Таржима санъати: Ўзбек китобхони қандай асарларни кутмоқда?

XXI аср китобхонлари ҳам мутолаа завқидан бебаҳра эмас, албатта. Кутубхонада, кўчада, автобус-метрода, хиёбонларда китоб ўқиётган инсонларни кўриб ҳавасим ортади. Интернет шу қадар ривожланган замонда ҳам китоб ўз ўрнини йўқотмаётганига ичимдан қувонаман. Лекин бу “асарлар”нинг кўпи фақатгина “цитата” учун ёзилган китоблардек. Одамлар бу китобларнинг номи ва муқоваси жимжимадорлиги ва интернетга ушбу китоб расм билан фото жойлаш учун сотиб олаётгандек гўё…

Мен ҳам бир замонлар ҳавас билан “Баъзилар олисдан севарлар”ни ўқигандим. Лекин ундан қандай маънавий озуқа олганимни ҳалигача билмайман. Тўғри, қайсидир маънода бу китоблар ҳам инсон онгига илиқлик, яъни нафис ўхшатишлар орқали ҳисларига таъсир этиши мумкиндир. Лекин бу адабиётнинг асл кўринишининг юздан бирини ҳам ифода этишга арзимайди-ку. Бу каби китоблар савдоси ривожланишида, албатта, маркетингнинг ўрни жуда катта. Инсонни сотиб олишга мажбур қилувчи рекламалар орқали китоб дўконлари пештахталари шундай китоблар билан тўлиб кетган. Хусусий нашриётлар ҳам фақатгина пул учун қайта-қайта мағзи пуч асарларни таржима қилишмоқда.

Савияли таржималар ҳам йўқ эмас, албатта. Мисол учун, биргина Озод Шарафиддинов таржималари орқали ўзбек китобхонлари жаҳон адабиётининг машҳур асарларидан ҳалигача баҳраманд бўлишмоқда. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, Озод Шарафиддиновнинг биринчи таржималари 1955 йилда қилинган. 1955 йилдан то 2005 йилгача адабиётшунос 150 га яқин асарни таржима қилган экан. 1955 йилдан то 1998 йилгача — 35 та, 1998-2005 йилгача – 120 га яқин асар таржима қилинган. Аниқроқ айтсак, охирги 7 йил ичида у 120 га яқин асарни ўзбек тилига ўгирган. Бу рақам Гиннеснинг рекордлар китобига кирадиган ҳодиса десак, муболаға бўлмайди. Табиийки, шунча асарни қисқа вақт ичида таржима қилиш осон иш эмас. Яна бу асарлар шунчаки “Мен севаман, сен севасанмууу” қабилидаги асарлар эмас, балки жаҳонга машҳур романлар, қиссалар, ҳикоялар, саргузашт-фантастик асарлар, эсселар, адабий-танқидий мақолалар, фалсафий изланишлар, шу билан бирга, машҳур адиблар, файласуфлар, давлат арбобларининг маърузалари, китоблари, ҳикматли сўзлар, турли халқларнинг латифалари ҳам бор. Киносценарийлар таржимаси эса олим ижодида алоҳида бир мавзу…

Устоз Озод Шарофиддинов таржима учун асар танлашда ҳам холис, талабчан ва ниҳоятда мустақил бўлганлар. Масалан, Аҳмад Аббоснинг “Ҳиндистон фарзанди”, Э.Казакевичнинг “Кўк дафтар”, В.Катаевнинг “Девордаги кичкина темир эшик”, “Ичакузар ҳангомалар”, А.Рибаковнинг “Арбат болалари”, Генлиннинг “Сталин ва Булгаков”, Л.Толстойнинг “Иқрорнома”си, Эфраим Савеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”, Афлотун, В.Белинский, Н.Добролюбов, Ларошфуко, Ж.Ж.Руссо, О.Уайлд, Хосе Ортега, З.Фрейд, Франсуаза Саган, Ҳерман Вамбери ҳикматли сўзлари, иборалари, “Шахмат ҳангомалари”, В.Биков, П.Коело, Ж.Голсуорси, Кобо Абе, Ҳерман Ҳессе, Н.В.Гогол, З.Бзежинский, Ю.Борген, В.Войнович, А.Моруа кабиларнинг турли асарлари ва бошқалар.

Албатта, гап рўйхатда ҳам эмас, таржимонлик маҳоратида. Олимнинг тилимизга илк таржима қилган асари В.Белинскийнинг “Танқид ҳақида нутқ” (1955) эди. Ўша даврда, олим энди адабиётга кириб келаётган даврда, Белинскийнинг танқид ҳақидаги мулоҳазалари, ноёб гаплари унга жуда яқин бўлган. Шу туфайли Белинскийнинг асарини ўзбек танқидчилигига олиб киришга аҳд қилган. У қайта қуриш пайтида машҳур “Арбат болалари”ни (1988) ўзбек тилига таржима қилди. Бу асарда қайта қуриш даврида биринчилардан бўлиб Сталин шахсига сиғиниш муаммоси кўтарилган эди. Озод Шарафиддинов машҳур рус ёзувчиси Н.Гоголнинг “Ал-Маъмун” (“Жаҳон адабиёти”, 2003, 2-сон) эссесини ҳам она тилимизга ўгирган. Мазкур эссе 1834 йилда Санкт-Петербург университетида маъруза ҳолида ўқилган экан ва маърузани тинглаш учун В.Жуковский ва А.С.Пушкинлар ҳам таклиф қилинган.

Озод Шарафиддинов учун таржима, худди Чўлпон каби, ўзбек халқини бошқа халқларга яқинлаштиргувчи муҳим восита бўлган. Таржима туфайли ўзбек халқининг бошқа халқлар орттирган маданий мерос билан бойитган.

“Арбат болалари”, “Иқрорнома”, Игор Буничнинг “Партия олтинлари”, “Алким­ёгар”, “Бешинчи тоғ”, “Дориан Грейнинг портрети”, Э.Савеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан”, “Шахмат ҳангомалари”, Герберт Р.Лотманнинг “Ротшилдлар — банкир қироллари”, Збигнев Бзежинскийнинг “Буюк шахмат тахтаси”, В.Войновичнинг “Монументал тарғибот” каби таржималар ўзбекларнинг маданий ҳаётида катта воқеа бўлган.

Фикримизнинг исботини бекорга биргина Озод Шарафиддинов таржима фаолияти билан келтирмадик. Бир таржимон ўз фаолияти давомида адабиётимизга, тафаккуримизга олтинга тенг бойликларни олиб келди. У яратган таржима асарлари орқали машҳур ёзувчилар билан асарлари орқали суҳбатлашиш имконини яратди.

Бугунги кунда ҳам турли лойиҳалар доирасида машҳур асарлар таржима қилинмоқда. Мисол учун, “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси доирасида 2024 йилда бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди. Дастлабки босқичда 50 та илмий-оммабоп китоб ўзбек тилига таржима қилинган. Бу жараёнда иқтисодиёт, сиёсатшунослик, табиий фанлар, экология ва сунъий интеллект каби соҳаларда 30 дан ортиқ эксперт-мутахассис, 40 дан зиёд таржимон, 30 га яқин муҳаррир, шунингдек, мусаҳҳиҳ ва дизайнерлар иштирок этди. 2025 йилда ушбу лойиҳа доирасида нафақат илмий-оммабоп, балки бадиий асарлар ва болалар китобларини ҳам таржима қилиш кўзда тутилган.

Лекин нафақат ташкилотлар, балки ҳар бир таржимон вазифасига сидқидилдан ёндaшиб, келажагимиз учун дунё адабиётининг энг сара, дурдона асарлари таржима қилинишини истардик. Чунки адабиётга энди қадам қўяётган ёшлар унинг моҳиятини енгил-елпи асарлар билан танишмасин. Маънавиятни, маърифатни адабиётдан, китоблардан олсин!

Дилдора ДЎСМАТОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 1 =