Эски кўприкнинг сўнгги йўловчилари
Дунёда энг бедор қалб эгаларидан бири бу, шубҳасиз, журналистлардир. Негаки, “жамият шифокорлари” деб аталмиш соҳа вакиллари қаерда эзгулик, янгилик бўлса, ўша ёққа қараб чопишади.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан яқинда биз бир гуруҳ хоразмлик ва қорақалпоғистонлик оммавий ахборот воситалари ходимлари Нукус шаҳрида йиғилиб, мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган Мўйноқ туманига ижодий саёҳат уюштирадиган бўлдик. Ундан олдин йўл тайёргарлиги дегандек, узоқ манзилга етиб бориш, қайси йўлни танлаш белгилаб олинди.
— Ҳар эҳтимолга қарши, Беруний томондан борганингиз маъқул. Амударёдаги (“тумани” демоқчи — изоҳ бизники) понтон кўприк ёпиқ. Бугун-эрта катта тантаналар билан янги кўприкнинг очилиши кутиляпти, — деди бизни кузатаётиб, уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Ўткир Матқурбонов.
Йўлга тушдик. Бизни манзилга олиб боришга тайёрланган “Газель” ҳайдовчиси Озод ака Урганч шаҳри кўчалари бўйлаб ҳаракатланаётганимизда узоқ йўллар ҳадисини олган, шекилли, Амударё кўприги билан боғланди.
— Келаверинглар, очиқ, — деган товуш эшитилди гўшакдан.
— Мабодо боргунча ёпиқ бўлса-чи? — дедим (камина гуруҳ раҳбари-да) эътироз билдиргандек. — Акс ҳолда, яна Урганчга қайтиб, Беруний томондан борсак, 200 километрлик йўл устига яна 200 километр қўшилади-ку!
Озод ака кўприкдагиларга қайта қўнғироқ қилди.
— Янги кўприк қурувчилари раҳбариятидан сўрадик. Эски кўприкдан ўтишга халақит бўлмас экан.
Хуллас, ҳайдовчимиз бизни икки соатда Нукусга олиб боришга ишонтирди.
Гап-гурунг билан қизишиб, Урганч, Янгибозор, Гурлан туманларини орқада қолдириб, кўприкка етиб келгунимизча чошгоҳ маҳали бўлди. Хайрият, мушкулимиз осон кечди. Жайҳун дарё — жўшқин дарё кўприги бизни опичлагандек, нариги қирғоққа эсон-омон ўтказиб қўйди. Худди шуни кутгандек, “Еркин Қарақалпақстан” газетаси бош муҳаррири Қурбонбой Байниязов қўнғироқ қилиб қолди.
— Яқинлашяпсизларми? Сизларни Бердақ номидаги давлат университетида кутаяпмиз. Янги кўприкдан ўтдиларингми, ишқилиб?
— Ҳа, асосий магистраль йўлга чиқиб олдик. Бу ёғи яқин. Янги кўприк битган ҳисоб. Очилишга қизғин ҳозирлик кўрилаётган экан, — дедик.
Барибир талаба ёшлар учрашувига бироз кечикиб бордик. Уюшма раиси в.б. Холмурод Салимов, “Янги медиа таълим маркази” директори Беруний Алимов, уюшманинг Қорақалпоғистон бўлими раиси Кенгесбой Реймов маърузаларини тугатаётиб, университет ўқитувчилари ва ёшлар билан жўшқин баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар алмашишга киришаётган эканлар. Каминага ҳам сўз беришди. Улар мендан янги кўприк битган-битмагани ҳақида илҳақ хабар кутишарди. Чунки талабалар орасида хоразмлик йигит-қизлар ҳам бор-да.
— Бутун халқимиз кутган кун яқин! Энди масофалар — бир қадам!
Ҳамма қарсак чалди. Бу кунни қандай интизорлик билан кутишаётгани уларнинг шундоққина юзу кўзларида ифодаланиб турарди.
— Эрталаб барвақт Мўйноққа қараб йўлга чиқамиз, — дейишди мезбонлар, — унгача шаҳри азимимизнинг диққатга сазовор жойларини, Бердақ ва И.Савицкий номидаги музейларни томоша қиламиз.
Кун жуда мазмунли ўтди. Меҳмонхонага жойлашиб, мароқли дам олдик.
Ҳамкасбларимиз бирга Мўйноққа боришимиз учун хорижда ишлаб чиқарилган яп-янги замонавий кичик автобус тайёрлаб қўйишган экан. Манзил — 300 километр! Қўнғирот тумани марказигача теп-текис асфальт йўл бизни автобусда аллалагандек олиб борди. Марказдан ўнгга бурилишимиз биланоқ, ҳаммага аён манзара кўз олдимизда намоён бўлди: чанг, бунинг устига, асфальти бироз кўчган, ўйдим-чуқур, иккита машина зўрға сиғадиган йўлга тушиб олдик.
— Бу ёғига чидаймиз-да энди, — дейишди мезбонлар ҳижолат бўлиб. — Ёзда асфальт қаттиқ иссиққа дош беролмайди, ёрилиб кетади.
— Бу ёғига энди қўшиқ айтиб кетамиз, — лутф қилди “Севимли” телеканалининг “Замон” дастурининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича мухбири Тамара Жуманиёзова.
— “Лазги”си биздан! — ҳазиллашди хоразмлик журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қадамбой Салаев.
Худди шуни кутиб тургандек, ёш ҳайдовчимиз ёқимли тароналардан қўйиб юборди. Комилжон, Отажон — барисининг қўшиқлар тўплами бор экан, мириқиб эшитиб бораяпмиз. Теварак-атроф эса сайҳонлик, йўлнинг икки томонидаги узун-узун саксовуллар, даранги дарахтлар гўё бизга посбонлик қилаётгандек, маҳзун кузатишади.
— Шу яқин атрофда Бердақ ва Ажиниёз боболаримизнинг охират жойлари бор, — деди Қурбонбой ака бояги бошлаган суҳбатини давом эттириб, — афсуски, уларнинг қошига боролмаймиз. Йўл бундан беш баттар. Тез орада Бердақнинг 120 йиллик юбилейи нишонланади. Шунгача бу ерлар обод қилинади. Олдимизда эса Мўйноқнинг катта овули бор. Бу ердан 26 нафар фан номзоди, фан докторлари ва 2 нафар академик етишиб чиққанига ҳеч кимнинг ишонгиси келмайди. Илм-фан ўрганиш жой-макон танламас экан.
Қойил қолиш керак, аждодларимиз Чин-Мочиндан бўлса ҳам илм излашган, маърифат чироғини ёқишган. Беихтиёр жадидлар қиёфасидаги бу буюкларни Дантенинг юрак ҳароратидан ва тафтидан олинган барчага йўл кўрсатувчи маёққа ўхшатгимиз келди…
Автобусимиз бизнинг ҳайратимизни тобора ошираётган Мўйноқ тумани марказига яқинлашарди. Барчамиз ҳушёр тортиб, ён-атрофга қизиқиш билан боқа бошладик. Чиндан ҳам Мўйноқ “ойнаи жаҳон”да кўрганимиздан ортиқ даражада чиройли ва гўзал эди. Аэропорт, “Нуронийлар маскани”, “Ёшлар уйи”, кутубхона, музейлар, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, тикувчилик фабрикаси… буларнинг бари кўрган кўзни қувнатади.
— Хуш келибсизлар! — деди бизни кутиб олган туман ҳокими ўринбосари Мурод Жумабоев узоқдан кўриниб турган Орол бўйига бошларкан. — Туманимиздаги 12 та маҳалла ва овулларда 33 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Кўриб турганингиздек, олдинги Мўйноқ билан ҳозиргисининг ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Энди бизнинг ҳеч кимдан кам жойимиз йўқ. Масофа эмас, кўнгилларимиз, дилларимиз яқин бўлиб қолди. Самолётда Нукусга бир кўтарилиб, бир тушамиз. Атиги 10 дақиқа, холос! Пойтахтимиз Тошкент ҳам бир қадам. Илгари бундай имкониятларни хаёлда, тушда кўриш мумкин эди…
…Оролда турибмиз! Унинг бугунги аянчли абгор ҳолатини тасвирлашга тил ожиз. Бир пайтлар наҳр билан шовуллаб оққан денгиз туб-тубигача чўккан, фақат инсониятдан нажот сўраётгандек туюлади. Кемалар кезган сарҳад уларнинг ўзининг қабристонига айланган. Узоқ сафарга элтган ўн иккита кема яна қайта сузишни бошлаётгандек йўловчиларини кутарди.
Бу кўрган ачинарли манзаралар 40 йил олдинги воқеаларни эслатиб юборди. Ўшанда ҳозирги “Ёшлар овози” газетасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти бўйича ўз мухбири сифатида Мўйноқ балиқчилари ҳаётидан туркум мақолалар тайёрлаш учун келгандим. Ўзим борган балиқчилар қишлоғини, Мўйноқ консерва заводини ахтардим.
— Энди улар тарих саҳифаларидан жой олган, — дейишди, — мабодо ўша даврларни кўз олдингизда жонлантирмоқчи бўлсангиз, музейга киринг, ҳаммасини кўрсатиб беришади.
Во ажабо, мана қидираётган қаҳрамонларим: балиқчилар қишлоғи, консерва заводи девордаги суратларда, ноёб экспонатларда акс эттирилган экан. Қароғларимдан ёш қуйилди. Қирқ йил олдинги манзил, учрашган одамлар худди эртаклардагидек қаршимда пайдо бўлди…
Сафаримиз якунида туман марказидаги “Дўстлик” боғига иккала дўст, қон-қардош, ери-ерига, дили-дилига туташ юртдош журналистлар манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишди.
— Ҳудудий журналистларнинг қорақалпоқ диёридаги учрашувлари, Оролбўйига пресс-тур уюштирилиши янги мавзуларни ўйлаб топишда, ОАВда кенг ёритишда муҳим аҳамият касб этади, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов, — ўйлаймизки, қалам аҳлининг ижоди янги Ўзбекистонимиз саҳифаларини янада бойитади.
…Яна йўлдамиз. Ажабки, ҳаммамизнинг руҳимиз тетик, мақсадимиз ҳосил бўлганидан мамнун эдик.
Ҳамкасбларимиз билан яна янги ижодий режаларимизни мўлжаллаб, самимий хайрлашдик. Амударё кўпригига етиб келганимизда вақт тун, аммо теварак-атроф чароғон, қурувчилар ғайрат билан ишлашарди.
— Ҳорманглар, чарчамаяпсизларми? — дедик “Газель” ойнасидан уларга.
— Раҳмат, биласизларми, сизлар эски кўприкнинг сўнгги йўловчилари бўлдингиз. Эртага янги кўприк очилади.
Бу хушхабарни эшитиб, ҳаммамиз қарсак чалиб юбордик.
Чиндан ҳам Юртбошимиз ташаббуси билан Амударё узра бунёд этилган кўприк Президентимиз иштирокида шу йилнинг 29 февраль куни очилиш маросимига ҳаммамиз шоҳид бўлдик.
Кўприкнинг бунёд этилиши Ўзбекистонимиз, айниқса, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилояти халқи ҳаётида янги даврнинг бошланганидан дарак беради.
Шержон МАШАРИПОВ.