Новда ҳам “болам” деркан!..

Ҳовлимизнинг олдидаги дастурхондай ерга бундан етти йил бурун уч туп илдизли ҳусайни ток экдим. Зўр кўкарди-ю, мева солмади. Ҳосилхонасидан кўкартирилмаган экан-да.
Охири ўтган йили Наманган чиллакисию Тошкент обакисини пайванд қилдим. Қаранг, бу йилнинг ўзидаёқ чиллаки ўн, обаки беш бош гулламоқчи.
Янги чиққан новда ёмон мўрт бўлади-да. Қўлим тегиб кетиб, обакининг бир новдаси ярим узилди-ку. Қаттиқ ачиндим. Раҳмим ҳам келиб кетди. Шоша-пиша ҳовлига кириб, қуриши учун дорга осиб қўйилган дастрўмолчани олиб келдим-да, шу билан яхшилаб ўраб, боғладим. У ярим узилган новдани жойига маҳкамлашдан ташқари, ўша ямалган ерни офтоб иссиғидан ҳимоя ҳам қилади-да.
Икки соатдан кейин қарасам, минг афсус, қарийб бир қарич бўлган бу новдадаги барча барглар сўлиб бўлибди. Гулбош ҳам сулайиб қолган.
Лекин икки кундан кейин қарасам, гулбош бироз тиклана бошлагандек туюлди. Демак, сал-пал сув ўтяпти. Новданинг гулбошдан кейинги қисмини шартта кесиб ташладим. Юкини камайтирдим-да.
Уч-тўрт кунда гулбош бош кўтарди, десангиз. Хайрият!
Бугун қарасам, ёнидан баргча ҳам чиқара бошлабди. Икки марта хайрият!
Художон-ей! Яратганинг ҳар қандай тирик мавжудотинг борки, аввало, “болам” дейди экан-да. Бу новда ҳам ўзи тўлиқ қуриб, ҳосилини олиб қолди-я!
Одамзоднинг феъли шундайки, то ўз кўзлари билан кўрмагунича бир гапга ишонмайди. Шунинг учун бугун бу “табиб”лигим натижасида “шифо” топган “пациент”им фотосуратини эътиборингизга ҳавола этишни маъқул топдим.
Энди ишонгандирсиз?
Султонмурод ОЛИМ