Тожикистон таассуротлари
(Иккинчи мақола)
Шундай қилиб, Тожикистон давлати қураётган “Роғун” гидроэлектростанцияси нафақат мамлакат иқтисодиёти, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари учун истиқболли имкониятларни туҳфа қилиши мумкин экан. Бу ГЭСнинг фақат фойдали жиҳатлари бўлиши мумкинми? Бизни эса бугунги кунда бутун дунёда қурғоқчилик кузатилаётган бир пайтда эртага Вахш дарёсидан бу улкан ГЭС учун узоқ йиллар давомида тўпланажак сув захираларини шакллантириши боис, қўшни мамлакатларга зиён келтириши, энг ёмони, бу ҳудудлар сейсмологик зонага тааллуқли эканлиги, Худо кўрсатмасин-у, мабодо кучли ер силкинишлари рўй берадиган бўлса, тасаввур қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларга қандай кафолат бера олади, деган саволлар қизиқтирарди.
Очиқ айтганда, ҳамкасбларимизнинг ГЭС мутасаддиларига, мутахассисларига берган шу ва шу каби кўплаб саволларига ишончли, атрофлича жавоб қайтарилди.
— Биринчидан, қарийб йигирма йил давомида тўпланадиган сув захираси келажак учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин. Айтайлик, бир неча йил давомида қурғоқчилик кузатиладиган бўлса, бу ерда йиғиладиган сув ҳажми, нафақат Тожикистон халқи учун, балки қўшни республикаларга ҳам асқотиши турган гап. ГЭС тўлиқ ишга туширилганда эса, Вахш дарёсининг энг юқори қисмидан келадиган сувнинг бир литри ҳам исроф қилинмайди, балки замонавий агрегатларни айлантириш асносида ўз оқимида давом этаверади. Албатта, хавфсизлик масаласи жуда муҳим ва бу нарсани бутун икир-чикиригача ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Шу боисдан ҳам ҳали сизлар тўғон қурилишига оид кўплаб объектларни, унинг тўққиз баллгача чидамлилигини таъминлайдиган даражада ишлар олиб борилаётганини кўрасизлар, — деди ишонч билан суҳбатдошимиз, “Роғун” ГЭСи инженерлик-мониторинги бошқармаси бошлиғи Нурилла Абдуллаев.
Бу, албатта, ушбу иншоот қурилишидаги масъул мутахассислардан бирининг гапи эди. Лекин тўғон қурилишида олиб борилаётган ишларни кўриб, ростини айтганда, ақл бовар қилмас бунёдкорликларга гувоҳ бўлдик.
Биринчидан, тўғонда тўсатдан сув ҳажми ошишининг олдини олиш мақсадида шундай коммуникацион лойиҳалар ижроси кетаётган эканки, унинг келажакдаги юз йилларга хизмат қиладиган инфратузилмага эгалигига инонмай илож йўқ эди. Улкан қоялар бағридан ўйилган туннелли “канал”лар махсус қопқаларга эга. У бир нечта бўлиб, зарур ҳолатларда очилиб ёпилади. Шу зайл фавқулодда ҳолатлар юз берадиган бўлса, Тўғондаги сув дарёга чиқариб юборилиши мумкин.
Иккинчидан, тўғон мустаҳкамлигини, ишлаб чиқилган лойиҳаларнинг мувофиқлигини бир қанча халқаро экспертлар, соҳага жавоб берадиган жаҳондаги нуфузли институтлар маъқуллаган.
Учинчидан, тўғоннинг чор-атрофини Аллоҳнинг мўъжизаси бўлган чўққилари булутларга тегиб турган тоғлар қуршаб олган.
Қолаверса, оралиқдаги тоғлардан ҳўў узоқликдаги сойликларгача шундай бетон қалъалар қуйилмоқда эканки, қойил қолмасдан илож йўқ.
Тожикистоннинг Помир тоғларига туташ ҳудудида денгиз сатҳидан қарийб 3255 метр баландликда жойлашган “Сарез” кўли ҳақида ҳам сўз борди. Очиғини айтганда, ҳамкасбларимиз билан ана шу кўлга боришни ҳам ўйлаб қўйган эдик. Лекин мезбонлар у манзилга энг яхшиси ёз ойларида бориш маъқул эканлигини, ҳозирда бориш ўта хавфлилигини айтишди.
Маълумотларга қараганда, “Уйқудаги аждарҳо” дейиладиган “Сарез” кўли 1911 йилда содир бўлган зилзиладан сўнг Бартанг дарёси оқими табиий тўғон шаклида ёпилиб қолиш ортидан пайдо бўлган. Мутахассисларнинг фикрича, ўшандан буён унинг чуқурлиги 500-600 метрга етган. Ушбу кўлда тўпланган сув шу қадар катта ҳажмдаки, уни кўз олдингизга келтириш учун, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборидагидан қарийб 40 марта кўпроқ эканлиги таъкидланади. Аммо “Сарез” кўлининг, умуман, Тожикистондаги Норак ГЭСи бунёд этилган Вахш дарёсининг ёки бу мамлакатдаги катта-кичик дарёларнинг суви шу қадар тиниқ, зилолки, таърифлашга тил ожиз.
— Мен дунёнинг кўплаб юртларида бўлганман, не-не денгизларни, дарёларни кўрганман. Айтайлик, Туркиядаги Мармара денгизининг суви ҳам жуда гўзал, лекин бу ердаги кўм-кўк сувни ҳеч қаерда кўрмаганман, — деди устоз журналист, таниқли публицист Рўзибой Қўлдош ҳайрат билан.
Дарҳақиқат, шундай. Бу сувларга гўё сиёҳ қўшиб қўйилгандек шу қадар кўм-кўкки, завқланмай илож йўқ.
—Бу дарёларда фақат фарел-гулмоҳи балиқлар бўлса керак-а, – дея сўради “XXI аср” газетаси бош муҳаррири Норқобил Жалил. — Бемалол, тўғон бағрида балиқчиликни ҳам ташкил этиш мумкин шекилли?
— Ҳа, — деди Н.Абдуллаев. — Гулмоҳи балиқлар жуда кўп. Лекин бизнинг энг олий орзуимиз ҳозирча тўғонни қуриб битказиш. “Роғун” ГЭСи тўлиқ бунёд этилганда мендан бахтли одам бу дунёда бўлмайди. Бутун ҳаётимни ана шу ишга бахшида этганман.
Дарвоқе, сўзимиз “Сарез” кўли ҳақида кетаётган эди. Ушбу кўлнинг баландлигини юқорида айтдик. Денгиз сатҳидан 3255 метр юқорида бўлиб, узунлиги 70-75 километрни ташкил этади. Кўлнинг ўртача эни эса 3,3 километр. Кўл эгаллаган майдон — 15 755 м2, сувнинг умумий ҳажми 17 км3. Кўл суви йилига 0,2 метрдан кўтарилиб бораётгани айтилади.
“Сарез” кўлини, шубҳасизки, мутлақо хавотирсиз, хавфсиз деб бўлмаса керак. Бу шахсий фикримиз, албатта. Аммо мамлакатда тегишли соҳа вакиллари хавотирларнинг асоссиз эканлигини таъкидлашади. Хусусан, сўнгги 80 йил ичида “Сарез” кўли олдида жиддий зилзилалар кузатилмаган.
—“Сарез” кўлидан фойдаланиш, унга инвестиция киритиш юзасидан бир қанча йирик мамлакатлар таклифлар билан чиққан. Жумладан, Хитой, Исроил каби давлатлардан. Лекин, ҳисоб-китоб қилинганда, бу сув ниҳоятда қимматга тушиб “тилла сув”га айланар экан. Аммо келажакда “Сарез” кўлидан фойдаланиш, албатта, амалга ошишига шубҳа йўқ, — деди Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув захиралари вазирлигининг халқаро алоқалар бошқармаси бошлиғи Парвиз Яҳёев.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона алоқалар қайта тикланганидан сўнг икки мамлакат ўртасида жуда кўплаб хайрли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 9-10 март кунлари Тожикистонга қилган ташрифи давомида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон келажакда Ўзбекистон билан ҳамкорликда “Сарез” кўлидаги сувдан фойдаланиш мумкинлигини истисно этмаган эди. Бу ҳақда турли нашрларда ёзилганди.
— Бугун Тожикистон ва Ўзбекистон мамлакатларининг дўстона алоқалари ҳар қачонгидан баланд даражада. Бунга ҳар икки мамлакат раҳнамоларининг саъй-ҳаракатлари туфайли эришилмоқда. Бугун Тожикистондан Ўзбекистонга электр энергияси узатилишида ҳам ҳеч қандай узилишлар йўқ ва бу сифат янада яхшиланади, – деди суҳбатдошларимиздан бири “Барқи Тожик” очиқ акциядорлик холдинг компаниясининг халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Бахтиёр Сиддиқов.
Бизни ҳайратлантирган жиҳатлардан бири Тожикистон мактабларида мактаб ўқувчилари учун форма мавжуд бўлиб, ўқувчиларнинг унга амал қилиши мажбурий этиб белгиланган. Мактабларда ўқувчилар дарсларга қўл телефонларини олиб кириши мутлақо мумкин эмас. Ўқувчилар мактабга киришларида телефонларини топшириб, кетишларида олиб кетишлари мумкин. Дарс вақтида телефон титкилаб ўтирадиган боланинг қулоғига билим ҳам, сабоқ ҳам кирмаслиги бир бўлса, дарс жараёнларидан биздагидек турфа хил “репортаж”лар ижтимоий тармоқлардан ҳам ўрин олмайди. Бу тартиб мамлакатдаги, ҳатто олий таълим муассасаларига ҳам тааллуқли экан. Қойил қолмай иложи йўқ. У ердаги бойвачча талабалар ҳам ўқув даргоҳларига шахсий автомашиналарда бориши тақиқланган. Ўзимизнинг олий таълим ўчоқларида эса… қандайлигини яхши биласиз.
Мамлакат йўлларида биздаги каби ҳар қадамда турли хил тақиқловчи белгилар қўйилмаган. Бу ҳам ҳайдовчиларга катта эътибордан дарак. Ҳайдовчиларни жаримага тортиш, радарлар ўрнатилиши жиҳатдан ҳам биз анча илгарилаб кетган эканлигимизни кўришимиз қийин бўлмади.
Матбуот нашрларига Тожикистон ҳукумати ҳар томонлама эътибор қаратгани, обуна режа-тавсияларининг берилиши ҳам ҳеч кимни биздагидек таажжубга солмайди. Бунинг устига газета ва журналлар бюджет томонидан молиялаштирилган.
…Сафаримиз давомида бу заминда мангу қўним топган улуғ зотларнинг қадамжоларини зиёрат қилиш ҳам насиб этди. Хусусан, Ислом ва Шарқ дунёсида машҳур бўлган забардаст олим, Нақшбандия тариқатининг етук намояндаси, назариётчи Мавлоно Яъқуб Чархий ҳамда илму маърифат аҳли томонидан “Ҳожи Ҳиндистоний”, “Мавлавий Ҳиндистоний”, “Ҳожи домулло”, “Ҳазрати Мавлавий” сингари номлар билан қадрлаб келинадиган улуғ ватандошимиз, асли исми Муҳаммаджон мулло Рустам ўғлининг мангу қўним топган Душанбе шаҳридаги Ҳазрат Мавлоно масжиди ҳовлиси ёнидаги мақбаралари зиёрат қилинди.
Маълумки, XV асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаган нақшбандия таълимотининг йирик вакилларидан Хожа Аҳрори Валийнинг устози бўлмиш мавлоно Яъқуб Чархий Ғазна (Афғонистон) шаҳрига тобе қишлоқлардан бири ҳисобланган Чархда туғилганлиги учун Чархий тахаллусини олган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, у ўз давридаги илмларни эгаллагач, кўнглида тасаввуфга нисбатан хоҳиш пайдо бўлиб, Бухорога келади ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд билан учрашади. Бу воқеаларнинг тафсилоти унинг “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”) номли китобида баён қилинганидан хабарингиз бўлса керак. Мавлононинг “Тафсири Чархий” (“Чархийнинг Қуръони каримга қилган тафсири”), “Рисолаи унсия” (“Дўстлик ҳақида рисола”), “Ар-рисолат ул-абдолия” (“Абдоллар ҳақида рисола”), “Рисола дар илми фаройиз” (“Фарз нарсалар ҳақида рисола”) сингари йигирмага яқин китоблари маълум.
Мавлавий ҳожи Ҳиндистоний. Асли исми Муҳаммаджон мулло Рустам ўғли бўлган бу аллома 1892 йилда Қўқон музофотига қарашли Хожа Муҳаммад Валий қабристонига яқин Чорбоғ қишлоғида туғилган.
Адабиётшунос Алишер Назарнинг ёзишича, домла Ҳиндистонийнинг ота-оналари ҳам илмли, маърифатли кишилар бўлиб, фарзандларининг ёшликданоқ илм олишига жиддий эътибор беришган. Шунинг учун ҳам Муҳаммаджон ўн тўрт ёшида ҳофизи Қуръон бўлиб етишган. Дастлаб Қўқон ва Бухоро мадрасаларида, кейинчалик Афғонистоннинг Балх ва Мозори Шариф шаҳарларида сабоқ олган. Сўнгра улуғ устозларининг тавсияларига биноан Ҳиндистонга сафар қилади ва Ажмир шаҳридаги “Усмония” мадрасасида яна саккиз йил илм ўрганади. Унинг Ҳиндистоний тахаллусини олиши шундан.
Муҳаммаджон домла 1929 йил юртга қайтади. 1932 йили “синфий душман” сифатида бир йилга озодликдан маҳрум қиладилар. Муҳаммаджон домла 1933 йили қамоқдан қайтгач, фитналардан йироқ бўлиш учун тез-тез яшаш жойини ўзгартириб туришга мажбур бўлган. Домла Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманига қарашли Аблиғ қишлоғига, Тошкент шаҳар тасарруфидаги “Оқ йўл” колхозига кўчади. Домла илму салоҳияти ортидан яна тузоққа тушди. Унга бу сафар “хорижий давлатларда ўқиган” деган айб қўйилиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилишади. Бу сафар у Россиянинг Свердловск вилоятидаги маҳбуслар лагерида қарағай кесишга маҳкум бўлади.
Навбатдаги жазо муддатини ўтаб қайтган Муҳаммаджон домла энди урушга сафарбар этилади. У 1942 йили урушда қаттиқ жароҳатлангач, Россиянинг совуқ меҳнат лагерларидан бирига юборилади ва бу машъум жойларда 1946 йилгача қолиб кетади.
Муҳаммаджон домла навбатдаги сургундан қайтиб, Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар бўлимида таржимон бўлиб ишлай бошлайди. Домла ана шу бўлимда икки йил араб тилидаги китобларни форс ва ўзбек тилларига ўгириш билан машғул бўлган. Хусусан, шу йилларда у Замахшарийнинг “Навобиғул калим” ҳамда “Мақомоти Замахшарий” асарларини араб тилидан форс тилига, Имом Барзанжийнинг “Мавлудун набий” асарини ўзбек тилига, араб шоири Фараздақнинг Имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасини ўзбек тилига таржима қилган.
Бироқ тинимсиз таъқиб ва тазйиқлар, меҳнат лагерларидаги оғир ҳаёт, машъум уруш балолари аста-секин ўз асоратларини намоён эта бошлаган эди. Домланинг кўзлари хиралашиб қолади. Шифокорлар у кишига доимий китоб билан шуғулланиш зарарли деб ташхис қўядилар. Шундан сўнг домла эндиликда тўплаган илмини бошқаларга бериш мавриди келганини англаб, бир қанча китоблар тасниф этишга муваффақ бўлади. Жумладан, домла Қуръони каримнинг маънавий таржимаси — “Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръон” китобини тасниф этди. Бу муборак китоб Ўзбекистон Фанлар Академияси илмий ходими, заҳматкаш олим Сайфиддин Рафиддинов томонидан 2006 йилда нашрга тайёрланиб, “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган. Бобомиз Имом Бухорийнинг “Ал-жомиъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўпламини, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”, Имом Аъзамнинг “Фиқҳи акбар”, Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи Мулло”, Муҳаммад Фазлул- имом Хайриободийнинг “Мирқотул-мантиқ” асарларини шарҳ қиладилар.
Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла 1989 йил 97 ёшларида оламдан кўз юмган. У киши ўзи истаганидек Мавлоно Яъқуб Чархий мозорига дафн этилган экан.
…Донишлар айтганидек, қай юртга борсанг, унинг бозорини кўрмай тўлиқ шу юрт ҳақида тасаввур қилиш мумкин эмас. Биз ҳам Душанбедаги катта бозорга тушиб, бу ердаги тўкинлик, ободликнинг гувоҳи бўлдик. Нарх-наволарга келсак, яшириб нима қилдик, ўзимиздагидан бироз арзончилик экан. Айтайлик, бир кило қўй гўшти 70 сомони, яъни бизнинг пулга 70 минг сўм ва ҳоказо.
Сафар ҳақидаги таассуротларимиз, шубҳасиз, бир-икки мақолага сиғмайди. Мамлакат пойтахтидан таксига ўтириб, тўрт нафар журналист юрт сари йўл олдик. Ватанга қайтдик. Қайтишда ҳамма жойда ҳам учраб турадиган баъзи бир нарсаларга ҳам эътиборимиз тушди. Буни айтиб ўтирмасак ҳам бўларди-ю, лекин сиз азиз муштарийларга борини ҳикоя қиламиз деб лафз қилганмиз. Таассуротларимизда қайта-қайта таъкидлаганимиз, чиндан ҳам йўллар ниҳоятда текис ва сифатли бўлиб, бу ерда аллақачон пуллик йўллар хизмати ишга тушган. Лекин собиқ Иттифоқ замонидан қолган “қусур” бўлса керак, йўлларда ҳайдовчилардан арзимаган чойчақаларни олиш тожикистонлик ГАИ ходимларига хос экан. Бизни олиб келаётганда ҳам, кетаётганда ҳам киракаш ҳайдовчилар кулиб “йўлига қараб беш сомон, мана ҳозир бир сомон ташладим” деди. Нима бўлганда ҳам тожикистонлик йўл ҳаракати назоратчиларининг инсофи бор экан, бир сомон, яъни бизнинг пулга минг сўмни ҳатто тангада бўлса ҳам индамай олиб қўйишар экан.
Хулласи калом, гўзал тоғлар, дарёлар, кўм-кўк арчазорлар ватани бўлган, энг муҳими, ўзбек халқидек меҳмондўст, очиқкўнгил юртдан олам-олам таассуротлар билан қайтдик.
Абдирасул ЖУМАҚУЛ.