Бойларнинг маънавий масъулияти

Китоб чоп қилиш ўртача ойликка ишлаётган одам учун оғирлик қилиши сир эмас. Ўша тўпламдаги ижодий ишларни тарғиб қилишни эса муаллифлар кўпинча ўзларига эп кўришмайди. Шундай пайт ижодкорни ким қўллаб-қувватлайди?
Тўғри, бу бўйича масъул ташкилотлар бор. Лекин уларнинг қўллари барча ёзарманни бағрига босишга етмаса керак.
Хўш, унда бу масъулиятни ким елкага олиши керак, сизнингча? Шу саволга жавоб излаб кўрдим. Бунга эса қуйидаги воқеа сабаб бўлди.
Бир куни пойтахтда ижод қиладиган дўстим телеграм орқали яқинда китобим чиқиши мумкинлиги, бир адабиёт ҳомийси ўз ҳисобидан менга ўхшаган етти нафар ижодкорнинг китобини чиқариб, асарларимиз асосида танлов ташкил қилиш фикрини билдирганини айтди. Хушхабар билан табриклади. Бошида ҳайрон қолдим. У ҳомийни танимасам, нима учун каттагина маблағни совуряпти? Дўстим ўша яхши киши доим топганининг бир қисмини адабиётни тарғиб қилишга сарфлашини айтди. Барчаси холис, у ҳатто ҳеч ерда номи айтилишини ҳам истамас экан. “Шунақа одамлар ҳали борми?” — дедим ҳайрон бўлиб.
Ҳа, бойлик омонат эканини, унинг масъулияти борлигини англаган инсонлар ҳали ер юзида бор экан. Шунда ўйлаб қолдим, шу учун ер бизни кўтариб турибдимикан? Ёки ана шундай холис саховатпешалар боис осмон устимизга тушиб кетмаяптими?..
Қизиғи, кўплаб бойларимиз ўз мол-дунёларини ижтимоий тармоқда кўз-кўз қилишни яхши кўришади. Ҳашамдор ресторанлар, чет элларга борганлари билан бошқаларни қойил қолдиришади. Хўш, унда бизнинг китобларни чоп қилган, асарларимиз асосида тақриз, аудиотанловларни ташкил қилган одамда нафс йўқ эканми? Ёки у бошқа сайёраданми-а?
Бугун жадид боболаримиз қилган ишларни айтиб бонг урамиз. Нимага ана шу инсон сингари бобокалонларимиз қилган хайрли амалларни бажармаймиз? Агар ҳар бир бой ўзининг бойлигида қайсидир илм кишиси ёки йўқсилнинг ҳақи борлигини ҳис қилса, юртимиз қанчалар гуллаб-яшнарди!
Сўзим якунида жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1913 йил, 30 июлда “Самарқанд” газетасида чоп қилинган “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” мақоласидан иқтибос келтиришни жоиз деб билдим. “Рус, армани, яҳудий ва Руссиядаги бошқа ватандошларимизни(нг) бойлари доимо ўз миллатлари учун катта хайр ва эҳсонлар қиладурлар. Инчунин, Кафказ, Қрим, Қозондаги мусулмон биродарларимизни(нг) бойлари, уламоси ва аҳли қалами, соҳиби фикри ўз биродарлариға мол, ақча, қалам ва илм ила кўб иона қиладурлар. Аммо бизни(нг) Туркистонда бу ишлардин сўйламоққа ҳануз навбат келган йўқ. Ҳар ким ўз нафи ва ўз шахсий иши ила саргардон…”
ЎЗБЕКИСТОН — она Ватанимиз, деҳқончасига айтганда, уйимиз. Ватан — катта оила. Оилада фарзандлар ҳар хил бўлади. Бири топармон-тутармон, бошқаси сал бундайроқ. Агар улар аҳил бўлиб, муштни бир ерга урса, оила гуллаб-яшнайди. Бой ака толиби илм укасининг ўқишига ёрдамлашса, кун келиб, у ўз илми билан нур-зиё олиб киради оилага. Мамлакатимизни энг ривожланган юртлар қаторига қўшишнинг ягона йўли — фақат ва фақат илм. Биз учун илмдан бошқа нажот йўқ.
Обид ҚЎЛДОШ