Навоий ҳайкали қошида

Иброҳим ЧОРИ

(Эркин Воҳидов ижодининг энг гуллаган даврларида “Фузулий ҳайкали қошида” номли машҳур шеърини ёзган. Мен эса ушбу шеърни буюк шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкали  пойида битдим).

 

Ҳали теваракда қишнинг ҳавоси,

Уйғонмаган ҳали гулу оғочлар.

Ҳали эшитилмас булбул навоси,

Таралмабди ҳали толбаргак-сочлар.

 

Фаввора мудрайди, ҳовуз музлаган,

Совуқ ёмғир томчиси инар киприкка.

Оқ капалак каби қор учар баъзан,

Ҳали-ҳамон офтоб келолмас тикка.

 

Аммо тўхтатарми мени бу ҳолат?

Мармар зиналарга оёқ қўяман…

Шу онда тарк этар борки жаҳолат,

Бор ғубор кетганин шу дам туяман.

 

Томирларим бўйлаб қон оқар тоза,

Руҳим ва жисмимдан софлик уфурар.

Мана, кимдан олса бўлур андоза,

Мана, ул зот нечун бу ерда турар!

 

Қаршимдаги ҳайкал жонлидек гўё,

Қадам ташлашлари мардона, дадил.

Босган ҳар бир изи кўзга тўтиё,

Айтган ҳар бир сўзи туб-тубида дил.

 

Нурдек ёруғ чеҳра кўчмишдир тошга,

Лабда ним табассум, кўзларда кулгу.

Чимрилмоқ ярашмиш бунчалар қошга,

Бари бизга ўрнак, барчаси улги.

 

Шошганча келибди, илкида асо,

Шунча йўлни босиб ҳоримагандек.

Қарашлари тетик, қад-бўйи расо,

Кексалик унга ҳали доримагандек.

 

“Ғурбатда ғариб шодумон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул бутса,

Булбулга тикондек

ошиён бўлмас эмиш…”

 

Ким юрт қадрин бунча кўтарган юксак?

Ким унга деб битган бунча тўкис байт?

Арзийди ҳар сафар ўқиб ёш тўксак,

Ёки шиор қилиб олсак айни пайт…

 

Биргина шеърда жо шунча ғам-ғусса,

Шунчалар чеки йўқ Ватан соғинчи.

Қандай кўтарди бу дард, аламни жусса,

Бир умр бўлмагач ҳаловат, тинчи?

 

“Эсиз, тақдир экан, қайдин билибмиз,

Азизам, дунёга бевақт келибмиз…”

 

Алам-ла ўйлайман — туғилса бу кун,

Гўзал Гули билан қовушармиди?

Иқболлари баланд, бахтлари бутун,

Шу боғда қувлашиб-човушармиди!

 

Шу азиз тупроқда топсайди ором,

Турмасмидик қабри тепасида жим.

Бўлмасмиди қалбда надомат мудом,

Ва оғриқ сезмасдик юракда сим-сим…

 

“Турк назмида чу мен тортиб алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам”

 

Бунчалар юксак у, бунчалар баланд!

Қучсак тиззасини аранг қучамиз.

Назм гулшанида йўқ унга монанд,

Учсак ҳам бошмоғи тенги учамиз.

 

Беш аср ўтса-да ўрганиб ҳар кун,

Ҳар он дуч келамиз янги бир сўзга.

Буюклик белгиси шундоқ, инчунин —

Ҳар ҳарфи, сатрида маъно бор ўзга.

 

Бобур номасида этган эътироф,

Туркда ундек ҳеч ким ёзмагандир кўп.

Навоийнинг тили нуқсонсиздир — соф,

Шу тилда сўзлашсак бўлармиди хўп…

 

“Одами эрсанг демагил одами

Аниким йўқ халқ ғамидин ғами”.

 

Гўёким бугунни сўйлайди тили,

Гўёким биз билан ҳамдам, ҳамнафас.

(Бизнинг асрдадек туғилган йили!)

Гарчи олислардан келар ушбу сас.

 

Дерлар келажакни кўрар авлиё…

Давронлар келишин билганмиди у?

Зулмат тугашини, чиқишин зиё,

Бугунни башорат қилганмиди у?

 

“Даҳолар ҳар ишда даҳо”, деган ким?

Кўзда тутганми у Мир Алишерни?

Буни билгим келар тирикман токим,

Билгандек у ёзган ҳар ғазал, шеърни.

 

Дўст бўлди подшога, дўстким беназир,

Сўнгра бош вазир у — ўнгу сўл қўли.

Энг оғир дамларда кўмакка ҳозир,

Ҳеч хато кетмаган танлаган йўли.

 

Мустақилдир Ватан, озод динимиз,

Хўжа Аҳрор каби пирлар қайтмоқда.

Неча йиллаб кутган оға, инимиз,

Буюк бобомиздек мирлар қайтмоқда.

 

Миллий боғ аслида ўзбекнинг юзи,

Ўзни англай десанг кезиб тур бунда.

Навоий айтар сўз миллатнинг сўзи,

Қайноқ нафасини сезиб тур бунда.

 

Навоий тилини билмаслик гуноҳ,

Гуноҳким — сен миллат ғамин емассан.

Турли баҳоналар бўлолмас паноҳ,

Гар уни билмасанг ўзбек эмассан!

 

* * *

Таъзим-ла гул қўйиб хоки пойига,

Қанча алқамайин барибир ҳам оз.

Қанча ёзмай кўнглим тушмас жойига,

Сиёҳ ҳам етмагай, етмагай қоғоз!

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 2 =