Кўпкари — кўпнинг дуоси

Ўзбекистонга меҳмон бўлиб келган француз журналист билан дўстим Жононбек сабабли танишиб қолдим. Меҳмон суҳбат жараёнида урф-одат ва қадриятларимизга дахлдор халқ ўйинлари ҳақида сўраб қолди. Мен журналист йигитга асрлар давомида давом этиб келаётган улоқ-кўпкари ўйини ҳақида гапириб бердим.
“Минг эшитгандан бир кўрган яхши”, дедим-у, эртаси куни меҳмонни, Қўшработ туманидаги Қирқовул қишлоғидаги Ислом Каримов номидаги майдонга олиб бордим. Хорижлик журналистни уйдагиларим, қавм-қариндошларим ҳамда отларим билан таништирдим.
Бу жараёнда меҳмонда кўпкари ўйинига, чавандозлар маҳоратига, отларга бўлган қизиқиш янада ортганига гувоҳ бўлдим.
Кўпкарида “Дилхирож”, “Пантерра”, “Шитон”, “Месси” лақабли отларда Эркин акам, Низом акам ва Жалол полвонлар бир неча мартадан жаловга (совринга) ташладилар.
Кўпкари тугагач, онажонимни кўриб, дуоларини олиб кетиш учун меҳмонни туғилган уйимга таклиф этдим.
Кечаси билан ака-укаларим, қўни-қўшнилар фақат кўпкари ҳақида гурунглашиб, гаплашиб чиқдик.
Эртаси куни Садаф онамнинг оталари, 1926 йилда туғилган пиру бадавлат Сайди бобо Ўсаров ва 1931 йилда туғилган Зиёда энамларни кўриш ва дуоларини олиб кетиш учун меҳмонни уларникига бошладим. Ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлган, гапларини ҳаётий мақоллар билан безайдиган, дунё кўрган бамаъни оқсоқол Сайди отам билан фаранг журналисти бирпасда тил топишиб кетди. Уларнинг суҳбати қизигандан-қизиди.
Хорижлик журналист йигит кўпкарига азбаройи қизиқиб қолганидан, кўпроқ отлар, чавандозлар ҳақида сўрар, бу сўзнинг асл маъносини, ўйин неча асрлардан бери давом этиб келаётганлигини эринмасдан суриштирарди.
Ота-боболаримиз айтишларича, “кўпкари” сўзининг маъноси кўпнинг дуосини олишдир. Айтишларича, ғурурли, забардаст, ориятли йигитлар фарзандли бўлишлари учун кўпкарида полвонларнинг, ёши улуғ қатнашчиларнинг дуосини олишга ҳаракат қилишган. “Чавандозларнинг ўзлари атай баковулга учрашиб: “Менга кўпнинг дуосини олиб беринг, Аллоҳим қўчқордек ўғил берса, келаси йили шу майдонда катта кўпкари бераман”, деб ният қиларкан. Шунинг учун элимизда Наврўз байрамлари, суннат тўйларида катта-катта улоқ-кўпкарилар бериш ота-боболаримиздан бизга мерос бўлиб келмоқда”, деди Сайди бобо.
Эътиборли томони шундаки, чавандоз бўлиш учун мунтазам спорт билан шуғулланиш, ичиш ва чекиш каби ёмон иллатлардан узоқ юриш талаб қилинади. Ўзим ёшлигимдан отга қизиқаман. Отам Ўмир бобо таниқли чавандоз полвон ўтган. Акам Эркин ҳам моҳир чавандоз.
Шу ўринда отамнинг амаки укаси Исмат полвон ҳақида тўхталмасам бўлмайди. Раҳматли камтарин, камсуқум, танти ва ҳазилкаш инсон бўлган. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистонларга бориб кўпкари чопган. У пайтлари мактаб ўқувчиси эдим, мени жуда яхши кўрар, “Жавлон, сен зўр полвон бўласан, Худо хоҳласа, ўзим тарбиялайман”, дерди. Исмат полвоннинг вафоти нафақат қавм-қариндошлар, у кишини яхши биладиган полвону отбозлар учун ҳам катта йўқотиш бўлди. Халқимизда от ўрнини той босар, деган мақол бор. Исмат полвоннинг ўғиллари Низом ва Жалол полвонлар республикамизда таниқли забардаст полвонлардан бўлиб етишдилар.
Болалигимдан кўпкарига жуда қизиқардим, кичикроқ гаштак-тўйларда от чопиб юрардим. 1994 йили мактабни битирдим. Ўша пайтлари кўпкарилар камайиб, отларга бўлган талаб қисқариб кетди нимагадир. Хуллас, Эркин акам бир ёшга тўлган тойимизни сотиб, пулига бир халта ун олди. Ўша унни эшакка ортиб, уйга олиб келганим ёдимда.
Ҳа, ун кам топиладиган, қиммат неъматга айланган даврлар эди. Тасаввур қилинг, бугун бир яшар той камида 7-8 миллион сўмга баҳоланади…
Пойтахтга ўқишга келдим, университетни тугатиб, ишлаб ҳам юрдим. Бироқ отга бўлган меҳрим тобора кучайиб борарди. Шукрки, 2007 йилларга келиб, улоқ-кўпкари ва отларга бўлган эътибор яна кучайди. Бундан хурсанд эдим. Акам кўнгил орзуларимни сезар экан, шекилли, кутилмаганда менга “Шитон” лақабли от олиб берди. Бошим кўкка етди. Аста-секин кўпкари чопиш ҳадисини ола бошладим. Кейинчалик бир қанча отларни тарбиялаб, республика миқёсида кўпкариларда ҳам қатнашиб юришга муваффақ бўлдим.
Эл ичида юриб, қанчадан-қанча чавандозлару отбозлардан дўст-биродарлар орттирдик. Баъзан улар билан қўноқлардаги суҳбатларимиз эрталабгача давом этди. Сўнг, пешин маҳал аста-секин кўпкари майдонига чиқиб келаверишимиз менга бошқача завқ, куч-қувват бағишлайди.
Пойтахтда яшасамда, кўпкари мавсуми бошланиши билан ҳар ҳафта дам олиш кунлари Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро, қўйингки, юртимизнинг барча вилоятларига бораман. Отга бўлган меҳримни сўз билан ифодалаб беролмайман… Ишқибозлигимни тушуниб, қўллаб-қувватлаётганликлари учун онам, ака-укаларимдан миннатдорман.
Баъзан болаларимнинг онаси: “Дадаси, шу кўпкарини, отларингизни бунча кўп яхши кўрасиз-а?” деб қолади. Шунда: “Сендан кўп яхши кўрмайман, лекин кам ҳам яхши кўрмайман”, деб ҳазиллашаман. “Қайдан билсин от қадрин, от минмаган эркаклар” дея айтгувчи таниқли ҳофизнинг қўшиғини эслатаман.
Бизнинг-ку, қонимизда чавандозлик ва полвонлик бордир. Аммо Европадан келган журналист йигитнинг кўпкарига бу даражада қизиқиб қолиши мени жудаям ҳайратлантирди. Ўмир отам ёшлигидан отга жудаям қизиққан. Умуман, уруғимизда кўпкарига қизиқмаган, кўпкари чопмагани йўқ. Бу ота-боболаримиздан бизга ўтиб келаётган устоз-шогирдлик анъанаси, урф-одат ва қадриятларимиздир.
Ўттиз йилдан ошибдики, пойтахтда яшайман. Бироқ ҳали-ҳамон қишлоғимизнинг самимий, бағри кенг одамлари кўз олдимдан кетмайди. Шунинг учун ўғил-қизларимни тез-тез қишлоққа, тўй-маъракаларга олиб боришга, оғайни-қариндошлар билан таништириб, урф-одатларимизни кўрсатиб келишга ҳаракат қиламан.
Отда шундай барака борки, буни сўз билан таърифлаш қийин. Ота-боболаримиз ҳар доим ҳовлида, яккамихда битта от сақлаган. От вафодорлиги ва эгасига содиқлиги билан ажралиб туради. Ошқозони йўқлиги, тўғри ичаклиги сабабли от эртаю кеч беда-хашак, бир маҳал 4-5 килограмм арпа еб туриши шарт. Ем егандан сўнг камида бир соат ўтгачгина қишлоқ оралаб миниб келинади. От эрталаб ҳам минилади. Бадани қизигандан кейин аввалига 100-150 метрга югуртириб, кўпкарига тайёрланади.
Шукрки, бугунги кунда ҳам от чопадиган полвонларимизнинг ори ва ғурури сарбаланд. Юртимизда улоқ-кўпкарига бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Алоҳида федерация ташкил этилиб, кўпкарига миллий спорт ўйини сифатида йўл очиб берилмоқда. Республикамизнинг барча вилоятларида, айниқса, Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятларида кўпкарига бўлган иштиёқ тобора ортиб бормоқда. Республика кўпкари федерациясининг вилоят кўпкари федерациялари бўлимлари томонидан тавсия қилинадиган энг зўр чабағонлар, полвонлар қўшни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон Республикаларида ўтказиладиган мусобақаларга бориб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқдалар. Мисол тариқасида айтсак, яқиндагина қўшни Қозоғистон Республикасига Самарқанд вилояти кўпкари федерацияси бўлими томонидан тавсия этилган Беркин полвон ўғли Шерали полвон бориб, юқори ўринни эгаллаб келди.
Дарҳақиқат, бугун кўпкарига қизиқиш баланд. Буни бизнинг Қўшработ тумани мисолида кўрадиган бўлсак, туманимиздаги Қирқовул қишлоғида Ислом Каримов номидаги, Жабутай қишлоғида Қизил майдон, Қувкалла қишлоғига кетаверишда Сойбўйи кўпкари майдонлари ташкил қилинди. Улоқ-кўпкари бошловчиси, таниқли сухандон Абдулла Алибеков эса машҳур Абдуғани Баратовнинг шогирди. Қўшработда туман кўпкари федерацияси масъуллари ва оқсоқол полвонларимиз бошчилигида ўн минг-йигирма минглаб ашаддий мухлислар иштирокида мунтазам равишда улоқ-кўпкарилар кўтаринки кайфиятда ўтказиб келинмоқда.
Албатта, жўшқин миллий куй-қўшиқлар улоқ-кўпкари ўйинига ўзгача руҳ, қувонч бағишлайди. Бунга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримовнинг “Оқ тулпор” қўшиғи яхши мисол бўлади. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳосила Раҳимованинг “Бос-бос, қамчи бос!”, “Шуҳрат” медали соҳиби Боймат Ҳасановнинг “Ғирот минган Гўрўғли”, “Тулпорим”, таниқли эстрада хонандаси Алижон Исоқовнинг “Жийрон” қўшиқлари кўпкари мухлислари ва ишқибозларини тўлқинлантириб келмоқда.
Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган йирик кўпкарилар ёши улуғ оқсоқоллар дуосидан кейин давлат мадҳияси билан бошланмоқда. Бу, албатта, фуқароларимизнинг маданияти ва Ватанимизга садоқатини оширади.
Ўзим санъатни яхши кўрганим ва санъаткорлар билан кўп йиллар давомида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси”да ҳамкорлик қилиб келганим учунми, чавандоз ва кўпкари полвонлари, от ҳақида қўшиқ яратган санъаткорлар, шоир ва бастакорларимизга алоҳида миннатдорчилигимни билдираман. Бундай қўшиқлар урф-одат ва қадриятларимиз нақадар буюклигини, устоз-шогирд анъаналарининг доимийлигини, халқ оғзаки ижодиётининг ибратли жиҳатларини қамраб олади.
Ҳамон ёдимда, 2015 йилларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Тошкент вилояти бўлинмаси раҳбари бўлиб ишлаб юрган даврларимда “Наврўз” умумхалқ байрами репетициясига чақирилган Тошпўлат ака билан анча гурунглашдик. Ҳофизга: “Оқ тулпор” қўшиғи яралиши ҳақида гапириб берсангиз, шу қўшиғингизнинг ашаддий мухлисиман”, дедим. Тошпўлат ака камтарлик билан бир воқеани гапириб берди.
Бу қўшиқнинг менга ўхшаган ашаддий бир мухлиси Тошпўлат Маткаримовни тўйига таклиф қилибди. Афсуски, куёв бола ногирон экан. Ҳофиз тўйни чиройли қилиб, файз бериб ўтказаётса, куёв қайта-қайта “Оқ тулпор” қўшиғини илтимос қилаверибди. Вазиятни англаган санъаткор: “Бугун Фарғона тонг отгунча сизларнинг хизматингиздаман. Фақат битта илтимосим бор. Куёв бола, сизни бугунги бахтли кунингиз билан чин дилдан муборакбод этаман. Фақат биз бугунги хизматимиз учун сиздан бир сўм ҳам хизмат ҳақи олмаймиз. Сизнинг отга ва ҳаётингизга бўлган ишончингиз сўнмасин, ҳали отларни миниб улоқ-кўпкарилар чопиб, жамиятимизнинг намунали оиласи эгаси бўласиз”, дебди. Буни қарангки, шундай бўлибди ҳам. Мустаҳкам ирода ва шукроналик ҳислари жўш урган йигит ўғил-қизлар кўриб, бахтли оилалардан бири бўлибди, ҳофиз билан ака-ука киришиб, жон жигарлардай бўлиб кетишибди. Ҳа, элга ана шундай беминнат хизмат қиладиган санъаткорларимиз кўпайсин.
Яна бир гап. Норбек исмли жиянимиз бор. Бир умр раҳбарлик лавозимларида ишлаган, дастурхони очиқ, давраси катта, ажойиб инсон, улоқ-кўпкарининг ашаддий мухлиси. Бир куни Норбек жиян бизникига меҳмонга келди. Меҳмоннинг олдига амаким Собир Ўнарни (Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин!) чақирдим. Учаламиз тонг отгунча роса ҳангома қилдик. Кетар чоғида Норбек ака озгина мазаси бўлмаётганини айтиб қолди.
Хуллас, кўрикдан ўтказган доктор Норбек акага… от миниб юришни тавсия қилибди. Чунки от миниш, айниқса, эгар-жабдуқсиз минса, кўплаб касалликларни даволаркан. Яланғоч отда юриш эркак кишининг соғлигига фойдали, деган гапни ҳам шифокорлардан эшитганман. Қишлоғимизда “От инсон кўра олмайдиган нарсаларни кўра олади”, деган ҳикматли гап тез-тез такрорланиб туради.
Дарҳақиқат, от — инсоннинг дўсти. От — йигитнинг қаноти. Айниқса, туркий халқларда от хосиятли жонивор ҳисобланади. Фазилатли китобларда бежиз “Фарзандларингизни от минишга ўргатинг”, дейилмаган.
Ҳа, от – ҳикматли жонивор, мардлик ва шижоат тимсоли. Шу боис, гўзал тулпорларни севайлик, уларни авайлаб-асрайлик. Зеро, от меҳрга меҳр билан жавоб берадиган ақлли, садоқатли жонивор.
Жавлон СУЛАЙМОНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
раиси ўринбосари в.в.б