Шоирлик шукронаси

Газета ва журналистика менинг тақдирим ва келажак ҳаёт йўлимни белгилаб берган, десам, муболаға бўлмайди. Лекин бу таъриф ниҳоятда камдек туюлади. Сабаби, газетада ишлаш ёш ижодкор учун, ҳақиқатан ҳам, завқу шавқ маскани, ҳаётни ўрганиш ва ҳақиқий маҳорат мактаби эди.

Ўша йиллар Эрнест Хемингуэйнинг “Алвидо, қурол!” романи уста мутаржим Иброҳим Ғафуров таржимасида кенг китобхонлар, жумладан, ёшлар ўртасида ҳам қўлма-қўл мутолаа қилинарди. Нобель мукофоти соҳиби бўлмиш оламшумул адибнинг: “Оддий хабарни эплаб ёза билган ижодкор, шак-шубҳасиз, йирик романни ҳам уддалай олади”, — деган ҳикматли сўзи ўспирин мухбир сифатида менинг ҳам юрагимдан жой олган эди. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)дан кейин ҳаёт дорулфунунида устозлар тимсолида — тирик китоблардан кўпроқ ўрганиб, ибрат олганман, десам, эҳтимол, бугунги ўқувчи учун қизиқ туюлар.

Ҳаваскорлик паллаларимда Ўткир исмли кўп инсонларга дуч келганман.

Авваламбор, ТошДУни битириб, анча-мунча сарсонликлардан сўнг Шукур аканинг тавсияси билан “Тошкент оқшоми”га ишга кирганимда — ўша пайтда “Баҳор қайтмайди” қиссаси билан довруқ қозониб, шов-шувларга сабаб бўлган таниқли адиб Ўткир Ҳошимовни кўрган пайтим бошдан кечирган ҳаяжонларим ҳамон эсимда. Газетанинг “Ахборот” бўлими мудири, “ахборот қироли” лақаби билан машҳур Абдулла ака Пўлатов Ўткир акага мени таништирар экан, у кишининг: “Э-э, Шукуржон айтган шоир йигит сиз бўласизми?” дея лутф билан хайрихоҳлик билдирганидан роса хурсанд бўлганман. Машҳурлиги боис унча-мунча одам юрак ютиб яқинлаша олмайдиган катта ёзувчидан бундай илиқ гапни эшитиш ҳали илк китоби чиқмаган ҳаваскор ўсмир учун нақадар кутилмаган бахт ва эътироф эди.

Ўткирлардан яна бири — таҳририят йўлагидан товуш чиқармай, мулойимгина кириб келадиган, эл орасида машҳур қўшиқнавис шоир Ўткир ака — Ўткир Рашид эдики, биз у кишининг бир-иккита янги таронасини “оқшом”нинг шанба саҳифасидаги “Кекса кўнгил мавжлари” рукни остида бир неча марта чоп этганмиз…

Қанча сувлар оқиб ўтди. Неча-неча сохта таълимотлар-у мустабид тузумлар заволга юз тутди.

Не бахтки, она Ўзбекистонимиз истиқлолга эришди.

Бироқ истиқлолга эришишнинг ўзигина бўлмас экан.

Мана бугун англамоқдамизки, Ватан ўз-ўзидан Ватан бўлиб дунёга довруқ таратмоғи учун ўзининг мард ва матонатли Йўлбошчисига эга бўлмоғи керак экан. Раҳматли онам айтар эдилар: “Кемага эга керак, Эга бўлмаса, нега керак?!”

Зукко ўқувчи илғаган бўлса керакки, гурунгимиз мароми бугунги кунга кўчаётир.

Бадиий сўз, ижод ёки ижодкорга таъриф берилганда, “қалами ўткир”, “сўзи ўткир” деган иборалар тилга олинади. Гапни кўп узоқдан бошлаганимизнинг боиси — шунча йиллар давомида ўз қиёфаси ва овозига, ижтимоий вазифасига ҳам содиқ қолиб, беминнат ва иддаосиз ижод қилиб келаётган шоир акамиз Ўткир Раҳматнинг сўзи ўткир, қалами ўткир эканини эътироф этмоқдир. Барча мавқе ва мақомларда ҳам ўзининг камтарин ва самимий хислатларини бирдек сақлаб келаётган инсон ҳақида унинг ёзганларидан орттириб гапириш қийин.

 

Кўнглимга қўл солиб кўрмоқ осонмас,

Унинг олови бор, кескир тиғи бор.

Алдову ёлғонга ҳеч қачон кўнмас,

Меҳрга ташнадир, муҳаббатга зор.

 

Ўз виждонига қулоқ солиб, қалб амри билан яшамоқ бу дунёда осон эмас. Юқорида келтирилган сатрларда ижодкорнинг масъулияти ва эътиқоди яққол кўриниб турибди. Ўткир ака устозларининг ҳурмат ва эҳтиромини ҳамиша баланд тутиб келган.

Устозимиз Абдулла Орипов Ўткир Раҳматни ўз туғишганидек яхши кўрар ва иззатини жойига қўяр эди. Сохта мулозамат қилмасдан, керак пайтда телефонда “Ўткир Раҳматови-и-и-ч!..” дея унли товушларни меҳр товушларига айлантириб, суҳбатга чорлар ёки бирор юмуши бўлса, иложи борича беозоргина илтимос қилар эди.

Абдулла ака бир самимий суҳбатдошга зор бўлган кунларга биргаликда гувоҳ бўлганмиз. Ўшандай мушкул лаҳзаларда “Бир оғиз ширин сўз нондек арзанда” (Ғафур Ғулом ибораси) дейилганидек, катта устозимиз дили хуфтон бўлиб, бир ҳамдард излаб қолар, чорасиз изтиробларини қоғозга тўкар, бу усул ҳам юпатмаса, ўзига яқин кишиларга қўнғироқ қила бошларди. Ўша ҳолатларда Абдулла ака билан кўп ва беминнат мулоқот қилган, Ёзувчилар уюшмасига, Дўрмонга бориб хабар олиб турган ука-шогирдларидан бири Ўткир Раҳмат бўлган.

Донишманд устознинг ўзи жўяли эътироф этгандай: “Қитмир йўлдошларимнинг феълидан роса тўйиб, Укам қаторилардан самимиятни топдим”.

“Қишлоқ ҳаёти”ми ёки унинг иловаси “Ҳаёт” ҳафталигими, “Халқ сўзи” газетасими — Ўткир ака муҳаррирлик қилган нашрларда устозимизнинг телеэкранларда маълум ва номаълум сабабларга кўра берилмаган, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам бир баҳонаи сабаб билан босилмаётган шеърлари ёки мақолалари иложи борича хайрихоҳлик билан эълон қилинарди. Бу меҳрдан устоз астойдил қувнаб кетар, ёшлик йиллари: “Бугун шеъри чиққан шоирдай дунё, Жилмайиб қўяди барчага масрур”, — дея ўзи лутф қилган янглиғ ёш боладек хурсанд бўларди.

Ўткир аканинг матбуотда эълон қилинган, замину замоннинг огоҳлик бонги янглиғ янграган “Мангу овоз” номли янги достонида, жумладан, устозлар овози ҳам назарда тутилганки, бу ўлмас садолар одам болаларини яхшилик ва тўғриликка чорлаб тураверади:

 

Демакки, ҳақ овоз дилдаги баёт,

Унинг билан уйғун ҳаттоки тақдир.

Дунёда овозни бахтдир танимоқ,

Дунёда овозга айланмоқ бахтдир.

 

Абдулла ака, шогирди Ўткир ака ҳам бир-бирига ҳамроз-хайрихоҳ бўлганидек, ўз укаларини ҳам ҳар доим ғамхўрлик билан қўллаб-қувватлар, бу эътибор кўпроқ амалда намоён бўларди. Ўзимдан мисол келтирадиган бўлсам, “Менинг шоирлигим” номли маснавий йўлида битилган манзумани устоз Абдулла Ориповга ўқитганимда, у кишига маъқул бўлди-да, айни шу гурунг асносида устознинг кабинетига Ўткир ака худди келишилгандай кириб келди. Абдулла ака: “Ўткир Раҳматови-и-и-ч, сизга яхши шеър керакми, мана шуни газетангизга берсангиз, қарсиллаб кетади”, — дея масалани ҳал қилиб қўяқолди. Манзума “Ҳаёт” ҳафталигининг эртанги сонида биринчи бетида чиройли дизайн билан чоп этилди. Бундан ҳам энг қизиғи, манзуманинг босилгани ҳақидаги хушхабарни биринчи бўлиб, Абдулла аканинг ўзи бир дунё завқу шавқ билан менга етказди.

Ўткир аканинг “Халқ сўзи” газетасидаги бош муҳаррирлик фаолиятини унинг инсонийлик хислатлари, шоирлик бурчи, давр ва замон олдидаги масъулиятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ижтимоий вазифани кам-кўстсиз адо этиш, жавобгарликни англаш, уйқусиз кечалар, шоирлик изтироблари билан бир қаторда шогирдлар бахту камоли олдидаги саховатпешалик ҳам тириклик ҳаёти билан уйғунлашиб кетганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Оташнафас шоиримиз Абдували Қутбиддин Ўткир Раҳматнинг акаларча меҳри ва эътиборидан баҳраманд бўлгани, ўз навбатида Абдували ҳам газета ва ўзига билдирилган ишонч учун бир истеъдодли ижодкор сингари фидойилик билан заҳмат чекканини яхши биламиз. Минг афсуски, бетакрор шоир, садоқатли дўстимиз Абдували Қутбиддин айни камолот чоғида бу дунёни бевақт тарк этди. Аллоҳнинг иродаси билан рўй берган кутилмаган мусибатдан Ўткир ака туғишган биродаридай кўп изтироб чекди. Ўша кунлар кўришганимизда: “Газетамиз ҳам ҳувиллаб қолди!” дея кўзда ёш билан ўкингани ҳамон эсимизда. Ўткир Раҳматнинг шоир укасига бағишланган шеърида шундай сатрларни ўқиймиз:

 

Ёмғир, ёғавергин, енгил тортай мен,

Кўксимга қўнган дард ювилиб кетсин.

Йиғлаётган кўкмас — кўз ёшларим сен,

Майса қучиб ётган дўстимга етсин.

 

Ҳали ҳам чидам бор, тоқат елкадош,

Ичимни қақшатган қор ҳамон музлар.

Унга бугун тоғлар, чинор суҳбатдош,

Балки тонг-шом қадар тугамас сўзлар…

 

Яна бир иқтибос келтирадиган бўлсам, беҳаловат ва заҳматкаш ижодкор, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмоннинг “Бир жуфт сўз” китобига сидқидилдан матбуотда илиқ муносабат билдирган, унинг Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтказилган “Энг яхши шеърий таржима” халқаро танловида ғолиб чиқиб, Шандор Петёфи номидаги мукофотга сазовор бўлганини биринчилардан бўлиб қутлаган ҳам Ўткир ака бўлади.

Бу ҳолат арзимасдай туюлиши мумкин, лекин шогирдларга эътибор ва софдиллик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Ҳолбуки, биров арпасини хом ўргандай ҳўққайиб юргувчи дўсту ёрондан кўра, бир инсоний эътибор, “бир оғиз ширин сўз” бу ўринда ғоятда муҳим.

Буғдой пишиғи палласида ғалла ҳосилининг чўғи билингандай, сўз меҳнаткаши Ўткир аканинг йиллар давомида кўтарган хирмони ҳам анчайин баракали. Китобларининг ҳаммасини бир бошдан санайдиган бўлсак, саҳифаларга сиғмай кетади. Буғдой пишиғидай сўз ва шеърнинг ҳам дони бор, сомонлари бор. Китобхонлар ҳосил йиғиб олингандан кейин ҳам сўз экинзоридан бўлиқ бошоқлардай қадрли сатрларни териб юради. Шу боисдан “Соғинч”, “Шукрона”, “Эй, умри азиз”, “Ой тўлган оқшом” номли ўндан ортиқ шеърий тўпламлари ўқувчилар эътиборини қозонган.

Шоирнинг янги китобига киритилган “Тамаддун дарёси”, “Бирдамлик қўшиғи”, “Орол соғинчи”, “Ишонч” сингари баллада ва достонлари худди “Мангу овоз” каби бугунги энг долзарб ва умумбашарий мавзулар — нажот чинқириғидай инсон болаларини буюк хавф-хатардан огоҳлантиради, эзгуликка, жаҳолатга қарши илму маърифат билан курашга даъват этади.

“Мангу овоз” китобини ўқирканмиз, исми жисмига муносиб, дили билан тили бир муаллифнинг қамровни кенг ва муҳташам олганининг гувоҳи бўламиз. Китобдаги шеърларни тушунтириш шарт эмас — бу шеърлар ва достонларни ўқиш керак, уқиш керак ва англамоқ керак. Ватан қандай англанса, сўз ҳам шундай англанади. Инсон қандай тушунилса, шеър ҳам шундай тушунилади. Умрнинг ҳам, хирмоннинг ҳам баракасини берсин.

Модомики, гап шукроналик ҳақида экан, сўзимизни азиз устозимиз Абдулла Ориповнинг гўзал шеърларидан бири “Шукроналик” билан якунламоқни лозим топдик. Шу муборак кунларда устознинг ҳам руҳи шод бўлгай, иншооллоҳ!..

 

Шукрона айт аввал парча нон учун,

Сўнг қултум сув учун шукрона такрор.

Чунки бу дунёда, яширмоқ нечун,

Сенга шуларни ҳам кўп кўрганлар бор.

 

Буюклар бахтига ҳавас қил, аммо

Инсонлигинг учун шукр айтгил зинҳор.

Чунки бу оламда сен учун ҳатто

Оддий одамликни кўп кўрганлар бор.

 

Сирожиддин САЙЙИД,

Ўзбекистон халқ шоири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =