“Ватанни беғараз севмоқ керак!”

Шоир, таржимон ва адабиётшунос

Абдувоҳид Ҳайит билан суҳбат

 

— Абдувоҳид ака, аввало, ватанга хуш келибсиз. Суҳбатимизни сиз айни пайтда истиқомат қилаётган олис Канада ҳақида бошласак. У ердаги ҳаётингизнинг бошланиши билан боғлиқ воқеалар билан ўртоқлашсангиз, дегандим.

 

— Раҳмат, тақдир тақозоси билан Канадага борганимизгаям 17 йил бўлибди. Иммиграция ҳар доим нолдан бошланади. Албатта, бошқа бир муҳитга мослашиш осон кечмайди, қийинчиликлар бўлади. Лекин барибир, ҳар куни янги бир нарса, янги бир оламни кашф этиш жуда мароқли.

Канадада икки тил: француз ва инглиз тиллари давлат тили ҳисобланади, аксарият провинциялар инглиз тилида, биз яшаб турган Квебек эса — тўлиқ француз тилида гап­лашади. Шу боис биз Квебекдаги марказий шаҳар — Монреалга келган йилимиз француз тилини оилавий ўрганиш билан машғул бўлдик. Тил ўрганиш жараёнида тирикчилик учун ҳар хил жойларда ишлашга ҳам тўғри келди.

 

— Ўзбекистонда сиз дастлаб яхши шоир сифатида танилган эдингиз. Сўнг­­ра илмий иш билан ҳам шуғулландингиз. Хорижда бу фаолиятларни давом эттир­япсизми?

 

— Нима десамикин… Илмий ишимни давом эттириш мақсадида, Канадага келганимиздан кейин бир-икки йил ўтиб, Монреалдаги Квебек университети (UQAM — L’Université du Québec à Montréal) тарих факультетига ўқишга топширдим. Филология фанлари номзоди — PhD дипломим борлиги учун мени магистратурага имтиҳонсиз қабул қилишди. Бир йил ўқидим. Иккинчи йили АҚШ тарихи курсини олдим. Аммо бу курс бўйича адабиётлар, асосан, инг­лиз тилида экан. Менинг инглизчам етарли бўлмагани учун курсни вақтинчалик тўхташишга тўғри келди. Инглиз тили курсларига ёзилиб, қачон инглиз тилим қониқарли даражага етганда яна келиб ўқишни давом эттиришимни маслаҳат беришди. Шундай қилиб, мен инглиз тили курсларига ёзилиб, инглизчани пухтароқ ўргана бошладим. Лекин у пайтда оилани боқиш, ижара ва тўловлар учун ишлашим ҳам керак эди. Бу орада турмуш ўртоғим тиббиёт бўйича ўқишни бошлаб юборди. Чунки у ватанда Тошкент давлат болалар тиббиёти инс­титути магистратура курсини ҳам тамомлаб, врач бўлиб бироз ишлаган эди. Менда университетга қайтиб яна ўқишни давом эттириш имкони бўлмади. Шундан буён ўз қизиқишларим бўйича ишдан кейин мустақил шуғулланиб келаман. Ўзбекистонда ёқлаган илмий ишим Навоий “Хамса”си бўйича эди. Мумтоз адабиёт ҳам аслида тарих, шу боис Монреалдаги Квебек университетида тарихдан олган бир йиллик таҳсил менга анча ёрдам берди. Бунинг маҳсули ўлароқ “Иван Васильевич (чиндан ҳам) касбини ўзгартиради” мақоласини ёздим. Бадиий ижодга келсак, шеърлар ҳам… баъзан ёзиляпти… Яна ижодий ишлардан: француз шоири Шарл Бодлернинг “Ёвузлик гуллари” китобидан бир неча шеърни аслиятдан ўзбек тилига таржима қилиб, уларни шарҳладим. Бу таржималар Ўзбекистонда “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилди. Келажакда Бодлернинг мазкур китобини тўлиқ таржима қилиб, ҳар бир шеърни ўзбек ўқувчиси учун шарҳлаб бериш ниятидаман.

— Фарзандларингиз қайси тилда ва қаерларда ўқишади?

 

— Тўнғич фарзандимиз — Севинч Монреалдаги Конкордия университети санъат факультетида инглиз тилида таҳсил олади. Уни она юртимиз — Ўзбекистонга турмушга узатганмиз. Иккинчи фарзандим — Чингиз онасининг касбини танлади, яъни Квебекдаги Шербрук университети тиббиёт бўлими талабаси, бўлажак шифокор. Кенжамиз — Тимур эса мактабда иккинчи синфда ўқияпти. Катта фарзандларимиз ўзбек, француз, инглиз ва рус тилларида бемалол гапиришади, кенжамиз Канадада туғилган, унинг француз ва инглизчаси жуда яхши, ўзбек тилиниям чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиляпти.

 

— Туркияга кетган бир ватандошимиз билан суҳбатлашганимда, юртдан олисдаги ҳаёти ҳақида Румийнинг “Ташқариси сени ёқади, ичкариси эса мени”, деган гўзал сўзларини келтирган эди. Яъни, чиройли фотосельфилар сенга номаълум бошқа ерларга қизиқиш уйғотиши табиий. Аммо бу ватандан ташқарида ҳаётнинг гулгун эканини билдирмайди. Сиз мана шу борада нима дея оласиз? Сизни ҳамон қийнайдиган гаплар борми ичингизда?

 

— Ҳозир глобализм даврида яшаяпмиз. Албатта, Ватан муқаддас, Ватан ичидагиларнинг ватан дарди қанча бўлса, бизда ҳам шунча. Ватандаги ютуқлардан қувонамиз, ютқизиқлардан қайғурамиз. Онани ҳамма жойда ҳам севаверасиз, яъни онани севиш учун унинг бағрида бўлишингиз шарт эмас. Ҳозир “Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл” қабилидаги мақолларнинг даври ўтиб кетган. Бу менинг шахсий фикрларим, албатта.

Чор Россияси зобити ва этнограф В.П.Наливкин ўзининг “У ерликлар илгари ва ҳозир” (“Туземцы раньше и теперь”) асарида: “Кўпгина сартлар бир қишлоқда туғилиб, бир умр ўша қишлоқда яшаб, ҳатто қўшни қишлоқни кўрмай ўлиб кетади”, қабилида ёзади. Бу албатта XIX аср охири — XX аср бошидаги гап. Аммо яхши эслайман, ҳатто бизнинг болалик йилларимизда ҳам, агар кимдир қўшни қишлоққа қиз берса, “узоққа турмушга бердик”, “мусофир бўлиб кетди” каби гаплар қулоққа чалинарди. Бугун эса бир мамлакатда туғилиб, бошқа бир мамлакатда таълим олиб, бош­­қа бир мамлакатда яшаш, ишлаш оддий ҳолатга айланди. Минглаб юртдошларимиз Америка қитъасида яшайди, миллионлаб ўзбеклар ер юзи бўйлаб сочилиб кетган. Улар асло ўзларини “ғурбатдаги ғариб” деб ҳис қилмайди. Ҳамма нарсага яхши томондан қараш керак. Хорижга чиқиш кўплар учун янги имкониятлар, ўз қобилиятларини тўлақонли ифодалаш имконини беради. Уларнинг ҳар бири Ўзбекис­тонни қалбида, сийратида ташийди. Уларнинг ҳар бири ватаннинг хориждаги бир элчисидир. Уларнинг ҳар бири Ўзбекистонни ўнлаб, юзлаб хорижликларга танитади, ватанга келганда эса нафақат моддият, балки хорижда кўрган, ўзлаштирган тажрибаларини бир қатра бўлса-да, ватанига олиб келади. Улар қанча кўп бўлса, шунча яхши. Дунёнинг бошқа бир бурчагида тинчгина ишлаб, яшаб турса-да, уларнинг ҳар бири, ҳатто ўзлари билмаган ҳолда, ўз юртининг глобал дунёга қўшилиши, ривожланиши учун хизмат қилади. Чунки улар ватанни беғараз севувчилардир.

 

— Монреалдаги ватандошлар билан учрашиб турасизларми? Улар билан борди-келди муносабатларда нималарга кўпроқ эътибор берасиз?

 

— Монреалда ўзбеклар Канададаги бошқа бир шаҳар — Торонто ёки АҚШдаги каби кўп эмас. Лекин жуда яхши жамоамиз бор. Мус­тақиллик, Наврўз, Янги йил ва бошқа байрамларда, албатта, йиғилиб турамиз. Ёз ойларида табиат қўйнида тадбирлар уюштирамиз. Тадбирларда фарзандларимизга миллийликни сингдириш учун қадриятларимизга кўпроқ эътибор қаратамиз. Анча йиллар олдин юртдош­ларимиз мени Монреалдаги ўзбеклар жамоасига оқсоқол этиб сайлашган эди. Шундан бери ўзбекларнинг бошини қовуштириш, тадбирлар уюштириш каби ишларни баҳоли қудрат бажариб келяпман.

 

— Абдувоҳид ака, албатта, Ўзбекис­тонга келганингизда дўст-яқинлар даврасида Канада ҳақида озми-кўпми савол-жавоблар бўлса керак. Худди шундай, канадаликларнинг юртимиз ва одамларимиз ҳақидаги фикрлари қандай?

 

— Очиғини айтсам, мен хорижда дастлаб жуда кўп одамларнинг Ўзбекистон деган мамлакат борлигини ҳатто билмасликларига гувоҳ бўлганман. Бу, албатта, ҳукумат билан боғлиқ гап эмас. Мен, асосан, маҳаллий аҳоли ичидаман. Саволингизга жавобни ҳам шундан келиб чиққан ҳолдагина бера оламан. Табиийки, ким биландир танишганда қаерлик эканим билан қизиқишади, чунки маҳаллийларга ўхшамайман-да. “Ўзбекистонликман” десам, уларнинг баъзилари: “Қаерда у мамлакат? Европадами?” “Марказий Осиёда. Илгари советлар иттифоқи таркибида бўлган…” деб тушунтираман. Шундан кейин Ўзбекистонни ўрганишга киришиб кетишади. Ҳатто интернетдан Ўзбекис­тон ҳақида ўқиб, видеолар кўриб, менга саволлар беришарди. Спорт орқали Ўзбекистонни танийдиганлар бор. Мен  уларга Ватанимнинг яхши жиҳатларини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Самарқанд ва бошқа шаҳарларимиз, Тошкент метроси суратларини кўрсатганимда, ҳайратланишади, Ўзбекистонга саёҳат қилишни истаб ҳам қолишади.

 

— Давлатлар ўртасида йиллар, балки асрлар давомида бунёд бўлган музлар эриди. Қўшни давлатлар билан чегараларимиз очилди. Хорижий мамлакатларга чиқиш-кириш осонлашди. Сиз нима дейсиз, бугунги Ўзбекистон, сизнингча, кечагисидан яна нималари билан фарқ қилади? Келганингизда нима топдингиз ва нима йўқотдингиз?

 

— Дарҳақиқат, жуда кўп ижобий ўзгариш­лар бўлганлигини эътироф этиш керак. Дейлик, 2016 йилгача хорижда яшайдиган барча юртдошларимиз учун Ўзбекис­тонга келиб-кетиш бир азоб эди. Жуда кўп бюрок­ратик тўсиқлар, синовлар аэропортдан бош­ланиб, аэропортда тугарди. Албатта, бу нарсалар кўпчиликка маълум, уларни бугун эслашга ҳам ҳожат қолмаган. Бундан бошқа ҳам кўп яхши ишларнинг гувоҳи бўлдим. Фақат шу галги келишимда Тошкентда ҳавонинг ниҳоятда ифлосланганини, аввалги Тошкентга зеб бериб, ҳаво бериб турган осмонўпар чинорлар ўрнида кўплаб арчасимон дарахтлар экилганининг гувоҳи бўлдим. Билмадим, кўзимга улар шаҳарда ўзларини худди бегона ҳис қилаётгандай туюлди. Баъзилари бутунлай қовжираб қолган, улкан чинорлар фонида қимтиниб турибди. Монреалда, умуман, Канадада ҳаво ниҳоятда тоза бўлгани учун ҳам менга ҳавонинг ифлослангани яққол сезилди. Ўтган йили келганимда бундай эмасди. Бу гал Тошкент ҳавоси ҳатто нафас олишимда қийинчилик туғдирди. Нафас олсанг, димоққа чала ёнган тутун ҳиди урилади, ўпканг тўлиб нафас ололмайсан. Канадада экологик фожиалар у қадар сезилмайди, чунки экологияга жиддий эътибор берилади. Хусусан, Канада парламентида ҳам Яшил партия депутатлари сони ошиб бормоқда. Ўзбекистондаги экологик фожиаларни ҳам тезликда бартараф этиш ҳукумат учун энг долзарб масала эканини ҳис қилдим.

 

— Сиз ижод соҳасидан чиққан одамсиз. Озми-кўпми бугунги адабий жараёнларни кузатиб бораётган бўлсангиз керак, албатта. Нима дея оласиз бу ҳақда? Ижтимоий тармоқларда сиз ўтказиб юборишни хоҳламайдиган ижодкорлар кимлар?

 

— Албатта, ижтимоий тармоқлар орқали бугунги ўзбек ижодкорларининг янги шеър­лари, асарларидан баҳрамандман. Мус­тақилликдан кейин адабиётда бироз турғунлик даври бўлган эди, лекин 2010 йиллардан бошлаб адабиётга янги бир авлод кириб келди. Бу ерда ижодкорларни номма-ном санамоқчи эмасман. Ишонаманки, улар ўзбек адабиётининг бугунини яратишяпти. Улардан олдинги авлодлар вакиллари ҳам ижоддан тўхташгани йўқ. Адабий майдонда жуда катта жонланиш бор. Бу ўринда, эҳтимол, уларнинг савияси ҳам муҳим эмас. Энг муҳими, улар ўзбек адабиётига, адабий муҳитига тириклик бахш этишяпти ва улар воситасида адабиёт яшаяпти.

 

— Келажак йиллардаги режаларингиз қандай? Ватанга қайтиш ниятингиз борми?

 

— Келажакда тил бўйича тадқиқотларни давом эттиришни хоҳлайман. Ёзганларимни китоб шаклида нашр этишни ҳам ўйлаяпман. Яна Ўзбекистонда нисбатан кўпроқ бўламан, деб ният қиляпман. Лекин бутунлай қайтиш режам йўқ. Чунки, ўзингиз биласиз, фарзандлар қаерда бўлса, ота-она ҳам ўша ерда. Болалар энди Монреалда катта бўлишди, шу ерда илдизлашди-да. Нима ҳам дея оламан, насибамиз Канадада экан…

Муҳайё ПИРНАФАСОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 14 =