Озарбайжонга сафар таассуротлари

20.04.2024 йил. Озарбайжон вақти билан соат 09:30. Боку халқаро аэропортидамиз. Юкларимизни олгач, ушбу маскан ҳудудини айланган киши бўлдик.  Айни паллада кутилмаган ҳолат рўй берди: шу ерда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Азамат Зиё билан  учрашиб қолдик. Қисқа суҳбатлашдик, суратга тушишга ҳам улгурдик, айтишича, Бокуга иш юзасидан келган экан. 

…Бир муддат ўтиб, халқаро роуминг хизматига уланган телефонимга қўнғироқ бўлди. Мулоқотга киришишим билан Озарбайжон Матбуот кенгаши бошқаруви аъзоси, “Аzхеber.сom” интернет нашри  бош муҳаррири Ҳажибей Ҳайдарли бизни кутиб олишга чиққанини айтди.

Шу тариқа ижодий гуруҳимиз, Уюшмамиз аъзолари – “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Одилова, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Халқаро ахборот таҳририяти шарҳловчиси Азиза Алимова, шунингдек, “Ishonch.uz” интернет нашри фотомухбири Қувончбек Тўраев билан машиналарга ўтириб йўлга тушдик. Билдикки, аэропорт шаҳардан анча четда жойлашган.

Шаҳарга кириб борар эканмиз, қад ростлаб турган биноларнинг, аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйларнинг ўзига хос архитектура асосида қурилгани, уйларнинг деразаларида давлат байроғининг осиб қўйилгани эътиборимизни тортди.

Барчамизга маълумки, ке­йинги йилларда Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев саъй-ҳаракатлари билан  Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дипломатик муносабатлар янги босқичга кўтарилди.

Барча соҳаларда, жумладан, икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам ривожланиб бормоқда.

Бокудаги илк тадбиримиз Озодлик ҳамда Нажав Наримонов кўчалари кесишмасида қад ростлаган буюк ўзбек мутафаккири Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш ва улуғ бобомиз хотирасига ҳурмат бажо келтириш бўлди.

Мулоқот жараёнида мезбон ҳамкасблар, самимий йигитлар  – Озарбайжон Матбуот кенгаши бошқаруви аъзоси Ҳажибей Ҳайдарли, “Editor.az” медиа гуруҳи раҳбари Фарид Шаҳбазли, “Azxeber.com” медиа гуруҳи бош директори Афсаладдин Агаларов билан янада яқинроқ танишдик, уларга олиб борган совғаларимизни тақдим этдик. Озарбайжонлик ҳамкасбларимиз ва гул қўйиш тадбири баҳона учрашиб қолган бокуликлар билан Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди хусусида суҳбатлашдик, ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқидик. Озарбайжон халқининг Навоий ижодига бўлган ҳурмати, айниқса, бобомизнинг озар тилида ўқилган ғазаллари икки туркий халқнинг ўзаро чамбарчас маданияти, тарихий илдизларининг туташлигини яна бир бор намоён этди.

Кези келганда айтиш лозимки, дунё тан олган улуғ бобомиз хотирасига ҳурмат рамзи сифатида 2008 йилда бунёд этилган мазкур ёдгорлик муаллифи ўзбек архитектори Равшан Миртожиев ҳисобланади. Ушбу ҳайкалнинг тантанали очилишида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда Озарбайжон давлати раҳбари Илҳом Алиевлар иштирок этган.

Мезбон ҳамкасбларимиз ҳамроҳлигида Бокунинг диққатга сазовор жойлари ҳамда маданий масканлари билан танишишимиз жуда мароқли бўлди. Самолётда деярли икки ярим соат парвоз қилиб, салкам уч минг километр масофани ортда қолдириб келганимизга қарамасдан ҳаммамизнинг кайфиятимиз юқори, шу сабабли йўл чарчоғи ҳам сезилмаётган эди.

— Журналист дунё кўриши керак, шунда у ўзи ёзаётган материални кенгроқ таҳлил қилиш ва таққослаш имкониятларига эга бўлади, – деди “Тонг юлдузи” газетаси бош муҳаррири Феруза Одилова. – Биз, медиа соҳа вакилларига ана шундай – хорижга чиқиш, чет эллик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш учун  кенг имконият ва имтиёзлар яратиб берган давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевдан, қолаверса, Уюшмамиздан миннатдормиз.

Сафар дастуримизга кўра, куннинг иккинчи ярмида Озарбайжоннинг тарихий шаҳри Ганжага йўл олдик.  Бакудан Ганжагача йўлнинг равонлиги ва кенглиги диққатимизни тортди. Автобус ойнасидан ён-атрофни томоша қилиб кетар эканмиз, автомобиль йўлининг икки четида жойлашган якка тартибдаги уйлар   ўзимизнинг ҳовлиларга ўхшашлигини кўрдик.

Беш соатдан кўпроқ юриб, шом пайти Ганжага етиб келдик. Шаҳарга кириш йўли ўртасидаги (бир неча километр) устунларда Озарбайжоннинг тинчлиги ва озодлигини, чегаралари дахлсизлигини таъминлаш йўлида  жон фидо қилган юзлаб шу юрт ўғлонлари – қаҳрамонларининг суратлари жойлаштирилганига кўзингиз тушади. Шахсан ўзим дунёнинг ўнга яқин давлатига борган бўлсам, айни кунгача ҳеч жойда бундай манзарани кўрмаган эдим.

Маълумки, Ганжа шаҳрининг қоқ марказидан Ганжа дарёси оқиб ўтган. Айтишларича, тарихда унинг бир қирғоғида озарбайжонлар, бир қирғоғида арманлар яшаган. Тақдир тақозоси билан йиллар давомида арманларнинг кўпчилиги бошқа жойлардан қўним топишган. Шу манзилда яшаб қолганлари озар халқи билан қуда-анда бўлиб кетишган.

1141 йили Ганжа дарёси бўйидаги қишлоқлардан бирида улуғ мутафаккир Низомий Ганжавий туғилганидан хабарингиз бор. У фалсафа, мантиқ, астрономия, математика сингари фанларни пухта эгаллаган, “Хамса” достонини яратган. Шарқ адабиётида ўзига хос ўринга эга буюк шоирнинг асл исм-шарифи Абумуҳаммад Илёс ибн Юсуф ибн Закий Муайяд бўлиб, Навоийдан тортиб барча ўзбек шоирлари Низомий Ганжавийни ўзларига устоз деб билишган.

21 апрель куни эрталабдан гуруҳимиз билан Ганжа шаҳридаги Низомий Ганжавий ва унинг отаси – Юсуф, онаси – Раисанинг қабрларини, улуғ мутафаккирга бағишлаб қурилган маж­муа ҳудудини зиёрат қилиб, бу ердаги музей экспонатлари билан яқиндан танишдик. Ҳамкасбларимиз билан музейдан чиқиб кетар эканмиз, Навоий бобомизнинг қуйидаги мисралари ёдимга тушди:

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасига панжа урмоқ… 

Кейинги манзилимиз — Ўзбекис­тоннинг Озарбайжондаги элчихонаси томонидан Ганжада  икки кун аввал очилган консуллик бўлими бўлди.  Якшанба — дам олиш куни бўлишига қарамасдан бизни консуллик ходими Элнур илиқ кутиб олди ва бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан таништирди. Таъкидланганидек, ушбу консуллик ўзбекистонлик илк меҳмонлар сифатида бизни – юртимиз медиа соҳа вакилларини қарши олди. Консулликнинг очилиши  Ганжа шаҳри ва унга туташ ҳудудларда истиқомат қиладиган ўзбекларга  ҳар жиҳатдан катта қулайлик  яратади.

Ганжада 450 гектар майдонни эгаллаган Ҳайдар Алиев боғи, унинг ҳудудида шу номдаги марказ борлигини кўпчилик яхши билади. Мазкур марказ ва боғ ҳудуди билан яқиндан танишгач, Бокуга йўл олдик. Озарбайжон пойтахтига кириб келганимизда қоронғи тушганди. Меҳмонхонага жойлашдик. Тонгда Бокуга учиб келган Уюшмамиз қошидаги Ёш журналистлар кенгаши раиси Шуҳрат Орипов ҳам гуруҳимизга қўшилди. Бу ажойиб инсон ўзининг ҳазил-мутойибалари билан барчамизга янада кўтаринки кайфият улашди, десам хато бўлмайди.

Эртаси куни давлат расмий нашри – “Озарбайжон” газетаси таҳририятида бўлдик. Мазкур газета бош муҳаррири Бахтиёр Содиқов бизга ушбу нашрнинг ташкил этилиш тарихи, таҳририят босиб ўтган машаққатли ва шарафли ижод йўли, шунингдек, айни пайтда олиб бораётган фаолияти, ёритилаётган долзарб мавзулар ҳақида маълумотлар берди. Учрашувда икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш, босма нашрларнинг бугунги шароитга трансформацияси, газеталарни ўқувчиларга етказиб беришда дуч келинаётган муаммолар, замон талабидан келиб чиқиб, янгича ёндашувларни амалиётга тат­биқ этиш, бу борада икки мамлакат матбуот нашрлари ўртасида ҳамкорликни, материаллар алмашинувини йўлга қўйиш  каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Сафаримиз доирасида ўтказилган тадбирларда озарбайжонлик дўстларимиз давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қурилгани, Мирзо Улуғбек номи билан аталган ушбу янги мактаб халқларимизни янада яқинлаштириш, жипслаштириш, ўзаро дўстлик ришталарини мус­таҳкамлаш, ўсиб келаётган озарбайжонлик ўғил-қизларни Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига, буюк аждодларимизнинг меросига ошно қилишга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар.

Ўз навбатида биз ҳам озарбайжонлик оммавий ахборот воситалари вакилларига муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўзбекистонлик журналистларнинг хорижий мамлакатларга ижодий сафарлари ташкил этилаётгани, “Олтин қалам” Миллий танлови нуфузи беқиёс даражада оширилгани, мукофот жамғармаси кўпайтирилгани, янгича форматда ўтказилаётган танлов бош миллий мукофоти соҳибига енгил автомобиль туҳфа этилиши ҳақида гапириб бердик.

Ўзбекистонда миллий журналистиканинг ривожланиши бўйича Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг I миллий маърузасида Уюшма хорижий давлатлардаги медиа ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиши белгиланган. Ушбу вазифа ижроси доирасида ўтган йили Умумхитой Журналистлар ассоциацияси, Туркия Журналистлар федерацияси билан ҳамкорлик меморандумлари тузилган эди. 22 апрель куни Боку шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан Озарбайжон Матбуот кенгаши ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда икки мамлакат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар ижроси самаралари, ўзбек ва озар халқларини азалий дўстлик, қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туриши ҳақида сўз юритилди. Ўзбекистон ва Озарбайжон оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, икки мамлакат ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш каби масалалар хусусида фикр алмашилди.

Озарбайжон Матбуот кенгаши раиси Рашад Межид халқларимиз ўртасидаги муносабатларнинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалиши, анъаналар, маънавий қадрият ва маданиятларимиз муштараклиги, Ўзбекистон ва Озарбайжон журналистларининг ҳамкорлик истиқболлари, уларнинг самарали тажриба алмашинуви юзасидан ўз фикрларини билдирди. Тадбир якунида Озарбайжон Матбуот кенгаши раиси Рашад Межидга Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг совғаси топширилди.

Имзоланган ҳамкорлик меморандумига кўра, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, биргаликда халқаро конференциялар ва матбуот анжуманлари ўтказиш, пресс-турлар ташкил қилиш, Ўзбекистон ва Озарбайжон оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш каби қатор вазифалар кўзда тутилган.

Ушбу расмий тадбирдан кейин ҳамкасблар ўртасида самимий мулоқот бўлди. Шундан сўнг икки қардош юрт оммавий ахборот воситалари вакиллари тунги Бокуни, эски шаҳар – “Ичкари шаҳар”ни сайр қилдик. Озарбайжонга келган сайёҳлар бориб расмга тушадиган, барчангизга маълум  манзил – машҳур “Бриллиант қўл” фильмидаги “Чёрт побери” эпизоди олинган жойни ҳам бориб кўрдик.

Кун бўйи бизга ҳамкасбимиз Рашад Межид ҳамроҳлик қилди. У меҳмонхонага қайтишимиз арафасида гуруҳимизни Озарбайжон Республикаси Президентининг Ишлар идораси муассислигидаги “Халқ газети” таҳририятига бошлади. Кечки соат 22:00 лар бўлишига қарамасдан газета таҳририятида иш қизғин эди. Ҳар куни 4 минг нусхада чоп этиладиган ушбу таҳририят ижодий жамоасининг иш ва саҳифалаш жараёнлари билан танишиш асносида “Халқ газети”нинг янги сонида бизнинг Озарбайжонга сафаримизга оид материаллар берилаётганидан хабар топдик ва бундан мамнун бўлдик.

Хитойнинг “Синьхуа”, Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентликларида бўлган эдим. Озарбайжонга сафаримиз доирасида “Azertac”да ҳам бўлиш насиб қилди. Агентлик фаолияти билан танишдик, раҳбари билан суҳбатда бўлдик.

— Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари билан ахборот соҳасида ҳам, бошқа йўналишларда ҳам, хусусан, болаларга мўлжалланган ахборотларни етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилишимиз мумкин, – деди  “Azertac” директорлар Кенгаши раиси Вугар Алиев. –  Агентлигимиз ўзининг махсус портали орқали болалар учун қизиқарли контентларни тақдим этади. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсадимиз ўзаро самарали ахборот алмашинувини таъминлашдан иборат бўлиб, “Azertac” бу йўналиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр.

Сафаримиз доирасида Озарбайжон медиани ривожлантириш агентлиги ҳамда “БокуТВ” иш жараёнлари, ушбу медиа ташкилотларда фаолият олиб бораётган журналистлар  билан яқиндан танишувларимиз, тажриба алмашув мулоқотлари, Евроосиё матбуот фондида Ҳусан Эрматов томонидан пиширилган ўзбек паловини тайёрлаш жараёнларидаги суҳбат самимият ва меҳрга тўла кечди. Евроосиё матбуот фонди директори Умид Мирзаев билан мулоқотимизда мазкур жамғарма молиялаштириши мумкин бўлган лойиҳалар бўйича фикр алмашиб, ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

Гуруҳимиз аъзолари билан Каспий денгизи соҳили бўйлаб қилган саё­ҳат бир умр ёдимдан чиқмайдиган таассуротларга бой бўлди, жараёнларда олинган суратлар тарихга муҳрланди.  Сокин денгизга боқиб, кайфияту руҳиятим кўтарилди. Кишини  толдирадиган иш жараёнлари, ахборот оқими, турли гап-сўзлар, кибр ва ҳасадлар, бу ўткинчи дунё ташвишлари барча-барчасини унутгандек, ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват олгандек бўлдим. Зеро  “Сафар қилинглар, саломат бўласиз”, дея бежиз  марҳамат қилинмаган.

Озарбайжонлик шоир Акиф Бағирнинг машҳур “Ўзбек келаётир” шеърини кўпчилик яхши билади. Қадрдон ҳамкасбимиз Ҳусан Эрматовнинг шарофати туфайли Бокуда яшаган меҳмонхонамизда ана шу таниқли ижодкор билан учрашиш ва суҳбатлашиш ҳам насиб қилди.

Тошкентга қайтиш арафасида Туркий маданият ва мерос халқаро фонди президенти Актоти Раимқулова билан учрашувимиз ҳам файзли кечди. Давлатимиз раҳбари уни “Бизнинг қиз” дейишидан фахрланишини айтди. А.Раимқуловага туркий тилли давлатлар таниқли журналистлари  ҳақида китоб тайёрлаш ва нашр этиш таклифини бердим, бу унга маъқул келганидан хурсанд бўлдим. Ҳамкорликда янги лойиҳалар устида ишлаш бў­йича маслаҳатлашдик. У бизни жорий йилнинг май ойи охирида Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро тадбирга таклиф қилди.

Озарбайжонга беш кунлик сафаримиз доирасида ўтказилган ҳар бир учрашувда ўзбекистонлик журналистларга катта ҳурмат ва эътибор кўрсатилганидан мамнун бўлдик. Энг муҳими, бир олам таассуротлар олдик. Мухтасар айтганда, сафаримиз мазмунли учрашувларга бой, ҳар жиҳатдан фойдали ва самарали бўлди, деб ўйлайман.

Бизни 20 апрель куни Боку аэропортида катта ҳурмат билан кутиб олган Ҳажибей Ҳайдарли 25 апрель куни шундай кузатиб қўйди.

…Она юрт соғинчи билан юртимизга қайтиб келдик. Лекин озарбайжонлик ҳамкасблар билан бўлган суҳбатлар, самимий мулоқотлар бир умрга дилимизда қоладиган бўлди.

Холмурод Салимов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б.

Тошкент – Боку – Ганжа – Боку –Тошкент

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 2 =