Райёнанинг қувонч ёшлари

Дунёда илмдан юксак ҳикмат йўқ. Илм олишга интилаётган ёшлар бугун мактаб парталарида устозлардан сабоқ олишмоқда.

Маълумотларга қараймиз: 2023-2024 ўқув йилида Ўзбекистон мактаб ўқувчилари томонидан халқаро фан олимпиадаларида жами 122 медаль қўлга киритилди. Бу натижа ҳозирга қадар эришилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Яна маълумот учун айтадиган бўлсак, ўтган йилда олимпиадачи ўқувчилар томонидан 65 та медаль қўлга киритилган. Бугун шу медаль соҳибаларидан бири ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

Райёна Иброҳимова – Андижон шаҳридаги 4-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. Германиянинг Гёттинген шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон немис тили олимпиадасида (The Internationale Deutscholympiade — IDO) олтин медални қўлга киритган.

2024 йил 15-22 июль кунлари бўлиб ўтган олимпиадада 62 та давлатнинг 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди. Олимпиада учта йўналишда — A2, B1 ва B2 даражада ўтказилди, Райёна B1 даража йўналишида олтин медаль олди.

Райёна энг умидли ёшларимиздан. Ҳали келажаги олдинда. Ҳали мактабда ўқийди. Шундай бўлса ҳам, аллақачон юртимиз байроғини елкаларида тутиб, қандай фараҳ туйиб улгурди. Шу эмасми инсон деган номни оқлаш саодати?

У аввалига ўзини адабиётда синаб кўрди. Ахир 1-синфдан кичкина шеърлар ёзиб юрарди. Яна бобоси ҳар доим “Зулфия мукофоти олади менинг қизим”, деб умид қиларди, кўп такрорларди. Кичкина бўлса ҳам Зулфияхоним қизи бўлишга интилганидан, “Нима қилсам бу мукофотни оламан?” деб сўраганида, бобоси: “Онангга ўхшаб шеър ёзсанг”, деб жавоб берган экан. Бу, эҳтимол, шунчаки ҳазиллашиб айтилгандир. Аммо ёш қизчадаги истеъдодни юзага чиқариб юборди. Шу онданоқ у ўзини синаб кўрди ва дастлабки шеърини бобосига бағишлади. Жажжи Райёнанинг яхши бўлмаган шеърини ҳам кўкларга кўтариб мақтаган ота-онаси, бобо-бувилари қизчанинг қалбида яна шеър ёзишга, ёдлашга, китоб ўқишга, умуман, адабиёт дунёсига қизиқишни орттирган. 3-синф бўлганида дадаси Андижон шаҳридаги 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг фортепьяно йўналишига ўқишга олиб борди. У ерда унинг орзулари ўзгарди. “Келажакда пианино ўқитувчиси бўламан”, деб уч йил таҳсил олди. Тўртинчи йили унда яна адабиётга бўлган қизиқиш кучайди. Бутун вужуди билан адабиётга интилди. Турли хил онлайн ва офлайн танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни олди. Шеър ёзишда ва ёд олишда давом этди. “Ёш китобхон” каби республиканинг нуфузли танловларида қатнашди. Аммо қанча кўп тайёрланмасин, бошқалар унданда кўп тайёрланишган экан, вилоят босқичидан ўтиб, республикага қадам қўя олмади. У бобоси учун ҳаракат қилар, ҳаммаси бобонинг орзусини амалга ошириш учун эди. Аммо қизча Зулфия мукофотини олиш ёшига етгунича бобоси оламдан ўтди. Бу Райёнанинг руҳини туширмади. Қайтага янада мақсад сари боришига ундади. Касалхонадалик пайтларида бобосидан эшитган охирги сўзи ҳам: “Қизим ҳали зўр қиз бўлади, китобхон, Зулфияхонимдек шоира бўлади”, деган гаплари эди. Унда муаллифлик китоби бўлмагани учун ўрин ололмади.

Шундан сўнг онаси уни хорижий тилларни ўрганишга йўналтирди. “Бунда ҳам Зулфия қизи бўласан, ҳатто тақдирланишинг мумкин. Халқаро майдонларга чиқиш имкониятларинг ҳам кўпаяди”, деди онаси уни руҳлантириб.

Мактаб дарсларидан ташқари 8-синфдан Тошкент Гёте институтининг республикамиздаги ягона филиали, яъни Андижон шаҳрида жойлашган “Берлин Зентрум” ўқув марказида таҳсил олишни бошлади. Биринчи марта эришган катта муваффақияти — 5 ой ўтар-ўтмас Германияга 3 ҳафталик йўлланма ютиб олгани бўлди, бу 2022 йилнинг март-апрель ойларида эди. Германияга биринчи сафар эса ўша йилнинг август ойларига тўғри келди. Шундан кейин унда немис тилига бўлган қизиқиш янада ортди.

“Икки йил ичида у ерда ўқидим ва дарсларни тамомлаганим тўғрисида 10-синфлигимда сертификат олдим. Бу ҳам менинг ўзимга ишончим ортишига сабаб бўлди ва республика фан олимпиадаларининг мактаб, туман-шаҳар босқичларида фахрли ўрин эгаллаб, вилоят босқичига ўтдим. Вилоят босқичи ўтиши керак бўлган кунда тест синовига боришим, тестда қатнашишим менинг республика босқичига чиқишимга сўнгги шахдам қадам эканини билмаган эдим. Кечқурун жавоблар эълон қилинди, мен 1-ўринни эгаллаган эдим. Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Табиийки, фан олимпиадаларининг республика босқичи фақат 11-синфлар учун. Мен эса 10-синф эдим, лекин 2 ой ўтиб бизга хабар келди: “16 февраль куни “The Internationale Deutscholympiade — IDO” (халқаро немис тили олимпиадаси)нинг саралаш босқичига борасизлар”, деган. Ўша куни мактабда менга немис тилидан дарс берадиган устоз Муқаддас опа Қосимова билан Гёте институтига бордик. У ерда ҳар бир вилоятнинг немис тили фанидан 1-ўрин олган 10-синф ўқувчилари йиғилган эди. Биз эшитиб тушуниш, тинглаб тушуниш, оғзаки имтиҳонларда беллашдик. Уларнинг ичида мен 1-ўрин олган эдим. У ердаги устозлар кучли ишонч билдириб, бизга 15-22 июль кунлари Германиянинг Гёттинген шаҳрида бўладиган “ИДО-2024”нинг финал босқичига омадлар тилади. Институтнинг тил бўлими раҳбари Дилдора Муҳаммадаминова “12 йилдан буён қатнашиб келади ўқувчиларимиз, лекин ҳали ўрин олишгани йўқ”, деганларида ўйланиб қолдим”.

Райёна ҳар доим устозлари билан ишлади, ота-онасининг қўллаб-қувватлашлари билан олимпиадага тайёргарлик кўрди. Қанчалик қийин бўлишига қарамасдан, олға бориши кераклигини англаб етди. Бобосининг руҳи олдида, қолаверса, 12 йил давомида юртдошларига ғолиблик насиб қилмаган  олимпиадада биринчи медални Ўзбекистонга олиб келишни мақсад қилган эди. Финал босқичида немис тилини қай даражада билишлари, инсонийлиги, ўзлигини англай билиши, ўзи ва ўзгаларни ҳурмат қилиши, ижтимоий одоб каби хусусиятлари 2 та оғзаки ва 1 та ёзма имтиҳонда баҳоланди. Райёна Иброҳимова B1 йўналишида 1-ўринга муносиб топилди.

“Олимпиадада ғолиб бўлишимда менинг ўзбек миллатига мансублигим фойда берди деб айта оламан, сабаби, ўзбеклардек ўзлигини, қадриятини англай оладиган, инсонийлиги, одамларга меҳр-муҳаббати кучли бошқа халқ топилмаса керак. Менинг 16 йил Ўзбекистонда — жонажон ўзбек оиласида олган тарбиям жуда ҳам қўл келди. Адабиётимни, ўз тарихимни, аждодларимни танишим, Ватанимни севишим турли хил “workshop”ларда аён бўлди. Бунга мисол қилиб бир воқеани айта оламан: турли шакллардаги леголардан ўзимиз учун қадрли ва кўрганда бизни эслатадиган нарса ясашимиз керак эди. Мен мустақиллигимиз рамзи дея Мустақиллик майдонини, ўзбеклигимизни англатиш учун пахта, байроғимиздаги ой ва юлдузлардан бирини, сўрида ўтирган одамларни тасвирлашдан ташқари, қадимдан элимиз фойдаланиб келган ўтовни ҳам — Ўзбекистон оиласига айниқса, қорақалпоқ халқи рамзи сифатида тасвирлаган эдим. Барчамизнинг бир ҳафталик юриш-туришимиз, муомала ва қарашларимиз олимпиада сўнгида баҳоланди. Барчаси жамланган ҳолда ўринлар аниқланди. Мен эса орзуимга етиб турган эдим. Ундаги ҳис-туйғуларим таърифлаб бўлмас даражада эди…” — деди у тўлқинланиб. Шу жойида одам кўз ёшларини тия олмайди.

Райёна устозларини алоҳида эътироф этади. Бу кунгача юзлаб ўқитувчилар билан юзма-юз бўлганини, нимадир ўрганганини айтади. Айнан немис тили ўқитувчиларига тўхталадиган бўлсак, мактабда 1-синфдан то ҳозирги 11-синфигача Муқаддас Қосимовадан таҳсил олди. Асосий таълимни Андижон шаҳридаги “Берлин Зентрум” ўқув марказининг устозларидан олди. Жумладан, Мавжуда Абдураимова, Озода Мухторова, Муслима Комилова, Гулсанам Худойбердиевалар қўлида икки йил ўқиди. Айнан олимпиадага уч ой қолганда Муслима Комилова ва Озода Мухтороваларнинг дарсида иштирок этди. “Аслида, улар чемпион. Яна ўқишимга шароит яратиб, менинг сифатли таълим олишимга маблағ сарфлаган биринчи устозларим — ота-онам. Улар барчалари Ватанимиз учун ўн икки йиллик рекордни янгилашди”, деди Райёна камтарлик билан. Ҳақиқатан ҳам, ҳаётимизда ота-онанинг қўллаб-қувватлашларисиз, устозларимизнинг берган билимларисиз ҳеч ким бўла олмаймиз. Ҳар бир муваффақият ортида меҳрибон ота-она ва матонатли устозлар турибди.

Отаси Жўраев Нодирбек 1976 йилда туғилган. Айни дамда Андижон вилоятининг санъат ва маданият мактабининг эстрада йўналишида ўқитувчи бўлиб иш юритади. Онаси Жўраева Иродахон 1978 йилда туғилган. Андижон шаҳар 4-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси. Ота-онаси фарзандини ҳамиша билим олишга ундаган. Қайсидир бир мағлубият билан уйга келса, ҳеч қачон койимаган, “бўлди, йиғиштир ўқишингни” деб айтмаган. Ҳар доим қўллаб-қувватлаш, ҳар доим ишонч билан келган.

Райёна ўзининг ҳаётий хулосаларини шундай билдирди:

“Ҳеч қачон ниманидир бошлаш учун кеч эмас. Мен немис тилини кеч бошлаганман деб ўйлар эдим. Ҳеч қачон ота-онанинг дуоси ижобатсиз қолмас экан. Ота-онам дуода бўлишган ва мен юксак натижага эришдим. Ният қилганда ҳеч қачон иккиламчи нарса қўшмадим, яъни у бўлмаса, бошқа йўл бор каби. Бутун вужудим билан орзумдаги маррага интилдим. Ҳаракатдан тўхтамадим. Доим катта-катта орзу қилиш керак, ҳеч қачон атрофдаги инсонларнинг у-бу гапларига эътибор бермаслик керак, ахир майда гаплар одамни ейишдан бошқа ишга ярамайди. Бир мақсад қилдикми, албатта, охиригача бориш керак, ҳаммаси бир кунмас-бир кун юзага чиқади.

Зулфия мукофоти учун бу сафар адабиёт эмас, бошқа йўналишдан ҳужжат топширишни ният қилдим. Агар инсон муваффақиятли бўлишни хоҳласа, муваффақиятли инсонлар даврасида юриши кераклигини ва атрофдагилар инсонга таъсир этишига амин бўлдим. Ҳаётимга янги шиор ўйлаб топдим: “Ният — Ҳаракат — Интизом — Натижа”.

Мен Юртбошимиздан жуда мамнунман. Чунки бизларнинг таълим олишимизга барча шароитларни қилиб бердилар, ишонч билдирдилар. Германия канцлери Олаф Шольцнинг юртимизга ташрифи чоғида мени уларга гапириб берганлари қандай бахт ва қандай қувончли ҳол! Албатта, ота-онамга ҳаммаси учун, устозларимга бардош ва матонат учун, берган билимлари учун ташаккур айтаман” деди Района.

Маъмура ЗОҲИДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси бўлим бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 3 =