Таниқли олимнинг ҳаёт йўли

Деновда академик Назар Тўраев уй-музейи ташкил этилади
Академик Назар Тўраевни илм аҳли яхши билади. Эсимда, Назар акадан бир гал илмий фаолиятининг мазмунини сўрадим. Олим водород атомларини парчалаш учун зарур бўладиган юқори даражадаги иссиқликда сиртнинг емирилишини қандай қилиб камайтириш муаммолари устидаги тадқиқотларини шогирдлари ҳамроҳлигида давом эттираётганини айтди.
“Агар ижтимоий тараққиёт ҳозиргидай суръатлар билан давом этаверса, яна 50-60 йилдан сўнг инсоният ер юзидаги ва ер остидаги ёқиш мумкин бўлган ҳамма нарсани тугатиб битиради. Ана ўшанда инсониятнинг энергияга бўлган эҳтиёжи қандай ҳал этилади? Қандай қилиб? Бу ёқда ёқиш мумкин бўлган ўтин ҳам, кўмир ҳам, газ ҳам тугайди… Ўшанда одамларда сувнинг таркибидаги водород атомини парчалашдан бошқа илож қолмайди. Дунёдаги барча денгиз, уммонлардаги сувнинг водород атомини эса ҳавода парчалаб бўлмайди. Бунинг устига, унинг парчаланиши учун жуда юқори даражада иссиқлик керак. Биз ҳозир водород парчаланаётган, тўғрироғи, портлаётган макон деворининг емирилиши даражасини камайтириш муаммоларини тадқиқ қилаяпмиз”, деди Назар ака куюнчаклик билан.
Ўшанда Назар Тўраев баён этган фикрлар мағзини очиғи, тўлиқ тушунмаган бўлсам-да, олим илгари сурган ғоялар тафсилотларини кўз олдимга келтириб ҳайратга тушганман.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган буюк олимлардан бири Назар Йўлдошевич Тўраев эди. Унинг физика соҳасидаги тадқиқотлари, илмий раҳбарлиги ва ижтимоий фаолияти мамлакатимиз ҳаётида ўчмас из қолдирди.
Нафақат Сурхон аҳли, балки бутун Ўзбекистон халқи яхши танийдиган, қолаверса, дунё ҳамжамиятига маълуму машҳур бўлган Назар Йўлдошевич Тўраев Сурхон диёрининг энг гўзал масканларидан бири Денов туманидаги “Ғалаба” деб номланувчи хўжаликнинг Чуқур қишлоғида таваллуд топди. Унинг ота-боболари ҳам мана шу қишлоққа келиб қўним топиб, шу масканни гуллатиб-яшнатган, унинг кенгайиб, довруқ таратиб кетишига сабабчи бўлганлардан эди.
Назар Тўраев 1938 йилнинг 19 май куни ишчи оиласида таваллуд топди, 1945-1955 йилларда Денов туманидаги Алишер Навоий номли 24-мактабда ўқиди ва уни олтин медаль билан тамомлади. Энди мактабни битирган ўсмир йигит бўлса-да, 1955-56 ўқув йилида ўз мактабида математика фанидан дарс берди. 1956 йилда Самарқанд давлат университети физика бўлимига ўқишга кирди. 1961 йилда университетни аъло баҳоларга битирганлиги сабабли, уни ўша даврнинг машҳур олими, академик У.Орипов Ядро физикаси институтига илмий ходимликка таклиф этди. 1964-67 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси аспирантурасига ўқишга кирди. У аспирантурада қаттиқ жисмлар сиртида ўртача кучдаги атомларнинг тарқалиш назарияси муаммолари билан шуғулланди. Академик У.Ориповнинг бевосита илмий раҳбарлигида 1968 йилда Ядро физикаси институтида физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди. Шундан кейин 1968 йили Электроника институтига илмий котибликка ишга таклиф этилди. 1972 йилдан шу институтда лаборатория мудири бўлиб ишлади.
Назар Тўраев атомлар ва ионларнинг қаттиқ жисм сиртларида сочилиши назариясини яратди. Қаттиқ жисмлар сиртлари, жуда юпқа эпитаксиал қатламларнинг структураларини ва элемент тузилишларини анализ қилиш ва олдиндан айтиб беришнинг имконини топди. Яъни, қаттиқ жисмлар, айтайлик, темирнинг сиртидаги молекуляр зарралар, атомларни ўрганиш, уларни илмий жойлаштириш эвазига унинг қаттиқлиги ва чидамлилигини мисли кўрилмаган даражада кучайтириш имконини яратди. Натижада жуда қаттиқ сиртга эга бўлган жисмлар, мисол учун космосга учадиган аппаратларда ва ҳарбий соҳада ишлатиладиган жисмлар яратиш борасида оламшумул силжиш содир бўлди. Айниқса, поликристалл ва монокристалларнинг сиртида атом ва ионларнинг сочилиши қонуниятларини, сирт билан боғлиқ бўлган махсус хусусиятларни аниқлади ва қатор янги муҳим эффектларни очиб бердики, кейинчалик бу эффектлар жаҳоннинг юзлаб илмий лабораторияларидаги тажрибаларда ўз тасдиғини топди. Бу билан каттиқ жисмлар сиртлари, жуда юпқа эпитаксиал қатламларнинг структураларини ва элемент тузилишларини анализ қилиш ва олдиндан айтиб беришнинг назарияси яратилди. Атомларнинг бир тўқнашув ва иккиламчи тўқнашуви натижасида сочилиши, бу тўқнашувларнинг мумкин бўлган соҳаларини аниқлаш, уларнинг сиртқи бомбардимон қилаётган заррачаларнинг энергияси, массаси, тезлиги, заряди ва бошқа хоссаларига боғлиқлиги асосида жисм сиртларини анализ қилиш қулайлиги тасдиқланди. Қаттиқ жисмларни жуда кичик бурчаклар остида атомларнинг қатори деб қараб, ана шундай атом қаторларида сочилган ионлар ёки атомларнинг энергетик тақсимланиш конуниятларида монокристалли жисмлар тузилишлари тўғрисида муҳим информациялар мавжудлиги кашф этилди. Бу жаҳон илмий адабиётида “Тўраевнинг атом қатори эффекти” деб аталди.
Кейинчалик бир-бири билан узвий боғланиб қолган атомлар қаторларидан ташкил топган ярим каналлар мавжудлиги ва бундай ярим каналларда ионларнинг ҳаракати ҳамда сочилиши назарияси яратилди. Қаттиқ жисм сиртларининг табиий, реал структураларини тасвирлаш, вакансия, дивакансия, вакансиялар тўплами, узлукли атом қаторлари, атомлар тўплами, атом қаторлари зинапоялари каби жуда кўплаб структура бузилишларининг мавжудликлари ҳам сочилаётган ионлар ва атом заррачаларининг энергетик бурчакли фазовий тақсимот қонунларида ўз аксини топди. Илмий тадқиқотлар натижа¬сида олинган назарий натижалар ва хулосаларнинг умумлаштирилиши докторлик диссертациясининг асосини ташкил қилди. Шу тариқа Н.Тўраев 1980 йили Украина Фанлар академияси Физика институтида доктор¬лик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Олимнинг илмий-назарий жиҳатдан асосланган барча илмий хулосалари Москва давлат университети, Москва физика-техника институти, Курчатов номидаги атом энергияси институти, Ленинград давлат университети, Ленинград политехника институти, Мюнхен плазма физикаси институти, Краков университети, Гронинген университети, Донецк давлат университети каби кўплаб илмий муассасалар олимлари тажрибаларида ўз тасдиғини топди. Бу эса Назар Тўраевнинг улар билан ҳамкорликда илмий-тадқиқотларни олиб боришига сабаб бўлди.
Истеъдодли олим Назар Тўраев 1977-1983 йилларда Тошкент политехника институтининг физик электроника кафедрасини бошқарди.
1983 йилга келиб, Ўзбекистон Компартиясининг биринчи котиби Ш.Рашидов тавсияси билан Сурхондарё вилоятида ўша вақтда ягона бўлган Термиз давлат педагогика (ҳозирги ТерДУ) институтига ректор этиб тайинланди. Мана шу сабабли ҳам Назар Йўлдошевич устоз деган шарафли номнинг ҳақиқий эгаларидан бирига айланди. Нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида устоздан таълим олган юзлаб, минглаб олимлар, педагог кадрлар борки, улар Назар Тўраев билан ҳамнафас, ҳаммаслак бўлганлари билан фахрланадилар.
Назар Тўраевнинг бевосита раҳбарлигида 3 нафар фан доктори ва 12 нафар фан номзоди етишиб чиқди. Унинг раҳбарлигида 1972 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида ион усуллари билан материалларни тозалаш илмий лабораторияси, 1978-83 йилларда Тошкент политехника институтида материалларни масс-спектрометрия усулида ўрганиш лабораторияси, 1984 йилдан бошлаб Термиз давлат университетида бир нечта илмий лаборатория, жумладан, лазер билан қишлоқ хўжалик экинлари уруғларини нурлантириш лабораториялари ташкил этилди. Шулардан 2 та лазер қурилмаси бевосита дала шароитида Сурхондарёдаги бир қанча хўжаликлар деҳқончилигида ҳозиргача самарали қўлланилмоқда.
Термиз давлат университетининг ташкил этилиши, унда ўнлаб янги мутахассисликлар, 30 дан ортиқ янги кафедралар, 10 та янги факультет, 4 та илмий проблематик лабораторияларнинг очилиши Назар Тўраевнинг бевосита хизмати, ташаббуси туфайли эди. Университетда устоз раҳбарлигида 24 нафар фан доктори, 150 нафар фан номзоди тайёрланди ва улар бугунги кунда 48 та кафедра, 4 та илмий лабораторияда муваффақият билан фаолият олиб боришмоқда.
Академик Н.Тўраевнинг илмий ишлари жуда кўплаб чет эл олимлари асарларида ўз аксини топиб, жаҳон илмий хазинасидан муносиб ўрин эгаллади. Профессор Л.Добрецов ва М.Гомоюпова (1966), Г.Картер ва Ж.Коллигон (1968), У.Орипов (1968), В.Молчанов ва Е.Машкова (1980), К.Лейман (1979), Н.Петров ва И.Аброян (1987), М.Рязанов ва И.Тилининг (1985) каби йирик олимларнинг монографияларида ўзбек олимининг илм-фан йўлидаги изланиш натижалари қайд этилган.
Назар Тўраев атом ва ионларнинг қаттиқ жисм билан ўзаро таъсири натижасида юзага келадиган атом сочилиши, атомларнинг сиртга кириш ва тақсимоти, сирт емирилиши муаммолари билан бир қаторда жаҳон фанининг энг муҳим муаммоларидап бири бўлган юқори температурали ўта ўтказувчан материалларни яратиш на уларнинг хусусиятларини ўрганиш бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси учун муҳим ҳисобланган физика фани ютуқларини қишлоқ хўжалигига татбиқ этиш, табиатни муҳофаза килиш ва экология билан чамбарчас боғлиқ соҳаларда ҳам катта ишларни бажарди, бу ишлар ўзининг салмоқли натижаларини бериб келмоқда.
Масалан, машҳур Мессбаузр усули ва қаттиқ жисмлар физикасининг бошқа замонавий усулларини қўллаб юқори температурали ўта ўтказувчан материаллар хусусиятига хос бўлгап материаллар олинди ва уларнинг ичида бегона атомлар ҳолатлари ва эффектив зарядлари ўрганилди. Бундай материал яратишнинг истиқболли йўналишлари аниқланди.
Таниқли олимга 1988 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвони берилди. 1989 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, 1995 йилда ЮНЕСКО қошидаги Халқаро информатизациялаш академияси ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. 1990-95 йиллар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг депутати, бир неча марта Сурхондарё вилояти ва Термиз шаҳар Кенгашларининг депутатлигига сайланди. 1994 йилда унинг ташаббуси ва раҳбарлигида Термиз маънавий академияси тузилди ва вилоят раҳбар ходимларига маданий, маиший, тарихий меросимизни ўргатишда, урф-одатлар, анъаналарни тарғиб қилишда катта вазифани бажармоқда.
Назар Тўраев истеъдодли олим, кашфиётчи, ғамхўр устоз, тажрибали раҳбар, ташкилотчи жамоат арбоби бўлиши билан бир вақтда оилапарвар инсон эди. Билимга муккасидан кетган оддий аспирантнинг академик даражасига эришишида шубҳасизки, у кишининг турмуш ўртоғи Розия опанинг хизмати беқиёсдир. Улар узоқ ва бахтли умр кечиришди. Ҳаётдаги жамики қийинчиликлар, турмушда бўладиган турфа қийинчиликларни биргаликда мардонавор енгиб, қариндош-уруғлар, таниш-билиш ва шогирдлар учун қалби ва дастурхони доимо очиқ оила сифатида танилдилар. Уч ўғил, уч қиз фарзандни тарбиялаб, жамиятимизга муносиб ворислар етказиб беришди. Бош фарзандлари Эркин Тўраев Тошкент политехника институтини тугатган бўлса-да, ҳарбий соҳада меҳнат қилди. Қизи Наргиза Тўраева Тошкент политехника институтини тугатди. Ота изидан бориб, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини олди. Яна бир қизи Нодира Тўраева Тошкент тиббиёт институтини тугаллаб, тиббиёт фанлари номзоди бўлди. Бугунги кунда Тошкент педиатрия институтида кафедра мудири сифатида фаолият юритмоқда. Ўғиллари Темур ва Ўткир иқтисодиёт дорилфунунини тугатишди. Улар ҳам ҳаётда ўз ўринларига эга инсонлар бўлиб камолга етдилар.
Назар Тўраев 1988 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони билан тақдирланди. 2000 йилдан Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
1998 йилда Назар Тўраев “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Бу мукофот олимнинг мамлакат ривожига қўшган улкан ҳиссасининг яна бир бор эътироф этилиши десак хато бўлмайди. Олимнинг бутун ҳаёти илм-фан ва таълим соҳасига бағишланган бўлиб, унинг хизматлари нафақат ўзбек халқининг, балки, юқорида таъкидлаганимиздек, халқаро илмий ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сазовор бўлди.
Академик Назар Тўраев 2023 йил 3 октябрда 85 ёшида вафот этди. Олимнинг номи ҳамиша Ўзбекистон илм-фани ва таълим тизимида катта ҳурмат билан тилга олинади.
Таниқли олим хотирасини абадийлаштириш, ёш авлодни Назар Тўраев илмий мероси ва ҳаёт йўлидан хабардор этиш мақсадида яқинда Денов туман ҳокими “Назар Тўраев уй-музейини ташкил этиш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Машҳур олимнинг ҳаёти ва фаолияти ўзбек илм-фани тарихида олтин ҳарфлар билан ёзилган, илм-фан соҳасидаги тадқиқотлари, илмий раҳбарлиги ва педагогик фаолияти кўплаб ёш олимлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади. Олим нафақат ўзининг илмий ишлари, балки жамият учун қилган хизматлари билан ҳам эъзозга сазовор.
Тоштемир ТУРДИЕВ,
Маънавият-маърифат маркази
Денов туман бўлими раҳбари,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими.