Олтин занжир

Кимнинг фарзандисан, эслаб кўр! Эслаб кўр!..

Чингиз АЙТМАТОВ

Абдикарим деган  дўстим бор.

Кўпни кўрган, гурунгбоз йигит.

Яна давраларда теша тегмаган  ҳангомаларни айтиб, улфатларини кулдириб юради.

Кунларнинг бирида уни  қишлоқ гузаридаги чойхона ёнида учратиб қолдим.

— Қани ошна, “янгилари”дан борми, – дедим унга қараб.

Дўстим эса жиддий қиёфада бироз ўйланиб, деди:

— Эй, у гапларни қўйинг, бугун бошқа нарса бор. Биласиз, укам Панжи Самарқанддаги шифохонада жарроҳ бўлиб ишлайди. Бир куни Чироқчининг чекка қишлоғидан бўлган йигитнинг қўлини ёғоч кесадиган электр арра кесиб, узиб кетибди, укам уни операция қилиб тузатгач, кўпни кўрган устози шундай дебди:

— Менимча, сенинг аждодларингдан бири табиб ўтган бўлса керак…

Меҳмонга борганимда, укам бу гапни менга айтди, рости уялиб кетдим, чунки боболарим ким бўлган, қандай яшаган билмасдим-да…

Уйга келиб, укамнинг саволини  отам Наби муаллимга бердим.

— Ўша дўхтир синчков экан, ростдан ҳам боболаримиздан бирини эл-улус Мардон синиқчи деб атаган. У киши қўл-оёғи, елкаси синган-чиққанларни даволаган. Ана, Бобонар аканг ҳам синиқ-мертикларни боғлаб юради-ку, бу касб бизнинг қонимизда бор, ўғлим! — деганди отам раҳматли.

Кеча эса Бобонор акамдан Мардон синиқчининг  отаси кимлигини билдим. Бош бобомизни Оппон пансод деб чақиришар, у киши беш юз одамга бош бўлган эканлар.

* * *

Ўшанда тўртинчи синфда ўқирдим, баҳор кунларининг бирида, бобом Маҳмарўзибой мени эшагига миндириб даштга, қўйларидан хабар олгани чўпонлар ҳузурига олиб кетди.

Бобом йўл-йўлакай менга гурунг бериб борди:

— Эй, болам, мана ёшим саксонга етди, кўпни кўрдим, умр оқар дарё экан, оқди-кетди. Яратганга шукр, меҳнатим боис хорлик-зорлик кўрмадим, қўй-эчки қилдим, боғ яратдим, лозим бўлса, савдогар ҳам бўлдим, ҳалол, тўғри яшадим. Фарзандларимни оёққа турғаздим. Одамларнинг тилига бой бобо бўлиб тушдим.

Билсанг, бобокалонимиз Мардон синиқчининг зурриёдини Худойберди саркор деб чақиришган. Бобомиз қавмимизни, уруғ-аймоғимизни ўғри-қароқчилардан, босқинчилардан ҳимоя қилган. Ўзиям ёвқур, чапани киши бўлган.

Хўш, кейингиси Худойберди саркорнинг ўғлини Хўжамберди ёмғирёғди, дейишган.

— Чунки Хўжамберди бобомиз катта чорвадор бой бўлган, уюр-уюр от-йилқилари, қўйлари, туялари бўлган. Ўзиям синчков, тадбирли киши бўлганки, қачон қор ёки ёмғир ёғишини олдиндан айтиб бера олган.

Кунларнинг бирида бобомиз чекмон, телпак кийиб даштга, чўпонлари ёнига жўнабди ва учраган чўпон-чўлиқларга “тезроқ қўйларингни  қамовга ҳайданглар, қаттиқ жала ёғади”, деб айтиб кетаверибди. Кун очиқ, қуёш чарақлаб тургани сабабли чўпонлар бобомизнинг сўзига парво қилишмаган, ҳатто баъзилари “боши айланибди”, деб кулишибдиям.

Бобомиз эса ўзига қарашли қўйларни қўрага қамабди, ишонсанг, бир зумда уфқ тарафдан шамол ва булут келиб, кучли жала қуйибди.

Бобомизнинг тезкор тадбири туфайли қўйлари омон қолибди, аммо бояги “қулоқсиз” чўпонларнинг отарлари кўп талафот кўрибди.

— Эй, бўтам кексаларнинг гапларига қулоқ солмаслик қандай оқибатларга олиб келишини эшитдингми?

* * *

— Бир йили хўжаликда бригадир бўлиб ишлаган Ҳаким акам ўғлига суннат тўй  қилди. Меҳмонлар қўноқхоналарга жойлашгач акам менга мактаб стадионига бориб кураш учун майдон ҳозирлаймиз, – деди.

Акамнинг сўзларини эшитган отам дабдурустдан:

— Ўғлим олиш бўлмайди ёмғир ёғади, – деди.

Эй, ота қизиқмисиз, осмонга қаранг, юлдузлар чарақлаб турибди,-деб кулди акам.

— Айтдим – қўйдим-да,  ўғлим…

Биласизми, ошна, меҳмонлар қайтиб халойиқ тўплангач, энди кураш бошланай деб турган маҳал шағиллаб ёмғир қуйди. Кураш бўлмади, биз шалоббо бўлиб, уйга қайтдик.

Отам бизни кулиб қаршилади:

— Ай, болама, ахир мен Хўжамберди ёмғирёғдининг чеварасиман,  бекорга гапирмасам керак-ов…

* * *

Даштга кетаяпмиз. Бобом ҳамон ўтган-кетгандан гурунг бериб бормоқда.

Билсанг Хўжамберди бобомизнинг зурриёдини Юсуф бўрдоқ деб айтишган.

— Нега бўрдоқ дейишган бово? – сўрайман қизиқиб.

— Отам зўр чавандоз алп бўлган, ўзиям тўккиз пуд келган, бу бизнинг ҳисобда бир юз қирқ тўрт кило бўлади.

— Нега бўрдоқ дейишган, – сўрайман такрорлаб.

— Бунча шошқалоқсан, бизнинг уруғда мундайи бўлмоғич  эди,  сен мабодо қўштамғали тоғаларингга тортмаганмисан?

Бир куни отам чияллик чорвадор бой билан саксон қўйдан бир бўрдоқи қўйнинг гўштини  ейман деб гаров бойлашибди. Гаров-гаровда, эртасига қўйни сўйишиб отамни чақиришибди. Отам ўзи билан бир ҳуржин пиёз олиб борибди ва даврага чаппа ўтириб гўштни олиб келинглар, деб чақирибди. Катта тоғорада гўштни олиб келишибди. Отам ортига қарамай  қўл узатиб пиёз билан гўштни тановвул қила бошлабди. Охири пиёз ҳам гўшт ҳам тугабди. Кейин  отам ўзини катта ариқдаги сувга ташлабди. Бир  кеча-кундузи ариқда ётибди. Кўрганлар айтади,  ўшанда ариқдан сув ўрнига жиққа мой оққан экан.

— Ҳаммасини еганми? – дейман ҳовлиқиб.

— Ҳа, фақат шўрваси қолган.

— Йўғ-а?

— Ишонмасанг ишонма, — дейди бобом ва эшагини қичайди.

— Бова сиз ҳам бўрдоқи қўйни еганмисиз?

— Йўқ, мен емаганман,  аммо укам Маматнинг егани рост.

Хаёлимга ошналаримнинг амакиларимни бўрдоқнинг болалари деб аташгани келиб жим  қоламан.

— Бово сизни  одамлар тиллоси бор дермиш,  агар бўлса менга бир кўрсатинг…

Бобом қовоғини  уяди-да, деди:

— Рост, бир замонлар тиллом ҳам, нуқрам ҳам бўлганди, сўғин сурув-сурув қўйларим, йилқиларим бор эди, барисини “шўравой”лар олиб қўйишди. Эй, майли, мол-дунё кимга вафо қилган ўзи, ишқилиб, жонимиз омон қолди, шунинг ўзи катта давлат.

* * *

Ниҳоят Фозил чўпоннинг қўшхонасига етиб келдик. Чўпон келиб, бобом билан қучоқлашиб кўришди. Сўнгра мезбон бизни супага таклиф қилди.

— Аввал қўйларимни туваллаб келай, кейин гурунг қиламиз, – деди бобом.

Бобом сурувни айланиб, қўйларни санаб келгач, кўнгли жойига тушиб, супага чиқди.

— Ҳадемай ошнангиз Шоймардонбой ҳам келади, бир отамлашасизлар, – деди Фозил чўпон. Унгача мен сиз билан бир куч синашиб олайин, – деди-да, қўйнидан халта чиқариб, бир ҳовуч қора тошларни ерга тўкди.

Бобом мийиғида кулди ва чекмоннинг чўнтагидан гулдор халта чиқариб, оқ тошларни тўкди. Улар ерга тўрт бурчакли  катак чизишиб, худди шахмат ўйнагандек тошларни қатор териб чиқишди.

Менинг эса бу ажойиб ўйинни биринчи бор кўришим эди.

Ўйин анча давом этди, шу орада чўпоннинг ўғли Жовли ака дастурхон, чой ва чалоп келтирди.

— “Қичаб ўт”ни кимдан ўргандинг, — сўради бобом Фозил чўпондан.

— Ошнангиздан, ҳали унча яхши ўйнолмайман.

— Биз тарафдан буни мен ва Асадулла махсумдан бошқа биров билмайди. Билсанг, бу кўҳна ўйинни қўйчивон аждодларимиз ўйлаб топишган, бу ҳазил ўйинмас, бу калласи зўр, ҳисоб-китобни биладиган, фикри тозаларнинг ўйини.

Ўйин кун ботгунча давом этди, охири Фозил чўпоннинг тошлари қамалда қолди ва иложсиз таслим бўлди.

Ўша куни биз чўпонникида ётиб қолдик, кечга тортиб от минган Шоймардонбой ҳам келди ва уч қария тонг отгунча ўтган-кетгандан, ажойибу ғаройиботлардан, ровийдан суҳбат қуришди.

Мен эса чарчаганим сабабли ухлаб қолибман, эртасига биз чой ичгач, ортга қайтдик.

* * *

Суҳбатдошим тин олди.

Менинг эса унинг боболари ҳақида анчагина хотираларни билишига ҳавасим келди.

Дарҳақиқат, гарчи истамасак-да умримизнинг бир куни поёни борлиги аёндир. Аммо биздан қоладиган эзгу ишларнинг мангуликка дахлдорлиги кўнглимизга ёқимли таскин беради. Хаёлимиздан “мени ҳам бир кун келиб, ёр-биродарларим, фарзандларим эслаб юришармикан?”, — деган савол ўтади.

Яна бир гап. Абдикарим дўстим болаликдан китоб мутолаа қилишга ишқибоз. Айниқса, тарихий мавзудаги асарларни ёқтиради. Рус тилида ҳам қийналмасдан ўқийди. Талабалик йилларида атоқли адиблар Шукур Холмирзаев ва Ўткир Ҳошимовлар каби атоқли адиблар билан бир неча бора мулоқотда бўлган.  Бугун эса Абдукарим бобо вақт топди дегунча ўғил-қизларига, келинлари ва набираларига  бобоси ва отасидан эшитган ҳаётий воқеаларни, ибратли ҳикояту ривоятларни  бот-бот сўзлаб беради.

Ҳа, аждодлар ва авлодларни боғлаб турган олтин занжир — улуғ шажара ҳеч қачон узилмасин, унинг давомли ҳалқаларидан сизу  биз ҳам муносиб жой олайлик.

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Қамаши 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =