Қўлингиз дард кўрмасин!

Ойим вақтли туриб, кўча эшигини очишга чоғланади. Дарахтлар тагини супуришга тушади. Ернинг юзини “очган”нинг бахти очилади деб бот-бот таъкидлайди. Опам боғчада тарбияланаётган кезлари қўлига супурги тутқазиб, фаришталар ҳам покизаликни хуш кўради, дея ҳовли қандай супурилишини ўргатганди.

Онамнинг супургиси қандай тайёрланиши тўғрисида ёзишни ният қилгандим.

Учбўлак маҳалласи Хўқанди латифга ёндош — Ўзбекистон тумани таркибига кирувчи маҳаллалардан бири. Чор-атрофдан Шўрқишлоқ, Оқмачит қишлоқлари билан ўралган. Аҳолиси 1630 нафарни ташкил этиб, асосан, супурги тайёрлаш, деҳқончилик, чорвачилик билан шуғулланади, рўзғорини тебратади. Мавжуд 343 та хонадоннинг томорқа майдони 22 гектардан зиёдни ташкил этади.

Супурги тайёрлайдиган инсонларда сира тиним бўлмайди. Дастлаб ўсимликни етиштириш учун кўкламда ер ҳозирланади, ишлов берилади. Уруғликка олиб қўйилган супурги донлари тупроқнинг ҳарорати 12-15 даража атрофида бўлганда экилади. Вақти-вақти билан суғориб турилади. Униб чиқиб, бўйи 5-10 сантиметрга етганида, сараланади. Ғуж-ғуж бўлиб ўсиб чиққанига андармон бўлиб, яхлитламасангиз, кузак маҳали “пичоққа илингулик жон” тополмайсиз. Нимжон, қилдай энли ҳосилни харидор суймайди. Бозорда сифатли, яхши етилган барваста супургига талаб катта!

Жазирама кунларда экинни тез-тез суғориб туриш фойдадан холи бўлмайди. Қуруқшаб қолган, ерга ташласанг буруқсиб кетадиган, чанг-тўзон кўтариладиган супургидан ёмони йўқ. Аллергик касалликларнинг ашаддий қўзғовчиси ҳам шу-да!

Ёздами, қаҳратондами, маҳалладагилар супурги тайёрлаш билан овора. Уни пўстлоғидан ажратиш, донини сидириб олиш, боғлаш бир киши билан битадиган иш эмас. Кўпчиликнинг иштироки билан четга экспорт қилинажак маҳсулотнинг тайёр бўлиши жадаллашади.

Албатта, ўртада воситачилар ҳам бор. Улар сиздан тайёр супургини сотиб олади ва чет элга жўнатади. Топиладиган даромад етиштирувчи учун ҳам, сотиб олувчилар учун ҳам чаккимас. Шу боисдан ҳам маҳалламизни “ўзига тўқ” дея таърифлашади.

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир, деганларидек, Тошкентда супургифурушларнинг бозори чаққон экан.

Ҳар тўкисда бир айб, деганларидек, уни экин сифатида етиштирувчи, маҳсулот даражасига олиб чиққунга қадар тер тўкувчиларнинг сиҳат-саломатлиги борасида ижобий фикр билдириш қийин. Кундек равшанки, тайёрлаш жараёни мураккаброқ кечади. Даромад олдида соғлиқ иккинчи даражали бўлиб қолади. Ундан чиқаётган чанг нафас йўллари, ўпка хасталикларига сабабчи бўлиши мумкин. Аллергик касалликларни-ку айтмаса ҳам бўлаверади. Қичишиш, қизариш, терига тошмалар тошиши шулар жумласидан.

Маҳаллада яшаётган ёш-у қари шунисига ҳам шукур, дейишади. Иши, юмуши бор, даромади бор. Шу кунларда уруғ экиш мавсуми бошланиб қетди. Онамнинг меҳнат қилиб толмаган қўллари дард кўрмасин!

Улуғбек ШАРОБИДДИНОВ,

ЎзЖОКУ 1-курс талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − two =