Эссе — фикрга йўл очади
таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров билан суҳбат
Талабалик пайтларим мансураларини севиб мутолаа қилганим, бадиий таржима ва эссенависликка иштиёқ уйғотган инсон — Иброҳим Ғафуровнинг уйига кетяпман. Вақт пешиндан оққан. Ишқилиб, табаррук ёшдаги одамни уринтириб қўймасам бўлди-да, дея минг ўй билан лифтдан кўтарилдим. Закийлик уфуриб турган қиёфадаги Иброҳим Ғафуров эшикни қия очиб: “Севара, келаверинг”, деди доимгидек ҳазин оҳангда. У киши диванга, мен стол атрофидаги ўриндиққа чўкдим. Шу кичик ҳужрада катта-катта асарлар яралгани, мана шу мен ўтирган стол бироз аввал қоғозга бурканиб ётгани, рўпарамдаги кичик жуссали донишманд дунё адабиётини шу хонада забт этгани ҳақида ўйлайман. Хонанинг ҳар бурчига разм солиб, мўъжизакор нимадир қидираман. Қаҳрамонимни зимдан кузатаман. Устоз ўйларимни ўқигандек: “Севара, таржималар бўлиб турибдими?” дея сўроққа тута бошлади. “Ҳозир фақат тадқиқот ишим — эссе билан овораман”, дейман айбдор одамдек қимтиниб. “Ҳа, эссе гўзал жанр. Мен учун ҳам севимли. Маза қилиб ўқийман”, дея Иброҳим ака орадаги сукунатга барҳам бериб, суҳбатни бошлаб берди.
— Устоз, эссега ўнлаб, юзлаб таъриф-тавсиф келтирилган. Аммо унинг ҳам бир “мана шу эссе” дея ёқасидан тутадиган, жанр сифатида маълум чегара-қолипи бўлиши керак-ку. Тўғри, қолипларга сиғмайдиган, чегараларни писанд этмайдиган асов жанр деймиз-у, кўп ҳолларда унга юклатилган мана шу хусусиятлар ўқувчини, адабиётшуносу публицистни ҳам чалкаштириб қўяётгандек. Ҳатто аҳвол шу даражага етдики, ёзувчи ёзганининг нима эканини ўзи ҳам билмай қолган пайтлари эссе дея имзо чека бошлади…
— Албатта, ҳар ким эссе тушунчасига ҳар хил таъриф беради. Лекин эссенинг мақоладан асосий фарқи шуки, унда муаллиф мавзу ё ҳодиса ҳақида ўзининг шахсий қарашларидан келиб чиқиб ёзади. Ёзаётган нарсасида доим ўзининг ўйлари, кечинмалари, хаёллари, фантазияси, ҳикоя қилаётганига муносабати, шахсий нуқтаи назари биринчи ўринга чиқади. Худди лирик шеърда шоир кечинмалари, хаёллари ҳақида ёзганидек, эсседа ҳам ўйлари, ҳикоя қилаётган воқеликка муносабати, шахсий нуқтаи назарини қўшиб кетади, шу йўсинда мавзуни ривожлантириб боради. У холислик принципи устувор саналувчи мақолалардан фарқли равишда “эссе” деб аталади.
Эссе ўзи — тажриба дегани. Европада Ўрта асрларда Уйғониш давридаги Августинга ўхшаган файласуфлар, ёзувчиларнинг ҳаммаси эссе ёзишган. Маълум бир мавзуни ўзларининг шахсий муносабатлари ва нуқтаи назаридан ёритган. Ана шу ёзмалар эссе деб жаҳон адабиётига кирган. Масалан, сиз Эркин Аъзамнинг қиссаларида инсон образи деб ёзяпсиз. Бу ерда ҳеч ўзингизни қўшмай, мавзу юзасидан тадқиқот, таҳлил ва талқинларингизни баён қилиб кетасиз. Агар у ҳақдаги тасаввурларингиз, хаёлларингизни, ўзингизни қўшдингизми, у илм эмас, эссега айланиб қолади. Эссенинг таърифлари кўп бўлиши мумкин, лекин асосий хусусияти — шахсий нуқтаи назар. Шунинг учун эссе ёзадиган одамнинг дунёқараши, тафаккури, ёзаётган мавзусини қанчалар билиши, қанчалар тўлиқ тасаввур қилиши муҳим. Кўплар ҳали ўзи ҳаётий тажрибага эга бўлмай туриб, фикри ҳали маълум ҳодисалар атрофида тўла шаклланмай туриб ёзишади-ю, одамга таъсири кучли бўлмайди. Лекин Монтен, Бальзак, Стефан Цвейглар, ким бўлмасин, катта ёзувчиларнинг эсселарига назар ташласангиз, ичи тўла илм, тадқиқот, таассурот. Масалан, Цвейг Бальзак ҳақида ажойиб эссе ёзган, уни ўқиркансиз, сиз фақат Бальзакни эмас, муаллифни ҳам кашф қилиб бораверасиз, унинг сиймоси саҳифаларидан келиб чиқаверади. У жанрига кўра роман-биография даражасидаги асар бўлса ҳам, ёзилиши, услубига кўра соф эссе.
Наим Каримовнинг Миртемир, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон ҳақидаги библиографик тадқиқот китоблари бор. Шуларнинг ҳаммасида ҳам Наим ака шахсий нуқтаи назаридан баён қилади. Унинг Ҳамид Олимжон ҳақидаги билим доираси, фазоси қаҳрамоннинг ўзи ҳақидаги маълумотидан катта, кўп бўлганки, бунинг учун алоҳида тайёргарлик кўрган, архив ҳужжатларини ўрганган, яқинлари, оила аъзолари, дўстларининг суҳбатини олган, сиз-у биз, ҳатто Ҳамид Олимжоннинг қўлида бўлмаган ҳужжатлар билан танишган… Шу маънода ушбу асарларни ҳам адабиётшуносликкагина доир асар эмас, эссе намунаси деб қараш керак бўлади. Илмий мақолада олимнинг шахсий таассуротларини баён қилишга ҳақи йўқ. У масалага муаммони топиш ва ечим бериш кўзи билан қарайди. Эсседа ёзувчи муаммо, ечим, шу билан бирга, хулоса ҳам бера олади.
Ёшликда ёзганларимнинг кўпига адабий ўйлар деб ном қўйганман. Русларда “литературные раздумья” деган жанр бор. У ҳам маълум даражада эссега яқинлашиб боради. Лекин унда муаллифнинг шахсий қарашлари кенг, чуқур берилмайди. Унда асар мазмунини баён қилиб бериш билан бирга, у хусусида ўй, фикр юритади. Кечинмалар тарзида эмас, ўйлар тарзида. Кечинмадангина иборат бўлса, у эссе эмас. Юқорида айтганимдек, эссенавис шахсининг бойлиги — унинг тасаввури, фантазияси, кечинмаси ва энг муҳими, билимининг бойлиги демакдир. Мисол учун, Бальзак ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган, ҳаммаси бир-биридан ажойиб, аммо Цвейгники бошқача, ажралиб туради. Адабий базанинг қанчалар чуқур, кенг эканлиги, онг, тафаккур ҳолати алоҳида ўрин тутади.
Эссе — таъсирчан жанр. Лирик шеър одамга қанчалик таъсир этади, а?! Эссе баъзи ўринларда ундан ортиқдир, аммо кам эмас.
Биографик асарлар, романларнинг эсседан фарқи — муаллиф муносабатида. Ёзувчилар шахсий фикрини билдиришга ниҳоятда иштиёқи баланд бўлганидан кўп ҳолларда бадиий асарларда ҳам бу лоп этиб кўзга ташланиб қолади, қаҳрамонлари “мен”га — муаллифга айлантирилади. Бу ҳолатни Достоевскийдан Толстойгача кузатиш мумкин. Эсседа муаллиф образи биринчи даражали масала. Унда муаллиф ўзининг хулосаларини беришга — гарчи унга ҳеч ким қўшилмаса ҳам — ҳақи бор. Қисқа қилиб айтганда, эссе — шахсий фикр.
— Ҳамма шахсий фикрни эссе деб номлаш мумкинми?
— Бу жараён эсседа ёзувчининг ҳаёти ҳақидаги, ҳикоя қилаётган воқеа ёки персона ҳақидаги фикрлари қанчалик аҳамиятли эканига қарайди. Ҳамма нарсани муаллиф позицияси, ракурсидан кўраётганимиз учун, албатта, фикр аҳамиятга эга бўлиши керак. Ҳерман Ҳессенинг илмий, тарихий эсселарини олайлик, ғиж-ғиж илм билан тўлиб кетган. Монтен даврининг маиший, тарихий воқеликларини Монтен нуқтаи назаридан ёритяпти. Цвейг ўша воқеа ҳақида бутунлай бошқача ёзиши мумкин эди. Мияга келган, сайқалланмаган фикрни айтавериш, ёзавериш фикрни ҳам, ёзувчини ҳам эътиборга арзимайдиган ҳолга туширади.
— Демак, ижтимоий тармоқларда янграётган “шахсий фикр”лар, блог ёки лонгридларни эссе деб атаб бўлмайди.
— Блоглар, лонгридларда кечинмалар чуқур, шунингдек, эссенинг энг муҳим жиҳати — бадиият бўлмагани учун уларни ҳеч қачон эссе деб атаб бўлмайди. Фактларни баён қилишда маълум фикрларни ўртага ташлаши мумкин, лекин бу эссе дегани эмас. Эсседа бадиият, ифода маданияти, фикр теранлиги доим бўлиши керак. Фикрларни бадиий тарзда, нафосат билан ифодалаб бериш лозим. Эссе — воқелик ҳақида бадиий таассурот дегани. Шу хусусияти билан оддий мақолалардан кескин фарқ қилади. Бекорга уни бадиа деб аташмаган. Бадиа аслида эссе дегани, лекин ҳали тўла маънода унинг эквиваленти сифатида қўлланмаяпти.
— Собиқ иттифоқ даврида, янаям тўғрироғи, 1922-1991 йилларда матбуотда эссе намуналари кузатилмаган, деган фикрни ўқидим бир рус адибининг тадқиқотларида. Бу фикр эркинлиги билан боғлиқ дейилади. Сиз ўша даврларни ҳам кўрган инсон сифатида чиндан шу ҳолатларга гувоҳ бўлганмисиз?
— Эссе ҳеч қачон тақиқланмаган. Шахсий фикрини баён қилишдан қўрқишган. Қўрқув бўлган. Лекин Россияда Шковскийга ўхшаганлар чиройли эсселар ёзишган. Миллий адабиётларда қўрқув бўлгани сабабли ёрқин, таъсирчан эссе намуналари деярли йўқ. Адолатли фикр айтишдан қўрқиш жуда кучли бўлган. Шу сабабли бу жанр миллий адабиётларда тараққий қилмаган. Аммо рус, Европа адабиётларида энг тараққий қилган жанрлардан бири. Ҳозир ҳам, келажакда ҳам ёзувчилар бу жанр имкониятларидан ҳар томонлама тўғри фойдаланишса керак деб ўйлайман. Эссе фикрга йўл очади, фикрни шакллантиради-да.
— Фикрга йўл очиши, шакллантириши ҳам Ғарб ва Шарқ эссечилигида турлича, айниқса, мавзулар кўлами мени доим ўйлантириб келади. Тўғри, Ғарбда эссе, асосан, интеллектуал, рационал жанр сифатида танилган, лекин мустақилликдан ҳозиргача бўлган даврни олсак, миллий эссенависликда фақат хотира-эсселар устувор эканини, кўп ҳолларда эссе деганда фақат бир киши портретига чизилган чизгилар, у ҳақдаги хотиралар деб тушунилиш ҳолатлари кузатилади. Ваҳоланки, эссенинг тўққиз-ўнталаб турлари мавжуд. Миллий эссечилигимизда Камю, Ж.Оруэлл, Ф.Бэкон, Б.Франклин, В.Ирвинг, Ч.Лэм, У.Хизлитт, Куинси, Р.Эмерсон, Г.Торо, узоққа бормай, ёнимиздаги Иосиф Бродский, Михаил Эпштейн, Лев Аннинский, Самуил Лурье, Сергей Гандлевский, Михаил Айзенберг, Андрей Арьев, Игорь Клех, Кирилл Кобринлардек одамнинг жиддий масалага эътиборини тортадиган, ўйлантириб қўядиган, тафаккурига озуқа берадиган эсселар яратилмади. Бу қайси омил билан боғлиқ: шарқона дунёқараш, замон талаби ёки муаллиф маҳорати?
— Ҳар қандай жанрда ёзганда ҳам, у асарнинг қандай чиқиши, сифати-савияси… бу тамомила муаллифнинг ўзига, шахсий-индивидуал хусусиятларига, интеллекти қанчалар бой, кечинма-туйғулари қанчалик ривожланганига боғлиқ. Демак, миллий эссенависликда Камю ёки Оруэллдек дунёқараши бой ёзувчи йўқ. Эссенависнинг ижодкор-шахс ёки файласуф-шахс сифатидаги бойлиги эссе воқеаларини, баён тарзини пайдо қилади. Шунинг учун ҳар ким ҳам эссе ёзолмайди. Эссе деб қўйилгани билан эссе бўлмайди. Бўш асарлар четга чиқиб қолади.
Мавзу муаллифни ўстирдими, ёзувчилик, ижодкорлик дунёсига қандай таъсир этди, адабиётга нима берди, мавзу унга қанчалар яқин, қанчалар унинг ичига кирган, мавзуни иштирокчи сифатида очганми ёки ҳужжатлар, матбуот, одамлардан сўраб-ўрганиб ёзганми — ўшанга қараб эссенинг услуби пайдо бўлади. Мисол учун, давлат тили ҳақидаги қонун қандай яратилди, вазият қандай бўлган эди, унда ёзувчи, публицист, депутатларнинг роли қандай бўлди… — агар шу воқеаларнинг шахсан гувоҳи бўлган бўлсангиз, иштирокчи, гувоҳ сифатида ёндашасиз, ёки аксинча… Айтмоқчиманки, биринчи жумлалардан услуб, позиция намоён бўлади, хотира ва кечинмалар орқали мавзу очилиб бораверади.
— Тарихий тадрижига назар солсак, хорижлик олимлар жанр генезисини Ғарбда Монтен, Шарқда Сей Сенагон билан боғлайди. Охирги кузатишларим, ўрганишларимдан англаяпманки, гарчи эссе деб аталмаган бўлса-да, тасаввуф адабиёти намуналарини бемалол эссе деб аташ мумкин. Масалан, Азизиддин Насафийнинг “Комил инсон” китоби ёки Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро асарлари ҳар томонлама эссени эслатади.
— Юқорида санаганингиз алломалар рисола шаклида гўзал асарлар битган. Рисола деган сўзнинг ичида эссе тушунчаси ҳам бор. Авторнинг бутун шахсий қарашлари билан йўғрилган асар эссе дейилади. Навоийнинг Жомий, Паҳлавон Маҳмуд ҳақидаги асарларини ҳикоя дейишга ҳам ҳайрон бўлиб турасиз, рисола ёки эссе деб аталса, қолипга тушгандек бўлади. Сўфийлар ҳам ўзларининг маноқибларида сўфийлик йўли ҳақида ҳикоя қилган, уларни тўғридан-тўғри эссе деб атамасак ҳам, эссе намуналари бор. Ёки Бобурнинг “Бобурнома”си ёзилиш услуби, шаклига кўра Монтеннинг “Тажрибалар”ини эслатади. Инсон воқеаларга баҳо берганда, хулоса чиқарганда, маълум бир йўллар, маълум усуллардан боришга тўғри келади. Шу нуқтаи назардан кўп асарлар бир-биридан айро ҳолда бир-бирига жуда ўхшайди. Бобурнинг шахсий қарашлари, шахсий ифода усули билан “Бобурнома”ни тарихий эссе деса ҳам, хотиранома деса ҳам бўлади.
— Эссенинг келажагини қандай кўрасиз? Эсселашиш жараёни ҳали бошқа фанларда ҳам давом этадими?
— Эссенинг жанр сифатида келажаги жуда порлоқ. Нега десангиз, илм таъсирида одамларнинг индивидуал томондан ўсиб бориши, онгнинг ўзгариши, қарашларнинг янгиланиши кузатилади. Шу ўринда айтиб кетай, сунъий интеллектдан инсоният ҳеч қочиб қутулолмайди. Унинг инсонга берадиган тафаккур, яратувчилик, ижодкорлик хусусиятлари кенгайиб, ривожланиб, ранг-баранг бўлиб боради. Жамиятда янги тафаккур йўлларининг юзага келиши эссега мурожаатни кучайтиради. Одам ўзини изҳор этишга эҳтиёж кучаяди. Изҳор деган сўз эссега жуда тўғри келади. Изҳор, бу — кўнгил гаплари-да. Одам яралибдики, кўнглидаги гапларини бошқалар билан баҳам кўришга эҳтиёж сезади.
Эссе, бу — иқрор. Толстойнинг “Иқрорнома”сини эсланг, унда ўзини қийнаган, фикру хаёлини банд этган кечинмаларининг ҳаммасини қоғозга тўккан. Инсон устида, инсон шахси устида, инсон келажаги устида жуда кўп бош қотирган. Телба бўлиб қолиш даражасида, талваса билан, жонига қасд қилар даражада ўйлаган. Ҳаётининг ҳар хил даврларини баён қилган. Бадиий асарда ёки оддий мақолада айтолмайдиган ўйларини, изтиробларини, кечинмаларини изҳор этиш, очиш, фош этиш учун эсседан қулай жанр йўқ. Ўйлайманки, келажак адабиётида эссенинг роли жуда катта бўлади. Эссенинг турли-туман, ранг-баранг шакллари дунёга келаверади. Жамият, халқ ҳаёти ҳақида, инсоннинг жамиятдаги ўрни, оиладаги ўрни ҳақида фикрлайдиган одам кўпайгани сари ўзининг кузатувлари, шахсий мулоҳазаларини айтишга эҳтиёж сезиши табиий. Келажак адабиётида эссенинг роли жуда катта бўлади ва турли-турли шакллари дунёга келаверади.
— Эссени адабий жанр деб кўп таъкидладингиз. Бироқ XIX-XX асрларда у публицистик жанр сифатида, XXI асрга келиб эса алоҳида фан — эссеистика сифатида эврилишларга учради. Эссеистикага публицистикадан холи, алоҳида фан сифатида қараляпти.
— Эссенинг модификациялари кўп бўлиши мумкин. Публицистикага энди эссе элементлари, ҳикоя усули кириб келяпти. Эсселарга чуқур баёнчилик хусусияти хос, публицистикада бу кузатилмайди. Публицистика ҳеч қачон чуқур бўлиши мумкин эмас. У долзарб мавзуни оммага очиб берадиган, омма эътиборини тортадиган соҳа. Эссе билан публицистикани аралаштириб бўлмайди. Лекин ҳозир кўп муаллифлар публицистик мақолаларига шахсий фикрларини сингдиришга ҳаракат қиляпти. Яъни, эссеистик элементларни олиб киряпти. Чуқур эмас, саёз. Ундан чуқурликни ҳам талаб қилиб бўлмайди. Эсседан эса бадиий чуқурликни, фалсафий чуқурликни, мазмун чуқурлигини талаб қилишга тамомила ҳаққимиз бор. Публицистикада шарт эмас. Эссеистиканинг публицистикадан алоҳида соҳа сифатида қаралиши мутлақо тўғри.
…Иброҳим Ғафуровнинг талқинича, эссе — шахсий ўй, таъсирчанлик, изҳор ва иқрор. Йўл-йўлакай олимнинг мулоҳазаларини ўйлаб келарканман, тасдиқ ва инкорлар, шубҳа ва иккиланишлар, қарама-қарши фикрлар қуршовида қолдим. Ана шу кечинма ва ўйлар таъсирида эса кейинги мақоламга мавзу топилди: “Эссе адабий жанрми ёки публицистик?”
Севара АЛИЖОНОВА
суҳбатлашди.