Ёниб кул бўлган Лос-Анжелес

ёхуд бойлар ҳам йиғлайди

Янги йилнинг илк кунлари, аниқроғи, бешинчи январда АҚШнинг машҳур Лос-Анжелес шаҳрида 82-бор ўтказилаётган “Оltin globus” мукофотини топшириш маросими  бўлиб ўтди. Унда дунё кино юлдузлари шод-шодон, оламда улардан бахтиёр, бахтли кишилар йўқдай ястаниб ўтирдилар. Мукофотларни топшириш пайти ярим яланғоч бошловчи истеҳзо билан: “Тақдирлаш маросимида биринчи марта ғолибларнинг ҳеч бири худога шукур айтмади, демак, муваффақиятларимизни худосиз ҳам уддаладик”, деди. Бу сўзлар Голливуд юлдузлари тўла кошонада кулги ва олқишларга сабаб бўлди. Аммо… бахту шодликдан завқланишдан икки кун ўтибоқ Лос-Анжелесда ёнғинлар бошланди. Одамлар ёнғинга Лос-Анжелесдаги ҳаёт тарзи,  у ердагиларнинг худога шак келтиргани, фосиқлиги сабаб бўлди, Яратганнинг қаҳри келди, деб ёзишди.

1912 йилда “Титаник” кемасини ихтиро қилганлар (кема ихтирочиси Томас Эндрюс, кема сардори Эдвард Смит бўлган): “Бу кемани худо ҳам чўктира олмайди”, деган экан. Лекин “Титаник” биринчи сафардаёқ айсбергга урилиб чўкиб кетганди. Киборларнинг табиати шунақа ўзи, осмону фалакда юришади.

Кино афсоналарида дунёни қутқарган қаҳрамонлар ролини ўйнаган юлдузларнинг ўзлари бугун ёрдамга муҳтож бўлиб, кўзлари мўлтираб турибди. Улар дунё тугул ўзларига ҳам ёрдам беролмади. Америкалик етмиш етти ёшли машҳур актёр Жеймс Вудс яқиндаги чиқишида Ғазо секторининг барча аҳолисини ўлдириб юборишга ва анклавни тош даврига қайтаришга чақирган эди. Ғазолик бегуноҳ инсонларни қириб ташлаш ҳақидаги қонхўр ғояни тарғиб қилган актёр миллионлаб инсонпарвар одамларнинг қарғишига қолди. Тўғрироғи, Аллоҳнинг қаҳрига учради. У Калифорниядаги офат вақтида ёниб кетган уйи ҳақида гапириб, жонли эфирда йиғлади ва оиласини Лос-Анжелесдан эвакуация қилишгани ҳақида гапирди. Бугун куйиб кул бўлган Лос-Анжелесни кеча “бу дунёнинг жаннати” деб  аташарди. Уларнинг жаннатидан асар ҳам қолмади. Ҳа, Аллоҳнинг қудратига ўлчов борми?!

Одамлар бошига кулфат тушганидан хурсанд бўлиш мумкин эмас, гуноҳ бўлади. Энг арзони уч-тўрт миллион доллар, қимматлари эса етмиш миллион доллардан ҳам ортиқ баҳодаги уйлари бор бой-бадавлат инсонлар истиқомат қиладиган шаҳарда болалар, қариялар, ногиронлар, хуллас, бегуноҳ инсонлар ҳам бор эди. Лекин “ўрмонга ўт тушса хўлу қуруқ баравар ёнади”, деганларидек, бутун шаҳар  аҳли зиён кўрди. 10 мингдан зиёд бинолар ёниб кул бўлган. 300 мингдан зиёд аҳоли эвакуация қилинган. Даҳшатлиси, ўнлаб кишилар ҳаётдан кўз юмиб, неча юз минглаб кишилар бир сонияда бор-будидан мосуво бўлишди. Ўт балосидан сақласин деганлари бежиз эмас.

Бугун култепага айланган ҳудудларда электр йўқ, газ йўқ, сув йўқ — гўё ҳаёт тўхтаб қолгандек. Вайроналарни тиклаш у ёқда турсин, тозалаш учун қанча маблағ, қанча куч кераклигини ҳатто тасаввур қилиш қийин. Калифорния тарихидаги энг даҳшатли вайронагарчилик олдида замонавий технологиялар ривожи чўққига чиққан, ривожланган мамлакатлар ҳам ожиз эканини кўрсатиб қўйди. Американи титратган олов Аллоҳнинг қаҳрими ёки иқлим ўзгариши ҳақиқатими? Бу фақат Яратганга аён. Икки ҳафтадирки, беқиёс қудратга эгаман деб дунёга дағдаға қилаётган Америка ўт балосини бартараф эта олмай овора…

Тошкентда тоза ҳаво қаён кетди?

Айтмасак бўлмайди, сифатсиз ёнилғиларда ҳаракатланаётган автомашиналар оқими кўпайиши, кўмир каби қаттиқ ёнилғидан кенг фойдаланиш, бунёд этилаётган иншоотлар, қимматбаҳо уй-жойларнинг ортиб бориши ва сўнгги йилларда табиатга ўйлоқсиз етказилган зарар, минг-минглаб дарахтларнинг кесиб ташланиши оқибатида Тошкент шаҳри ҳам бугун экологик ҳалокат ёқасига келиб қолди. Бундан тўрт ҳафта аввал пойтахтда ифлосланиш даражаси дунё шаҳарлари орасида биринчи ўринга чиқди. РМ 2.5 концентрацияси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган йиллик ўртача ҳаво сифатидан 35 баравар юқори бўлди. Бу фавқулодда бўладиган ҳолат-ку! Ташкилотга кўра, ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари орасида саломатлик учун энг катта хавф туғдирадигани айнан РМ 2.5 дисперс заррачалардир.

Шу йилнинг 16-17 январь кунлари пойтахт ҳавосидан нафас олиб бўлмай қолди. Ифлосланиш даражаси дунё шаҳарлари орасида иккинчи ўринга чиқди. Ҳавони ифлослантириш манбаларини аниқлаб, бартараф этишга масъул бўлган экология назорати ходимлари эса ҳавонинг ифлосланиш сабаблари ҳақида маълумот бермоқда, холос. Шаҳар атрофида ва ичидаги иссиқхоналарда, иссиқлик марказлари ва иссиқлик электр станцияларида кўмир ва мазутдан фойдаланилаётгани ҳам аҳволни янада оғирлаштирмоқда.

Хуллас, ҳамон Тошкент ҳавосининг ифлослик даражаси юқори бўлиб қолаётган экан, юрак-қон томир, нафас йўлларида касаллиги бор беморларга жуда жабр бўлаётгани сир эмас. Одамлар пойтахт раҳбарларидан, экология ва атроф-муҳит мусаффолигига масъул бўлган амалдорлардан сўрашга ҳақли: бу аҳвол қачон яхшиланади?

Гавҳар ДИЛМУРОДОВА,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =