Алпомишнинг олим невараси

Олим ва ижодкор дўстим Жаббор Эшонқулни қарийб ўттиз беш йилдан буён биламан. У ижод оламига бошқаларни такрорламаган интеллектуал шеърлари билан кириб келди. Адабий нашрларда чоп этилган лирик асарлари унинг ижодий истиқболи баланд бўлишидан дарак бериб турарди. Шеърлари билан ижод аҳлининг эътиборига тушди, эътирофини қозонди. Лекин халқ оғзаки ижоди деган бепоён уммон билан яқиндан танишгач, у бутун салоҳиятини ана шу сарҳадсиз уммон қаъридаги дуру жавоҳирлар — фольклор намуналарини тадқиқ қилишга бағишлади.
Унинг халқ ижодиёти билан танишуви илмий фаолияти билангина боғлиқ бўлмай, аслида, болаликдан бошланган. Жаббор Эшонқул асли Қашқадарёнинг Қамаши туманига қарашли тоғли Олма қишлоғидан, бахшилар юртидан. У — ўзбекнинг қўнғирот уруғидан, Алпомиш авлодидан. Шу боис достонлару термалар тинглаб, қалбу шуури Алпомиш, Гўрўғли, Рустамхон каби халқ қаҳрамонлари руҳиятига ошно тутиниб ўсди. Кулса даҳанидан гул, йиғласа кўзидан дур тўкиладиган малаклар олами ҳақида сўнгсиз хаёллар сурди. Тушларида Бойчиборни миниб, қалмоқлар билан пойгада ўзди, Алпомиш билан елкама-елка туриб, ултонтозларнинг додини берди. Гуржистондан Авазхонни, Ваянгандан Ҳасанхонни олиб келишда Гўрўғлига ҳамроҳлик қилди. Ҳар бир сўзи мақолу маталлар билан зийнатланган, суҳбати ҳикматга йўғрилган донишманд боболару оқила момолар суҳбатидан ақли ўткирлашиб, тили чархланиб, руҳи қувватланиб вояга етди. Шунинг учун мен унинг бутун илмий-интеллектуал салоҳиятини фольклорга бағишлашида табиий қонуният кўраман. Унда ижодий ва илмий тафаккур жам бўлишининг, забардаст фольклоршунос сифатида наинки мамлакатимизда, туркий дунёда ҳам муносиб эътироф қозонишининг асл илдизлари ҳам шундадир.
Жаббор Эшонқул — етук фольклоршунос. “Фольклор: образ ва талқин”, “Эпик тафаккур тадрижи” монографиялари орқали у ўзбек фольклорининг жанр хусусиятлари ва такомил босқичларини теран таҳлил этди. Олимнинг илмий қарашлари фольклор назарияси асосларига доир мавжуд қарашларни бойитгани жиҳатидан қимматлидир. “Ўзбек фольклорида туш ва унинг бадиий талқини”, “Миф ва бадиий тафаккур” каби монографиялари ўзбек халқ оғзаки ижодиёти жаҳон фольклоршунослиги контекстида таҳлил этилгани билан алоҳида аҳамият касб этади. Унинг асарларида фольклор намуналари дунё адабиёти ва адабиётшунослиги, фалсафа, тарих ва этнография илмларининг ютуқлари билан синтез қилинади. Муҳим назарий умумлашмалар чиқарилади. “Наврўз нашидаси” ва “Наврўз қўшиқлари” сингари китоблари миллий ўзлигимиз тимсоли Наврўзнинг халқимиз кечмишида тутган ўрни, ўзига хос урф-удумлари, она элнинг қўшиқларда ифодаланган дарду изтироблари, орзу-армонлари тадқиқ қилингани билан аҳамиятли.
Эл эгаменлигининг тимсоли бўлган бахшиларга, бахшичиликка ҳар доим ҳам кенг йўл берилаверган эмас. Фольклоршунослик ривожига салбий таъсир этган объектив омиллар, баъзан эса лоқайдлигимиз натижасида элнинг не-не достонлари не-не улуғ бахшилар билан бирга қаро ерга сингиб кетгани афсусланарлидир. Бахшиларнинг сўнгги Алпи — Қодир бахши айтган бирор достоннинг тўлиқ аудио ёки видеоёзувига эга эмаслигимиз одамни ташвишга солади. Жаббор Эшонқул фольклоршунос тадқиқотни фақат кабинет ёки кутубхонада ўтириб бажариши мумкин эмаслигини, у эл ичида бўлиши, достон ва термаларни бахши тилидан ёзиб олиши зарурлигини қалбдан ҳис этган, фаолияти давомида шунга изчил амал қилиб келаётган саноқли олимлардан. Биргина “Алпомиш”нинг Абдуназар бахши Поёнов, Умир шоир Сафаров ва Мардонақул бахши Авлиёқул ўғли вариантларини ёзиб олиб нашр эттиргани ушбу достон ҳақидаги мавжуд қарашларни бойитгани жиҳатидан қимматлидир. Чин бахши бир достонни ўн марта айтса — ўн хил, юз марта айтса — юз хил куйлайди. Бир терма ёки достонни бахши ҳар бир ижро этганда мазмунда қандай ўзгаришлар бўлди? Достон ғоясида, бадииятида не эврилишлар кузатилди? Кейинги вариантларида бахши нималарни қўшди? Нималарни олиб ташлади? Сабаби не? Энди шогирдлари билан бирга яна кўп достонлар ва термаларнинг вариантларни ёзиб олиш, ҳар биридаги фарқларни тадқиқ қилиш борасида ҳам Жаббор Эшонқул яна кўп салмоқли ишлар қилишига шубҳа йўқ. Зеро, бундай тадқиқотлар бахшининг ижод лабораториясини тўлақонли ўрганиш имконини беради.
— Бахши ким? Кўплаб термалару достонларни ёд олувчи, уларни куйлаб, эл кўнглини овловчими?
— Асло ундай эмас. Чин бахши бировлар деган сўзларни такрор этувчи ёдкаш эмасдир. У ҳамма қатори оддий бир киши бўлмай, Тангрининг назари тушган назаркарда ОДАМ. Чин бахшининг мисоли бийик бир дарёдир: қайнаб кўпиради, тўлқинланиб тошади, туйғулари қирғоқлардан ошади. Термани ҳам, достонни ҳам ўша лаҳзада, бадиҳатан тўқиб кетади. Бамисоли тингловчининг кўнглини ўқиб кетади. Чин бахшининг мисоли муаззам бир тоғдир: қўшиқ куйлар экан, жисман ва руҳан юксалиб боради, ҳайбатидан от ҳуркади. Достон тинглаётган халойиқ беихтиёр сер солади: мабодо Алпомиш шунинг ўзи эмасмикан, деган ўйга ҳам бориб қолади. Чин бахши ўтрук сўзламайди. Сўздан жоҳ кўзламайди. Ҳақ сўзни ростлаб айтади. Дўмбиранинг куйига мослаб айтади. “Бахшиёна”ни ёзган Эл шоири Усмон Азим Элбек бахши тилидан айтганидай:
Ҳақ гап учун ҳар бир ишга кўнади эл,
Тўғри сўздан кўпаяди, тўлади эл.
Дордан қўрқиб, ёлғон айтиб турганим йўқ,
Шоирлари ёлғон айтса, ўлади эл.
Фозил Йўлдош-у Эргаш Жуманбулбул, Умир бахши-ю Қодир бахши, Шоберди бахши-ю Абдуназар бахши. Абдурашид бахши-ю, Қаҳҳор бахши, Баҳром бахши… Тангрига шукрки, улар кўп. Изма-из етишиб келаётган ёш бахшилар ҳам талайгина. Жаббор акадай олимлар шогирдларини бахши ижод лабораториясини ўрганишга йўналтириши, фольлоршунослигимизнинг янгидан-янги йўналишларини ривожлантириши шунинг учун ҳам муҳимдир. Олимнинг фақат “Алпомиш” вариантларинигина эмас, “Муродхон”, “Рустамхон”, “Якка Аҳмад”, “Эрназархон”, “Равшан”, “Хон Далли”, “Қундуз билан Юлдуз” каби ўттиздан ортиқ достонларимизни жонли ижро ҳолатида бахшилардан ёзиб олиб, китоб ҳолида нашр эттиргани унга бўлган ишончимизни оширади.
Достон — эл кўнглининг ойнаси. Элнинг ори, номуси билан боғлиқ тоза ва тиниқ туйғулари, қанотли орзулари, чўнг армонлари акс этадиган ойна. Достонни китобдан ўқиганда бир завқ олсангиз, бахшидан тинглаганда, ўн завқ оласиз, мутолаа этганда қалбингиз ўн карра ҳаловат топса, бахши тилидан эшитганда, юз карра роҳатланади. Бахши шунинг учун ҳам эл ориятининг рамзидир. Кўнгилларнинг тоғ қадар юксалиши ҳам, замин қадар чўкиши ҳам унинг термаю достонларида мукаммал акс этиши бунга далил. Айтиб қўяй, дунёда миллату элатлар сони кўп. Лекин Алпомишдай, Гўрўғлидай достонлари бўлган миллату элатлар саноқли. Шунинг ўзиёқ миллат учун достоннинг қадри қанчалик баланд, уни ўрганаётган фольклоршуноснинг ҳурмати нечоғлиқ юксак эканини кўрсатади.
Жаббор Эшонқулнинг илмий ишлари хирмони ҳавас қилса арзигулик. Олимнинг фольклоршунослик, адабиётшунослик масалаларига доир 200 дан ортиқ илмий, услубий, илмий-оммабоп ишлари, 5 та монография, 4 та дарслик ва ўқув қўлланмалари, 50 та китоб ва фольклор тўпламлари эълон қилинган бўлиб, улар илмий янгиликларга бойлиги, таҳлилий қуввати, соҳанинг муҳим назарий муаммолари ҳал этилгани жиҳатидан аҳамиятлидир. Илмий мақола ва китоблари дунёнинг Туркия, Жанубий Корея, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон ва Германия каби давлатларида нашр этилгани унинг халқаро миқёсдаги мутахассис экани далилидир. Айни кезда олим “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлигини тайёрлаш ва нашр этиш лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этиб келаётир.
Олимнинг олимлиги фақат тадқиқотларининг сони ва салмоғи билангина белгиланмайди. Ўзи аниқлаган илмий-назарий янгиликларни бугунги авлодга нечоғлиқ етказа оляпти? Фандаги ютуқларни таълим тизимига муваффақиятли татбиқ эта биляптими? Ана шу жиҳатлар ҳам олимнинг салоҳиятини белгилашда алоҳида аҳамиятга эга. “Ўзбекистон номоддий маданий мероси”, “Ўзбекистон номоддий маданий мероси ва фольклор ижро санъати”, “Фольклоршуносликка кириш”, “Ўзбек фольклори”, “Туркий ёзма ёдгорликлар ва фольклор” сингари дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг ҳаммуаллифи экани Жаббор Эшонқулнинг бу борада ҳам муваффақиятли иш олиб бораётганини кўрсатади.
Жаббор Эшонқул халқаро миқёсда эътирофга сазовор бўлган олимлардан. Уни бутун туркий дунёда яхши билишади, етук олим сифатида тан олишади. Хусусан, Туркияда чоп этилган “Özbek Halk Edebiyati Bibliyografiyasi”, “Türk Dünyasinde Terim Ҫalişmalari”, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида нашр қилинган “Сказительское искусство Евразии” каби китобларнинг ҳаммуаллифи экани туркий фольклоршунослик ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани исботидир. Туркияда амалга оширилган “Туркий халқлар достонларини Туркия туркчасига таржима қилиш ва чоп этиш лойиҳасининг Ўзбекистон бўйича вакили сифатида “Хушкелди”, “Балогардон”, “Маликаи айёр”, “Машриқо”, “Ойчинор”, “Рустамхон” каби 10 та достонни турк ва ўзбек тилларида чоп эттиргани олимнинг бу борадаги ишлари кўлами қанчалик катта эканидан далолат. Туркиянинг халқаро илмий ташкилоти — Турк Тил қурумининг аъзоси этиб сайлангани олим меҳнатларининг муносиб эътирофидир.
Олим меҳнатининг самараси муносиб издошлар — шогирдлар етиштириши билан ҳам белгиланади. Жаббор Эшонқул раҳбарлигида фольклоршунослик ва адабиётшунослик ихтисосликлари бўйича 9 нафар фан номзоди ва PhD, 3 нафар фан доктори етишиб чиққани унинг илмий кадрлар тайёрлаш борасида ҳам муносиб ютуқларга эришаётганини тасдиқлайди.
Жаббор Эшонқул Ўзбекистон ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатиб келяпти. У илмий тадқиқотларга нисбатан холис, ҳалол ва талабчан муносабати, савиясизликка муросасиз экани билан алоҳида ажралиб туради. Ана шу фазилатлар боис мазкур кенгашда ҳимоя қилинаётган диссертациялар савияси баланд.
Мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ва чет эл сафарларида дўстимиз билан бирга бўлганмиз. “Дўст сафарда синалади” деган нақлга кўра, унинг яхши йўлдош эканини таъкидлагим келди. Гурунглари дилкаш, сўзларидан самимияти ва оқкўнгиллиги яққол сезилиб туради. Ўз қарашларида собит ва шу боис ҳар бир гапни ҳам маъқуллайвермайди. Суҳбатдошининг фикрига қўшилмаса, ўз қарашларини одоб доирасида далиллар келтириб исботлайди. Бироқ бу дегани у рисоладагидек бир хил қолипда яшайди, дегани эмас. Ўринсиз фикрларга қарши эканини қатъият билан, дангал билдиради. Зеро, сабот ва қатъият одамийликнинг зийнати бўлгани каби олимликнинг ҳам муҳим фазилатидир. Бу фазилат Жаббор Эшонқулнинг раҳбарлик фаолиятида ҳам салмоқли ютуқларга эришуви омили бўлди. Айни кезда у Ўзбекистон ФА Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори сифатида ушбу илмий даргоҳ нуфузини юксалтиришда катта ишларни амалга оширяпти. Музейнинг бошқа ташкилотлар эгалик қилиб олган хоналарини қайтариш, нашр этилмай қўйган “Адабий мерос” журнали фаолиятини қайта тиклаш, муассасанинг илмий салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширган ва амалга ошираётган ишлари унинг раҳбарлик иқтидори баланд эканидан.
Олимлар, одатда, икки хил бўлади. Биринчиси, илмда катта ютуқларга эришиш баробарида жамият ҳаётида ҳам фаол иштирок этади. Иккинчиси, атроф-олам билан мутлақо қизиқмайди, фақат ўз илмий тадқиқотлари билан банд бўлади. Ҳар икки тоифадаги олимларнинг ҳам бўлиши табиий. Лекин биринчи тоифа Ватан ва Миллат учун кўпроқ манфаат келтириши аниқ. Мустақиллик ва Наврўз байрами концепциясини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятида Жаббор Эшонқул билан кўп бор бирга иштирок этганмиз. Ана шу жараёнда унинг халқ ижодиёти билан бир қаторда элнинг руҳиятини, урф-удумлари-ю қадриятларини, достонлари-ю қўшиқларини, мақоллари-ю маталларини нечоғлиқ чуқур билиши, бугунги ислоҳотлар ютуғини таъминлашда улардан қай бири муҳимдан ҳам муҳим эканини ажрата олиш салоҳияти намоён бўлганига гувоҳман. Илмда илғор, жамият ҳаётида фаол ана шундай олимларга эҳтиёж бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам каттароқдир.
Буюк мутафаккир боболаримиз инсон иззати ва шарафининг манбаи илм-маърифат эканини алоҳида таъкидлаган. Нўши бир бўлса — ниши минг, роҳати бир бўлса — ташвиши минг илм йўлининг собит йўлчиси бўлиш осон эмаслиги аён. Шу кунларда олим ҳаётининг навқирон палласи — олтмиш ёшни қаршилаётган дўстимиз Жаббор Эшонқулга ана шу йўл ойдин ва мунаввар бўлишини, юз билан юзлашиб, илмда яна кўп салмоқли ютуқларга эришмоқ саодатини тилаймиз.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор