Зулматни ёритган адолат учқуни

Ҳар бир тарихий даврда жамиятнинг адолат тамойилларини тиклашга ҳисса қўшган шахслар бўлади. Ўзбекистон тарихида бундай фидокорлар қаторида Хадича Сулаймонова номи алоҳида ўрин тутади. У ҳуқуқшунослик соҳасида фаолият юритиб, юртимизда инсон ҳуқуқлари ва адолат учун курашган илк аёллардан бири эди. Айниқса, мустақиллик, эрк ва адолат учун курашган Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаевнинг номи оқланишида унинг ҳиссаси беқиёс.
Хадича Сулаймонова ҳуқуқшунослик соҳасида аёл сифатида ўз ўрнини топиш осон бўлмаслигини яхши биларди. ХХ аср бошларида аёллар нафақат илм олиш, балки ҳуқуқ ҳимоячиси бўлиш имкониятидан ҳам деярли маҳрум эди. Аммо Хадича Сулаймонова бу тўсиқларга қарамай, ўз йўлидан қайтмади. У собиқ шўро ҳукумати даврида қатағон қурбонлари бўлган кўплаб инсонларнинг тақдири билан шуғулланиб, уларни оқлашга, айбсизлигини исботлашга ҳаракат қилиб, тарихий адолатни тиклашга интилди.
Ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонларда Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев сингари давлат ва жамоат арбоблари ҳам туҳматга учраб, ҳаёти фожиали якун топди. Улар “халқ душмани” сифатида қораланган бўлса-да, Хадича Сулаймонова ва Нуритдин Акрамович Муҳитдинов уларнинг ишларини қайта ўрганиб, ҳақиқатни очишга интилди. Бу осон эмасди, собиқ тузумнинг хатоларини очиб ташлаш, сохта айбловлар ортидаги асл ниятларни кўрсатиш катта жасорат талаб қиларди. Хадича Сулаймонованинг ташаббуси билан Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев оқланди, уларнинг айбсизлиги фактлар билан исботланди. Бу жараёнда Хадича Сулаймонованинг ақл-заковатига тан берган СССР Бош Прокурори Р.А.Руденко “Сизлар ютдингизлар, Нуритдин Акрамович, энди ҳамюртларингиз Акмал Икромов ҳам Файзулла Хўжаев ҳам, албатта, оқланади. Лекин мен мана бу қизимизга қойил қолдим. Бунчалик чуқур билимга эга бу ўзбек қизига мен тан бердим”. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун собиқ иттифоқ ҳуқуқий тарихида муҳим воқеа бўлган эди.
Шуни айтиш жоизки, 1913 йил 3 июль куни Андижон вилоятида дунёга келган Хадича Сулаймонова Ўзбекистонда ҳуқуқшунослик соҳасида илмий даража олишга сазовор бўлган биринчи аёл эди. 1948 йилда эса СССР Фанлар академиясининг ҳуқуқ институтига докторантурага юборилиб, қисқа вақт оралиғида унинг “Ўзбекистонда совет жиноят қонунининг вужудга келиши” ҳамда “Ўзбекистон ССРда совет судларининг ташкил топиш тарихи” номли иккита мақоласи чоп этилади. 1950 йилда эса Х.С.Сулаймонова докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, профессор илмий унвонига сазовор бўлди. 1956 йилда юридик фанни ривожлантиришдаги катта хизматлари учун ЎзССР Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига сайланади.
Хадича Сулаймонова ўз илмий фаолияти давомида ҳуқуқшунослик соҳасига бағишланган қатор асарларни яратишга муваффақ бўлди. У 1965 йилнинг 26 ноябрида оғир ва узоқ касаллик оқибатида вафот этади.
Хадича Сулаймонова қисқа умр кўришига қарамасдан, инсоният учун юксак таҳсинга сазовор жуда кўплаб ишларни амалга оширди.
Адолат йўлидаги кураш ҳеч қачон осон кечмаган, айниқса, бундай оғир даврда адолат учун курашиш қийинчиликларга ва хатарларга тўла бўлган. Аммо Хадича Сулаймонова ҳуқуқшунос сифатида нафақат инсон тақдири учун, балки келажак авлод тарихни тўғри ўрганиши учун ҳам курашди. Унинг меҳнати — зулмат ичра чақнаган адолат учқуни эди ва бу учқун бугунги кунда ҳам халқимиз хотирасида ярқираб турибди.
Висола ТЎЛҚИНОВА,
Тошкент давлат юридик университетининг жиноий одил судлов факультети талабаси.