Биз — аҳли Туркистонмиз…

Қозоғистон — бу юртга меҳрим ҳамиша баланд, муҳаббатим чексиз бўлган.

Чунки бу юртда менинг болалигим ўтган ва ҳамон болалигим яшайди.

Ҳар гал келганимда, мен у билан қучоқ очиб дийдорлашаман. Қалбим тўридаги энг гўзал хотиралар уйғонади.

Бу гал эса қардош юрт бизни ўзгача бир шукуҳ билан қарши олди. Жорий йилнинг 22-26 апрель кунлари Олмаота шаҳрида Х халқаро шеърият ва мусиқа фестивали бўлиб ўтди. Гўзал ва мафтункор Олмаота бу кунлари туркий тилли мамлакатлар адабиёт ва санъат соҳаси вакилларини ўз бағрига чорлади.

Бу галги фестиваль ташкилотчилари Туркиядаги Чукурова адабиётчилар жамияти, Қозоғистоннинг “Муқали” халқаро хайрия фонди ва “АР” нашриёт уйи бўлди. Фестивалда Туркия, Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Татаристон, Бошқирдистон, Шарқий Туркистон (ХХР), Мўғулистон, Можаристон, Қорачой, Доғистон, Олтой, Ёқутистон, шунингдек, Ироқ делегациялари иштироки кўзда тутилган эди.

Фестивалнинг илк кунидан, гарчи тилларимиз бўлак бўлса-да, унинг иштирокчилари ўртасидаги самимий ва ёниқ бир ҳароратни, яқинликни ҳис этиб турдик. Биз, ўзбекистонлик ижодкорлар шаҳарнинг шимолий қисми, Олатовнинг ёнбағрида жойлашган Ал-Форобий номидаги ижод уйига жойлашдик. Ушбу ижод уйининг ўзи, ундаги муҳит, айниқса, ён-атроф табиатининг ўзи ижод аҳлини шеър ёзишга ундайди. Биз жойлашган хонанинг деразасидан ҳар тонг унча олис бўлмаган кекса Олатовнинг қорли чўққилари, унинг бағрида қиличдай қад кўтарган баланд-баланд яшил арчазорлар манаман деб виқор ила кўриниб туради. Табиатни, ҳар тонг деразам олдигинасида ширингина хониши билан эркалаб уйғотадиган булбулларини, кўксимни тўлдириб-тўлдириб нафас олсам-да, тўймайдиган тоза ва мусаффо ҳавосини таъриф этишга тилим ожиз.

Қозоқ халқининг ифтихори Абай оқиннинг ушбу мисраларида бу элнинг табиати мужассам:

Оламга безак берган қодир мавлон,

Ер — она, қуёш — ота, нури жаҳон,

Онадай эмиздирар кўксидан ер,

Отадай меҳр тўкар ёруғ осмон.

Аслида, адабиётнинг, шеърнинг, куй ва мусиқанинг миллати, тили бўлмайди. У фақат юрак билан англанади, қалб ила туйилади. Илдизлари, томирлари бир бўлган туркий миллат ижодкорлари ушбу фестиваль баҳона бир-бирларининг ижоди билан яқиндан танишдилар, мушоиралар, дилтортар куй ва қўшиқларида ўзларини намоён этдилар. Биз билан бирга ушбу ижод уйида қўним топган озар ва турк ижодкорлари билан сафаримизнинг биринчи куниданоқ илиқ ва дўстона мулоқотга киришиб кетдик.

Ижод уйида ёнма-ён хонага жойлашган туркиялик ёши улуғ ижодкор Рамзия Салгинжи (Remziye Salgıncı) ўзбек миллатига, Ўзбекистонга меҳру муҳаббати ҳақида ҳаяжон билан сўзлади: “Мен Ўзбекистонни яхши кўраман, у биз учун ота юртдир. Дунёнинг кўп мамлакатларида бўлдим, аммо сизнинг юртингизга бориш энг катта орзум ва, албатта, бу орзумга яқин йилларда етаман. Бухорони, Самарқандни кўрмай туриб, бу дунёда ўлиб бўлмайди”, — дея меҳр билан ҳазиллашди у.

Фестивалнинг расмий очилиши ўзгача бир шукуҳ ва тантанаворлик касб этди. Мезбон қардошларимиз миллий куй ва қўшиқлар оҳанги жўрлигида бизни Қозоғистон Миллий кутубхонаси остонасида кутиб олдилар. Бино бўсағасида экилган қип-қизил лолазор манзараси гўзаллигиёқ бизга баҳорий бир кайфиятни берди. Ичкарида эса миллий либослардаги қозоқ қизлари бизни ширин лутф ила ичкарига бошладилар.

Фестивалнинг очилишида жонкуяр ташкилотчи, қозоғистонлик машҳур оқин оғамиз Эржан Алаштуганнинг даъват ўрнидаги ёниқ сўзлари юрак-юракларга етиб борди, “Бу дунёда иккита миллат бор, у ҳам бўлса, турклар ва турк бўлмаганлар. Сиз бу заминга меҳмон бўлиб келмадингиз, сиз ўз ота тупроғингиздасиз! Туби бир тувишқаним, илдизи бир сув ичганим, жондай азиз бовурим, шунча бошбошдоқлаб юрганимиз етар. Биз учун ўзбек, қирғиз, қозоқ деган миллат йўқ. Бир миллат бор — бир туркий улус бор! Бовурларим, жигарларим, юртингизга хуш келибсиз…” Ушбу оташин нутқни бошидан-охиригача барча иштирокчилар оёққа тик қалққан ҳолда ҳаяжон ва фахр ила бардавом олқишлар билан қаршиладилар.

Шу лаҳзаларда мен буюк жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1918 йилда ёзган “Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат” мақоласидаги ушбу сатрларни хаёлимдан ўтказдим: “Азиз қариндошларим! Мусулмон биродарлар! Ҳаммангизға маълумдурки, Туркистон, демак — туркий эл бўлиб, мундаги халқнинг қозоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари — ҳаммаси аслан… жаҳонгир… Темурнинг авлоди ёки оға-инисидурлар…”

Ҳар бир сўзга чиққан юрт вакили фестиваль иштирокчиларини ўз она тилида қутлар экан, туркий бирлигимиз, якдиллигимиз, келгусида туркий адабиётимиз хазинасини бойитмоқ, ўзаро дўстлигимизни мустаҳкамламоқ йўлида ҳамкорликда амалга оширмоғимиз лозим бўлган режаларига тўхталдилар.

Ушбу тадбир иштирокчиларини кузатар эканман, асрларким Хитойдан Каспийгача, Хуросондан Сибиргача тарқаган туркийлар улуси — турк, озар, қозоқ, ўзбек, қирғиз ва яна барча қардошларимизнинг бир-бирига ўзаро ички бир интилиши, меҳру муҳаббати, қалб яқинлиги борлигини ҳис этдим.

Таниқли турк ижодкори, Туркиядаги Чукурова адабиётчилар жамияти раҳбари Ҳалисе Текбаш (Halise Tekbaş) хонимнинг жўшқин эътирофи қалбимга ўзгача ҳаяжон солди: “Билинг, туркнинг туркдан бошқа дўсти йўқдир. Биз жамлашсак, йўлимизга ҳеч ким чиқолмайди. Биз жамлашсак, туркнинг қўрини ҳеч ким ўчиролмайди”.

Қозоғистонда ўтган фестиваль кунларида биз қозоқ халқининг таниқли санъат усталари иштирокидаги концертидан баҳраманд бўлдик, халқ чолғу асбоблари музейига ташриф буюрдик ва, айниқса, тадбир ташкил этилган Қозоғистон Миллий кутубхонасидаги қозоқ халқининг бебаҳо маънавий бойлиги бўлган нодир китоблар жамланмаси билан танишиб, маънавий бойидик, ўзимиз учун катта илмий манба олдик.

Фестиваль доирасида қозоқ халқининг буюк саркардаси Муғоли Баҳодур Кунқувар ўғли таваллудининг 855 йиллиги ва қозоқ давлатчилигининг 800 йиллигига бағишланган илмий-маърифий конференция ташкил этилди. Муғоли Баҳодур каби тарихий шахс ҳақидаги эшитганим илмий фактлар, фикрлар шахсан мен учун янгилик бўлди. Қозоқ халқининг тарихан халқ бўлиб шаклланишида Муғолининг жасорати ҳақида тарихчи олимлар ўз маърузаларида таъкидлаб ўтдилар, халқ қаҳрамони шарафига чоп қилинган китоб тақдимоти ўтказилиб, меҳмонларга-да ҳадя этилди.

Бизга маълумки, Абай Қўнонбоев қозоқ адабиёти ва қозоқ тилига асос солган буюк оқин. Шоирнинг шеъру достонлари, насрий асарлари, таржималари қозоқ халқининг миллий-маънавий ифтихори саналади. Абай халқларни дўстлик ва биродарликка, ҳамжиҳатликка чақирган, тинчлик ва осойишталикни, меҳр-муҳаббатни улуғлаган.

Фестиваль давомида Абай таваллудининг 180 йиллиги ҳам кенг нишонланди. Тадбирда қозоқ ижодий ва илмий соҳаси вакиллари, адабиёт ва санъат намояндалари билан учрашувлар ўтказилди, унда турк, ўзбек, қирғиз, озар ижодкорлари ҳам ўз ижод намуналари билан иштирок этдилар.

Энг мамнун бўларлиси ва маъқули эса, бизга ҳеч бир таржимоннинг кераги бўлмади. Туркий юрак билан бир-биримизни англадик, туркий оҳанглар жон томирларимизгача етиб борди, туркий бирлигимиз йўлида кичик бўлса-да яна бир қадам қўйдик.

Ҳар кеч тадбирлардан сўнг Ал-Форобий ижод уйининг ҳовлисида “Шеър ва мусиқа оқшоми”да ҳар бир миллат ижодкорлари ўз шеърларини ўқишиб, оқинлар куйлашганида, биргалашиб рақсга тушганимизда туркий улус яқинлиги, якдиллиги дилларимизга ўзгача сурур бахш этди.

Мана шундай мушоиралар олдидан асл озар фарзанди бўлган Навоий Метин (Nevai Metin) билан суҳбатлашарканмиз, у ўз фикрларини шундай ифодалади: “Отамнинг улуғ шоир Мир Алишер Навоий ҳазратларининг ижодига муҳаббати баланд бўлиб, ҳавас ила менинг исмимни Навоий дея номлаган. Менинг ҳам ўзбек шеъриятига, адабиётига меҳрим баланд. Қадим адабиётингиздан бошлаб, Абдулла Ориф, Эркин Воҳидов ва бугунги кун ўзбек ижодкорларигача севиб мутолаа қиламан. Бугун уларнинг кўпи билан дўсту қадрдон, оға-инимиз. Ва аслида ҳам, биз баримиз туркий тилли миллатлар вакиллари қадим бир халқмиз. Тарихимиз, тилимиз, урф-одатларимиз, миллий қадриятларимиз уйғун. Бизни бирлаштирадиган ана шу жиҳатларимизни янада яқинлаштириб, камол топтирмоғимиз, бир-биримизни елкама-елка туриб қўллаб-қувватламоғимиз лозим”.

Олмотанинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилиб, гўзал ва мафтункор табиати қўйнига саёҳат чоғида мени яна бир нарса ажаблантирди. Бу шаҳарда яшайдиган халқнинг ўз она уйи бўлмиш шаҳар ва унинг атрофидаги табиатга, муҳитга бўлган меҳри, эътибори-ҳурматини ҳис этдим. Кўчалар равон, ниҳоятда тоза, ҳатто шаҳар четида ҳам бирор чиқинди ёки йўл-йўлакай ташлаб кетилган кераксиз буюмларни, кесилган дарахтларни, эътиборсиз қолдирилган ҳудудни кўрмайсиз. Биз қардош оғаларимиздан бу жиҳатдан ҳам ўрнак олсак арзийди. Олмаота атрофидаги табиатнинг сўлимлиги, дарахтларнинг кўплиги, ҳавосининг мусаффолиги бир келган меҳмонни яна қайта чорлайверади.

Табиатнинг, тоғу тошларнинг кўрку чиройидан ҳузурланиб манзилимизга қайтарканмиз, жамоамизнинг улуғи бўлган хоразмлик катта ижодкор, устоз журналист Рўзимбой Ҳасандан сафар таассуротларини сўрадим. “Бу тадбирдан мен жуда катта ижодий куч олдим. Яшасин қозоқ бовурларимиз, улар анча дадил, миллатга анча фидойи. Бу каби йиғинларнинг туркий тилли халқлар бирлигига-да, тилимизнинг ривожига-да таъсири катта. Биз бир-биримиздан кўп манба, билим оламиз, ўрганамиз. Тилимиз софлашади, туркийлашади. Қаранг, йиғинда қозоқ қардошларимиз катта бир даъватни илгари сурдилар: “Келинг, туркий улус бирлашайлик, бир тилда сўзлашайлик, бизга тилмочнинг кераги бўлмасин”. Туркий давлатларда яшовчи ўттизга яқин миллатлар учун ўзаро мулоқот тили сифатида “чиғатой тили”ни таклиф қилишгани бу катта жасорат. Қадимда ҳам “чиғатой тили” “чиғатой улуси”да, яъни бизнинг ҳудудда шаклланган. Бундан икки аср илгари чиғатой тили фақат Туркистон ҳудудидагина эмас, бошқа туркий миллатлар учун ҳам ягона сўзлашув тили вазифасини бажарган. Жадидлар отаси Исмоилбек Гаспирали чоп қилган “Таржумон” газетаси ва юртимизда бир аср илгари чиққан барча жадид нашрлари тили ҳам айнан чиғатой тилида бўлган. Ўтган аср бошларида “Чиғатой гурунги”, “Чиғатой адабиёти” атамалари истеъмолда бўлгани бунинг ёрқин исботи”, — деди устоз ижодкор.

Шу ўринда яна қозоқ халқининг буюк оқини Абайнинг қуйидаги ўгити ёдга тушади: “Қозоқ элида: “Ишнинг боши бирликда, ризқнинг боши тирикликда” деган мақол бор. Бирлик — қўрангдаги молда эмас, тушунчангда бўлиши керак… Мол берсанг отаси бошқа, онаси бошқа, дини бошқалар ҳам сен билан тинч-тотув бўлаверади. Агар бирлик мана шундай ҳисоб билан ўлчанса… бу бирлик эмас, аблаҳликдир! Дўст бўламан деган киши “бер” демасдан дўст бўлса, тинч-тотув яшаса, туз-насибасини бирга худодан тиласа, шу яхши дўстдир”.

Дарҳақиқат, бугунги алғов-далғов, нохолислик урчиган, талотўп дунёда бир ишончли елка, илкингни мустаҳкам тутгувчи қўл бу фақат ва фақат — қадим илдизларинг, дарёларинг туташ, томирингдаги қонинг бир бўлган — қондошинг, қардошинг, бовуринггина бўла олиши мумкинлигини қалбан ҳис этдим. Адабиёт, шеърият, санъат эса ўз ўрнида халқларимиз ўртасидаги мана шу азалий ва адабий дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашига амин бўлдим.

Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоира.

“Шуҳрат” медали соҳибаси.

Тошкент — Олмаота — Тошкент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 5 =