Баҳор келди, азизим!

Тоғлар бошига боқдим, оппоқ-оппоқ орзулар,

Осмонга қарагандим, мовий-мовий туйғулар,

Сойларда бахт товуши — қиқир-қиқир кулгулар,

Баҳор келди, азизим,

Баҳор келди, азизим!

 

Бахтим кулиб менинг ҳам бир жуфт қора кўз топдим,

Қаро кўзлар қаъридан ойдин-ойдин сўз топдим,

Гаҳи кимхоб топдим ман, гаҳи парча бўз топдим,

Баҳор келди, азизим,

Баҳор келди, азизим!

 

Томирларда гупуриб алвон-алвон гул оқди,

Ой ойдин юздан боқди, кун кундай кўздан боқди,

Буғдойзор адирларим ям-яшил гулхан ёқди,

Баҳор келди, азизим,

Баҳор келди, азизим!

 

Онажон, сумалакдек ризқу рўз — тансиқ сўзинг,

Отажон, бобоқуёш тафтидек иссиқ сўзинг,

Кўнглим, оламни тутсин гулларга ошиқ сўзинг,

Баҳор келди, азизим,

Баҳор келди, азизим!

 

Уйғониш айёмидан тан ичра жон ҳам янги,

Муҳаббат ва садоқат, ҳис-ҳаяжон ҳам янги,

Борлиқ-табиат янги, кўҳна жаҳон ҳам янги,

Баҳор келди, азизим,

Баҳор келди, азизим!

Ғайрат МАЖИД

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =