Қайга бормай, бошда дўппим…
Суратда: Сирдарё вилоятининг собиқ ҳокими Ғофуржон Мирзаев 2021 йил матбуот куни байрами арафасида сир-дарёлик журналистларга дўппи совға қилган эди.
Бундан беш аср муқаддам шеъриятимиз қуёши ҳазрат Мир Алишер Навоий фахр билан:
Шоҳу тожу хилъатиким,
мен тамошо қилғали,
Ўзбаким, бошида қалпоқ,
эгнида ширдоғи бас, —
дея ёзган эдилар. Дарҳақиқат, ўша кезларда ҳам “қалпоқ” ва “ширдоқ”, яъни дўппи ҳамда тўн миллатимизнинг қадриятлари сифатида эъзозланган. Бироқ XX асрнинг ўрталарига келиб, дўппи ва тўн киядиганлар тобора сийраклашиб борди. Дўппилар ўрнини оврўпача бош кийимлар — шапка, кепка ва шляпалар эгаллай бошлади. Шу боис миллатсевар шоир Муҳаммад Юсуф:
Дўппи киймай қўйди одамлар,
Бир шоир, бир носирдан бошқа… —
дея ёзғириб байтлар битган эди.
Яратганга шукурки, мустақилликдан кейин дўппилар бошларимизга қайтди. Илгарилари ишга дўппи қўндириб борсак, ҳамкасблар: “Тинчликми…” деб сўрагувчи бўлди. Чунки дўппи ва тўн, асосан, таъзия кунлари кийиладиган бўлиб қолган эди-да. Қолаверса, шўролар салтанати даврида шапка ва кепка сиёсий атрибутга ҳам айланган эди. Бу ҳақда кулгили латифалар ҳам тўқилган. Шулардан бири:
“1967-1968 йиллар, “Гулистон” журналининг халқимиз маънавияти оламида туб бурилиш ясаган — Иброҳим Раҳим муҳаррирлигида чоп этилган юлдузли йилларида Эркин Воҳидовнинг ўз вақтида адабиётимизда жуда катта шуҳрат қозонган “Ёшлик девони”га киритилган “Узум”, “Дилдорга нома ёздим” сингари машҳур ғазаллари қатори “Ўзбегим” қасидаси ҳам эълон қилинадиган бўлибди. Лекин уларнинг эълон қилиниши номаълум сабабларга кўра, орқага сурилибди. Шоир сабр билан натижани кутибди… Иттифоқо, бош муҳаррир уни ҳузурига чақириб, дебди:
— Эркинжон, замонни биласиз, бу шеърларингизни шундай чиқариш ноқулай, ўйлаб-ўйлаб бир йўл топдим. Шунга сизнинг ёрдамингиз керак бўлиб турибди.
— Майли, — дебди Эркин ака, — нима қилишим керак?
Лекин шоир ўйлаб қолибди: “Арузни бармоққа айлантириб беринг”, демас, “Босолмаймиз”, десалар-а?”, “Бирорта ғазалнавис устоздан сўзбоши ёздириб келишим керакмикин?..”
Иброҳим ака ҳеч кутилмаган саволни берибди:
— Эркинжон, кепка кийиб тушган суратингиз борми?
— Кепка кийиб?! Ўрисларнинг кепкасини айтяпсизми?
— Ҳа, оддий, ўрисларнинг бош кийими — кепка кийиб тушган суратингиз. Бўлмаса, кепка топиб, суратга тушиб келасиз. Ғазалларингизга уни ҳам қўшиб босиб чиқарамиз.
— Бўпти, мен розиман, Иброҳим ака. Лекин нимага кепка?
— Ҳа, тушунмаган шоир. Улар босилгач, юқори ташкилотлардан бизга дакки беришадиган бўлса, “миллатчилик” дебми, “шовинизм” дебми, кепка кийган суратингизни уларга рўкач қиламиз: “Мана, кўринг, ўзи ғирт замонавий ёшлардан, комсомол, бунинг устига, қаранг, бошида миллий кийим — дўппи эмас, кепка”, — деймиз. Қарабсизки, ўзимизни ҳимоя қиламиз”.
Ҳа, азизлар, шундай кунларни ҳам бошдан кечирганмиз. Бугун эса дўппи кийган одамлар сийловда, эъзозда. Уларни миллат қадриятларини авлоддан-авлодга ташиётган валломатлар сифатида барча ҳурмат қилади. Аниқ бир мисол: ўтган ой Туркманистон давлатининг пойтахти Ашхобод шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти оқсоқоллар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда барча туркий тилли давлатлардан 5 нафардан оқсоқол иштирок этди. Ўзбекистон делегацияси таркибида “Нуроний” жамғармаси Сирдарё вилояти бўлимининг раҳбари Ўтбосар ҳожи Абдиев ҳам бор эди. Ўзбек тили байрами куни у киши билан Гулистон шаҳрининг “Билимдонлар маскани”даги ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимида учрашиб қолдик. Ўтбосар оға Ашхободда рўй берган бир воқеани фахрланиб гапириб бердилар.
— Туркий давлатлар ташкилоти оқсоқоллар кенгашини Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов олиб борди, — дея таассуротларини сўзлай бошлади Ўтбосар оға. — Делегациямиз таркибида фақат мен дўппили эканман. Бир пайт Гурбангули Бердимуҳамедов менга тикилганча, қандайдир имо-ишора қилдилар. Аввалига гап нимада эканлигини тушунмадим. Камина ҳам бошимни сарак-сарак қилиб, ҳурмат бажо келтирдим-да, ишимни давом эттирдим. Гапнинг индаллоси кейин маълум бўлди. Кенгаш поёнида Гурбангули оға делегациямизнинг барча аъзоларига эсдалик совғалари инъом этдилар. Дўппим ҳурмати фақат каминага туркманча тўн ёпдилар. Ўша пайт ўзбеклигимдан фахрланиб кетдим. Хурсандчиликдан кўзларимдан ёш чиқиб кетди.
Тўғри-да. Ота-боболаримиз қадимда қишин-ёзин бошларига дўппи кийиб юришган. Қаҳрамон шоиримиз Эркин Воҳидов бу ҳолни жуда яхши илғаб, тасаввур қилиб, “Ўзбегим” қасидасида чиройли баён этган:
Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.
Дарҳақиқат, бугунги кунда миллий либосларимизни тарғиб қилиш мақсадида турли тадбирлар ташкиллаштирилмоқда. Бу ўзлигимизни англашда яхшигина восита бўлаётир. Вилоятимизда 6 йил ҳоким лавозимида фаолият олиб борган Ғофуржон Мирзаев бир йили касб байрамимиз — Матбуот ва ОАВ ходимлари кунида барча сирдарёлик журналистларга ўзлари дўппи кийдириб чиққан эдилар. Шундан кейин Сирдарёда “дўппили журналистлар” кўпайиб қолган эди. Миллийликни тарғиб қилишда, айниқса, раҳбарларнинг ибрати муҳим аҳамият касб этишини ўшанда англаганман.
Алқисса, дўппи ўзбекни бошқа миллатлардан ажратиб турадиган миллий бош кийим. У ҳам 70 йил мобайнида токчаларда, сандиқларда чанг босиб ётди. Мустақиллик шарофати билан яна у бошларимизда пайдо бўлди. Шоир Азим Суюн “Ўзбек дўпписи ёки Ғафур Ғулом дўпписи ҳақида сўз” шеърида ёзганларидек:
О, бугун Ватаним озод, музаффар,
Ўз туғро, Байроғи, Мадҳияси ёр!
Каттаю кичиги — ёшида дўппи,
Жажжи Ғафурларин бошида дўппи.
Азим! Олам турли, одамзод турли,
Ўзбегим бошида дўппи мангулик!
Шоир битганидек: бошимиздаги дўппимиз ҳамиша бор бўлсин!
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.