Нархи олтинга тенглашаётган маҳсулот

2013 йилда 1 кг гўштни 25 000 сўмга олиш мумкин эди. Бугун эса унинг нархи 140 000 сўмга чиқди.

Нархлар қандай ўзгарди:

2013 йил — 25 000 сўм

2014 йил — 27 000 сўм

2016 йил — 35 000 сўм

2017 йил — 38 000 сўм

2018 йил — 46 000 сўм

2020 йил — 60 000 сўм

2021 йил — 70 000 сўм

2022 йил — 90 000 сўм

2024 йил — 120 000 сўм

2025 йил — 140 000 сўм

Дарвоқе, гўшт нархининг ошиши ҳақида…

Очиғи, рўзғордаги емагимиз бўлган айни маҳсулот гастрономик мунозараларда энг кўп тилга олинадиган неъматлардан бири. Унинг турмушимиздаги қийматини солиштирадиган бўлсак, тақрибан бугун АҚШдаги маяк – тухумга бўлган нафсий эҳтиросларга тўғрироқ келиши мумкин. Тўғри, океан орқасидаги “тухум инқирози”нинг турли иқтисодий-сиёсий ва ҳатто геосиёсий сабаблари бўлиши мумкин, аммо бу танқислик фавқулодий. Бизда эса, худога шукрки, гўшт атрофидаги мунозаралар аллақачон анъанавий тусга кирган.

Бир ўйлаб кўрсангиз, бу масалада турли ҳангомалар, асабий гап-сўзлар эсингизга келади: нега бунча нархни оширворди, ноинсофлар гўштнинг орасига бекитиб суяк, чарви ёки молнинг елинини урворибди, тарозиларни текшириш керак… Бозор мавзусида бундай гаплар, одатда, гўштга нисбатан бўлади. Хуллас, бизда деярли ўттиз йилдирки, бу маҳсулот атрофидаги мунозаралар ҳам, хавотир ҳам тўхтамаётир.

Айтиш мумкин бўлса, эт дастурхонимизнинг энг “кибор” маҳсулоти мақомини бўшатмай келаётир. Гўшт “қўли етган ва етмаган” деган сифатловга мутлақо ҳақли маҳсулотга айланган. Зотан, ойда “қора қозони” бир туюр гўшт кўрмайдиган оилалар  кўплигини жуда кўпчилик, жумладан, “катта”ларимиз ҳам билишади. Аммо ҳал этилмаётган масала ҳақида сиёсий минбарлардан жуда оз гапирилади. Бу борада кейинги йилларда  айтилган энг жиддий мулоҳаза ЛДП раиси Актам Ҳайитов оғзидан янграган эди: “Биз кўп гўшт еяпмиз…”

Майли, мутойиба ўз йўлига, лекин ҳукумат бу масалани жиддий ўйлайдиган вақт келганига анча бўлган. Актам Ҳайитовнинг йўлини тутиб, элнинг оғзини “кўп гўшт еяпмиз” деб ёпиб қўйиш масаланинг ечими эмас. Ўзимизда табиий яйлов, суғориладиган ерлар, энг муҳими, одамларимизда тажриба бор бўла туриб, бу маҳсулотга бўлган талабни импортга боғлаб қўйиш ҳам, бизнингча, тўғри эмас.

Айни масалада тажриба ва яқин тарихга мурожаат қилсак яхши бўларди. Масалан, бундан ўттиз йиллар илгари биргина Нурота туманида бир неча миллион қоракўл қўйлари боқилган. Бундай туманлар республикада ўндан ортиқ эди. Ҳозир ўша туманлардаги хўжаликлар туёқ сонини ҳисобласангиз, юз минг нарисида чорва бўлиши мумкин. Бундай кризис ҳолат чорвачилик хўжаликларининг мулк шакли ўзгариши ҳисобига юз берган эди. Афсуски, ўша парокандалик қандай юз берган бўлса, айтарли (таҳ.) шу ҳолича қолди…

Бундан ташқари, кейинги йилларда аҳоли томонидан мол боқиш шароитининг қийинлашгани ҳам айни танқислик — қимматчиликка сабаб бўлиши мумкин. Масалан, бир йиллари маҳалла фаоллари қишлоқларда ҳовлима-ҳовли юриб, беда, пичан униб чиққан томорқаларни пайҳон қилиш кампанияси авж олди. Сабаб, бу ерга картошка ёки бақлажон экиш керак экан… Ҳовлисида тўртта моли бор одам учун картошкадан кўра ўша беда муҳимлигини маҳалладагилар билса-да, парво қилмади, чунки биз шундай топшириқ берганмиз…

Хуллас, муаммонинг ечими қабул қилинган ва қилинаётган қарорлар ичида бўлиши ҳам мумкин. Бир сўз билан айтганда, бугун чорва боқадиган оилалар, хўжаликларга шароит яратиб бериш, имтиёзлар беришни ўйлаш керак бўлади. Импорт масаласида эса гўштни эмас, балки ем-емиш масаласида импортни ўйласак, сал ютган бўлардик. Дейлик, қўшни Қозоғистондан ем-хашак олиб ўтиш тайёр маҳсулотни ўтказишдан бир неча баробар арзон тушиши мумкин. Чорвани етилтиришга озуқа бўлгач, муаммо деярли қолмайди. Ўзимизнинг қоракўзларда қорамолниям, ушоқ молниям боқиш, парвариш қилиш тажрибаси шундай юксакки, бундай санъат жуда кам чорвадорлардагина бор.

Манба: platforma.uz

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =