Каломида ҳикмат, ҳаётида ибрат

ёки Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон НАЖМИДДИНОВ фаолияти ҳақида сўз

Октябрь ойининг иккинчи ўн кунлиги. Қамчиқ довонининг кенг ва равон йўлларида олтинлашиб бораётган олтин куз манзараларига қараб кўз тўймайди. Кайфият чоғ бўлса, узоқ йўл ҳам яқин бўлар экан.

Вилоят Халқ қабулхонаси Наманган шаҳрига кираверишда жойлашган. Одамларнинг нажот излаб борадиган манзилларидан бирига айланиб қолган бу идорага ўттиз йиллик қадрдоним Баҳодир Юсупов раҳбарлик қилади. Менга у “Чинор шохидаги синчалак” дея лутф билан қучоғини очди. “Чинор шохидаги синчалак” — бу дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан, илм-маърифат излаб, фозилларга хос ҳаёт кечириб, ўзидан гўзал хотиралар қолдириб кетган, бутун ҳаётини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган наманганлик олим Носиржон Отахонов ҳақидаги китобимнинг номи. Баҳодир Юсупов ҳам Носир Отахоновнинг садоқатли шогирдларидан бири. У кўп китоб ўқийдиган, газета ва журналлар билан мунтазам танишиб тафаккур қиладиган, афсуски, бугунги даврда камайиб бораётган раҳбарлар сирасига киради.

У билан узоқ-яқин ўтмишдаги воқеаларни, қадрдон дўстларни эсладик. Икромхон ака Нажмиддинов ҳузурига боришим кераклигини айтдим. Баҳодир Юсупов Икромхон ака билан телефонда гаплашиб, менинг келганим хабарини берди. Учрашув вақти келишиб олинди.

Наманган бежизга гуллар шаҳри дейилмайди. Бу шаҳарга қадам қўйишингиз билан, ўзингизни гуллар оламига кириб қолгандай сезасиз. Наманган шаҳри марказидаги халқаро гуллар фестивали ўтадиган Бобур номли истироҳат боғидаги манзара шунчалар мафтункорки, бу гўзаллик қаршисида қалбингиз завққа тўлади. Шу боғ ёнида “Нуроний” жамғармасининг Наманган вилояти бўлими жойлашган.

Ёш улғайгач, ёши улуғ, сўзларида ҳикмат, ҳаётида ибрат бор кексалар билан суҳбатлашишга интилар экансан, киши.

Мамлакатимизда таниқли давлат ва жамоат арбоби, иқтидори ва салоҳиятини юртимиз, хусусан, Наманган вилояти тараққиётига бахшида этаётган, барчамиз интилаётган келажакни, оила, фарзандлар бахту саодатини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва бошқа жабҳаларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг адолатли ва халқпарвар сиёсати ғояларига содиқлик билан, камарбаста бўлиб фаолият олиб бораётган Икромхон Нажмиддинов ҳузуридаман.

Икромхон ака билан мени унинг устози Носир Отахонов таништирган эди. Ўшанда у Тўрақўрғон тумани ҳокими бўлиб ишларди. Икромхон Нажмиддинов тумандаги қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлар билан батафсил таништирган эди. “Қишлоқ ҳаёти” газетасида каттагина таҳлилий мақола ёзгандим. Шундан буён Икромхон ака қандай юқори лавозимларда ишласа-да, ижодий ҳамкорлигимиз давом этиб келмоқда. Матбуотга, айниқса, газеталарга ва уларнинг ижодкорларига муносабати ўзгармади. Шу сабаб бўлса керак, қачон Наманганга борсам, аввало, Икромхон ҳожи аканинг дуосини оламан. Газетага бирор мақола ёзмоқчи бўлган қаҳрамонларим ҳақида сўрайман. У кишининг холисона фикрлари мен учун доимо қимматли бўлган.

Бундан бир неча йил аввал Икромхон аканинг тавсияси билан янгиқўрғонлик Тожимирза Абдуллаев ҳақидаги “Қишлоқ ҳаёти” газетасида босилган “Сув келтирган зар келтиргандан азиз” сарлавҳали хотира очерким катта эътиборга сабаб бўлганди. Тожимирза Абдуллаевнинг шогирдлари ва уни билган юзлаб одамларнинг олқишини олгандим. Мана, ҳали-ҳануз ижодий ҳамкорлигимиз давом этиб келмоқда.

У ёши табаррук етмиш бешга қараб бораётган бўлса-да, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг оқилона ва адолатли сиёсати рўёби учун фидойилик кўрсатиб, ўзгалар деб ўзини унутадиган, ғайрати навқирон, олийжаноб инсон. Ана шундай камтарин ва самимий нуронийлар билан ҳамсуҳбат бўлишнинг ўзи бир бир бахт.

— Ҳозиргина параатлетика бўйича “Париж-2024” паралимпия ўйинларида олтин ва бронза медалларини олган Нурхон Қурбонова иштирокидаги “Уч авлод учрашуви”дан келдим, — деди Икромхон Нажмиддинов. — Вилоятимиздаги бундай оилалар ёшлар учун ибрат мактаби бўлмоқда. Учрашув Мингбулоқ тумани “Маданият” маҳалласидаги чемпион қизимиз Нурхон Қурбонованинг бобоси яшайдиган Мирзакарим ота Каримов хонадонида бўлди. Нуронийлар, вилоят маънавият ва маърифат маркази вакиллари, маҳалла фаоллари ва шу ҳудуддаги мактаб ўқувчилари иштирок этган мазкур тадбир, айниқса, ёшларимиз учун таъсирли бўлди. Президентимиз томонидан совға қилинган автомобилдан тушиб келган Нурхон Қурбоновани ўқувчилар қучоқ-қучоқ гулдасталар билан кутиб олишди. Матонат ва жасорат кўрсатган Нурхон нафақат Наманганимиз, балки Ўзбекистонимиз фахрига айланди. Унинг ютуқлари ёшлар қалбида, мен ҳам олимпиадаларда қатнашиб, медаллар оламан, деган умид учқунларини ёқди.

Шу кунларда Паралимпия ўйинларида пара-енгил атлетиканинг диск улоқтириш тури бўйича олтин ва ядро улоқтириш тури бўйича бронза медалларини қўлга киритган Толиббой Йўлдошев, парадзюдо тури бўйича кумуш медаль соҳибаси Кумуш Ходжаевалар билан ҳам “Уч авлод учрашуви”га тайёргарлик кўрилмоқда.

— Кимки кексаларнинг ҳаёт мактабидан таълим олса, ҳеч қачон кам бўлмайди, — дея Икромхон ака сўзини давом эттирди. — Бугунги кунда вилоятимиздаги етти юз саксон саккизта маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида ўн беш нафардан “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари ташкил этилган. Бу гуруҳларда 11 минг 820 нафар ҳаётий бой тажрибага эга бўлган нуроний отахонлар ва онахонлар савобли ишларга бош-қош бўлишмоқда. Наманган тажрибаси сифатида ушбу гуруҳларни бештадан кичик гуруҳга бўлдик. Эндиликда ҳар бири уч нафар нуронийдан иборат ёшлар билан ишлаш, оилани мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш, тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, маҳаллада соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш гуруҳлари самарали иш олиб бормоқда.

“Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили бўйича уйма-уй юриб, вилоятимизда 22 минг 210 нафар муаммоли ёшлар борлиги аниқланди. Улар билан икки минг икки юз нафар тажрибали нуроний тарбиявий ишлар олиб боришди, бундай ёшларга ижтимоий ва моддий ёрдам берилди. Муаммоли ёшларнинг 13 минг 300 нафари тўғри йўлга кирди. Энди бир фикр қилсак, бу ҳаракат туфайли минглаб оилаларга ташвиш ўрнига хотиржамлик кирди. Қанча ёшлар жиноят ёқасидан қутқариб қолинди. Олти мингга яқин шундай ёшлар ишга жойлаштирилди. Халқимизда “Бекорчидан худо безор” деган мақол бор. 2 минг 840 нафар тарбияси оғир ёшлар касб-ҳунар ўргатишга йўналтирилди. Бундай хайрли ишларга ниятлари улуғ, қадамлари қутлуғ бўлган Ўзбекистон Қаҳрамонлари Халчахон Мирзаева, Ойшахон Қўчқоровалар ҳам муносиб ҳиссаларини қўшаётгани учун сиз вакил бўлган “Hurriyat” газетаси орқали ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

“Меҳри йўқ киши меҳр тополмас” деган гап бор. Вилоятимизда икки юз олтмиш мингга яқин ёшга доир пенсия олувчилар мавжуд. Уларнинг 33 нафари 100 ёшдан ошган табаррук инсонлардир. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан эса бор-йўғи тўрт нафар оқсоқол қолган бўлса, 376 нафар фронт орти меҳнат фахрийларидир. Улардан ёшларимиз шукроналик туйғуларини ўрганишмоқда. Йўқчиликни кўрганлар тўқчиликнинг қадрига кўпроқ етади. Шундай мўйсафид отахонлар ва муниса онахонлардан Иккинчи жаҳон урушидан кейинги очарчилик, қаҳатчилик ва қашшоқлик пайтларида одамлар қанчалик азоб-уқубатлар билан кун кечиришганлари ҳақидаги ҳаётий ҳикояларни эшитган ёшларимиз ҳайратланишмоқда. Бугунги тинчлик, осойишталик, фаровонлик, энг муҳими, тўкинчилик қадрини ҳис қилишмоқда.

Маълумотларга кўра, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш бўйича муросасиз курашни бошлаган пайтда 7,5 миллион ёки жами аҳолининг 23 фоизи камбағаллик даражасида деб қайд этилган эди. Самарали ва адолатли ижтимоий сиёсат ҳамда манзилли ва аниқ чора-тадбирлар кўрилиши натижасида 2024 йил бошига келиб камбағаллик даражаси 11 фоизга тушишига эришилди. Янги Ўзбекистоннинг бош шиори “Инсон қадри учун!” деб белгиланди. Бу эзгу амал аҳоли ҳаётини эркин ва фаровон қилишдек, одамларни шу азиз юрт равнақи йўлида сафарбар этишдек савобли иш йўлида бирлаштирди. Бугунга келиб Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартиришни умуммиллий ҳаракатга айлантириш илгари сурилмоқда. Ўзбекистон Касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига мурожаати ҳам айнан камбағалликка қарши курашишда барчамиз бирлашиб, юртимизни обод ва янада фаровон мамлакатга айлантириш йўлидаги хайрли чақириқ бўлди, — деди Икромхон ака. — “Кимнинг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч бўлса, у киши (чин) мўмин эмасдир” дейилади ҳадиси шарифларда. Бу ҳикмат нафақат исломий, балки бутун инсоният учун ҳам ибратли бўлган каломдир. Аслида, ҳар бир инсон ўз ҳамюртининг биродари ва дўсти, туғишган опаси ва акасидек яқин эканини англаш керак. Демак, бу муаммони бартараф этиш барчамизнинг бурчимиз. Мамлакатимизда олиб борилаётган камбағалликка қарши курашиш сиёсати дунё ҳамжамиятини ҳам ташвишга солиб турган камбағаллик муаммосини бартараф этишда муҳим ижтимоий аҳамиятга эгадир.

Суҳбатимиз якунланай деб турган бир паллада Икромхон аканинг қўл телефони жиринглаб қолди. Сайловчилар билан учрашув вақти яқинлашганини айтишди…

“Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими мутахассиси Шермуҳаммад Тўраевнинг маълум қилишича, Икромхон Нажмиддинов Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида қонунлар қабул қилиш жараёнларида ҳам, сиёсат жабҳасида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Унинг номзоди вилоят кенгаши депутатлигига қўйилган бўлиб, ҳозир сайловолди учрашувлари ҳам якуний паллага кирди.

Оммавий ахборот воситаларига хайрихоҳ ва журналистларнинг садоқатли ҳамкори, адабиётчилар орасида ҳам катта обрў-эътиборга эга Икромхон Нажмиддиновнинг хайрли ва эзгулик амалларига Яратганнинг ўзи барака берсин!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − eleven =