Уйчидаги уятли манзаралар

Ўтган йили Уйчини ишсизликдан холи туманга айлантириш тажрибаси ҳақида мамлакатдаги қатор оммавий ахборот воситаларида чиқишлар бўлганди. Камина ҳам 2024 йилнинг декабрь ойида вилоят ҳокимияти тавсияси билан шу мавзуда мақола тайёрлаш мақсадида Уйчи туманида бўлганман. Янги иш ўринларини яратиш, камбағалликни қисқартириш бўйича олинган маълумотларни ўрганиб, ижобий мақола ёзиш фикримдан қайтгандим.

Чунки тумандаги масъул раҳбарлардан олинган маълумотлардаги рақамлар ишончсиз ва турли хил эди. Очиқ айтганда, тақдим этилган рақамлардаги тафовутлардан қўшиб ёзиш ҳиди келиб тургандай эди. Устига-устак, ўша кунлари туман ҳудудидаги асосий кўчаларда, ҳатто ҳокимиятнинг яқинида ҳам маиший чиқиндилар тўпланиб ётганининг гувоҳи бўлиб, ахлатларники вақтида ташиб кетишни ташкил эта олмаган туман раҳбарининг фаолияти ҳақида ижобий фикр айтишга иккилангандим.

Бу муаммони кўтариб чиқмаганимнинг яна бир сабаби, ўша кунлари қор ёғиб, совуқ об-ҳаво туфайли автотранспорт воситаларини метан газ билан таъминлашда ҳам чеклов бор эди. Чиқинди ташийдиган махсус автомашиналар учун ҳам метан газ танқис бўлган бир пайтда бу муаммони кўтариб чиқишга истиҳола қилгандик. Чунки махсус транспорт воситалари ҳам газ танқислиги сабаб тўлиқ қувват билан ишлай олмаётгани ҳам бор гап эди-да.

Мақтов ёзишга қўлим бормаганининг яна бир сабаби, маънавиятга, газеталарга, таҳририят вакилларига жиддий муносабатда бўлмайдиган, ёлғон гапириб, ёлғон ваъдалар бериб уялмайдиганлар ҳақида ёзишга ғурурим йўл қўймаганди…

Буни қарангки, шу йилнинг 23 апрель куни Наманган вилоят сув хўжалиги бошқармаси раҳбарлари билан учрашиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида мақола тайёрлаш мақсадида яна Уйчи тумани ҳудудидан ўтдим. Амир Темур номли кўчадан бораётганимизда ҳамроҳимнинг “Уйчи тумани кўчаларидаги ахлатлар вақтида олиб кетилмаслиги сабабли антисанитария ҳолати вужудга келганлиги ҳақида мақола ёзсангиз яхши бўлар эди”, деган илтимосидан келиб чиқиб, йўлнинг икки юзидаги хонадонлардан чиққан елим халталарга қоплаб қўйилган ахлатлар уюмларини суратга олдим. Маҳаллалар вакиллари билан суҳбатлашганимизда, ахлатларнинг олиб кетилмаслигига улар кўникиб қолишганини айтишди. Чиқиндилар ҳафталаб йиғилиб қолгач, қўланса ҳид чиқа бошлагач, ноиложликдан шахсий автомашина эгаларига пул бериб ахлатдан қутулишаётганини билдиришди.

Айниқса, туман марказидаги Беруний маҳалла фуқаролар йиғинидаги ахлатхона аҳолига катта бошоғриқ бўлмоқда экан. Ойлар давомида йиғилган ахлат уюмларини тозалаш ҳақида уларнинг туман раҳбарларига қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётганлиги ҳам ташвишли.

Ажаб савдони қаранг. Наманган шаҳри ва бошқа туманларда кўча ёқалари гулзорларга айлантирилиб, кўзни қувонтираётган, Наманган анъанавий халқаро гуллар фестивалига қизғин ҳозирлик кўраётган бир паллада Уйчидаги аянчли манзаралар ҳар қандай кишини ранжитиши табиий.

Покизалик йўқ жойда барака бўладими? Кундан-кунга кўчаларидан файз йўқолиб бораётган Уйчининг ҳокими учун бу ҳол уят эмасми? Туман ҳудудини маиший чиқиндилардан тегишли корхоналар орқали тозалата билмаётган, бунга кучи етмаётган, эҳтимол, антисанитария муҳитига “мослашиб қолган” туман ҳокими Шуҳрат Мусаев зиммасидаги улкан вазифаларни қандай уддалай олаётгани хусусида, тўғриси, нима дейишга ҳайронмиз.

Уйчида туман ободонлаштириш ташкилоти йўқми? Бошқа ташкилотлар-чи? Улар бор бўлса, туман марказида шу аҳволда бўлгач, унинг маҳаллаларида, қишлоқларидаги манзара қанақа экан?

Санитария-эпидемиология, осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (бир пайтлар “СЭС”)нинг туман бўлими Уйчида нимани назорат қилаяпти? Ахир бундай нопокизалик, Худо кўрсатмасин, минг хил касалликларни келтириб чиқариши ҳеч гап эмас-ку.

Хулласи калом, туманда озодаликка, саришталикка эътибор йўқ. Бу ерда маданият, санъат, таълим, тиббиёт, иқтисод қай аҳволда? Булар ҳақида ҳам келгуси кузатувларимизда албатта тўхталамиз.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + twenty =