Бахт чизгиси

Ёши улғайган одам умр дафтари саҳифаларини варақлар экан, унда қилган ҳар бир хатти-ҳаракатини таҳлил қилади. Фаолияти инсон тақдири билан боғлиқ касб эгаси бўлган узоқ йиллар судья бўлиб ишлаган Хайрулло Намозов билан суҳбатимиз ана шундай фикрлар билан бошланди.
— Албатта, шу кунларда кўпроқ падари бузрукворимнинг: “Сен ҳалол ишла, виждонли бўл, адолатпарварлик байроғинг бўлсин, асосийси, Қонун йўлингни ёритгувчи маёқ бўлсин. Ана шунда сени халқ танийди, отасига раҳмат, дейди”, деган ўгитлари қулоғим остида жаранглаб турибди, — деди “Куч адолатда” адвокатлик фирмаси раҳбари Хайрулло Намозов.
1980 йилда Тошкент давлат университетининг юридик факультетини имтиёзли диплом билан тугатиб келган ўғли билан фахрланган Ғани бобо ва Муборак ая меҳнатсеварлик ва камтаринлик инсон безаги эканлигини фарзандлари қалбига сингдиргани боис Хайрулло Намозов илк иш фаолиятини Ромитан туманидаги Менделеев номли мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Айнан шу қадамлар унинг иш фаолияти давомида маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилди.
1990-1995 йиллар Бухоро шаҳар Файзулла Хўжаев номли туман суди раиси, 1995-2000 йилларда Тўқимачилик туман суди раиси, 2000-2005 йилларда Когон шаҳар суди раиси, 2005-2009 йилларда Когон туман суди раиси лавозимларида ишлади. Суд раиси сифатидаги фаолияти хронологиясига эътибор қаратсангиз, Хайрулло Намозов юзлаб инсонлар, турли жиноятларни содир этган жиноятчилар устидан ҳукм чиқарди.
— Бир умр “Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан”, деган қасамёд шиоримга амал қилиб ишлаганман. Меҳнатларим, хизматларим қадр топган инсонман. “Жасорат”, “Шуҳрат” медаллари, “Ўзбекистон Мустақиллигининг 5 йиллиги”, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” каби ўнлаб эсдалик нишонлари соҳибиман. Мамлакат Президенти имзоси билан берилган олий медаллар шунчаки мукофот эмас. Аммо 2016 йилда бошимга ташвиш тушиб қолди, — деди суҳбатимизга қўшилган вобкентлик меҳнат фахрийси Бозор ота Рамазонов. — Ички ишлар тизимидан нафақага чиққанимдан сўнг 19 йил Вобкент туманидаги “Вобкент” маҳалла фуқаролар йиғинида раис бўлиб ишладим. Қонунларни билганим боис ҳақ-ҳуқуқимни ҳам, бурч ва мажбуриятимни ҳам яхши англайман. Ҳақиқат, адолат томонидаман. Шунинг учун ҳам туҳмат тошига нишон бўлгандим. Ҳуқуқимни ҳимоя қилиш учун асосли фактлар билан тегишли идораларга мурожаат қилишимга тўғри келди. Ана шундай оғир аҳволда қолганимда, “Куч адолатда” фирмасининг адвокати Хайрулло Намозов ҳақида эшитдим. Узоқ йиллар турли ҳудудларда суд раиси бўлиб ишлаган Хайрулло Намозов ҳимояси остида оқландим. Ҳолбуки, туҳмат ва ёлғон, сохтакорлик билан тўлдирилган жиноят иши ичидан ҳақиқатни рўёбга чиқариш осон иш эмас эди. Унинг учун адвокатдан катта тажриба, билим ва салоҳият талаб этилади. Камтарин, самимий, виждони пок инсон сифатида Хайрулло Намозов оиламиз учун жуда қадрли, — дейди дуога қўл очган Бозор ота.
Ҳар бир ҳукмни ўқиганида, инсон жиноятчи бўлиб туғилмаслиги, унинг ортида онаси, оиласи, қолаверса, бегуноҳ фарзандлари борлигини бир дақиқа ҳам унутмаган Х.Намозов адвокатлик фаолияти давомида ҳам инсонпарварлик ва адолат тамойиллари чегараларида қонун талаби доирасида иш кўришни фаолият мезони деб билади.
Хайрулло Намозов турмуш ўртоғи, олий тоифали ўқитувчи Ёқутхон Қудратова билан икки ўғил, икки қизни маҳалла-кўй ҳавас қиладиган даражада илмли, маънавиятли, эл корига елка тутишга қодир шахс қилиб улғайтиришди.
Хайрулло Намозов яқинда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2025 йил 25 апрелдаги 2011-сонли қарорига асосан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотланди. Меҳнатсеварлик ва камтаринлик, ҳалоллик, адолатпарварлик барибир изсиз кетмас экан. Аксинча, зулм ва ҳақиқатнинг юзига оёқ қўйиш эртадир кечдир жавобсиз ҳам қолмас экан. Буни ҳаётда кўриб келаяпмиз.
Фарзандлар, неваралар, атрофингдаги яқинларинг, дўсту биродаринг, ҳамкасбларинг, устоз ва шогирдларингга қараб ўтган, ўтаётган умринг мазмунини янада теранроқ англайсан киши. Бундан ортиқ бахт борми дунёда?
Моҳира ШАКАРОВА,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.