Энг улуғ саодат

Болалигимдан китоб ўқишни, шеър ёд олишни яхши кўрардим. Адабиётга, ижодга меҳр қўйишимнинг асосий сабаби уйимизга ҳар ой турли хилдаги газета ва журналлар кириб келар, ўша куни мен учун ўзгача байрам бўлар эди. Уларнинг ҳар бир саҳифасини кўзга суртгудек бўлиб ўқирдим, айрим мақолаларга қайта-қайта мурожаат қилардим.

Келажакда ким ва қандай соҳа эгаси бўлишингиз сизнинг ҳаёт йўлингизда учраган инсонларга ҳам қайсидир маънода боғлиқ бўлади. Кимдир сизни қўллаб-қувватлаши, бошқа биров маслаҳат бериши, яна кимдир эса шогирд сифатида тан олиши кабилар…

Менинг журналистлик фаолиятимнинг шаклланишида кўпларга яхши таниш бўлган фидойи инсон, журналист, ижодкор Назиржон Саидовнинг алоҳида хизматлари бор.

Анжуманда журналистларга чин маънода устозлик, акалик қилолган яхши инсон, яхши дўст ва меҳрибон ОДАМ Назиржон Саидов ўтган йили матбуот кунида оламдан ўтган эди. Бу тасодиф бежизга эмас, эҳтимол бу дарёдил инсоннинг айни журналистлар байрамида чин дунёга риҳлат қилгани шу кунда байрам баҳона ижодкорлар дийдорлашсин, ўтганлар ёдга олинсин, бир-бирларига оқибати зиёда бўлсин, деган маънода Аллоҳнинг бир ҳикматидандир.

1998 йили Тошкент давлат университети журналистика факультетини тамомлаб, Андижон телевидениесида янги иш бошлаган кунларим Назиржон аканинг дуоларини олишга бордим. Шунда улар: “Қалами яхшиликдан сўзлайдиган журналист қизим, Андижонга қадаминг қутлуғ бўлсин, фақат яхшилар, бахтлилар ва омадлилар ҳақида ёзгин”, дегандилар.

Фаолиятим давомида жуда кўп бора ўзининг қимматли маслаҳатлари билан ёрдамини аямаган, арзирли қаҳрамонлар топишда, вилоятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётини холисона ёритишда, маънавий-маърифий кўрсатувлар тайёрлашимда хизматлари сингган эди. Ўша кезлари менинг водийда яхшигина кўзга кўринган журналист бўлиб танилишимда устознинг ҳам ҳиссалари катта.

Орадан беш йил ўтиб, бир тадбирда устоз менга: “Қизим, телевидениеда ишлаб, яхшигина натижаларга эришдинг, ҳурмат, иззат топдинг. Сен тузуккина қалами бор журналистсан, ижоддан тўхтаб қоляпсан. Энди матбуотда ҳам ўзингни синаб кўр”, — дедилар. Ўша пайтда “Андижоннома” газетаси бош муҳаррири бўлган устознинг сўзини икки қилмай, таклифига кўра газетага ишга ўтдим. Вилоятнинг ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётига доир мавзуларда мақолалар, суҳбатлар, очерклар ёзиб, тез орада ўз ўрнимни топдим. Улар менга топшириқ беришга сира иккиланмасдилар. Бир сафар: “Сенда шиддат бор, бу ёшликнинг шижоати бўлса керак, бу гал Улуғнор туманига борасан, сен ёзадиган бир қаҳрамон бор”, десалар, кейинги гал: “Энди, қизим, Хонободга борасан, аскиячи ва қизиқчилар ўртасида танлов бўларкан, шу тадбирга тайёргарлик ишларини ёзиб келгин”, дерди. “Судья аёл ҳақида ҳақ сўзни ёзгин фақат. Болаларга илм нурини бераётган устоз ҳақида болалардан сўрагин, улар ёлғон гапирмайди”, деб айтар, янаги топшириқни бераркан, фермер ҳақида даласига бориб, ўша ернинг ўзида суҳбат қуришимни сўрарди.

Бир куни эрталаб ишга кетаётиб, шаҳар марказидаги манзарали дарахтлар маскани бўлган жойда қурилиш ишлари бошланаётганига гувоҳ бўлдим. Катта майдонни эгаллаган дарахтзорнинг йўқ қилинишидан хавотирга тушиб, бу ҳақида танқидий мақола ёзмоқчилигимни бош муҳаррирга айтдим. Улар қўллаб-қувватлади. Мен эса мавжуд вазиятни обдан ўрганишни бошлаб юбордим. Кейинги сонда танқидий руҳдаги ярим саҳифа мақолам босилиб чиқди. Ўша куннинг ўзидаёқ телефон қўнғироқлари, суриштирувлар, дағдағалар бошланиб кетди. Табиийки, раҳбаримиз мени ўз ҳимоясига олди ва дарахтзор ҳам асраб қолинди.

Бир гал туман ёшлар ташкилоти раҳбари билан унинг фаолияти ва ютуқлари ҳақида суҳбат қилдим. Мақола чоп этилгач, ўша вақтдаги вилоят раҳбари “Нега менинг рухсатимсиз берасизлар” деб роса муаммо қилди. Табиийки, яна Назиржон ака “менинг топшириғимни бажарди”, деб ўзи қалқон бўлди, ҳимоясига олди.

Фарғонадан икки машҳур ҳофиз, устоз санъаткорлар Абдулхай Каримов ва Нуриддин Асқаровлар аввалги иш жойим — телевидениега мени излаб келибди, газетага ўтганимни эшитиб бу ёққа ҳам келишган экан. Назиржон ака уларни хонасига таклиф қилиб, суҳбатини олибди. Тушлик ташкил этиб: “Менинг қизимни излаб келганлар менинг ҳам меҳмоним”, деб уларнинг иззатини жойига қўйибди. Мен етиб келгач, телевидениеда кўп бора қўшиқларини эфирга қўйиб, суҳбатларини ташкил этадиган бу икки санъаткор раҳбаримдан миннатдор бўлганлигини, мени эса яхши жойга ишга ўтганимни айтиб табриклашганди.

Хуллас, ёдга олсам, бу каби воқеалар жуда ҳам кўп. Устоз ҳақидаги яхши хотиралар менга журналист сифатида жамиятда ўз ўрним ва ўз сўзим бўлиши лозимлигини, ҳамиша ҳақ сўзга суянишим кераклигини уқтираверади. Умр ғанимат, бир-бир чин дунёга яқинларингни, сен эъзоз қилганларни, ҳурматингда бўлганларни шундай кузатиб боравераркансан. Фақат ортидан: “Яхши инсон эди”, деган бир сўз уларнинг ҳаққига беҳисоб савобларни ёзавераркан.

Назиржон устознинг: “Жамиятнинг камчилиги худди бир дардга ўхшайди. У вақтида даволаниши учун матбуот бонг уриши ва жамиятни тезроқ мана шу касалликдан фориғ этишга уриниши — журналистларнинг бурчи. Журналистлар эса жамиятнинг шифокоридир”, деган сўзлари йиллар, даврлар ўтса-да, ўз қийматини йўқотмайди.

Устозимнинг тақдир йўлига назар ташласангиз, 1948 йилда Олтинкўл туманида таваллуд топган. Ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, 1979 йилда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга киради. Ижодий фаолиятини Андижон тумани ижроия қўмитаси муассислигидаги “Коммунизм тонги” (ҳозирда “Андижон тонги”) газетасида катта адабий ходим вазифасидан бошлайди. Турли йилларда мухбир, бўлим мудири ва муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлайди.

1990-1993 йилларда Олтинкўл тумани ҳокими, 1993-1999 йилларда Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, котибият мудири лавозимларида фаолият юритган устоз 2008 йилдан 2021 йилга қадар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари сифатида иш олиб борди.

Ҳукуматимиз устознинг меҳнатларини эътиборсиз қолдирмади. 2001 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, 2019 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлади.

Бугун устоз ҳақида сўз айтмоқни лозим топдим, боиси менинг ва мен каби андижонлик кўплаб журналистларнинг бугун журналистика соҳасида озми-кўпми эришган ютуқлари борки, замирида Назиржон устознинг хизматлари беҳисоб.

Ҳар йили журналистлар байрамида устоз пойтахтга — Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этиладиган “Олтин қалам” Миллий мукофоти тақдимотига келар, пойтахтда яшаб, ижод қилаётган журналистларни йўқлар, ҳолидан хабар олар, талабаларга конвертда нафақасидан пул тутар: “Мендан кейин дуоимни қиларсан, болам”, деб ҳазиллашиб ҳам қўярдилар. Ўша меҳр билан сийланганлар қаторида мен ҳам бўлардим…

Бугун устоз ҳақида сўз айтарканман, юрагим тўлиб, кўнглим ўксиб боряпти. Шогирд сифатида тўртта иссиқ нон олиб йўқлашга, яхши сўз айтиб кўнглини олишга, тўйиб-тўйиб суҳбатлашишга имкон топдим, деганимда, афсуски, улар энди йўқ.

Назиржон Саидовни таниган, билган, эъзоз қилган инсонлар, юрагига яхшилик уруғини эккан шогирдлар байрам арафасида “Яхши инсон эди”, дея ёдга оладилар. Ҳаётда айнан “яхши одам”, деган мақомга эга бўлиш, аслида, энг улуғ саодатдир.

Феруза ОРИПОВА,

“Саодат” журнали бош муҳаррир ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =