Ниятни тўғри қилинг

Яхшиликни орзу қилмайдиган одам бўлмаса керак. Аммо ҳамманиям яхши ният қилади, деб бўлмайди. Ҳатто яхши инсонлар ҳам баъзан кутилмаган ҳолатларда ўзи билмаган ҳолда ёмон ният қилиб қўяр экан. Чунки баднафслик кишини чалғитиши натижасида одам билиб-билмай, тушуниб-тушунмай бадният қилиши мумкин экан. Оқибатда бошига аянчли кулфат ва кўргиликлар тушиб қолишини ёки арзимас яхшилик эвазига жудаям катта эзгулик қайтишини қуйидаги фикрларимизда баён этамиз.
Бир танишим айтиб қолди. Қариндоши хизмат вақтида хатога йўл қўйиб, хизматдан бўшатиладиган бўлибди. Кимдир маслаҳат берган, шекилли, пенсияни ўйлаб, танишларини ишга солиб, ўзига II гуруҳ ногиронлик мақомини тўғрилаш учун роса югурибди. Гепатит касали бўлмаса-да, йўлини қилиб, мен шундай касалман деб, шифохоналарга ётиб, бир амаллаб ҳужжат қилибди.
Албатта, кимдир бунақа ҳолатлар учраб туради-ку, бунинг нимаси ажабланарли, дейиши мумкин. Аммо…
Ўша қариндош орадан 2 йил ўтиб чиндан ҳам сариқ касалга чалиниб, тағин унинг оғир турига учраб қолибди. “Балки, бунга айримлар ишонмасдир, лекин бу ҳолга мен гувоҳман”, деди у бошини чайқаганча, яқин кишисига ачиниб.
Яна бир шифокорнинг айтишича, раҳбарларининг топшириғи билан бир одамга ногиронлик мақомини олиши учун унга оғир тан жароҳати олган, деб маълумотнома қилиб беришига тўғри келибди.
“Тан жароҳати бор-у, лекин ногиронлик гуруҳига тортадиган даражада эмас эди. Шеригим билан роса бошимиз қотди. Очиғи, яшириб нима қиламан, раҳбар сўзидан ўтолмай, лекин дилимиз оғриб, кўзимизни чирт юмиб маълумотномага қўл қўйдик. Аммо кўнглимиз ғаш эди. Негаки, мабодо текшириб қолишса, биз ҳам жавобгар бўлишимиз аниқ. Буни қарангки, орадан бир ой ўтар-ўтмас ўша йигит машинасида автоҳалокатга учраб, оғир тан жароҳати билан касалхонамизга тушиб қолди. Тавба, ниятинг – йўлдошинг деганларидек, энди у биринчи гуруҳ ногиронига айланганди. Унинг аҳволини кўриб, норози бўлганимизга пушаймон бўлдик. Аммо энди кеч эди”, — деди афсус билан шифокор.
“Нафақат яхши ният, балки яхши амаллар ҳам кишини турли бало-қазолардан асрар экан, — деб ҳикоя қилади бир укамиз. — Чўмилиш мақсадида дарёга бораётганимизда, йўл ёқасида бир нотаниш “Niva” машинаси лойга тиқилиб қолганини учратдик. Улар ҳам чўмилишга кетаётган экан, шекилли, бир рус кишининг аёли ва боласи машина орқасидан итариб ботқоқдан чиқазмоқчи бўлар, аммо кучлари етмасди. Шунда биз тўхтаб, уларга ёрдам бердик. Машина ботқоқдан чиқди. Улар миннатдор бўлиб, раҳмат айтиб, йўлида давом этишди. Қарангки, улар ҳам биз тўхтаб чўмиладиган жойдан сал нарида егуликларини қўйиб, дарёга чўмила бошлашди.
Орадан чамаси бирон соатлар ўтгач, шерикларимиздан иккаласи бир-бирига сув чаплашиб, дарёнинг экскаваторлар қумини олиб, чуқур қилиб кетган жойига яқинлашиб қолганини сезмай қолишди. Биз дарров ҳайҳайлаб, бақириб, уларни қайтаришга уриндик. Аммо бири қайтди, бошқасини эса сув ўша чуқур тарафга оқизиб кетса бўладими? Шунда денг, ҳалиги биз машинасини ботқоқдан чиқаришга ёрдам берган бақувват рус киши шартта ўзини сувга отди-ю, зув этиб оқиб кетаётган дўстимизга етиб олди. Дарров уни сув гирдоб бўлиб тушадиган жойнинг яқинидан ушлаб олиб, дўстимизнинг жонини сақлаб қолди. Биз жўралар қўрққанимиздан карахт бўлиб, нима қилишни билмай қотиб қолган эдик. Арзимас яхшилигимиз эвазига дўстимиз омон қолди. Унинг жавоби бир соатга қолмасдан қайтди”, — деди у бошини чайқаганча ўша мудҳиш ҳолатнинг олдини олган ибратли воқеани эслаб.
Дарҳақиқат, инсон тақдиридаги кўп нарсалар яхши ниятга ва яхши амалларга боғлиқ эканлигини сира унутмаслик керак экан. Бежиз халқимиз “Яхши ният — ярим давлат”, “Неники ният қилсанг, шуни топасан” ёки “Ҳаммаси ниятга яраша бўлади”, деб айтишмас экан-да. Зеро, Мирзо Бобур бобомиз: “Ким қилмағай, ким топмағай”, дея афсус чекмаганлар.
Улуғ донишманд Абу Райҳон Беруний эса: “Одам ҳамиша бошқаларга яхшилик қилиши керак. Агар яхшилик қилиш имконига эга бўлмаса, яхши тилаклар изҳор этсин”, дегани бежиз эмасдир.
Шуҳрат РЎЗИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.