Ҳазрати инсон ибрати
Таниқли адиб, машҳур журналист Хуршид ДЎСТМУҲАММАД ҳақида мухтасар сўз
Инсонни Яратганнинг ўзи гўзал шаклу шамойилда мукаммал ҳилқат қилиб яратган. Олиму уламолар, фозилу фузалолар эса ўқиб ўрганиб, илму маърифатга интилиб бахту саодатга эришган. Шу боис Ўзбекистон журналистикаси тараққиётида Хуршид Дўстмуҳаммад мактабини яратган устоз — Хуршид Дўстмуҳаммедов ҳақида қалб изҳорларимни ёзаётганим учун шукур дейман. Дили пок, қалби солим устоз ҳақида китоблар ёзилган. Гарчи шундай бўлса-да, журналистлик фаолиятимда ва ҳаётимда кўп меҳрибонликлар қилган инсон ҳақида икки оғиз айтмасам бўлмас.
Эр йигит учун она дуоси гўё боғ бўлиб ҳаётингизни неъматларга буркаса, ота дуоси тоғ бўлиб умр йўлларида сизни бало-қазолардан асрар экан. Бу ҳикмат ижобатини ҳаётимда кўриб яшаяпман. Раҳматли Кенжабой отам: “Ўғлим, бошимдан жуда кўп иссиқ-совуқ кунлар ўтди. Ҳар доим Аллоҳ менга яхши одамларни рўбарў қилди. Сенга ҳам шундай тақдир насиб қилсин”, деб дуо қилар эди. Ота дуоси мени Хуршид Дўстмуҳаммад ҳузурига олиб келган бўлса не ажаб?!
Ўшанда “Қишлоқ ҳаёти” газетасига Ўткир Раҳмат бош муҳаррирлик қилар эди. Мен эса таҳририятда бўлим муҳаррири — бўлим бошлиғи вазифасида ишлардим. Хуршид ака тез-тез Ҳабиб Темир билан шахмат ўйнагани таҳририятимизга келиб турарди. Шахматдан оз-моз хабарим борлиги учун томоша қилишга кириб турардим. Ҳабиб ака бош муҳарриримиз ўринбосари бўлса-да, Хуршид ака тарафида бўлардим. Шахмат кўпларни бирлаштириб турар экан. Иброҳим Ғафуров, Насриддин Муҳаммадиев каби катта ижодкорлар билан ҳам Ҳабиб Темирнинг кичкинагина хизмат хонасида танишганман. Орада Хуршид Дўстмуҳаммедов Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси этиб сайланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари бўлди.
Бир куни таҳририятдаги хонам эшигини тақиллатиб Хуршид ака кириб келди. “Сизни “Миллий тикланиш” газетасига муҳаррирликка таклиф қилиб келдим”, деди.
Ўша пайтга келиб партия нашри — “Миллий тикланиш” газетаси оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолганидан хабардор эдим. “Сиз учун катта маошим ва иссиқ ўрнимни ташлаб ўтаман, бир шартим бор, фақат бош муҳаррир бўлсамгина ўтаман у ишга”, дедим. “Ўзи бош муҳаррирликка таклиф қилиб келганман”, деди.
Эртаси куни Хуршид ака яна келиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасида партия раиси Иброҳим Ғафуров билан учраштирди. “Газетанинг учта сонига “нашр учун масъул” деб имзо қўясиз, кейин бош муҳаррир бўласиз”, дейишди. Рози бўлиб иш бошладим. Аввалдан Хуршид акани билардим, аммо партия нашрида ишлаб, у кишидан катта сабоқ олдим. Газета ходимлари икки йил ойлик маошини, беш йиллик қалам ҳақини олишмаган экан. Бир ойда ҳамма қарзларни уздик. Газета мунтазам чиқа бошлади… Мақтанишга ўтмасин, аммо мен саксонинчи йилларнинг охиридаёқ Ўзбекистонда чиқадиган газеталарга рекламани олиб кирган журналистлардан бири эдим. Реклама ва тижорат мақолалари орқали “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Адолат” каби газеталар иқтисодиётини кўтаришдаги катта тажрибам бу ерда ҳам қўл келди.
Хуллас, Хуршид аканинг ишончини оқладим, уялтириб қўймадим. Олий Мажлисда ҳафтада бир марта партия фракцияси йиғилиши бўларди. Газета хусусида гап кетса, Иброҳим Ғафуров: “Дилмуродни бизга худо етказди” деб кўнглимни кўтарарди. “Миллий тикланиш” саҳифаларини илму маърифат, маънавият чашмалари билан бойитиш, аждодларимиздан қолган миллий қадриятларга хиёнат қилмай авлодларга етказиш, ёшларни она Ватанга садоқат руҳида камол топтириш учун ҳаракат қилганмиз. Устоз муаллимлар, олиму зиёлилар, соҳиби қаламлар, ҳофизу мусаввирларнинг сермашаққат хизматларига холисанлилло баҳо бериш мақсадида қалам тебратганимдан бағоят шукур қиламан, ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Англаб етдимки, устоз деб Хуршид аканинг этагидан тутиб тўғри қилган эканман. Партия пиллапояларида замона алломалари Иброҳим Ғафуров, Ўткир Ҳошимов, Қаландар Абдураҳмонов каби бир қанча забардаст ижодкор ва олимлар билан маслакдош бўлдим. Улар билан давраларда бирга ўтирдик, сафарларга чиқдик, сайловларда қатнашдик. “Миллий тикланиш” партиямизнинг қувончли кунларида бирга байрамлар қилиб қувондик. Маслакдош партиядошларимиз дардларига шерик бўлишни ҳам Хуршид акадан ўргандик. Хуршид Дўстмуҳаммедов партияга раис бўлганда “Миллий тикланиш”чилар аъзолари сони ҳам, газетамиз адади ҳам ортди.
Бир катта йиғинда Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунослар дарғаси шундай лутф қилганди: “Хуршид ўз номига монанд қуёш каби нур сочиб ҳаммага нафи тегадиган адиб”.
Иброҳим Ғафуров билан Хуршид Дўстмуҳаммад ораларидаги ижодий ва дўстона муносабатларнинг ўзи бутун бошли китоб саҳифаларига сиғмайди. Улар бор жойда илм бор, маърифат бор, ҳикмат булоғи бор. Тақдирнинг менга берган неъматига беадад шукурки, Ватанига, миллатига, адабиётига жон фидо қилган фозил инсонлар даврасидаман. Бундай кунларга етганлар бор, етмаганлар бор.
Бир неча йил аввал болажонларимизнинг севимли шоири Турсунбой Адашбоевнинг хотира кечаларини ўтказиш муносабати билан Аҳмаджон Мелибоев, Ғайрат Мажид, Зуҳриддин Исомиддинов, Анвар Обиджон, Эркин Малик ва бошқа ижодкорлар билан Ўш шаҳрига боргандик. Тадбир давомида Турсунбой аканинг қадрдони шайх Аловиддин Мансур билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлдим. Ўшанда раҳматли Аловиддин Мансур Хуршид Дўсмуҳаммад билан илм йўлидаги савобли ҳамкорлигини шундай эслаб: “Мўминларни ҳақ йўлига хидоят қилувчи илоҳий нур — Қуръони каримни ўзбек тилига таржима қилишда Хуршид Дўстмуҳаммад, Анвар қори Турсунов, журнал саҳифаларида чоп этилишида эса Ўткир Ҳошимовнинг хизматларини эътироф этиб, уларни алломалар деб таъриф берганди. Яна бир гувоҳи бўлганим Анвар қори Турсунов ҳам Хуршид Дўстмуҳаммадни устоз деб биларди. Анвар қори Турсунов (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин, ҳазрат Анвар қорини, бугун у зот орамизда йўқ) Хуршид ака иштирок этаётган маърака-издиҳомларда амри маъруф қилишдан олдин ундан изн сўраб, кейин сўз бошлар эди.
Хуршид ака билан қачон кўришсак, мендан: “Шуҳратжон яхшими?” деб сўрайди. Устоз ҳақида мақола ёзаётганимни билгач, Шуҳрат Жабборов хурсанд бўлиб бир варақ қоғозга ушбу дил сўзларини ёзиб берди: “Хуршид Дўстмуҳаммад мактабининг ўқувчиси бўлгим келади. Унинг Ўзбекистон журналистикасида ўз мактаби бор. Борни бор, йўқни йўқ дея олишга қодир бўлган кам сонли муҳаррирлардан бири. Юзи қанчалик нурли бўлса, сўзи шунчалик ҳузурли. Бир инсонда шунчалар кўп одамийлик хислатларининг жамланиши — Яратганнинг ноёб ҳодисаси”.
Устозимизнинг яна бир фазилати — бошингга иш тушганида қўлини узата олишидир. Ҳаёт йўлларида отинг қоқилганида, ҳамма ҳам елкасини тутавермас экан. Мен ҳам хом сут эмган бандаларнинг бириман. Ҳаёт йўлларида билиб-билмай қадам босганим бор. Шундай пайтда кўплаб ҳамкасб дўстларимиз юз буриб кетганида ҳам Хуршид Дўстмуҳаммад дўст бўлиб қолаверган.
Ҳақиқатан, устознинг фавқулодда мард ва жасурлигига кўп гувоҳ бўлганман. Ўзбекистон Республикаси “Миллий тикланиш” партияси Марказий кенгаши раиси сифатида номзоди Республика Олий Мажлиси депутатлигига Сирдарё вилоятидан қўйилганида камина ҳам унинг ишончли вакиллари қаторида учрашувларда иштирок этганман. Сайловолди учрашувлари кетаётган кунлари қўнғироқ қилиб қолди. “Нозик меҳмонларим бор, эртага Сирдарёга учрашувга олиб бориб кела оласизми? Бензини мендан”, деб илтимос қилди. Камтарликни қаранг, агар ихтиёр этса, ўнта машина тайёр турадиган даври келган замонда ҳам, ҳатто шогирдларига иш буюришга истиҳола қиладиган биринчи раҳбарлар жуда кам учрайди.
Тонг саҳарлаб субҳидам чоғи Хуршид ака билан аввал Усмон Азимнинг уйига бориб у кишини олдик, кейин Космонавтлар майдони яқинидан Ҳалима опа Худойбердиевани олиб, Сирдарёга жўнадик. Ўшанда Ҳалима опа юрт катталари “қаҳри”га учраб, еру кўкка сиғмай, бошида қора булутлар кезиб юрган қалтис пайтлар эди. Раҳматли Ҳалима опа Боёвут тумани ва Янгиер шаҳридаги сайловчилар ҳузурида шеърлар ўқиганди. У даврлар бошқача эди. Бир имо-ишора билан партиялар тугатилиб, газеталар ёпилиб кетиши ҳам ҳеч гап эмасди. Хуршид ака Ҳалима опани учрашувга олиб бормаса ҳам депутатликка ўтиши мумкин эди. Бироқ, адолат ва ҳақиқат куйчиси бўлган шоирамиз ёлғизланиб қолганида, унга меҳр қўлини узатиб, шеърхонлар даврасига олиб боришдек савоб ишни Хуршид Дўстмуҳаммад қила олган эди.
Таниқли олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зуҳриддин Исомиддинов Хуршид Дўстмуҳаммад “Hurriyat” газетасида бош муҳаррир бўлган пайтдаги воқеани шундай эслайди: “Бундан йигирма беш йил аввал олий ўқув юртларига кириш тест саволлари шошилинч, пала-партиш тузилганлиги ҳақида танқидий мақола тайёрладим.
“Тест саволлари: уч танқидий мулоҳаза” деган сарлавҳа билан мақолам босилиб чиқди. Мақола нашр этилганига хурсанд бўлиб юрсам, “Ҳуррият”нинг кейинги сонида биринчи саҳифада менинг фикрларимга қарши “Билмаганини сўраб ўрганган олим” сарлавҳали фельетон чиқди. Фельетонни ўқиб эсанкираб қолдим. Ноҳақ ёзилган фельетонга жавобан “Сўзки ҳақ бўлса” сарлавҳали мақола ёздим. Бу сафар жиддийроқ ўрганиб, кўпроқ фактларни топдим. Мақолани кўтариб бош муҳаррир Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ҳузурига бордим. Фельетон юқоридан топшириқ билан ёзилганлиги маълум бўлди. Энди бу “баҳс”ни тўхтатмасак бўлмайди, деди у. Хуршид акага илтимос қилиб: “Ёзганим газетада босилмаса ҳам ўзингиз бир ўқинг, ҳеч бўлмаса, бир киши ҳақ эканимни билсин”, деб мақолани қолдирдим. Орадан бир ҳафта ўтиб, иккинчи мақолам ҳам “Hurriyat”да босилганини кўриб, қойил қолган эдим. Хуршид Дўстмуҳаммад ҳақиқат йўлида ўз манфаатини кейинги ўринга қўядиган, мард ва қўрқмас, адолатпарвар муҳаррир эканига амин бўлгандим”.
Шоир Муҳаммад Сиддиқ эса шундай ёзади: “2003-2004 йиллари “Миллий тикланиш” газетасида ишлаганман. Ўша пайтда газетага масъул раҳбар Дилмурод Қирғизбоев мени, Гулбаҳор Ортиқхўжаева, Зумрад Ваҳобовани Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турмасак-да, ишга қабул қилиб, газетачилик сир-асрорини ўргатган. Бугунги ёшлар балки билмас, ишонмас, ахир яқин-яқингача Тошкентда доимий пропискаси бўлмаган юртдошларимиз деярли “жиноятчи” ҳисобланар, ишга олинмас, ишлаётганлар бўлса, минг хавотир билан яшар эдилар. Ҳатто ана шу прописка туфайли қанча кишилар ишдан бўшатиб юборилар эди. Хуршид Дўстмуҳаммад партия раҳбарларидан бири бўлгани боис газета босиладиган кунлари таҳририятга келиб, саҳифадаги материалларни кўздан кечириб берарди. Пойтахтда доимий рўйхатдан ўтказиш мен учун деярли имконсиз эди. Энди қишлоққа қайтиб кетаман, шекилли, деб юрган кунларимда Хуршид Дўстмуҳаммад: “Нима муаммоингиз бор?” деб сўраб қолди. Дилимдагини айтдим. Доимий рўйхатга қўйиш масаласида Тошкент шаҳар ҳокими номига хат ёзиб берди. Орадан бир ҳафта ўтиб, шаҳар ҳокимиятидан қўнғироқ қилишиб, оила аъзоларим билан Тошкент шаҳрига доимий рўйхатдан ўтказиш бўйича махсус комиссиянинг қарори чиққанини айтишди.
Ўшанда мендан ҳам кўпроқ Хуршид ака хурсанд бўлганди.
“Бу ёрдамимизни хеч ким билмай қўяверсин”, деган эди”.
Биз устознинг ўзбек адабиётидаги ўрни, залворли, бадиий жиҳатдан ўткир ва ранг-баранг асарлари ёхуд илмий салоҳияти тўғрисида ёзмадик. Фақат одамийлик хислатлари хусусида бир шингил сўз айтмоқчи бўлдик, холос. Чунки бу борада катта-кичик адабиётшунослар, машҳур олимлар томонидан кўп бора ёзилган, эътироф этилган. Менинг бўлса, Устознинг улуғ шахс, бугунимизнинг ҳақиқий жадидчиси эканлигидан қалбим фахр-ифтихорга тўлади, шундай улуғ қалб соҳиби, эл сув ичган дарёлардек инсон билан замондош эканлигимдан фахрланаман. Зеро, Хуршид Дўстмуҳаммад кўп марта таъкидлаб айтганидек, тинчлик-омонликда, фаровонликда яшаш катта саодатдир.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.