Яратилган имкониятлар — ютуқлар гарови
Сирдарё вилоятида республика ва вилоят ОАВ вакиллари иштирокида медиа-тур ўтказилди
Бугунги кунда барча жабҳада кенг кўламли ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бу борада Сирдарё вилоятида ҳам ишлаб чиқариш корхоналарининг сони ортиб бориши, аҳолига қулайлик яратиш, жамиятни ижтимоий-сиёсий ривожлантириш, умуман барча ишлар Инсон қадрини улуғлаш тамойилига ҳамоҳанг.
Саноатни, ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида Сирдарё туманидаги “PENG SHENG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасининг бугунги инвестицион имконияти 100 миллион доллардан ортиқ. Корхонада 2000 нафардан зиёд ишчи фаолият олиб боради.
— Йилдан-йилга талаб ва таклифлардан келиб чиқиб, янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилмоқдамиз. Экспорт салоҳиятини ошириш ва географиясини ҳам кенгайтириш устида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йилда желатиндан — протеин, полетрол гранулалари, катта ҳажмдаги кафель маҳсулотларини ишлаб чиқаришни режалаштираяпмиз. Бундан ташқари, ванналарни мармар тошлардан яратиш бўйича Европа давлатларидан таклифлар тушган. Сантехника жиҳозларининг ўзи 40 дан ортиқ турда ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозирда сантехника ускуналарига сенсор тизимларини ўрнатиш устида ҳам иш олиб бораяпмизки, бу лойиҳа амалга ошса, ногиронлиги бор фуқароларимиз учун янада қулайликлар яратилади, – деди “PENG SHENG” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси бош директори ўринбосари Ғофиржон Аҳмедов.
Журналистлар борган навбатдаги манзил 2000 нафарга яқин, асосан, хотин-қизларни иш билан таъминлаган “SIRDARYO MEGA LUKS” корхонаси бўлди.
— Корхонамиз полипропелин, полиэтилендан қоп ва целлофан каби қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқармоқда. Бу соҳада нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ давлатлари орасида энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади.
Бир йилда 25 минг тоннадан ортиқ хомашёни қайта ишлаб чиқара олиш кучига эгамиз. 2023 йилнинг 11 ойида 600 миллиард сўм қийматга яқин маҳсулотимизнинг 35 фоизи, яъни 200 миллиард сўмдан ортиғи экспортга йўналтирилди, – деди бош директор ўринбосари Нодир Бўронбоев.
Оқолтин туманидаги пахта тўқимачиликка асосланган “SARDOBA UNIVERSAL” кластерига қарашли агромарказнинг лойиҳа қиймати 5 миллион долларни ташкил этар экан.
— Корхонамизда иссиқхоналар қуриш, ўсимликларни ҳимоя қилиш, тупроқ ва сув таҳлил лабораторияси, агроном маслаҳати, ветеринария дорихонаси, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш каби хизматлар йўлга қўйилган. Бундан ташқари, фермер ва деҳқонлар учун агромаркет дўконлари ҳам мавжуд. Деҳқон-фермерларимизга тегишли барча ерлар контурларга ажратилиб, рақамлаштирилган. Бу орқали қайси ерга қанча ўғит, қанча сув зарурлиги кўрсатиб берилади. Бунинг натижасида ортиқча исрофгарчиликнинг олди олинади, ҳосилдорлик ошади. Агромарказда барча деҳқон-фермерларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин, – деди “SARDOBA UNIVERSAL” кластери мутахассиси Комилхўжа Эшонхонов.
Оқолтин туманида Президентимиз ташаббуси билан “Мустақиллик” маҳалласида “Обод маҳалла, обод кўча ва обод хонадон” мезонлари асосида аҳолининг бугунги кунда ҳаётдан рози бўлишлари учун барча шароит ва қулайликлар яратиб берилганлиги ҳам диққатга сазовордир.
Куннинг иккинчи ярмида Янгиер шаҳрида 2022 йилда ишга туширилган “ECO plyus” WOOD мебелсозлик кластери фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.
— Бу ерда тайёрланаётган мебел жиҳозлари барча замонавий стандартларга жавоб бера олади. Бугунги кунда 100 нафардан ортиқ ишчилар фаолият олиб боради. 2024 йилда лойиҳа қийматини 20 миллион долларга етказиб, 250 нафар янги ишчи ўрни яратишни режа қилганмиз. Ускуналар Хитой ва Туркия давлатларидан келтирилган, – деди Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари Элёр Ўнаров.
Ховос туманидаги Туркия давлатининг “Cengiz Enerji San. ve Tic A.Ş.” компанияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган қуввати 220 мВт бўлган “CENERGO” газ-поршенли электр станцияси муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Бу корхонадаги иш самарадорлиги туфайли йилига электрдан 1,7 милллиард кВт ва 150 миллион м3 газ тежалади. Бунинг натижасида 685 миллион кВт соат электр энергия ишлаб чиқарилиши диққатга сазовордир.
Медиа-тур сўнгида вилоят ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Вилоят раҳбари сўнгги йилларда Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев томонидан яратиб берилаётган имкониятлар негизида Сирдарё вилоятининг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар ҳақида сўзлади. 2023 йил якуни ва келгуси 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар хусусида атрофлича тўхталди. Ўз навбатида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Баҳром БОЙМУРОДОВ.