Оқ отларнинг қора тақдири

Қишнинг сўнгги кунлари. Ҳаво ўзига хос шўх ва уятчан қизларнинг ноз-карашмасини эслатади: на иситади, на совитади.
Тошкент марказларидан бирига йўл оларканман, қиш совуғида пишқириб, оғзидан буғ пуркаб турган оқ отларга кўзим тушди. Олдида эса уларни эгарлаётган ёш йигитлар ва отга миниш иштиёқида навбатда турган қизлар. Агар сиз шунчаки отларни силашдан завқ оладиган инсон бўлсангиз, бу манзара юзингизда табассум уйғотиши табиий эди. Лекин мен чавандоз кўзи билан қарарканман, отларнинг ҳозирги аҳволини кўриб, ачиниб кетдим.
Шу ўринда инсоннинг энг қадимги беминнат ёрдамчиси бўлган отлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман. Маълумотларга кўра, отлар илк бор Марказий Осиё ва Европа ҳудудларида хонакилаштирилган бўлиб, минг йиллар давомида инсоннинг яқин дўстига айланган. Уларнинг турли зотлари мавжуд: араб отлари тезликда тенги йўқ, қирғиз отлари кучли, Ахалтекин ва Фриз зотлари эса ўзининг гўзал қиёфаси билан ажралиб туради.
Отлар ҳам худди бошқа жонзотлар сингари феъл-атворга эга. Биз отларнинг зотига қараб — спортда, кучига қараб — транспорт ва қишлоқ хўжалигида, хислатларига қараб — гипотерапияда фойдаланамиз. Шу боис отлар баракали ва фойдали жонзот сифатида тилга олинади.
Буюк муҳаддис олим Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисга кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Отларнинг пешонасида қиёматгача барака ва яхшилик боғланган”, — деганлар. Аммо, афсуски, жамиятимизда жонзотларга нисбатан муҳаббатдан кўра бепарволик кўпроқ учрайди.
Тошкент шаҳридаги “Magic City” кўнгилочар боғида хизмат қилаётган оқ отлар ҳам шундай беэътиборлик қурбони, назаримда. Кун давомида уларнинг аҳволини кузатиб, шундай хулосага келиш мумкин. Агар диққат билан қарасангиз, бу отлар кўчада болалар томонидан турли овқат қолдиқлари ва бодроқлар билан озиқлантирилади, эгалари эса уларни фақат пул топиш воситаси сифатида кўради. Ахир отлар ҳар қандай егуликни ейдиган чўчқа эмас-ку!
Кузатувим давомида яна бир аянчли ҳолатнинг гувоҳи бўлдим: от олдига сочлари икки ёнига ёйилган, эҳтимол, умрида отга яқинлашмаган нозик табиатли қиз келди. У отга минишга уринаётганида, жонивор ундан ҳайиқиб, ортга тисланди. От эгаси — уқувсиз йигит эса жониворни аёвсиз калтаклаб, ўзича танбеҳ берди: “Шундай қиз сени минаман дейди-ю, сен ноз қиласанми, ҳайвон!” Аслида, бу ерда ягона “ҳайвон” от эмас, айнан ўша йигит эди.
Мен бу ҳолатга жим қараб тура олмадим. Жониворга озор бермасликни талаб қилдим, эвазига “Ишингиз бўлмасин, пулини олдимми — миндиришим керак”, деган ҳақоратли жавобни эшитдим.
Ёдимга бир воқеа тушди. Уйимизга янги от келганида, уни минишга чоғлангандим, от мени тишлашга уриниб, ўзига яқинлаштирмади. Шунда бобом: “От сени хушламади. У сени истамаса, мажбурлай олмайсан. Уни ўзингга ўргатмагунча минма”, деган эдилар.
Савол туғилади: қачон биз отларнинг феъл-атворини тушуниб, уларни зўрлаб эгарлашдан воз кечамиз? Ахир отлар шаҳар ҳаётида юзлаб одамларни миндириш ва эвазига бир сиқим бодроқ еб яшаш учун яратилган мавжудотлар эмас-ку!
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддасида “Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, —
базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади”, деб ёзиб қўйилган.
От — нафақат улов вазифасини бажарувчи восита, балки тирик, ҳиссиётли жонзотдир. Афсуски, бугунги жамиятда отларга нисбатан беэътиборлик, ҳатто шафқатсизлик билан муносабатда бўлиш ҳолатлари кам учрамаяпти. Кўнгилочар боғларда ёки тўй-маросимларда пул топиш воситасига айланиб қолган бечора отлар мисолида бу ҳолат яққол кўзга ташланаётгани ҳақида юқорида ҳикоя қилдим. Бундай вазиятда фақат ҳайвон эмас, балки инсонийлик, меҳр-шафқат туйғулари ҳам жабр кўради.
Шу боис, жамиятда отларга ва бошқа ҳайвонларга инсоний муносабатни шакллантириш, уларни ҳимоя қилувчи қонунларни фақат қоғозда эмас, амалда ҳам татбиқ этиш вақти келди. Энг аввало, от эгалари ва шу соҳада хизмат кўрсатаётганлар учун ахлоқий ва ҳуқуқий тарбия ишларини кучайтириш, жониворларга шафқат ва етарли парваришни таъминлаш масаласи долзарбдир. Чунки жонзотга раҳми келмаган одамнинг инсонга ҳам раҳми келмайди.
Ҳилола ОДИЛОВА,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика
факультети 2-курс талабаси.