“Хизрни учратиб қолсам…”

(Шоир Шукур Қурбон билан суҳбат)
Бадиий ижод соҳасида қалам тебратаётган ёзувчи, шоир, умуман, шу соҳага дахлдорлик ҳисси билан яшаётган киши борки, адабиёт қўриқчиси, ҳимоячисига ўхшайди. Фақат бу ҳимояда қўлда қурол эмас, қалам, отилгани ўқ эмас, сўз бўлади. Бугунги ўзбек адабиётининг ана шундай жонкуяр, сўзни қадрловчи вакилларидан бири, сўзсиз, таниқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Шукур Қурбондир.
Устоз ижодкор билан адабиёт, сўз қудрати, бадиий ижод машаққатлари ва завқи борасида суҳбатлашдик.
— Шукур ака, маълумки, инсон ҳаётининг энг гўзал даври, бу — болалик. Бу даврда бир қадар эркин ва беғубор бўлади одам. Аввало, болалик хотираларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз?
— Кўпчиликка ўхшаб гапирадиган бўлсам, ҳаётимнинг энг гўзал даври, болалигимнинг бир қадар эркин ва беғуборлигини ўйласам, кичик бир шеърим ёдимга тушади.
Тупроқ кечиб, оёқяланг, бошяланг,
Соатга қарамай яшаган кунлар.
Қорадарё бўйи, кўкмак юлғунлар,
Сигир етаклаган бир тўда бола…
Сизга қайтмаслигим энди аёндир.
Қўшимча қилсам: болалар билан бирга дарё бўйига шох-шаббалардан капа қуриб, қуёшнинг ботиши-ю булутларнинг турли шакллардаги товланишларини, кўк юзида баркашдай балқиган ой, унинг дарёдаги сирли-таъсирли акси, бири қўйиб, бири чақнаб, мафтун этган юлдузларни томоша қилиб, кеч кирганини билмай, қоронғиликдан қўрқиб, йиғлаб уйга чопганларимиз; ота-оналаримиз, акаларимизнинг бизни қидириб, бўлари-бўлганлари ёдимга тушади. Кўпчиликка ўхшамай гапирсам, беш ўғил ва икки қизни улғайтирган ота-онамнинг биз — фарзандлари келажаги учун қайғуришлари бир томон бўлса, иккинчи томон — кичик ёшимдан уй-рўзғор юмушларига қарашиб, бозор бошида бўйнимни қисиб, қийналиб, эзилиб, хўрлигим келиб, онам ёпган нон-у, якка-ёлғиз сигиримизнинг сут, қатиғи, қаймоғи, сариёғини сотишим бўлган. Устига устак, бошланғич синфда ўқиётган кезларимдан то мактабни битиргунимча, бошқа мактабдошларим қатори, пахта яккаҳокимлигининг ҳукмронлиги бошимда қора қузғундай чарх урган. Юк машинаси кузовида қоплардаги юкларга ўхшаб ўтириб, азонлаб далаларга қатқалоққа, яганага, пахта теримига чиққанмиз. Ҳатто қаҳратон қиш кунлари уйда, сандал атрофида ўтириб, онамнинг эртаклари ва хўжалик берадиган арзимаган пул эвазига, совуқда очилмай қолган кўсакларни чувишимга тўғри келган. Ҳамма қатори, кунимиз қора нон-у зоғора нонга ҳам қолган. Лекин барибир имкон туғилди дегунча, қишлоқ кутубхонасига югурганман. У ердаги дунё халқлари эртаклари мени бутунлай бошқа — сеҳрли дунёга саёҳат қилдирган. Бошқа юмушлар билан андармон бўлганимда ҳам, йўл юрганимда ҳам эртаклар қаҳрамонлари билан бирга яшаганман, ҳатто бир куни тўхтаб турган юк машинасига бошимни уриб ёриб, уйга қонимни оқизиб келганман… Онам бошимдан нон ўгириб, садақа қилган. Ўша воқеадан кейин акаларим мени сал бўлмаса “жинни”га чиқариб қўйишган.
— Демак, бадиий ижодга ҳам ўша болалик чоғингиздан меҳр қўйган экансиз-да?
— Болалигим китоб ўқишдан ташқари, бошқа қишлоқдош кўпчилик тенгдошларим қатори, мени меҳнатга ўргатган.
Полиз экинлари экиш, гувала қуйиш, девор уриш, сувоқ қилиш, томга тупроқ солиш… Дадамнинг ишхонасида ота касби (сартарошлик)ни ҳам болаликда эгаллаганман. Сартарошхонада радиокарнай тўхтовсиз ишлаб турарди: касб ўргана туриб, ҳаво мавжларида янграган, жаҳон адабиёти намуналари асосида саҳналаштирилган радиоинценировкаларни қайта-қайта эшитиб, маза қилганман. Абдулла Қаҳҳор, Чингиз Айтматов, Эрнест Хемингуэй, Мар Байжиев, Хайриддин Салоҳ асарлари асосидаги радиоспектаклларнинг айрим саҳналари деярли ёд бўлиб кетган.
Шеър ёзишга болаликдан қизиқишимга она тили ва адабиёт дарсидан сабоқ берадиган устозим, Аслий тахаллуси билан шеър ёзиб турадиган қишлоқ шоири, республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи, раҳматли Акромжон Султонов сабабчи бўлган. Синфдошларим билан у инсондан сўраганмиз:
— Устоз, биз ҳам шеър ёзсак, сизга ўхшаб шоир бўлоламизми?
Устоз жавоб берганлар:
— Бўлмасам-чи! Ҳаммаларинг шоир бўлишларинг мумкин. Фақат кўп ўқиб, ўз устларингда кўп ишласаларинг, бас!
— Нима ҳақда шеър ёзсак бўлади, устоз?
— Ҳамма нарса ҳақида шеър ёзиш мумкин, фақат одамларга керакли, яхши гапларни ёзсаларинг бўлди!
Фақат устоз ўшанда, назаримда, иккита гапни унутганлар, “Худо хоҳласа ва иқтидорларинг бўлса!” демаганлар. Шунда ҳам, ўттизта синфдош — ҳаммамиз катта умумий дафтар тутиб, ўша кундан бошлаб шеър машқ қила бошлаганмиз. Республика болалар газетаси (ҳозирги “Тонг юлдузи”)га юборган шеъримга, кимсан, машҳур шоир Хайриддин Салоҳдан жавоб хати олганман ва бундан анча вақтгача ўзимга келолмай юрганман. Синфдошлардан учтамиз шоир бўлганмиз. Бири туманда, бири вилоятда қолди. Битта мен шеърият сирларини яхшироқ ўрганиш, таниқли шоир бўлиш учун ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетига ўқишга кирганман.
— Ижодкор кайфияти, унинг яшаш муҳити бевосита у ёзган асарларига кўчади. Узр, лекин кўча-кўйда сизни кузатган одам гўё бу дунёга бегонадек кетаётган дарвешона кишини кўради. Шеърларингизда ҳам жунунлик бор. Бу ҳолатда, ўзгача кайфиятда юришингиз сабаби нимада?
— Синглим, бу саволингиз билан мени хурсанд қилдингиз. Негаки, қадим-қадимдан баъзи одамлар шоирларни сиз айтгандай, жунун (дарвешроқ) деб билади. Кўҳна ҳикматларда айтилишича, инсонда ақл-фаросатдан бир томир, нодонликдан бир томир, ҳатто жинниликдан бир томир борлиги айтилади ва қўшимча қилинади: “…мабодо жиннилик қилса, унга жунун номини берма!” Қолаверса, Пушкин айтган: “Черт побери! Поэзия должна быть глуповатым!” Нега? Чунки ҳамма биладиган гаплар ҳамма биладиган тарзда ёзилса, қизиғи бўлмайди. Шоир эсда қоладиган, мушоҳада қиладиган даражага келтириб айтади. Дунё кўрган устозлардан бири дегандики, шоирларга шеърни фаришталар айтиб туради, у ёзади, ўчиради, яна ёзади, яна ўчиради, то фаришталарнинг гапларигина қолгунича ўчириб-ёзилса, асари умрбоқийлик касб этади, шеърхон қалбига битмас-туганмас ҳайрат бахш этади, деб. Бу гапга ишонгим келади. Негаки баъзи асарларимни ўзим ёзганимга баъзан ўзимнинг ҳам ақлим бовар қилмайди. Улар Маяковский таъбири билан айтганда, “номаълумликка саёҳат”лар бўлишади. Сиз айтган кайфиятда юришимга сабаб — мен ана шу “номаълумликларга саёҳатлар” гадосиман. Ёзганим, ёзаётганим, ёза олмаётганим — асарлар мени руҳан ўраб олишади ва то ёзиб битирмагунимча қўйиб юборишмайди, тинчитишмайди.
Бу дунёда эмин-эркин ижод қилиш учун эса, сиз айтгандай, шоирнинг яшаш муҳити, шароитининг аҳамияти беқиёс. Абдулла Қаҳҳор “Ёшлар билан суҳбат” китобида ёзади: “Мен олтмишга киргунимча адабиётга кириб-чиқиб кетганларнинг сони бор-у, саноғи йўқ. Кимдир илк асарлари муваффақиятидан шуҳрат касалига учрайди, кимдир ижодни қўйиб, амал-мансаб, унвон, мукофот олишга ўзини уради, кимдир шахсий ҳаётини изга сололмай хароб бўлади”. Мен, тақдир-насиб бўлиб, шахсий ҳаётини эллик ёшга киргунича “изга сололмаган”ларданман (“Мен сени эллик йил ахтарибман, ёр, Яна эллик йилда топсам, ажабмас!”). Энди очиқ айтаман: Биринчи аёлим ҳудуд нозири билан тил бириктириб, “Эримнинг ўртоқлари — ҳар хил шоирлар уйимизга келиб, шеър ўқишиб, маҳалла тинчини бузяпти. У — жинни!” деб руҳий хасталиклар касалхонасига қаматган. Яхшиям, бу гапдан устозим Озод Шарафиддинов вақтида хабар топиб, ўша пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, собиқ иттифоқ халқ депутати Сарвар Азимовни бу ишга аралаштириб, зудлик билан чиқариб олишган. Сарвар Олимжонович хастахона бош врачига қўнғироқ қилганлар: “Зудлик билан Шукур Қурбоновни у ердан озод қилинг, у жинни эмас, у бизнинг таниқли шоиримиз!” Ўшандан сал аввал ҳудуд нозири менга савол берганди:
— Хотинингиз айтяпти, сиз шеър ёзаркансиз-а?!
— Ҳа, шунақа, қўлимдан бошқа иш келмагани учун…
Синглим, саволингизга тўлиқ жавоб олдингизми, йўқми, билмайман, лекин инсон ўзи қилаётган ишга бутун борлиғи билан берилмас экан, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам рози қилолмайди. Юқорида биринчи аёлим ҳақида айтдим. Худога шукур, иккинчи турмушимдан ёлчиганман. Мени тушунади. Шу ўринда бир мисол келтираман: ярим кечаси Алишер Навоийнинг она тилимиз учун кураши ҳақидаги тарихий достоним устида ишлаётган кезларим (у асар “Шарқ юлдузи” журнали саҳифаларида эълон қилинган) турмуш ўртоғим чой кўтариб хонамга кириб келиб:
— Дадаси, чойингизни янгилаб келдим. Қолдириб кетсам, майлими? — деди. “Ўн бешинчи аср аёли йигирманчи аср аёлининг уст-бошини кийиб олибдими?” — деб ҳайрон бўлганман ва овоз чиқариб сўраганман ҳам:
— Нега бунақа кийимда юрибсиз?
Албатта, у ҳайрон бўлган:
— Кийимимга нима қипти?
Ана шундан кейин тушунганман — руҳан тарихий воқеалар ичига кириб, мавзуга берилиб кетганимни. Дарвоқе, шунга ўхшаган ҳолатни юмор билан тўртликка ҳам туширганман. Мана, эшитинг:
Шоирлик ҳаётга тўғри келмас, боқ,
Бошга турфа кунлар солади андоқ:
“Калланг ишлайдими?” деб қолар бошлиқ.
“Ишласа, мен шоир бўлардим қандоқ?”
(Тўртликдаги охирги сатрда бошқа маъно ҳам бор: “Каллам ишлаганида қандоқ зўр шоир бўлардим” каби).
— Кўп шеърларингизда ғам-андуҳ, изтиробларда яшаётган инсон тасвирланади. Сизни қийнайдиган муаммолар, армонлар шу қадар кўпми?
— Бу саволингизга пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг тўртлигимга тушган ҳадиси шарифларидан бирини айтиш билан жавоб бераман. Мен у улуғ зотнинг 1600 ҳадиси шарифини 1600 тўртликка тушириб, 40 арбаъиндан иборат “Ҳикматлар анжумани” номли китоб ёзганман (китоб 1989 йилда Мовароуннаҳр мусулмонлари диний бошқармаси мукофотига сазовор бўлган):
Кўнгилни дардларда доғлар эдингиз,
Ўзни балоларга чоғлар эдингиз.
Мен билган гапларни билганингизда
Сиз ҳам оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз.
Мен қирқ ёшга киргунимга қадар тоталитар тузум даврида зиёли инсон сифатида унинг халқимиз ҳаётига солган заҳар-заққумларини кўриб, ҳис қилиб, нотўғри сиёсатнинг зуғумлари, халқимиз бошига солган қатағонлари борасида ўқиб, билиб, эшитиб яшаганман. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи сингари устозларнинг асарларидаги ҳақиқатларни англашга уринганман ва уларга эргашиб, улар чорлаган йўлларда ёзиш-чизишга одатланганман.
Шоирлар каломи отилган ўқдир,
Нишонга тегарки, кўнгиллар тўқдир.
Ҳақиқатни айтиш — нодонлик бўлса,
Нодонликдан айро шеърият йўқдир.
* * *
— Ҳақиқат — осмонда, — деган гап бекор,
У — ерда, оёқлар остида хор-зор.
Дарахтдек қаддини тикласин учун
Биздан фидойилик, жасорат даркор.
Халқимизнинг кам китоб ўқиётгани, ўрнига пулни ўқиётганидан. Маълумотларга кўра, ҳозир юртимиз аҳлининг бор-йўғи 4 фоизи китоб ўқимоқда! Маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб бораётир. Бинобарин, айрим нобакорлар ҳатто ўз ота-оналарининг қотиллари бўлишяпти, ёш-ёш оилалар болаларини тирик етим қилишиб, ажрашиб кетишяпти. Ўзбек қизлари интернетга, “Ойнаи жаҳон”га чиқиб, ҳаёсизларча (эрсирашиб), халқнинг кўз ўнгида ўзларига эр ахтаришяпти. Ахир бекорга айтилмаган: “Аллоҳ таоло ҳаёни ўн қисмга бўлиб, унинг тўққиз қисмини қизларга берган” деб…
“Шеърларимда ғам-андуҳ, изтиробларда яшаётган инсон тасвирланиши”га яна бир гапни айтгим келади: мен устоз Абдулла Орипов билан бир таҳририятда — “Шарқ юлдузи”да ишлаганман. Суҳбатларда Абдулла аканинг шеърга, шоирликка талабининг нечоғли юқори эканлигига гувоҳ бўлганман. Айниқса, бир воқеадан кейин бу нарса икки карра икки тўртдай ойдинлашган. Устоз тенгқурларидан бири (ноқулай бўлмасин учун, исм-шарифини тилга олмайман. У киши ҳозирда ҳаёт. — Ш. Қ.), бир нечта шеърий тўпламлари ва достонлари билан тилга тушган шоир ўша пайтларда матбуотда босилган шеърларимга муносабат билдира туриб, ўзича маслаҳат берди:
— Шукуржон, адабиётда шоирлар икки хил бўлишади. Бириси дард, алам ҳақида ёзиб, замонага муросасиз бўлишади. Иккинчиси даврга муросасозлик йўлидан бориб, фақат бахт-саодат тўғрисида ёзади. Сиз иккисидан ҳам юрманг, иккисининг ўртасидан, учинчи томондан солинг йўлни. Шунда ютқазмайсиз — халқ ҳам, ҳукумат ҳам сизни қўллаб-қувватлайди. Адабиёт оламида ҳам мавқеингиз яхши бўлади.
Бу гап менга эриш туюлди. Ҳарчанд уринмайин, у шоир оғанинг гапини ҳазм қила олмадим. Қолаверса, мен севиб ўқиб-ёдлаб юрадиган устоз Абдулла Орипов шеърларида бунақанги “ўрта йўл”нинг борлигини тасаввур ҳам қилолмасдим. Унинг ёзганлари юрагимга чиппа ёпишарди. Бутун вужудимни жунбишга келтирарди. Ҳаёт ҳақида чуқурроқ ўйлашга, мушоҳада юритишга чорларди. Хонаси келиб қолганида, Абдулла акадан ўша оғанинг ўша маслаҳатига муносабатини билмоқчи бўлдим. Мен гапимни тугатар-тугатмасимдан устоз тутақиб кетдилар:
— Бекорларни айтибди ўша акангиз! Ўртадаги йўл сиз учун эмас, Шукурвой! Сиз ундай гапларга қулоқ солманг, юрагингиз айтганини ёзинг! — кейин қўшиб қўйдилар: — Ёш шоирларга маслаҳат беришни ким қўйибди унга? Нима ҳақи бор шогирдларимни чалғитишга?! — кейин уқтирдилар: — Билиб қўйинг, ўша йўлдан — у айтган йўлдан борсангиз, ёзганларингиз ҳам ўша акангизникидай ўртамиёналикдан нарига ўтмайди. Яна қайтариб айтаман, юрагингиз кўрсатган йўлдан юринг!
Бу гапларни ўқиган мухлис, бир шогирдим айтганидай, “Шукур Қурбон — фожиалар шоири экан” деб ўйлашмасин. Негаки, водийда униб-ўсганлар юморсиз, кулгисиз яшолмайди. Кулгига мойил шеърлар, тўртликларимни мухлислар яхши билишади (албатта, улар остидаги маънода барибир ғам-андуҳ бўлса-да).
Юқоридагиларга якун сифатида Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг шу ҳақдаги бир фикрини келтирмоқчиман: “Ҳақиқий истеъдод эгаси ҳеч қачон жўнгина формулага тушадиган юзаки одам бўлмайди. Унинг ҳаёти ҳамиша курашга, кашфиётлар ва йўқотишларга, драмалар ва фожиаларга тўла бўлади”.
— Фарзандларингиз ҳақида…
— Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидан сўрабдилар:
“Фарзандларингизга қандай қарайсиз?”
“Мен фарзандларимни суюмлироқ, дейман”, — дебди улардан бири. Пайғамбаримиз дебдилар:
“Суюмлироқ, дема, азизроқ, дегил. Мен фарзандларимни райҳонларим, дейман”. Мен бу гапни тўртликка тушириб, савоб учун давраларда ўқиб юрибман:
“Суюмлироқ” дема, “азизроқ” дегил,
Дунёда фарзандсиз кўнгил яримдир.
Ҳидлаш учун сен ҳам бўйнига эгил,
Болаларим менинг райҳонларимдир”.
Шу ҳадиси шарифга амал қиламан: фарзандларимни ҳамма қатори яхши кўриб, уларга исломий тарбия беришга ҳаракат қилганман. Катта ўғлим — Абдулла. Устоз Абдулла Орипов исмини қўйиб берганлар, 1987 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилган “Йиллар армони” китобини эсдалик учун унга дастхати билан совға қилганлар. Мана ўша табаррук дастхат: “Неварам Абдуллажон! Исмингни қўйдим, дуои жонингни ҳам этурман! Оғанг — Абдулла! Омон бўл! 7 май, 1987 йил. Имзо”. Кичик ўғлим — Алишер хорижий давлатда меҳнат қилади. Катта ва ўртанча қизларим уй бекалари. Кичик қизим Гулруҳ Аграр университетини битирган, Ўрмон хўжалиги агентлигида мутахассис, номзодлик диссертацияси устида иш олиб бориш билан бирга икки фарзандни тарбияламоқда. Шу қизим беш маҳал намозни канда қилмайди, ёзган-чизганларим ишқибози.
— Инсон ҳаёт синовлари ва талаблари олдида чорасиз қолади. Шундай пайтларда нимадан ҳаловат топасиз?
— Мўмин-мусулмонликни билган бандани Аллоҳ ҳаёт синовлари ва талаблари олдида чорасиз қолдирмайди. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Чора бор, сабр қилингиз”.
Демак, бошга қийинчиликлар тушганда сабр қиламан. Аламимни қаламдан оламан. Масалан, мана, бундай:
Дўстим, сени нима жин урди, нетдинг?
Бир ажиб туйғунинг бошига етдинг.
Олдимга шунча кўп похол солдингки,
Ичида ўзинг ҳам кўринмай кетдинг.
Найзалар тешолмаган пўстимни, дўстим!
— Ижодкор учун рағбатлантириш, мукофотлаш қанчалик аҳамиятли деб ўйлайсиз?
— Бу саволни менинг бирорта мукофот олмаганимни билиб беряпсизми? Ё бу ҳақдаги фикримни билмоқчимисиз?
— Фикрингизни билмоқчиман.
— Яхши… Айтишларича, ёзувчиларни мукофотлаш Иосиф Сталин даврида, унинг кўрсатмасига кўра пайдо бўлган экан. Атрофидаги одамлар унга: “Иосиф Виссарионович, шу ишни бекор қилдингиз. Энди кўпчилик ёзувчилар мукофот олиш ҳаракатига тушиб қолади. Мукофот олмаганлар мукофотланганларни кўролмайди. Натижада ижоди бир четда қолиб кетади”, дейишибди. Сталин жавоб қилган экан: “Ҳақиқий ёзувчилар мукофот илинжида ёзишмайди. Мукофот тамасида ёзилган китоблар бўш, арзимас бўлиб, китоб дўкони пештахталарида чанг босиб қолиб кетади”.
Устозларим: “Ёзувчига мукофотни Худо беради, уни оламан деб уриниш шартмас, тақдирда бўлса, оласиз, бўлмаса, кўнгилни чўктирмай, одамларга керакли, яшаб қоладиган асарлар ёзишнинг пайида бўлиш керак”, дейишган. Мен шу гапларга амал қилишга уринаман. Лекин мукофотлар учун ҳар ойда бир ойлик-маош ё ундан кўпроқ миқдорда пул бериб туришларини эшитганман. Шоир-ёзувчига ана шу жиҳатдан ҳам мукофотлар зарур деб ўйлайман. Айниқса, менга ўхшаб қариб, нафақага чиққан ижодкорларга. Агарда лозим топишиб, бирор мукофот беришса, (кулиб) йўқ демасдим.
— Кўплаб шеърларингиз қўшиқ бўлган. Айниқса, республикада хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов ижросидаги “Шайтанат” сериалига ёзилган қўшиғингиз жуда машҳур. Шу шеърни ёзишингизга нима сабаб бўлган?
— Биринчидан, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асари адабиётимизда ўзига хос воқеа бўлган. У асар асосида сериалнинг яратилиши ҳам ана шундай аҳамиятга эга. Иккинчидан, мен раҳматли Тоҳир ака билан “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятида ва Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлимида тўрт йил бирга хизмат қилганман. Ота-оналарининг дуоларини олганман. Меҳрларини кўп кўрганман. Гапларини икки қилолмасдим. “Шайтанат”даги қўшиққача ака мендан “Кунтуғмиш” радиопостановкаси, Абдулла Қаҳҳорнинг “Муҳаббат” радиоинценировкасига ҳам қўшиқлар ёздириб олгандилар (“Муҳаббат” радиоинценировкасига ёзилган қўшиғимни яқинда Чингиз Айтматов асари асосида суратга олинган “Сарвқомат дилбарим” бадиий фильмида бир хонанда қиз ижросида эшитиб-кўриб хурсанд бўлдим). Қисқаси, ака “Шайтанат” сериалига ҳам қўшиқ ёзиб беришимни сўрадилар.
— Ака, китобингиз бошдан-оёқ “ур-йиқит, ўлдир-ўлдир, жанжал-тўполон”-ку! Унинг қаерида қўшиқ айтилади? — дедим жавобан.
— Йўқ, Элчиннинг уйланиш тўйи бор. Тўйда куёвбола қўшиқ айтади, — дедилар Тоҳир ака.
— Куёв бола? … Халқимизда куёв бола ўз тўйида қўшиқ айтмайди-ку!
— Сценарийда шундай ёзилган. “Ёр-ёр! Қайдасан, Зулфия?”да келин қўшиқ айтади-ку “Кўчалар, кўчалар” деб, бизнинг кинодаям куёв бола қўшиқ айтиши керак.
— Хўп… Нимани ёзаман экан?.. — ўйладим овоз чиқариб.
— Менинг бошимдан ўтган, ўзингизнинг бошингиздан ўтган гапларни ёзаверинг, Шукуржон, — дедилар Тоҳир ака ва қўшиб қўйдилар: — Чўлпоннинг ҳамма яхши кўрадиган бир қўшиғи бор, уни сиз ҳам яхши биласиз. “Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку, Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим-ку…” Маъмуржон Тўхтасинов ижро этган уни “Бобур” телеспектаклида.
— Бўлди, бўлди, эсладингиз, худди шундай бошланади у. Хўш?
— Шу оҳангда, шу бўғинда, шу шаклда ёзиб берасиз.
— Войбў!.. Ака, Чўлпон қайда-ю, мен қайдаман?!
— Нима бало, қуён йилида туғилганмисиз?
— Тўғри топдингиз, қуён йилида туғилганман.
— Шоир одам ўзини буюклардан каммасман, деб ижод қилиши керак!.. Бўлди, шу қўшиқни ёзасиз.
Аканинг илтимосига кўра, ўн саккиз кун ухлаб-ухламай, нима еб, нима ичганимни билмай, қўшиқни кўнглимдагидай ёздим ва ҳеч қилмаган ишимни қилмоқчи бўлдим: шеър охирига ўз исм-шарифимни қўймоқчи бўлдим ва ўйлаб қолдим: “Тоҳир Малик-чи? Китоб уники бўлса, кино уники бўлса?!” Қўшиқ охирига аканинг исм-шарифини ҳам қўшдим:
Борми бирор хайрихоҳим ва ё ҳамдард?
Муҳаббатнинг —
Тоҳир Малик, Шукурдайин
қурбонлари чиқди йўлдан.
Қўшиқ Тоҳир акага маъқул бўлди:
— Буни Ғуломжон Ёқубов, Аҳрор Усмонов, Равшан Комилов, Азим Муллахоновларга берамиз, улар куйга солиб айтишади. Қайси бириники маъқул бўлса, ўшани сериалга оламиз.
Охир-оқибат, кейин билдим: Азим Муллахонов куйга солиб ижро этган тарона кўпчиликка ёқиб, сериалга қўшилибди. Лекин ундан аввал Тоҳир Малик иккимиз ўртамизда қуйидагича гаплар бўлиб ўтган:
— Шукуржон, қўшиқнинг икки қаторини олиб ташлаймиз.
— Ие, “қўшиқ маъқул бўлди” деяётгандингиз-ку ҳозир. Ўзи бор-йўғи ўн икки қатор бўлса?..
— Тўғри, қўшиғингиз маъқул. Лекин охирги икки қаторингиз қўшиқда айтилса, ноқулай. Бандитлар билан қиморбозлар орасида битта ёзувчи билан битта шоирга бало борми?.. Яхши қўшиқ ўн қатор бўлсаям, яхшилигини йўқотмайди.
— Жуда қизиқ бўлган экан. Чиндан ҳам ажойиб қўшиқ бўлган. Яна шеърларингиздан бирига мурожаат қилсам. “Ортиқча одам” шеърингизда “Керагидан ортиқ севдик, қалбда доғлар ҳам керагидан ортиқ” дейсиз. Инсон қачон ўзини, туйғуларини ортиқча сезади?
— Бу шеърни бошқачароқ тушуниш керак. Ҳикматларда келади: “Мўмин-мусулмон одам бошқаларнинг азиятларидан безиб, тоғ-тошларга қўй боқиш учун чиқиб кетади…” Бу худди ана шу ҳикматга амал қилиб ёзилган шеър. Айтайлик, устоз Рауф Парфининг тимсоли. У қайси даврада шеър ўқимасин, бошқалар ўқиган шеърлар нисбатан рангсиз, нурсиз ва маъносиз бўлиб қолар, натижада устознинг ҳурмати ортиб, давра файзини олиб кетарди. Нафақат шеър ўқиганда, мулоқотларидаги гап-сўзлари ҳам маъно жиҳатидан теран ва эсда қоларли бўларди. Шунинг учун унинг орқасидан ғийбат қилувчилар, унга ҳасад қилувчилар сон-саноқсиз эди. Уларни Рауф ака “майдалар” дерди. Мен бу ҳақда бир тўртлик қоралаганман:
Бу майдалар улғайиб, бўлмади катта,
Ё кичрайиб, бўлмади ер билан битта.
Юрар ҳар қаерда ўрмалаб тўп-тўп,
Жой йўқ оёқ босишга ҳатто.
Тасаввур тўлиқ бўлсин учун, рухсатингиз билан, юқорида сиз тилга олган шеърни ўқиб бераман, уни эшитмаган мухлислар учун бу ҳолатни керак деб ўйлайман:
Ортиқча одам
Орангиздан ўтиб кетайлик шундоқ,
Қайтмаймиз,
Безовта қилмаймиз бошқа.
Куйладик —
Кўнглимиз тўлиб кетган чоқ,
Инградик — бошимиз текканда тошга.
Изимиздан ғийбат қилингиз, биз — шод,
Тўкилар орттирган гуноҳларимиз.
Керагидан ортиқ сийлади ҳаёт,
Керагидан ортиқ қалб доғларимиз.
Керагидан ортиқ севдик,
Йиғладик —
Бир пари пайкарнинг васлига ташна.
Муҳаббат боғига бизлар сиғмадик,
Сиз сиғинг, илойим,
Сиз бахтли яшанг.
Сизни тарк этмасин иқбол ва омад,
Толе қаршиласин сизни ҳар саҳар.
Бизсиз бемалолроқ қозонинг шуҳрат,
Бизсиз бемалолроқ уринг қаҳқаҳа.
Кечирасиз,
Ўтиб кетайлик шундоқ.
Бинобарин, Устознинг ҳолати менинг ҳам бошимдан ўтганки, бу шеър ёзилган. Мана бунга бир мисол: юқорида сиз “Шайтанат” видеофильмига ёзилган қўшиқ ҳақида савол бериб, унинг машҳурлигини айтиб ўтдингиз. Лекин у қўшиқнинг муаллифи исм-шарифини (Шукур Қурбонни) халқдан сир тутиш учун “майда-чуйда одамлар” зўр бериб, ўн саккиз йил давомида ҳаракат қилишди. Айниқса, “ойнаи жаҳон” (телевизор)даги кўрсатувларда ярим соат, 45 дақиқалаб ўша қўшиқ тўғрисида илиқ гаплар айтилди, ҳатто “оламларга татигулик қўшиқ” дейишди ҳам, лекин уни ким ёзган? Муаллифи ким? Шоири ким? Қандайдир “мутасадди, муҳаррирлар” ҳеч кимга айттиришмади. Видеосериал тасмасидан ҳам исм-шарифимни олиб ташлашди (ишонмасангиз, “Шайтанат” сериалининг ўша қўшиқ ижро этилган 6-серияси охирини кўринг, бошқа одамни қўшиқ муаллифи деб ёзишган). Охири улар ё ишдан кетди, ё вафот этишди. Шундан кейин хонанда билан бирга “ойнаи жаҳон”да кўриниб, масалага ойдинлик киритдик.
— Устозларингиз кимлар? Улардан олган сабоқларингиз ва хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Устозларим Озод Шарафиддинов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Тоҳир Малик, Омонулла Мадаевлардан олган сабоқларим ҳақида алоҳида-алоҳида китоблар ёзиб, чоп эттирганман. Яқинда (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2022) уларнинг ҳаммасини бир жилдга жамлаб, 454 саҳифа қилиб, “Маъно аҳли билан ёнма-ён” номи остида нашр эттирдим. У республикамиз олий ўқув юртларида дарслик сифатида ўқитиляпти.
— Инсонда орзу-ҳавас деган нарсалар ҳеч қачон сўнмайди дейишади. Мабодо сиз Хизрни учратиб қолсангиз, ундан нимани сўраган бўлардингиз?
— Халқимизнинг маънан юксалишига ёрдам беришини сўрардим. Ахир ҳозир одамларнинг кўзларига қараб бўлмайди: китоб ўқимаганидан. Эътибор қилинг, китоб ўқимаган одамнинг кўзлари ҳайвонларнинг кўзларидан фарқ қилмайди — туйғусиз, ҳис-ҳаяжонсиз.
Икки хил одамзод яшар дунёда:
Китоб ўқийдиган, ўқимайдиган.
Бириси яшайди мисли мол, пода,
Бири — мисли чўпон, мол ҳайдайдиган.
—Ўзингиз ҳеч нарса сўрамасдингизми?
—Тани-жоним соғ, фарзандларим, набираларимдан кўнглим тўқ. Ҳалол ризқ – Аллоҳдан. Кун ўтиб турибди. Ижод қиляпман. Етадида шу.
— Инсонга ҳаёт бир марта берилади. Аммо қайта туғилганингизда… яна ижодкорликни, шоирликни танлармидингиз?
— “Қайта туғилиш” деган гапга ишонмайман. Бу — Оврўпа журналистлари ўйлаб топган гап. Лекин савол бердингиз, унга жавоб беришга ҳаракат қиламан: яшириб нима қилдим, кейинги йилларда нашриётлар ходимларининг ёлғон ваъдалари, сарсон-саргардон қилишлари ҳиқилдоғимга келганидан, “бекорга шоирликни танлаган эканман” деган кунларим ҳам бўлган. Шу билан бирга, яна бир гапни айтмасам бўлмайди: ҳикматларда келишича, мўмин-мусулмон одам алданишга мойил бўларкан, балки мен ҳам ана шулар тоифасидандирман. Бунинг устига, умрим бино бўлиб, бировга ёлғон гапирмаган, бировни алдамаганман. Ҳаётда ҳам, ижодимда ҳам. Қийналишларим шунинг натижасида пайдо бўлса керак. Яна билмадим.
Шулардан руҳан эзилиб юрганимда, кўчада бир шоира синглимни учратиб қолдим. Иқтидорли шоирани кўрганимдан хурсанд бўлиб, ҳол-аҳвол сўрамоқчи бўлгандим, кутилмаганда нима деди, денг?
— Нима деди?
— “Ие, Шукур ака, тирикмисиз? Бормисиз? Мен сизни ўлиб кетган, деб ўйлабман”, — деса бўладими?
— Ҳазиллашгандир?
— Ҳазил ҳам шунақа совуқ бўладими? Қари одам бўлсам, унга, умуман, бировга ҳеч қачон ёмонлик соғинмай яшаган бўлсам.
— Сиз нима дедингиз?
— “Тирикман — бахтга қарши. Синглим, мен ўлганим билан ер тўярмиди? Сал шошманг, бир-иккита ёзаётган, ёзаман деган нарсаларим бор, ёзиб олай”, дедим…
Кечирасиз, мавзудан сал четга чиқдим.
…Лекин ўйлаб қолдим: Озми-кўпми асарларни мен ёзмаганимда… Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бир минг олти юзтасини ким бир минг олти юзта тўртликка тушириб китоб қилиб чоп эттирарди? Маълумот учун: “Қирқ арбаъин” “Ёшлик” журналида эълон қилинган, Америкада, Америка радиосидан ватандошларимизга қўйиб эшиттирилган, ўша мамлакатга бош олиб кетган ўттиз еттинчи йил қатағони жабрдийдалари тўғрисидаги “Ватандан кетиш” достонимни, ҳазрат Алишер Навоийнинг она тилимиз тараққиёти учун курашлари ифодаланган “Сўз йўли”, халқимиз рассомчилиги тарихидан ёзилган “Беҳзод”, “Шашмақом” ижодкорлари хусусидаги “Устод Шоди ёхуд бастакор ҳақида ҳикоят” тарихий достонларимни, устозларим сабоқлари борасидаги эсселар ва бошқа асарларимни айнан ким мен сингари ёзарди? Ахир уларнинг кўпчилигида ўзим кўрган, билган, эшитган воқеаларим акс эттирилган.
Демак, саволингизга жавоб: “Ҳа, агар ҳаёт қайта берилганида ҳам ижодни, шоирликни танлардим”.
— Бугунги адабиёт қадри, жамиятда ижодкор ўрни хусусида нималар дейсиз?
— Бундан икки-уч йил олдин, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ёпилишидан аввал, унда ярим саҳифа бўлиб “Жадидлар” номли шеърим босилганди. Ёзувчилар уюшмаси ходимларидан ёзувчи ва шоирларнинг шу мавзуда ёзилган шеърларини юборишларини сўраб, юқори ташкилотлардан қўнғироқ қилишган ва улар жавоб учун тараддудланиб туришган экан. Шу пайтда мен улардан бирининг хонасига нимадир иш билан кириб қолдим ва “Жадидлар” шеърим хусусидаги фикрларини билмоқчи бўлдим. Ходим хурсанд бўлиб, менга миннатдорчилик билдириб, юқоридаги ҳолатни айтди ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳарририга қўнғироқ қилиб, шеъримнинг нусхасини олиб, сўралган жойга юборди. Шеъримда бугунги куннинг қуйидагидек оҳанглари борлигидан хурсанд бўлди:
Дунё тан олмоқда Ўзбекистонни,
Менинг Ватанимни — жаннат маконни.
Ҳайратга солмоқда янгиланиб у
Эскирган, шалағи чиққан жаҳонни.
— “Hurriyat” газетаси ўқувчиларига тилакларингиз, сўзларингиз бўлса, марҳамат!
— Ҳурмат қилиб, “Hurriyat”дай халқимиз маърифати ва маънавияти тарғиботчиси бўлган газета саҳифаларида қатнашиш учун таклиф қилганларингиз учун раҳмат! Ва шуни хурсанд бўлиб таъкидлашни истардим: газетангизда, асосан, халқимиз дилида ва тилидаги энг долзарб муаммолар тўғрисида сўз бориши газетхонни бефарқ қолдирмайди. Қайсидир маънода, очилмаган кўзларни очишдек савобли ишга бош қўшаяпсизлар. Бугуннинг таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг янги кишисини тарбиялашга хизмат қилаяпсизлар.
“Hurriyat” газетаси ўқувчилари Аллоҳ рози бўладиган ишлар билан шуғулланишсин. Уларга икки дунё саодатини тилайман.
— Устоз, ажойиб суҳбат учун ташаккур!
Гулнора ШЕРМАТОВА
суҳбатлашди.