Шукур қилишни унутиб қўймадикми?

Инсон дунёга келибдики, бахтга интилиб яшайди. Саодатли бўлиб, толега чўмиб ҳаёт кечиришни орзу қилади. Унга етишиш йўлларини излайди. Албатта, бу неъматга ўз-ўзидан эришилмайди. Халқимиз азалдан бахт деганда тинчлик, хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, фарзандлар камоли, эл-юрт олдида юзи ёруғлик кабиларни асосий мезон сифатида билган.

Ҳазрат Алишер Навоий шаҳзода Бадиуззамонга ёзган мактубларидан бирида шундай ҳикматомуз фикрларни баён қилади: “Одамнинг мурод-мақсади бўлмаса, балолардан омон қолмайди. Аммо ҳар кишининг муроди кўпроқ бўлса, Ҳақ таоло амрига итоати ҳам бўлади”. Шундай экан, ҳар биримиз ўз мақсадимизни аниқ белгилашимиз, огоҳ бўлишимиз, Ватан, ота-она, қариндош-уруғ, фарзандлар, халқ, эл-юрт олдидаги масъулиятимиз ва бурчимизни англаган ҳолда, бунёдкорлик ҳисси билан яшашимиз ва шу орқали барча эзгу мақсад ва ниятларимизга эришишимиз мумкин.

Ўзини шу Ватаннинг фарзанди деб билган инсонлар нафақат таълим-тарбия жараёнида, балки ота-онаси ва фарзанди билан мулоқотда ёки ака-укалари суҳбатида ҳам дунёда юз бераётган нотинчликлар, тўполонлардан бир-бирини огоҳ этиб турмоғи керак. Шунингдек, хунрезликларнинг ортида турган кучлар ҳамда уларнинг ғаразли мақсадлари моҳиятини очиб бериши, мамлакатимиздаги ютуқлар, бунёдкорликлар, тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасидаги амалий ишлар ва вазифалар ҳақида мулоҳаза юритиши даркор.

Биз гўзал, озод ва обод Ватан қуряп­миз. Ҳаётимиз осойишта, турмушимиз фаровон, эртанги кунимизга ишончимиз катта. Бироқ бунинг ўзи ҳаётимиз ва тинчлигимиз, эртанги кунимиз, кўзлаган мақсадларимиз, эришишимиз лозим бўлган марралар учун етарли эмас. Бугунги мафкуравий хуружлар, “оммавий маданият” таҳдиди даврида бирор дақиқа ҳам лоқайд ва бефарқ бўлмаслигимиз зарур. Ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлган ҳолда тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашимиз, ёшларимиз онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилмоғимиз, мақсад ва муддаоларимизни аниқ белгилаб олмоғимиз зарур.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Шу ўринда депутат ва сенаторларимиз, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, бутун халқимизга қарата айтмоқчиман: энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик!” — деган хитоби барчамизни такрор ва такрор огоҳликка ундайди.

Афсуски, қанчадан-қанча шарт-шароит, имкониятлар яратилаётган бўлса-да, ҳали-ҳамон боқимандалик кайфиятига берилган, “давлат менга ҳамма нарсани қилиб бериши керак”, деган қарашда яшаётган одамлар ҳам бор. Улар доимий ўқиш, ҳунар ўрганиш, малака ошириш ўрнига давлатнинг ёрдамига ўрганиб қолгани, ташаббус кўрсатишдан йироқлиги, умуман олганда, боқимандаликка берилгани айни ҳақиқат. Бундай тоифадаги шахслар давлатга суяниб қолмоқда.

Тажрибадан келиб чиқиб айтиш керакки, яхши яшаш учун, энг аввало, ҳаракат қилиш, боқимандалик кайфиятидан воз кечиб, меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини тушуниш лозим. Камбағалликни фақат давлат кўмаги билан бартараф этиб бўлмайди.

Маълумотларга кўра, 1990 йилларда Хитойда аҳолининг ярмидан кўпи камбағал бўлган. Яъни одамларнинг топган пули фақат озиқ-овқатига етган. Орадан йигирма-ўттиз йил ўтиб, аниқроғи, 2021 йилда Хитой дунё мамлакатлари ичида биринчилардан бўлиб камбағаллик устидан тўлиқ ғалаба қозонганини эълон қилди.

Хўш, қандай қилиб тарихан қисқа фурсат ичида бундай мўъжиза юз берди? Олимларнинг таъкидлашича, Хитойда, биринчи навбатда, хусусий секторга, яъни тадбиркорларга устуворлик берилган. Давлат компаниялари сони кескин камайтирилиб, хусусийлаштирилган. Натижада аҳолининг бандлиги ҳамда давлатнинг барқарор иқтисодий ўсишига эришилган.

Бунинг барчасига эса ўша меҳнаткаш хитой халқи билан эришилган. Бу давлатда бўлиб келган бир киши билан суҳбатлашганимда, аҳолининг меҳнаткашлиги, давлат томонидан белгиланган қонун ҳамда талабларга қатъий амал қилиши, доимо интилиш ва ўз устида ишлашга бўлган ҳаракатини кўриб ҳайратланганини билдирди.

Шунингдек, катта шаҳарларида ҳам соат 22.00 дан кейин электрни иқтисод қилиш ҳамда хавфсизлик мақсадида барча кўча, объект ва кўнгилочар масканларнинг чироқлари ўчирилиши ҳамда аҳолининг кўчага чиқмаслиги, такси, кафе, ресторан ва бошқа кўплаб хизматларнинг кўрсатилиши қатъий тартибда ман этилишини эшитиб ҳайрон қолдим. Булар фақат ёдимда қолганлари.

— Ҳаво жуда совуқ: -15 даража, шамол эса қаттиқ эсаётганидан кўчада юриш жуда хавфли эди. Меҳмонхона қабулидан кузатдим, одамлар ҳар кунгидек скутерларда одатий ҳаёт тарзини давом эттираётган эди. Менга тушунтирмоқчи бўлгани пиёда юриш хавфли, скутер билан-ку, қўяверинг. Тасаввур учун скутер ҳайдаётган эркакнинг кўзойнаги музлаган, лекин у ишга бориб, смена алмашиши керак, бўлмаса, оқибатини билади ва ишсиз қолади.

Хўш, бугун нега давлат барча масалалар ечимини маҳаллага туширяпти? Жавоби оддий: маҳалла кимнинг қандай шароитда яшаётганини жуда яхши билади, демак, одамлар ўз муаммоси билан ўзи ёлғиз қолиб кетмаслиги керак.

Нега давлат органлари, раҳбарлар маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб реал ҳолатни ўрганиш ишларини олиб боряпти? Мақсад битта: бугун одамлар қайсидир давлат органига келиб, муаммосини, дардини айтишини кутиб ўтирадиган вақт эмас.

Шунга яраша одамлар ҳам боқимандалик кайфиятидан чиқиши, ташаббус кўрсатиши, янги-янги ғояларни ўртага ташлаши, ислоҳотлар жараёнига дахлдорлик ҳисси билан яшаши — адолатдан бўлади, албатта. Аслида, бугун камбағалликни қисқартиришда одамлардан кўп нарса талаб қилинаётгани йўқ. Ташаббус кўрсатиш, берилган имкониятлардан фойдаланиш, янги-янги ғояларни ҳаётга татбиқ этиш керак, холос.

Яқин ўтмишимизда газ ва электр таъминоти асосий муаммоларимиздан бири эди. Пули бўлса-да, газ ёки электр ёқолмасдан оналаримиз рўзғор қилишар, ўчоққа ўт қалаб умрлари ўтганди. Газ ҳамма жойга етиб бормаган, электр ҳам номига — яъни кунига икки ёки уч соатга берилар эди. Бугун эса бу масалани уйдан чиқмасдан, телефон орқали онлайн ҳал қилмоқдамиз. Янги иморатга чиқсангиз ёки бирор техник носозлик бўлганда биргина қўнғироқнинг ўзида мутахассислар етиб келмоқда. Бугун техник носозлик туфайли электр ёки газ бир соатга ўчгудек бўлса, дунё қоронғилашиб кетгандек камида ўн кишига қўнғироқ қилинади, 4-5 та телеграм группаларида бонг урилади. Хўш, нега биз бунчалар бесабр бўлиб боряпмиз? Буларнинг барчаси шукур қилмаслигимиз, борини қадрламаслигимизда эмасмикан?

Ҳаётда турли камчилик ва нуқсонлар бўлиши табиий ҳол. Улар секин навбати билан тўғриланяпти. Биз бугун нафақат юртимизда, балки туманимизда ҳам бўлаётган янгиликлар ва ўзгаришларни кўриб, гувоҳи бўлиб боряпмиз. Бу, албатта, ҳар бир кишини хурсанд қилади. Аммо кўпчилигимиз қилинаётган ишларнинг яхши томони қолиб, камчиликларни қидиришга ўрганиб қолганмиз. Масалан, туманимизнинг марказий чорраҳасида автотранспорт воситалари ҳамда пиёдалар ҳаракатланиши тартибга солинди, шаҳар ичи ва ташқарисида светофорлар сони кўпайди, бунда эса, албатта, тирбандликларнинг олди олинмоқда. Бундан ташқари, туман марказида жойлашган кўчаларга темир панжаралар қўйилди, бозорлар яқинидаги пиёдалар ўтиш йўлаклари ЙПХХ ходимлари назоратида. Аммо мана шу яхши шароитлар ҳақида ўйламасдан, бунга шукур қилмасдан, қаердадир бирор светофор ишламай қолса ёки бошқа бир муаммо чиққудек бўлса, қўлига телефон олиб, бонг урадиганлар ҳам анчагина. Ўзидан “блогер” ясаб олиб, ўзини ижтимоий тармоқларда ҳар хил муаммоларни олиб чиққандек кўрсатаётган, бундан фахрланаётганлар ҳам кўпайиб кетмоқда. Хўш, бундан дилхираликдан бошқа нима ҳам олардик? Қўлидан келса ёрдам берсин, бўлмаса, масалани ҳал қиладиган мутасаддиларга қўйиб берсин! Шундай эмасми?

Бугун ҳаракат қилиш, билмаганини ўрганиш вақти. Давлат бунинг учун имтиёз ҳам, маблағ ҳам беряпти, илм ўрганиш учун барча шарт-шароит мужассам. Шунчаки бефарқ бўлмасак, яратилган имкониятлардан самарали фойдалансак, уйимиз, кўчамиз, маҳалламиз ободлигига имкон қадар ҳисса қўшсак, томорқани бўш қўймасак, ҳар бир ишга уйғоқ фикр, теран тафаккур билан ёндашсак бас. Ахир давлат фуқаролар олдида масъул бўлгани каби биз фуқаролар ҳам она юртимиз олдида бурчлимиз. Шундай эмасми?

Матлуба РАББИМОВА,

“Иштихон овози” газетаси

муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − one =