Босма китоблар яна қанча яшайди?

Аудиокитобларни эшитиш – босма китобларни ўқишдан кўра қулайроқми? Кимдир транспортда, яна кимдир спорт билан шуғулланаётганда ёки уй ишларини қилаётганда …қулоқчин тақиб олганча севимли асарларини эшитади. Тўғри, ҳамма қулайлик тарафдори. Бироқ шу ўринда савол туғилади: аудиокитоблар босма китобларни бозордан сиқиб чиқарадими?
Статистик маълумотларга кўра, аудиокитоблар бозори, айниқса, сўнгги беш йилда ҳар йили 10-15 фоизга ўсиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, 2023 йили АҚШда аудиокитоб савдоси 1,8 миллиард долларни ташкил қилган. Бу, айниқса, ёшлар орасида машҳур бўлиб, эндиликда катталар ҳам кунлик ишлари орасида китоб тинглашни одатга айлантирган.
Лекин шундай бўлса-да, қоғозда чоп этилган китобларга бўлган қизиқиш ҳамон юқори. Мисол учун, Европа ва Осиёнинг баъзи мамлакатларида босма китоб савдоси ҳануз ўсишда давом этмоқда. Китоб дўконлари ва кутубхоналар ўзгаришсиз – гавжум. Нашриётлар янги босма китобларни чиқаришни тўхтатгани йўқ. Варақларни ҳидлаш, саҳифаларни титкилаш туйғуси уларни ҳали тарк этганича йўқ.
Умуман олганда, аудиокитоб ва босма китобларнинг ҳар бири ўз афзалликларига эга. Аудиокитоблар ҳаракатдаги одамлар учун идеал ва қулай бўлса, босма китоблар сокин ўқиш ва чуқур мулоҳаза қилиш учун мос. Тадқиқотларга кўра, матнни кўз билан ўқиш эшитишга қараганда ахборотни яхшироқ ёдда сақлашга ёрдам беради. Шу билан бирга, аудиокитоблар йўлда вақтни мазмунли ўтказиш учун ажойиб вариант.
Хўш, энди айтмоқчи бўлган гапимизга қайтсак: секин-аста босма китоблар йўқолиб кетадими? Бизнингча, йўқ. Иккала формат ҳам ўз аудиториясини топади ва бир-бирини тўлдиради. Технология, илм-фан ривожланиши билан китоб ўқиш шакли ҳам бирмунча ўзгариши мумкин, лекин унинг қиймати ўзгармайди. Босма китоблар яшайверади. Аудиокитобларни эшитиш ва босма китобларни ўқиш орасидаги танлов эса сизу бизнинг ҳаёт тарзимиз ва одатларимизга боғлиқ. Сиз-чи, азиз муштарий, бу борада сиз қайси томондасиз?
Севинч АҲМАДЖОНОВА,
ЎзЖОКУ 2-курс талабаси.