“Дунёга тўйдим-у, сенга тўймадим…”

Исажон СУЛТОН,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

(Ҳикоя)

Қиш совуқларини барчамиз яхши биламиз: сув юзаларига, деразаларга бетакрор кумуш нақшлар чизиб қўяди. Муз-ку, майли, нақши нима экан, деймиз.

Сизга Худонинг икки бандаси — Абдураззоқ бува ҳамда Умриниса хола ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман. Аслида, ҳозиргина айтганим муз каби маҳзун ҳикоя, бироқ унда худди мен каби ажойиб нақшларни кўришингизга ишончим комил.

Орадан анча йиллар ўтди. У зотлар дийдорига, юз-кўзларига бир дам боққим, бисотимдаги яхши сўзларимни айтгим, “Сиз дунёдаги энг ажойиб инсонларсиз”, дегим келади. Афсуски, энди уларни кўришнинг сира иложи йўқ.

Абдураззоқ ака ёши анчага бориб қолган, полвон киши эди. Қишлоқ болалари ҳар ерга бурнини тиқиб кўришади. Бир-бирига туташиб кетган томорқалар оралаб изғиганларимизда Абдураззоқ аканинг ҳовлисига кирганларимиз эсимда. Айвонининг ёғоч устунлари чатнаган, қаторлаштириб териб қўйилган қоплар йиртиғидан тўкилган бир-икки кафт донни чўқиётган чумчуқлар, сал яқин борсангиз, гур этиб кўкка кўтарилишарди.

Яна тўй-маросимларда, экинлари ўриб-текисланган, элга ош дамланган майдонда дуч келиб қолсак, қўшқўллаб кўришардик. Абдураззоқ аканинг кафтлари катта, дағал эди. Бироқ чеҳраси ич-ичидан нурланиб тургандай таассурот уйғотган. Тўй тугагач, хотин-халаж томонидан хотинининг чиқишини кутиб тургани, кейин икковлон биргалашиб уйларига жўнашгани ҳам эсимда: бири полвон, бири миттигина хотин.

Умриниса хола кичик жуссали, оқиш гулли яшил кўйлак кийиб, бошига кўк дурра ўраб юрадиган хотин эди. Ҳовлисида кир-чир ювганини, тандирга ўт ёққанларини эслайман.

Бизлар шу икковлоннинг юриш-туришига, турмушига жуда қизиқардик. Сабаби, Абдураззоқ ака Умриниса холани яхши кўради, еру кўкка ишонмайди, деган гап-сўзлар қулоғимизга чалинган, бир-бирини яхши кўрадиган одамлар қанақа бўлиши, муҳаббат деган ғалати туйғу шу эр-хотиннинг хатти-ҳаракатларида қай тарз аксланиши ниҳоятда қизиқ эди-да.

Шу сабабли, гоҳида Абдураззоқ аканинг ҳовлиси кўринадиган катта тут устига чиқиб олиб мўралардик. Абдураззоқ ака мабодо шу тарафга қараб юриб қолса, ўтакамиз ёрилиб, шоша-пиша тутдан тушиб тирақайлаб қочганларимиз ҳам ёдимда. Худди ниятимизни пайқаб, таъзиримизни берадигандай туюлган.

Эл қатори оддий ҳовли. Бостирма тагида бир сигир. Валишда чўпсават. Тандири ҳам ҳамманики каби, тагида товуқ катаги бор. Катак ичига бултурги кундалар, ғўла парчалари тиқиб ташланган. Гоҳида нон ёпар маҳали Умриниса хола бостирмадан ғўзапоя ташиса, кап-катта одам турган жойидан: “Ўзим обораман, ташла!” деб бақирар, шоша-пиша у томон йўналар, хотини эса юз-кўзлари гул-гул яшнаб, ғўзапояни оёқ остига ташлаб, эрининг етиб келишини кутарди.

Ғўзапоя боғи енгил бўлади. Биздай ўсмирлар ҳам икки-учтасини бир қилиб кўтариб кетаверамиз. Абдураззоқ ака Умриниса холага нимага “Ташла” деганига ақлимиз етмай қараб турардик. Оқ яхтак кийиб, белбоғ ўраб олган бақувват Абдураззоқ ака етиб келиб, “Кўтарма демаганмидим?” дея беш-ўнта гўзапоя дастасини бир уюм қилиб обориб берар, буям майли, тандир оғзига боғ-моғи билан тиқиб ўт ёқар, айвондан устига йўл-йўл дастурхон ёпилган, ичида зувалалар турган нонсаватни опкелиб берарди. Абдураззоқ ака нон ҳам ёпармикин дея кутардиг-у, нон ёпмас, аммо хотинининг қошидан кетавермас эди.

Қишлоқ катта, ҳамманинг уч-тўрттадан боласи бор, бу беозор жуфтга эса Худо фарзанд бермаган эди.

Яна қайдадир, қай бир даврада кишиларнинг: “Бечоралар, дунёдан тирноқсиз ўтишяпти… Одамлар икковига ҳам: “Умр ўтиб кетади, бошқа рўзғор қилиб, бола-чақали бўлиб олинглар”, деб насиҳатлар қилишган, аммо булар бир-бирини ниҳоятда яхши кўришгани учун айрилишни исташмаган”, деганлари ҳам эсимда. Умриниса холадан ҳеч кимга ўхшамаган бир жозиба излаганимиз, Абдураззоқ ака бу хотиннинг нимасини яхши кўрар экан деб қизиқиб қараганларимиз ҳам бор гап.

Хуллас, шунақа эди Абдураззоқ аканинг рўзғори.

Қишлоқда ҳамманинг тутум-турмуши аён. Абдураззоқ ака дурадгор уста эди. Пойтешаси, каттаю кичик болтаси, ўроқ-рандаси ёдимда. Умриниса хола эса уйда ўтирадиган хотин. Кузда, жола маҳалида, яъни пахта териб олинганидан сўнг улар ҳам эл қатори ғўзапоя тўплагани чиқишарди. Шундаям хотинини еру кўкка ишонмасди. Ўз кўзим билан кўрганман: ғўзапояни ўроқ билан ўриб, уюм устига бир қулоч чилвирни ташлаб кетаверар, Умриниса холага қолган иш: уларни дасталаб бойлаш эди, холос. Шундан кейин Абдураззоқ ака у бойламларни ташиб бир жойга уяр, хотини эса уюм устида ўтириб, термосда чойи билан эрини кутарди.

Менинг кўзим ўткирроқмиди, ишқилиб, пешанасида тер йилтираган Абдураззоқ аканинг Умриниса холага қарашлари бошқачалигини илғаганман. Болалар ҳам илғашганми, уларга қараб: “Ана, қаради! Ана, нимадир деди! Яхши кўраман деб айтдимикин?” дея кулишарди.

Қизиқлигининг сабаби шуки, элда хотинлар билан эрларнинг юмушлари орасида ниҳоятда қатъий, ўтиб бўлмас бир чегара бор. Масалан, эр киши ҳеч қачон ҳовли супурмайди, тандирга ўт ёқмайди. Абдураззоқ ака шу чегарани бузган одам бўлиб, пақирда ариқдан сув ташиганини, мол-ҳолга жодида поя кесганларини, катта қозон тагига ўт ёқиб, кирга сув иситганини ҳам кўришган. Булар Абдураззоқ аканинг обрўсини тўкадиган ҳолатлар эди, бироқ биров юрак ютиб бир нима дея олармиди? Абдураззоқ аканинг гавдасига яраша зуғуми ҳам бор, у гавда, у қувват билан истаган кишисини чалпак қилиб ташлайдиган ёввойи қудрат эгаси эди у.

Хотинини яхши кўрадиган эр! Ажаб… Бошқалар ўз жуфти ҳалолини яхши кўрмасмиди? Ёки бундай туйғуларни ошкор қилиш ор саналармиди? Неча марталаб гувоҳ бўлганмиз: эр-хотин қайгадир борар бўлишса, олдда эр, ортида хотини эргашар, хотин эрдан олдинга ўтиб кетмаслиги шарт, ўтса маломатга қолишиям бор гап. Қанчадан-қанча оилалар шу зайлда ҳаёт кечирар, хотин уй ишларига ўралашгани он эркак айвонда ёнбошлаб ётганини, хотин молни ечиб бошқа жойга боғламоқчи бўлса, ҳайвон сузгани чоғланганини-ю, хотин чинқириб қочганини, эр шундагина ўрнидан қўзғалганини… шунга ўхшаш ҳолатларни кўра-кўра, умумий тартиб шу экан-да, деб катта бўлганмиз. Сир бўлмасин, яна бир гапниям айтай: ўзимизнинг ўғил бола бўлиб туғилганимиздан гердайишимиз-чи? Хотин эрдан паст туриши шарт! “Ўчир овозингни! Хотин киши бўла туриб мунча жаврайсан?” дегандай ўшқиришларни ҳам эшитганмиз.

Эркак ким? Хотин ким? Яхшилаб билиб олинглар! Эркак уйнинг қўриқчи-ҳимоячиси, у ризқ ташиб келади, айтган сўзи қулоқ қоқмай адо этилиши шарт! Хотин эрдан бир даража паст туриши керак! Ақлимиз етавермасди, у ҳолда, оналаримиз, амма-холаларимиз-чи? Онамизни ҳам шундай кўришимиз керакми? Йўқ, она отадан паст тургани билан, иззати ҳар доим боланинг боши устида бўлади. Шу фарқларни унутманг, ота-онангиз қошида хорлик қанотингизни паст тутинг, улар қариб-қартайганида меҳр-шафқат билан муомалада бўлинг!

Қисқаси, қишлоқ ўз ҳолича яшарди-ю, бир Абдураззоқ ака ўзга эди, холос. Элликдан ошган барваста киши аёлини доим етаклаб юрарди. Бозорларда, маросимларда бирга юришганини кўрардингиз. Билмадим, уни кимдир маломат қилганми-йўқми… Маломат қилмаган десам хато бўлар… Қишлоқ бекорчилари орасида азбаройи кўнгилхушлик учун бировни ҳазил-мазах қилиб ўтиришни хуш кўрадиган одамлар бор. Ҳар ҳолда, ҳавасланиб қарашмагани бор гап. Бу-ку, уларнинг нисбатан ёшроқ пайтидаги гаплар, қартайишганида эса, ҳавасланганлар бўлгандир?

* * *

Йиллар ўтди. Тенгқурлар ҳар ёқларга сочилиб кетдик. Қизлар узатилиб, йигитлар уйланди, барчамизни бирлаштириб турган, ёшлик дейилган ажойиб қувват аста-секин беғубор самоларга кўтарилиб кетди.

Ўзим ҳам бир рўзғорнинг бошига келдим, ўғил-қизим туғилди. Отамни кўмдим, онам қартайди, амакиларим дунёдан ўтиб кетишди… Ҳар нарсанинг мағзига етиб борадиган бир паллага келдим деган маҳалим, бир куни қишлоққа борганимда, ўша эр-хотиннинг оламдан ўтганини эшитдим.

Бу қайғули хабар юрагимни зириллатди.

Тавба, бировларни кўрсам, кулимсираб сўрашаман-у, ичим зим-зиё, чироқ ёқса ёришмайди. Ўша икковлонга ачинаман. Ахир улар менга қавму қариндош эмас эдилар. Бор-йўғи қишлоқдаги юзлаб оилаларнинг бири, болалик осмонимда юлдуздай милтираган кишилар, холос…

Эл қатори маъракасига борганим эсимда. Катта ёғоч дарвоза ланг очиқ, қишнинг совуқ куни, теваракни сийрак туман қоплаган… Одамларнинг кўпи икки қават тўн кийиб олган, кираверишга ҳамда мулла бува ўтирган сўри олдига тўнка қаланган, эл келиб, ўтганларнинг руҳига фотиҳа ўқиб кетмоқда.

Хуллас, бир дунё одам. Холанинг укалари-ю Абдураззоқ аканинг қариндош-уруғлари — бари шунда.

Абдураззоқ ака анча вақт касал бўлиб ётиб қолибди. Етмишдан ошгач, нимаям бўларди? Куч-қувватини, саломатлигини ҳаёт деган машаққатга фидо қилиб юборган кишидан ниманиям кутардингиз?

Умриниса хола бир хотин қилиши керак бўлган ҳамма ишни қилибди. Бормаган табиби, кўрсатмаган дўхтири қолмабди. Ҳаммаси келиб, Абдураззоқ акани кўриб, бош чайқашар эмиш. Ака-укалар, жигарлар тақдирга тан беришибди. Худо шуни ирода қилгач, биров қарши чиқолармиди, дейишибди. Дунёда ҳеч ким мангу қолган эмас. Кимдир олдин, кимдир кейин…

Ҳа, ҳамма шу тўхтамга келибди-ю, биргина Умриниса хола жонини жабборга бериб эрини тузатишга уринибди. Қайдан имдод эшитса, борибди, бир нималар олиб келиб дамлаб ичирибди, эрининг тепасидан жилмабди, оёқларини уқалабди, кечалари оёқ томонига, пастроққа жой солиб, нафасига қулоқ тутиб ётибди. Нафаси сал ўзгарса, дарҳол қалқиб, эрининг бошига келар, дамламасини ичкизар, ёстиқларини алмаштирар, кейин яна ўша муқаддас жойида — Абдураззоқ буванинг оёқ томонида жойнамозини солиб, “Илоё, эримга шифо бер” деб Худога ёлворар экан.

Полвон одамга қайдан ёпиша қолибди бу дард? Укаси уй қурганида, Абдураззоқ ака тўқайда қамиш ўрганида қаттиқ шамоллаган экан, ўша дард бора-бора зўрайиб, нафас қисишга айланиб кетган экан, дейишди.

Йўқ, Худойим нажот бермабди. Абдураззоқ ака тобора озиб-тўзиб, қувватдан қолаверибди.

Ниҳоят, бир куни аҳволи жуда ёмонлашибди. Бурнининг учи чўччайиб, қулоғи тиккайиб, кўзининг атрофида қора ҳалқалар пайдо бўлибди. “Тайёргарлигингизни кўраверинг, — дейишибди билгич одамлар. — Сурп-суруғини, игна-ипини тайёрлаб қўйгандирсиз ахир?” Ҳақиқатан ҳам Абдураззоқ ака ўпкасининг учи билангина нафас олар, аъзойи баданини қора тер босиб кетаверар эмиш. Ака-укалар жам, Умриниса хола эса муштдайгина бўлиб эрининг оёқ томонида ўтирармиш.

Бир маҳал Абдураззоқ ака кўзини очибди. Ҳорғин нигоҳи билан теваракдан кимнидир излабди. Кишиларни аранг илғаб, излаганини — Умриниса холани топибди. Ҳеч кимга ҳеч нима демабди-ю, хотинига қараб, тили зўрға айланиб:

— Умри… — дебди. — Мен… кетиб қоламан, шекилли…

Тўпланганлар не деярини билишмасмиш. Абдураззоқ ака қийналиб нафас олармиш, нигоҳини Умриниса холадан узмасмиш. Хазонга юз тутган вужуд аро у нигоҳ шунақа нурафшон, шунақа тиниқ эмишки…

— Умри…

— Ҳа, отаси? — дебди Умриниса хола.

Қаранг! Худойим фарзанд бермаган шу жуфт… шу хотин… эрига “Отаси” дермиш!

Абдураззоқ ака эса қийналиб, бир дунё афсус, армон, ўксиниш ҳамда соғинч ила дебди:

— Ҳай аттанг… — жони қилнинг учида турибди-ю, шивирлабди: — Дунёга… тўйдим-у… сенга тўймадим…

— Жон отаси, ундай деманг, — деб ёлворибди Умриниса хола эрининг оёғини қучоқлаб. — Сизсиз мен нима қиламан?

Абдураззоқ ака эса яна аранг:

— Дунёга тўйдим-у… сенга тўймадим, — дебди-ю, икки кўзидан икки томчи ёш чиқибди.

О, у нигоҳ!.. Атрофи ажин тўла, тириш юзлар қиш фаслидан дарак берган, қуёш уфққа ботиб бўлган, ажал шамоли сочларини юлқилаган, қаҳратон фасл изғирини изиллатган… Ахир нигоҳи гапирармиш-да! Нигоҳ не, ўша икки томчи кўзёш ҳам бир нималарни сўйлар, армону ўкинчлардан, интилишу соғинчлардан, интиқлигу меҳрга зорликлардан одамдай фарёд урармиш!

Шунда Умриниса хола одамлардан уялмасдан эрининг юзларини сийпалабди, бисотидаги гапларини айтибди. Шундай гаплармишки, одам боласи эшитса, чидаёлмасмиш. Э тавба, одамлар хотинини ёнма-ён етаклаб юришга ор қилишади, бу эса сира тортинмабди. Нимагаям тортинсин, ахир кўз очиб кўргани-ку! Суянчиғи, мадори, дунёга келиб топган хазинаси, бору йўғи-ку!

Абдураззоқ ака унинг қўлини тутиб олган экан. Шу тариқа жуфти ҳалолининг, покиза махзанининг, умр юлдузининг, дунёга келиб топган энг қийматли гавҳарининг буришиқ қўлларини тутиб, интизор термилиб жон таслим қилибди.

Айтадиларки, майитнинг кўзлари жон чиқиб кетган томонга қараб қолармиш. Жон чиқиб кетибди-ю, кўзлар Умриниса холага термилганича қолибди.

Бу воқеага шоҳид бўлиб турган ўша ердаги одамлар ўзларини тутолмасдан, пиқ-пиқ йиғлашармиш.

Хотинларни-ку қўяверинг, эркаклар-чи? Кап-катта эркакларнинг ҳам кўзидан ёши дувиллаб оқармиш…

“Дунёга тўйдим-у, сенга тўймадим…”

Абдураззоқ аканинг қароғидан икки томчигина ёш чиқибди, дедик. Бири ўзи, бири Умриниса хола бўлса не тонг? Икки томчи ёш қароқ устида шудрингдай туриб қолган, марвариддай титрармиш.

— Бўлди энди, кетди, — дебди қишлоқ оқсоқолларидан бири қаттиқ овоз билан. — Кўзини юмиб қўйинглар. Йигит-ялангни гўр қазгани жўнатинглар, ғассолни чақиринглар. Ҳой, хотинини олинглар ёнидан!

Ажаб, Умриниса хола йиғламасмиш, титрамасмиш, текмиш. Абдураззоқ аканинг сингиллари “Бўлди энди, жон опа” дея йиғлай-сиқтай елкасидан тутишса, холада ҳаёт асари сезилмасмиш. “Ие!” деб қарашса, холанинг ҳам жони ўша пайтдаёқ чиқиб кетиб бўлган экан.

— Вой ўлай! — деб йиғлашибди хотинлар бу ҳодисотдан эси оғиб. — Вой, тавба қилдим! Жони жонига боғланиб қолган экан-да?

Шу тариқа ёруғ оламни тарк этиб кетишибди Худойи таолонинг шу бир жуфт қушчаси, икки мусичаси. Олам гулзори аро яратган икки гули, ҳаёт дарахтида етилган икки меваси… Ҳар ишга қодир Парвардигорнинг икки бандаси…

* * *

Эл-юрт орасида меҳнати билан ҳамма қатори кун кечириб, дунёдан ўтган шу жуфт тақдири қалбимга шунчалик таъсир қилдики!

Бир неча марта ўша армонли жумла қатидаги олам-олам мазмунларни ифодалашга уриниб кўрдим. Йўқ, афсус, қўлимдан келмади. Шарҳласам, шугина жумла ўзида мужассам этган қанчадан-қанча маънолар нурсизланиб-хиралашиб, тозалигу тиниқлиги йўқолаётгандай туюлаверди. Қай тарз изоҳласам ҳам, ўша жумла бағридаги инсоний туйғуларга ета олмадим.

Ниҳоят, шарҳлашни бас қилдим. Қандай айтилган бўлса шундай, бир ҳикоя қатига муҳрланиб қолаверсин, дедим.

Абдураззоқ ака ва Умринисо хола десалар, хаёлимга шу жумла келадиган бўлди:

“Дунёга тўйдим-у, сенга тўймадим…”

* * *

Ер юзида сон-саноқсиз жуфтлар, бири яхши, бири ёмон… ўз ҳолларича ҳаёт кечирмоқдалар. Эрлар ризқ ташиб келмоқда, хотинлар уй-рўзғорини саранжомлаб, эрини кутмоқда. Болалар ота келишига яқин ўйинни бас қилиб, шоша-пиша уйларига чопишмоқда. Назаримда, дунёнинг энг мукаммал, энг ажойиб армони, инсонликнинг энг гўзал изҳори шу манзарага жо бўлиб қолгандай. Қачонки кўча-кўйда бир-бирига илжайиб қараётган, ниманидир илинаётган, хавотир олаётган, қисқаси, бир-бирига меҳр кўрсатаётган эр-хотинларга кўзим тушса, абадийлик касб этган ўша иқрор хаёлимга келади. Қазои мутлақ уларни бир-биридан сира айирмаслигини истаб қоламан. Оламни тутиб турган меҳвар шу, унга зарар етмасин дейман. Эй, Худойи таолонинг ҳукму иродаси ила бир-бирига пайванд бўлган, оддийгина рўзғор бахти аро ҳаёт кечираётган инсонлар! Бир-бирингизга ҳар доим, ҳеч нимадан тортинмасдан шу гапни айтинг, ёрни ёрдан, дўстни дўстдан, онани ўғилдан, болани отадан айирадиган ажал етиб келгунича биргаликда бахтли-саодатли умр кечиринг, бир-бирингизнинг қадрингизга етинг, дегим келади.

Абдураззоқ ака билан Умриниса хола абадий саодат масканларида ҳам ёнма-ён юришгандай, назаримда. Мангулик диёрларида ҳам ўша ажойиб сўз, ўша меҳру муҳаббат калимаси янграётгандай туюлади:

“Дунёга тўйдим-у, сенга тўймадим…”

* * *

Ҳа, қиш қаҳратони музлоқларга бениҳоя ажойиб нақшларни нақшлаб қўяди. Ўзимиз билган муз, аммо нақшларига қарасангиз-чи! Тарам-тарам, учларида гуллари очилган, нозик-нафис, бир-бирига сира ўхшамайдиган безаклар. Фасл наққоши ҳатто муз устига ҳам шундай нақшлар чизибди. Эрта бир кун баҳор қуёшида бари эриб, ғойиб бўлади, зилол сувларга айланиб, экин-тикин бағрига ҳаёт суви бўлиб сизиб киради. Шунда эл-юрт орасида оддийгина ҳаёт кечириб дунёдан ўтиб кетган эр-хотин юрагининг туб-тубидан чиққан ўша калима янада ҳаётийроқ, янада мангуроқ бўлиб жаранглашига ишончим комил. Юртим кишиларининг юрак тубида шундай гўзал сўзлар борлигига, ўз вақт-соати билан яшаш мазмунларидан бири ўлароқ ёруғ оламга тўлиб-тошиб чиқишига ишонаман:

“Эй умримнинг махзани, ҳаётимнинг юлдузи, дунёга келиб топган йўғу борим, азизим менинг!

Ахир, сезяпсанми?

Дунёга тўйдим-у, сенга тўймадим…”

2017 йил 2-5 январь

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × five =