Эгилиб жон бергунча, жонини ол суғуриб…
Ватанимизни асраш ҳар биримизнинг энг олий, энг шарафли ва бирор сўз билан инкор этиб бўлмайдиган бурчимиздир.
Ватан — муқаддас, улуғ даргоҳ. Унда яшаётган ҳар бир инсон юрт тинчлиги ва осудалиги олдида масъулиятлидир. Қуролли кучлар юртни қурол билан ҳимоя қилса, ижод аҳли қўлда қалам билан бу вазифани бажарадилар.
Тақдирлаш маросимида Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларга ўзгача кўтаринкилик ва шукуҳ бағишлади.
Гулнора ШЕРМАТОВА,
журналист.