95 йилдан буён постида содиқ нашр

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг марказида инсон қадри, халқ манфаати мужассам. Бундай ислоҳотлар қаторида матбуот ва оммавий ахборот воситалари соҳасида ҳам демократик тамойиллар тобора чуқурлашиб, очиқлик ва шаффофлик устувор вазифага айланмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда”.

Айтиш жоизки, “Postda — На посту” газетаси бу масъулиятли вазифани ўзига хос тарзда шараф билан адо этиб келмоқда. Ушбу нашр ташкил этилганига эса 95 йил тўлди.

Ҳа, салкам бир аср! Бу рақамни тилга олишгина осон. Аммо унинг ортида қанчадан-қанча инсонларнинг меҳнати, матонати ва садоқати ётганини тасаввур қилиш жоиз.

“Postda — На посту” газетаси ана шу шонли йўлда, ижод ва изланиш пиллапоялариаро юртимиздаги оммавий ахборот воситалари орасида ўзининг муносиб ва мустаҳкам ўрнига эга бўлди. Ички ишлар вазирлиги нашри сифатида газета ўз аудиториясини тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш билан бирга, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёт ғоялар ва жамиятимиздаги турли иллатларга қарши маърифат майдонида қатъий курашиб келмоқда.

Газета 1930 йил 12 май куни дунё юзини кўрганида бир ойда уч марта, бор-йўғи 150 нусхада босилган эди. Тинимсиз ҳаракат ва самарали меҳнат туфайли 50-йилларга келиб, газета тиражи 6 минг нусхага етди. 1960 йилдан эътиборан ҳафтасига икки марта, 10 минг нусхада чиқа бошлади. 1965 йил 1 августдан бошлаб эса нашрнинг кенг жамоатчиликка мўлжалланган якшанба сонини чоп этиш йўлга қўйилди.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида айрим сабабларга кўра чиқиши тўхтаб қолган нашр мустақиллик шарофати ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан 1991 йилда қайта ташкил этилди. Ўша йилнинг 1 январида “Postda — На посту” газетаси икки тилда, ўзбек ва рус тилларида алоҳида сонлари билан мухлислар қўлига етиб борди.

Подполковник Зокир Атаев бош муҳаррир бўлган газетанинг дастлабки сонларида Ғайратжон Болтабоев, Эркин Сатторов, Сиддиқхўжа Сулаймонов, Раҳмонали Қосимов, Абдумўмин Тиловов, Муҳаббат Ибрагимова, Ойгул Мамараимова, Исмоил Мунавваров, Ортиқ Маҳмаюсупов каби муаллифларнинг мақолалари жой олди.

— Эсимда, мустақилликнинг илк йилларида ИИВ нашрларини ҳар томонлама ривожлантиришга бел боғлаганмиз, — деди вазир маслаҳатчиси, ўша йилларда Ички ишлар вазири бўлган генерал-полковник Зокиржон Алматов газета юбилейи муносабати билан берган интервьюсида. — Энг биринчи навбатда, таҳририят ходимларига етарли даражада шарт-шароитлар яратиб беришимиз керак эди. Шу орқали вазирлик газета-журналлари сифатли, ўқишли чиқишига эришиш мақсад қилинганди. Айтиш керакки, ҳозирги даврга етиб келишдаги жараёнлар осон кечмаган. Бугун чоп этилаётган турли жанрдаги мақолалар билан танишарканман, ёрқин ранглар, чиройли дизайнлар ва уларнинг сифати яққол эътиборимни тортиб, ўша пайтдаги меҳнатларимиз бесамар кетмаганлигидан ич-ичимдан хурсанд бўламан.

Ҳақиқатан ҳам, ўтган давр ичида “Postda — На посту” газетаси кенг жамоатчиликнинг нашрига айланди. Айни кунда газета 45 000 дан ошиқ нусхада чоп этилса-да, кузатишлар нашрнинг 300 мингдан ортиқ аудиторияси борлигини кўрсатмоқда.

Албатта, “Postda — На посту” газетасининг юқори ададда изчил нашр этилиб, ўқувчилар қўлига мунтазам етиб боришида унинг муассиси — Ички ишлар вазирлигининг алоҳида хизмати бор. Чунки босма нашрлар жудаям оғир аҳволга тушиб қолган ҳозирги вазиятда муассис эътибор қилмаслиги оқибатида унча-мунча газеталар ёпилиб кетяпти. Масалан, охирги йилларда моддий қийинчилик туфайли не-не ўқишли газеталар фаолиятини якунлади, қанчаси маблағ йўқлигидан вақтинча тўхтатиб қўйилган, нечтаси икки ҳафтада ёки ойда бир марта зўрға чиқяпти. Сабаби, муассислар эътибор қаратмаяпти.

Ички ишлар вазирлигининг эътирофга сазовор хизмати шундаки, неча йилдан буён газета тиражини туширмасдан, доимий чиқишини таъминлаб келмоқда. Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти таркибида 1998 йилда таъсис этилган “Qalqon — Щит” журнали ҳам ҳар ойда 15 минг нусхада мухлислар қўлига етиб бормоқда. Бу — муассис таҳририятга ўзининг фарзандидек алоҳида эътибор, оталарча меҳр билан қарашидан далолатдир. Ўқувчилар кўнглига йўл топиб, юқори ададда тарқалаётган “Postda — На посту” газетаси эришаётган бундай муваффақиятлар “Босма нашрлар ўлади” дея жар солаётган айрим кимсаларнинг фикри пучлигини исботлаб, журналистларга умид бағишламоқда.

Мазкур нашрнинг бошқа газеталардан фарқ қиладиган ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, мақолалардаги қаҳрамонлар ким бўлиши, унвони ва лавозимидан қатъи назар, уларнинг инсоний фазилатлари алоҳида ёритилади. Бу эса ички ишлар ходимларининг одамийлик ва инсонпарварлик қиёфасини яратишда муҳим роль ўйнайди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, яқин-яқингача Ички ишлар тизимига нисбатан фикрлар ижобий эмас эди. Чунки собиқ Иттифоқ даврида тизим ходимлари халқ онгида фақат жазоловчи орган сифатида салбий образ яратган эдилар. Газета мана шу стереотипни ижобий томонга ўзгартиришга имкон қадар муносиб ҳисса қўшмоқда. Яъни, таҳририят ходимлари тизимда фаолият кўрсатаётган шунақа қаҳрамонларни топяптики, жонкуяр, ўз касбига садоқатли ходимлар ҳақида ёзиб, уларни ўрнак қилиб кўрсатяпти. Натижада аҳоли ички ишлар ходимларининг ҳимоячи сифатидаги янги қиёфасини, имижини яратяпти.

— Ушбу газета, айниқса, ички ишлар органларида олиб борилаётган янгиланиш ва ўзгаришларни ёритишда, ходимларимиз ва улар оила аъзоларининг дунёқарашини кенгайтириш, сиёсий, маънавий, ҳуқуқий билим ва салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, — деди Ўзбекистон Ички ишлар вазири, генерал-майор Азиз Ташпулатов аср билан юзлашаётган нашрнинг хизматини эътироф этаркан. — Ходимларнинг юрт тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш борасидаги машаққатли фаолияти, қувонч ва ташвишлари, улар эришган ютуқлар, жиноятчиликка қарши курашиш йўлида жон фидо қилган мард ўғлонларнинг ёрқин хотираси, истеъдодли ходимларнинг ижод намуналари — буларнинг барчаси газета саҳифаларида ўз аксини топган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Газетанинг бугунги кундаги ютуқлари, аввало, бош муҳаррир Бернора Содиқованинг ташаббускорлиги, масъулияти, касбга бўлган меҳри билан ҳам бевосита ва билвосита боғлиқ. Аёл киши бўлишига қарамай, у зиммасидаги масъулиятли вазифани нафақат профессионал журналист, балки Ички ишлар вазирлиги полковниги сифатида мақсадга арзигулик даражада олиб бормоқда. Унинг янгиликка интилиши ва ғайрати туфайли таҳририят замонавий талабларга жуда тез мослашмоқда: айни пайтда газетанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари жуда кўп мухлислар томонидан ўқилаётгани ҳам фикримизнинг далилидир.

Ростдан ҳам, бугун одамлар матбуотдан узоқлашиб, виртуал оламда “яшамоқда”. Ахборот узатишда ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари етакчилик қилмоқда. Аммо “Postda — На посту” газетаси шундай вазиятда ўқувчиларини йўқотмаган, матбуотнинг кучини ҳис қилдираётган, долзарб, оғриқли мавзуларни бемалол олиб чиқаётган саноқли нашрлардан биридир.

Таъкидлаш жоиз, Бернора Содиқованинг ташаббускорлиги туфайли газета турли ижодий танловларда ҳам фаол қатнашиб келади, таҳририят ижодкорлари “Олтин қалам”, “Энг улуғ, энг азиз”, “Йилнинг энг фаол журналисти” сингари нуфузли танловларда совринли ўринларни қўлга киритган. 2021-2022 йилларда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси бўлиб ишлаган пайтимда “Postda — На посту” газетаси ходимларининг фаоллигига бевосита гувоҳ бўлганман. Уларнинг Уюшма томонидан ўтказилаётган танловларда кетма-кет ғолибликка сазовор бўлаётганига эътироз билдирувчи қўнғироқлар бўлганида, танлов ҳакамлар ҳайъати раиси Салим Дониёровга “Ғолибликни фақат “Postda — На посту” газетаси ижодкорлари қўлга киритаётганидан норози бўлишяпти” дедим, у: “Ижоди зўр бўлганидан кейин, олади-да!” дея қисқа қилиб жавоб бергани эсимда.

Шундай қилиб, “Постда — На посту” газетаси 95 йилдан буён халқимиз билан ҳамнафас, ҳамқадам.

Олимжон ЎСАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси, филология

фанлари номзоди, доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − eleven =